ADOLAT 24

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

Мамлакатимизда давлатимиз мустақиллиги ҳамда халқимизнинг тинчлигини сақлаш борасида Қуролли кучларимизни такомиллаштириш, жумладан, мудофаа соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришга доир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асос­лари тўғрисида”ги қонунда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, Миллий гвардия ва муқобил хизматни ташкил этиш ҳуқуқига эга” деб ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. 1991 йил 6 сентябрь – истиқлолнинг бешинчи куниёқ тарихда илк бор Ўзбекис­тон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли кучларни Ўзбекистон Рес­публикаси юрисдикциясига ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ўтган даврда Қуролли кучларимизни шакллантириш жараёнига давлат қурилишининг ғоят муҳим, узвий бир қисми сифатида қаралди.

Ўзбекистон Республикаси ўз Қуролли кучларини тузишда БМТнинг ҳуқуқий меъёрлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хельсинки якунловчи акти, МДҲ доирасидаги қатор халқаро ҳужжатларнинг барча талабларига риоя қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 3 июлдаги фармонига мувофиқ Мудофаа ишлари вазирлиги Мудофаа вазирлигига айлантирилди. Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ҳамда “Муқобил хизмат тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш, кадр­лар салоҳиятини ошириш мақсадида қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, хорижий давлатлар, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор амалий чоралар кўрилди ва бу борадаги ташқи сиёсат ўз мазмунида орқага қайтмас ҳаракат сифатида тус олди.

Соҳадаги улкан ўзгаришларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ҳарбийларининг “Халқаро армия ўйинлари”, “Кембрия патрули” (Англия), “Энг яхши жангчи” (АҚШ) ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради. Глобал Фиреповер маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий салоҳияти бўйича бир неча йиллардан буён Марказий Осиёда биринчи ўринни қайд этиб келмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”даги “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳуш­ёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам нақадар долзарб аҳамиятга эга эканлиги барчамизга аён. Чунки дунё­да кечаётган глобал жараёнлар огоҳлик ва ҳушёрликни янада оширишни, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида собитқадам бўлишни тақозо этмоқда. Маълумки, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияда куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатларнинг халқаро ҳамкорлиги, халқлар ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, давлатларнинг халқаро мажбуриятларини виждонан бажариш принципи, уларнинг суверен тенглиги каби муҳим принциплар қайд этилган.

Мамлакатимиз Бош қонунида Ўзбекистон Республикаси халқаро майдонда тўла суверен давлат сифатида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда ташқи сиёсатда давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва нормаларига асосланиши белгилаб қўйилган.

Бугун мамлакатимизда тинчлик-осо­йишталик, халқимиз ҳаётида эса фаровонлик ҳукм сурмоқда. Бунда, албатта, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда ҳимоя қилишда Қуролли кучларимиз, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, “Халқ ва армия – бир тану бир жон”.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати ҳамда Ватанимиз посбонларининг машаққатли, шу билан бирга шарафли хизматлари туфайли юртимиздаги ҳар бир уйда урушдан азият чеккан, фарзандидан айрилган оналар фарёди эмас, фарзандларимизнинг тўйларига гувоҳ бўлаётган, ўз чақалоқларини “алла” билан ухлатаётган оналарнинг бахтиёр ҳаётига гувоҳ бўламиз. Ота-оналар ўз фарзандларини ҳарбий хизматга қўрқув аралаш кўзда ёш, юракда минг бир хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, дея юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Халқимиз Ватанга садоқатли, профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган Миллий армиямиз билан фахрланади.

Қуатбой Мирзабоев,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

**

Бугунги кунда ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда.

Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари маҳорати, руҳан бақувватлиги билан ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканлик­ларини яққол кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда Миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий доктринаси”, Ўзбекис­тон Республикаси “Мудофаа тўғрисида”ги қонуни, “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси”да ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида мунтазам ва доимий равишда амалга ошириши керак бўлган устувор вазифалар белгиланган. Ҳарбий олий таълим муассасалари фаолиятида ҳарбий кадрларни илғор технологиялар асосида тайёрлаш бўйича янги тизим жорий қилинди. Бундан ташқари, ҳарбий соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшинларни бош­қаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда, алоқа тизимлари такомиллаштирилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида қўшинларнинг жанговар тайёргарлик самарадорлиги, ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, жанговар руҳи ва психологик шайлиги сезиларли даражада ошди.

Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш, уларни Ватан ҳимоясига доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида 2023 йил 8 ноябрь куни Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур Низомга мувофиқ, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тадбирларини молиялаштириб, моддий-техник жиҳатдан таъминлаб, фан ўқув-моддий базасини барпо этиш ишларини маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан иш режаларига киритган ҳолда мунтазам равишда амалга оширадилар. 

Хусусан, 2024 йилда 2060 та, 2025 йилда 2054 та, 2026 йилда 2059 та, 2027 йилда 2060 та, 2028 йилда 2055 та, жами 10 288 та умумий ўрта таълим мактаби, академик лицей, касб-ҳунар мактабларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқув-моддий базасини таъминлашга эришилади. Шунингдек, ҳар йили 10 февралга қадар ҳарбий округлар томонидан тақдим этилган режа-жадвал асосида март-май ойларида ҳарбий полигонларда таълим муассасаларидаги битирувчи синф ва курс­лари ўқувчилари (ўғил болалар) билан амалий отиш машғулотларини ташкил этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинади ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш даврида таълим муассасалари транспорт воситалари (автобус­лар) билан таъминланади. Ҳарбий полигонларда ўтказиладиган машғулотларда ўқ-дори ва нишонлар учун сарфланадиган харажатлар ҳар йили 20 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ҳолда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб берилади. 

Ҳарбий қисм ва муассасалар томонидан ўзларига бириктирилган таълим муассасаларига чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ташкил этиш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиявий ҳарбий-спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновация­лар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлиги ва кўмагида ўтказилади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси номидан қалблари ватанпарварлик, шижоат ва ғайратга тўла ёшларимизни, шунингдек, Миллий армиямизнинг равнақи учун бевосита ҳисса қўшиб келаётган ҳарбий хизматчиларни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги билан самимий қутлаймиз.

Таваккал ЧОРИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари муҳокама қилинди

admin

АДОЛАТ – БИЛИМДА

admin

Дардмандлар дардига малҳам бўлайлик (Андижон, Сурхондарё, Фарғона)

admin