ADOLAT 24

Қоним жонингга дармон бўлсин!

Маълумки, инсон саломатлиги учун донорликнинг аҳамияти жуда катта. Шу сабабли жаҳон амалиёти донорлик борасида нафақат давлат органларининг, нодавлат ташкилотлар ва ҳатто хайрихоҳ инсонларнинг ҳам беғараз ёрдамига таянади. 

Мамлакатимизда ҳам қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳаси қонун йўли билан тартибга солинган. Ўзбекистон Республикасининг “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонунида маҳаллий давлат бошқаруви органларининг ваколатлари, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги бўйича ташкилот, муассаса ва корхоналар раҳбарларининг мажбуриятлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг бу соҳада иштирок этиш тартиби белгиланган.

Юртимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Шундай хасталиклар борки, албатта, донор қонига муҳтожлик сездиради. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. 

Донорликнинг тури кўп. Сўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг ривожланиши донорлар тури ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Кимдир ўз буйрагини берса, яна кимдир жигарини бермоқда. Лекин энг катта кўрсаткич қон донорлигидир. Кимлар қон донори бўлиши мумкин, деган савол туғилиши табиий, албатта. Тиббий тавсияларга мувофиқ 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 55 килограммдан кам бўлмаган, гемоглабин даражаси аёлларда 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлган инсонларнинг бир йилда уч-тўрт маротаба қон топширишига рухсат берилади. 

Тиббиёт илми билимдонларининг таъкидлашича, донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга нисбатан 5 йил кўпроқ умр кечириши кузатилган.

Аҳоли саломатлиги ва соғлом турмуш тарзи учун алоҳида эътибор қаратиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан 7 йилдан буён анъанавий тарзда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституция­си қабул қилинган кун ҳамда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Донорлик акциясининг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга кўмак­лашиш, рес­публикамизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган. 

Инсонпарварлик ва меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенглик каби хислатлар маънавий дунёмизда муҳим ўрин тутади. Айниқса, бемор ҳолидан хабар олиш, беморга ёрдам бериш, беморнинг кўнглини овлаш савобли ишлар сифатида қаралиб, миллий қадр­и­ятларимиз ўзанига айланган. 

Пировардида, партия ташаббуси билан ўтказилган акциялар натижаси бўйича берилган расмий маълумотларга кўра, республика миқёсида 21 минг 687 нафар донор иштирок этиб, 9 тонна 759 литр қон йиғилган ва йиғилган қонлар 43 минг 374 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилган. 

Жумладан, жорий йилнинг 1 декабрь куни ўтказилган акция доирасида рес­публика бўйича жами 2 минг 235 нафар донор кўнгилли равишда топширган қон 1 минг 007 литр­ни ташкил этди. Бу эса респуб­ликамиз бўйлаб 4 минг 500 нафардан ортиқ хаста болажонларнинг дардига малҳам бўлади.

Очиғи, ўтказаётган акцияларимиз давомида қон топширишга хайрихоҳ инсонларнинг йил сайин кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради. Айниқса, аҳоли вакилларининг – давлат ташкилотлари ва муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган ташкилотлар, олий ва ўрта таълим муассасалари вакиллари, талабалар, журналист ва блогерлар ҳамда фаол фуқароларнинг ушбу эзгу иш ва бир мақсад атрофида жипс­лашуви яққол намоён бўлди.

Табиат инсониятга туҳфа этган бебаҳо неъматлар – сув ва ҳаво бутун борлиққа жон бахшида этгани каби томирларда оқаётган ҳар бир томчи қон ҳам инсониятнинг тирик­лик манбаи демакдир. Айни мана шундай вазиятларда ҳамюртларимизнинг бемор болалар саломатлиги учун кўнгилли равишда беғараз қон топшираётганлиги халқимиз орасида мурувват, саховат ва ўзаро меҳр-оқибат йўқолмаганлигидан, аксинча, юксалиб бораётганлигидан далолат беради. Шу ўринда донорларга Давлат мукофоти сифатида “Халқ донори” унвонини таъсис этиш ва уларга преференциялар беришни назарда тутувчи “Донорлар тўғрисида” қонун қабул қилишни таклиф этаман. 

Албатта, акциялар доирасида йиғилган қонлар онкологик касаллик­ларга чалинган бемор болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўз хоҳиши билан қон топширадиган сахий ва саховатпеша ватандош­ларимиз борлигидан фахрланамиз. Бинобарин, инсон олижаноб фазилатлари, эзгу амаллари билан гўзалдир.

Бундай пайтларда бемор болажонларимизга “Қоним жонингга дармон бўлсин!” дегимиз келади.

Абдукамол РАХМОНОВ, 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

admin

ПОЙТАХТ БОҒлари ЙЎҚОЛИБ БОРЯПТИ…(ми?!)

admin

Маънавият ҳаётимиз гултожига айланади

admin