ADOLAT 24

БИЗ  БИЛАН “ГУЛДУРГУП”  ЎЙНАМАНГ ёхуд эрта турмушнинг аянчли оқибатлари

Ўзбек халқи азалдан оилада шаклланаётган фарзанд, айниқса, қиз бола тарбиясига жиддий эътибор қаратиб келади. Халқимизда азал-азалдан қизнинг ибо-ҳаёси, номусини сақлаш, уни ўз эгасига топшириш фавқулодда муҳим вазифа ҳисобланган. Аммо кейинги пайтларда айрим юртдошларимиз қизининг таълим-тарбия­сини шакллантиришга эмас, тезроқ узатишга ҳаракат қила бош­лашди. Шу боис қизи ҳали вояга етмай туриб, баъзи ота-оналарнинг сеп, латта-путта йиғишга зўр бериш стереотипи кун сайин илдиз отмоқда. Мана шундай воқеликлар туфайли яна ўша – “эрта турмуш” мавзуси юзасидан фикр айтишга жазм этдик. 

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ўқувчи қизларнинг унаштирув маросимлари акс этган материаллар тарқалди. Табиийки, кенг жамоатчилик кескин муносабат билдирмоқда. Юқоридаги ҳолатлар бўйича масъул ташкилотлар томонидан расмий баёнотлар ҳам берилди. Ўз навбатида, Болалар бўйича Омбудсман ўтказган “суриштирув”ларда видеолавҳа тўй билан боғлиқ эмаслиги, бу шунчаки “туғилган кун” тадбирлари эканлиги айтилди. Ажабланарлиси, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси қизнинг туғилган куни 22 майда эканлигини, бу маросим туғилган кун эмаслигини маълум қилди. Демак, “Мен не дейман-у, қўбизим не дейди?” деганга ўхшаб, масъулларнинг гапи бири-бирига тўғри келмаяпти. Якунда бу ишлар унутилиб, “ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолди…” 

Хўш, сўнгги пайтларда юртимизда “эрта турмуш” одати яна ғимирлаб қолдими? Мақола тайёрлаш жараёнида асосли манбалар бу гумонларимизни, афсуски, тасдиқлади. Жумладан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида эрта турмуш ҳамон сақланиб қолинганлиги, бундай маросимлар “бешиккетти”, “қулоқ тиш­латар”, “ғус” деб номланиши тўғрисида маълумотларга эга бўлдик. Қолаверса, бу жойларда 7-синф қизининг турмушга чиқиши-ю, бир-икки йил ўтар-ўтмас фарзандли бўлиши одатий ҳолга айланиб улгурганига нима дейсиз? 

Келинг, вазиятга теранроқ нигоҳ ташлаймиз. Қиз боланинг эрта турмушга чиқиши нафақат қизга, балки буни хоҳлаган катталар учун ҳам анча қимматга тушади. Замонавий тиббиёт 18 ёшга чиқмаган қизнинг турмуш қуриши – унинг репродуктив саломатлиги, физиологиясига салбий таъсир қилишини исботлаган. Мисол учун, соҳа мутахассислари вояга етмаган оналарда туғруқ жараёни оғир кечиши, чақалоқ муддатидан олдин дунё­га келиши, алал-оқибат ёш оналарнинг гўдак парваришида хато қилиш­лари сабабли чақалоқнинг нимжон шаклланиши ва касалликларга чалиниш эҳтимоли бош­қаларига қараганда юқори бўлишини таъкидлайдилар. Бир ўйлаб кўрайлик, қандай қилиб ўзи ёш она фарзанд катта қила олади? Бир вақтнинг ўзида ҳам қайнота-қайнонасига, ҳам турмуш ўртоғига вақт ажратади?.. 

Бу жиҳатларини ҳам бир четга суриб, унаштирув маросимидан кейинги ҳолатни кўз олдимизга келтирайлик. Ҳали орзулари бир олам, ҳаётдан умиди кўп қизалоқ катталарнинг хомхаёллари қурбони бўлиш билан бирга “севги” дея аталган туйғуни оёқ ости қилган куёвнинг ҳам асираси бўлади. То тўйгача куёвнинг қизга бўлган маънавий ва руҳий таҳдиди, жисмоний ҳамда жинсий зўравонлиги кучаймаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Тўйгача куёвнинг “шер”лиги тутиб, қизга нисбатан тажовуз қилса-чи? Агар шундай бўлса, қизнинг руҳий ва жисмоний майиб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Психологлар бир оиланинг тўла-тўкис яхши яшаб кетиши учун камида 5-6 йил кераклигини айтишади. Суриштирувимиз давомида гувоҳ бўлдик-ки, кўп ҳолларда биз айтган юқоридаги тутуриқсиз маросимларда, асосан, ёш қизларнинг чет элда ишлаётган мигрант йигитларга унаштирилиши кузатилар экан. Энди бир мушоҳада қилайлик. Уят бўлса ҳам айтамиз: четнинг “ҳавоси”дан сипқорган йигит 7 ёки 8-синфда ўқиётган қизга уйланса, қиз куёвнинг талаби ва таклифини, “истаги”ни қондира олармикан? Кўриниб турибдики, албатта, йўқ! Натижада, “Дунёқарашимиз ва фикрлашимиз бир-биримизга тўғри келмади!” деб 2 ёки 3 йилда ажралиб кетишади. 

Энди шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак: “2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида (январь-июнь ойларида) ажримлар сони 25 400 тани ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 828 тага кўп… 

Бу бир кунда 138 та оила ажралишига, фарзандларнинг тирик етим бўлиб қолишига эрта никоҳ ҳам сабаб бўляпти, дегани эмасми?! Энди эрдан ажралган жувоннинг депрессия­га тушиши, сиқилиш ва руҳий азоб­ланишдан оғир касаллик­ларга чалинишини айтинг. “Чиққан қиз – чиғириқдан ташқари!” дей­диган одамларнинг гап-сўзлари унинг ҳаётдан нафратланишига йўл очади. Бу эса жамиятга ўз асоратини кўрсатмасдан қолмайди. 

Авваллари идиш синдириб қўйсак, акам иккаламиз онам билмаслиги учун “Ўрага сичқон тушди, гулдургуп!” деб ёмон қилмишимизни яширардик. Лекин эрта турмуш ҳақида гап кетганида бевосита масъул ташкилотларнинг бундай қилиши ярашмайди. Бу фақат ўзимизга зарар келтиради. “Гулдургуп” ўйнаб ўзимизни ўзимиз алдамайлик! Бугун сиз яширишга уринаётган касаллик аллақачонлар иситмаси билан ўзини ошкор қилиб бўлган. 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

Ковракзорда чорва боқилмоқда…

admin

Қилмиши қора кимсалар

admin