ADOLAT 24

НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Қ.Жўраев, М.Хушвақтова ва О.Мамированинг 25.12.2023 йилда…

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи ҳамда дори воситалари нархларининг шаклланишидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, 2023 йил январь-ноябрь ойларида сифатсиз ва қалбаки дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш юзасидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 123 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 57 та жиноят иши қўзгатилган.

Улар доирасида 175 минг дона қалбаки дори воситалари муомалага киритилишининг олди олинган.

Бундан ташқари, тезкор тадбирларда психотроп, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналогларини ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дориларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ 138 та жиноятга чек қўйилди.

Бунда 5,4 кг оғирликдаги 86,6 минг дона кучли таъсир этувчи ва психотроп моддалар ноқонуний муомаладан олиб қўйилган.

Шу билан бирга, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда нархларни шакллантириш тартибларига риоя этилиши устидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 35 та ҳолатда 3,7 млрд. сўмлик нархларни сунъий ошириш ҳолатлари аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан 13 та жиноят иши қўзғатилиб, 22 та маъмурий иш юритилган ҳамда улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдимномалар киритилган.

Масалан, Учтепа тумани Тиббиёт бирлашмаси, “Islom Iftixor Farm” ва “Health Pharm Pharmacy” МЧЖ мансабдор шахс­лари Ўзбекистан Республикаси Президентининг 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сонли қарори талабларига зид равишда 94 турдаги дори-дармон ва тиббиёт буюмларига белгиланган 15 фоизлик устамадан 121,5 млн. сўм қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларини ўзлаштирганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши айблов хулосаси билан судга мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.

Қайд этиш жоизки, Адлия вазирлигидан 10.06.2020 йилда 3242-сонли рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидагн низомга мувофиқ дори-дармон воситаларига референт (чекланган) нархлар дори воситаларининг таркиби ва хусусиятининг айни бир хиллигидан қатъий назар ҳар бир ариза берувчи субъект учун алоҳида белгиланади.

(Бугунги кунда рўйхатдан ўтказилган 10 765 та дорининг 9 196 таси ёки 85,4% учун референт нарх белгиланган)

Шунга кўра, айни бир турдаги маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган дорининг чекланган нархи ҳар бир субъект бўйича алоҳида ва турлича бўлиб, айрим маҳаллий дориларнинг чекланган нархлари импортникига нисбатан юқори ёки бунинг аксича шакл­ланади.

Масалан, “Цефтриаксон натрия. Порошок для приготовления раст­вора для инъекций 1 г флаконы” дорисининг чакана чекланган нархи “Dentafill Plyus 2″ МЧЖда (Ўзбекистон) – 7 038 сўмни, Ҳиндистоннинг “PVT LTD Harasha Pharma” корхонасида 3 072,1 сўмни ташкил қилган.

Ёки ”Аргинин гидрохлорид” (Арнин Раствор для инфузий 42 мг/мл 100 мл флаконы) дорисининг чекланган чакана нархи “Co. Ltd Cisen Pharmaceutical”(Хитой)да – 54 559,5 сўм, ЧАО “Фармацевтическая фирма Дарница”(Украина)да – 55 650,4 сўм, маҳаллий “Radiks” МЧЖда – 75 900 сўм, “Remedy Group” МЧЖ ҚКда – 66 240 сўм, “Samarkand-England Eco-Medical” MЧЖ ҚКда – 69 000 сўм қийматда белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.10.2022 йилдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-411-сонли қapoри билан дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб:

– жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштириш;

– матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юбориш;

– харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилишини таъминлаш белгиланган.

Бунда харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилиши қайд этилган.

Мазкур талаблар ижросини таъминлаш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Fair Tech” ягона ахборот тизими ишга туширилиб, ушбу йўналишдаги назорат тадбирлари рақамлаштирилган.

Департамент органлари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда дори воситаларини чекланган савдо устамаларидан қиммат сотган дорихоналарга чора кўриш мақсадида лицензияловчи органга – Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимномалар киритиб борилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, дори воситаларининг ноқонуний айланмасига барҳам бериш ҳамда давлат назоратининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар таҳлил қилиниб, ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Администрациясига киритилган.

Ушбу йўналишда Департамент томонидан тезкор-қидирув ва таҳлилий тадбирлар давом эттирилмоқда.

Таҳлилий маълумот илова қилинмоқда.

Ш. Ш. СОХИБНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси  Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ “БИР МАКОН, БИР ЙЎЛ” УЧИНЧИ ХАЛҚАРО ФОРУМИДАГИ НУТҚИ

admin

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ БОР

admin

Президент бошчилигида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилишда кўриб чиқилган масалалар

admin