ADOLAT 24

ЖАҲОН МИНБАРИДА “ЎЗБЕКМАН!”  дегим келади!

20 ёшида 5 та давлат ва номдор стипендияларни қўлга киритган, шунингдек, 7 та тилда бемалол гаплаша оладиган ўзбек қизи янги йил куни туғилган кунини нишонлади

Ўтган 2023 йил барчамизнинг қалбимизда ёрқин из қолдирди десак, муболаға бўлмайди. Ҳар бир юртдошимиз янги 2024 йилга ўзгача орзу-умидлар боғлагани, олдига эзгу мақсадлар қўйганлиги аниқ. Айниқса, эртанги кунга дадил боқаётган умидли ёшларимиз – Янги Ўзбекистоннинг ўзларига бераётган имкониятларидан, яратаётган шарт-шароитларидан унумли фойдаланаётган келажак эгаларини, уларнинг эришаётган ютуқларини кўриб ҳавасингиз келади. Ватан тараққиёти, юрт равнақи йўлида камарбаста бўлаётган ана шундай ёшлардан бири Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Президент стипендияси соҳибаси, таржимон Дилшода Ҳакимовани суҳбатга чорладик.  

– Янги йилингиз муборак бўлсин! Мазкур йил сиз ва тенгдош­ларингиз учун янада муваффақиятларга бой бўлсин! Аввало, ўзингиз ва сизни мана шундай ютуқларга бошлаган интилишлар ҳақида гап­лашсак. 

– 2003 йилнинг 1 январида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилганман. Президентимиз ташаб­буси билан қурилган хорижий тилларга ихтисослаштирилган Исҳоқхон Ибрат мактаб-интернатида таҳсил олдим. Оиламизда кўпчилик ўқитувчилик касбини эгаллаган. Шунинг учун оилавий кутубхонамизда турли жанрдаги асарлар, шеърий китоблар жуда кўп. Устозим – онам. У киши она тили ва адабиёти фанидан дарс берадилар. Аввало, ўз тилимни пухта ўрганиб, унга муҳаб­бат қўйганимдан сўнг бошқа тилларни ўзбек тилига солиштириб ўрганиш менга қийинчилик туғдирмади. Босқичма-босқич чет тилларини ўрганишни бошладим. Қийин­чиликлар бўлди. Аммо, мақсад олий бўлса, ҳар қандай тўсиқни енгса бўлар экан. Ҳозир ўзбек, инглиз, рус, немис, француз, турк ва араб тилларида бемалол гаплашаман. 

– 20 ёшида 5 та давлат ва номдор стипендияларни қўлга киритган, шунингдек, 7 та тилда бемалол гаплаша оладиган ўзбек қизига тенгдошларимиз ҳавас қилса арзийди. Азму шижоатли ёшлар қаторида сиз учун ўтган 2023 йил қандай из қолдирди?

– Ҳар йили ўз мақсад ва ниятларимни режалаштиришга одатланганман. Чунки олдимга қўйган мақсадим мени янада олдинга интилишга ўргатади. Ўтган йилги ниятларим амалга ошди. Йил бошидаёқ “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” республика иншолар танловида 1-ўринни қўлга киритдим. Жамоат ишларида фаол қатнашиб, “Ибрат” тиллар оромгоҳида координатор ташкилотчи сифатида иштирок этдим. Рес­публика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти қошида “Ёш тарғиботчилар” ҳаракати аъзоси сифатида турли вилоятларда маърифий тадбирлари уюштиришда фаол қатнашдим. Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши муносабати билан ўтказилган Умумхалқ референдумида халқаро даражадаги нуфузли вакилларга таржимонлик қилишим сиёсий жараённи янада яқиндан ўрганишимга ёрдам берди. Ёзда ўқув йилини аъло баҳоларга тамомлаб, таътил мобайнида илмий изланишлар олиб бордим. 150 дан ортиқ илмий мақолаларим турли журналларда нашр этилди, тил ўрганиш бўйича илмий қўлланмалар ёздим. Бир қатор республика танловларида ғолиб бўлиш билан бирга Александр Файнберг номидаги махсус стипендия, Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясини қўлга киритдим. Бу хабар оилам, устоз­ларим ва бутун университет вакилларини жуда хурсанд қилди. Ҳозирда турли тилларда ёзилган 200 га яқин илмий мақолалар ва 8 та илмий-адабий тўп­ламлар муаллифиман. 

– Қўлга киритаётган ҳар қандай муваффақият замирида тинимсиз меҳнат ётади. Сизни ғалабага бош­лайдиган, куч берадиган омиллар ҳақида ҳам тўхталсангиз. 

– Эришган ютуқларим сабаби – албатта, оила аъзоларим! Бобо-бувижоним ва онам мени доим тушуниб, қўллаб-қувватлашади. Ўзимда салгина дангасалик бўлган маҳаллари менга мақсад ва орзуларимни эслатиб, доим олға юришим учун ишонч билдиришади. Бундан ташқари, аввало, инсоннинг ўзида ҳаракат бўлиши керак. Ҳаётимда анча-мунча адолатсизлик, ноҳақлик кўрганман, аммо енгилмадим. Чунки қўйган мақсадларим олдида улар аҳамиятсиз эканини англаб етганман. Баъзи ёшлар жуда тез таслим бўлишади, ўзидаги куч ва потенциалга ишонишмайди. Натижада ҳаётнинг оддийгина муаммолари олдида ўзларини йўқотиб, ҳаракатдан тўхташади. “Кучли бўлган мақсадига етади!” Бу шиор илмда ҳам бор. Бу ерда жисмонан кучли бўлиш ҳақида эмас, руҳан, маънан кучли бўлиб, ўз мақсадларини аниқлаб, улар томон чалғимай ҳаракатда бўлиш ҳақида сўз боради. Илмда хоҳлайсизми, йўқми, фидокорлик талаб қилинади. Бир мақсадга эришиш учун уйқу, ўйин-кулгулардан воз кечасиз. Унинг меваси – жуда ширин ва роҳатли.

Бошланғич синфларда ўқиб юрган пайтларимдан тил ўрганишга жуда ҳам қизиқар эдим. Қулоғим эшитган ҳар хил тилдаги сўз ва суҳбатларни тушунгим келарди. 16 ёшимда давлатимиз раҳбари билан мулоқот қилиб, ўз таклифимни билдирдим. Ҳозир бундай кўришишлар сони ўндан ошди. 

Немис, француз тилларини яхши ўзлаштириш учун кўп изланганман. Одатда, ташаббускор ёшларнинг мунтазам ўқув дарсларига қатнашишга вақти бўлмайди. Аммо талаба ҳар томонлама ривожланиш учун барчасига вақт топиши ва кўп меҳнат қилиши керак. 

Ҳозирги кунда таълим йўналишида фаолият олиб бораман. Халқаро форум, конференция, саммитларда Ўзбекис­тон ёшларидан вакил сифатида иштирок этаман. Дунё тилларини билишим менга халқаро майдонда ўз овозим билан баралла “Мен ўзбек қизиман!” дейишимга имкон беради. Талабалик даври учун қўйган мақсадларимга ортиғи билан эришдим. 

– Янги йилнинг биринчи санаси, сиз таваллуд топган кун. Туғилган кунингиз муборак бўлсин! Энди янги йилда ўз олдингизга қўйган режаларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

– Аввало, табрик учун ташаккур!

Бу йил насиб қилса, аввало, чет элдаги таълим тизимини ўрганиш ва саёҳат қилиб, Европанинг камида 20 та давлати ҳақида тадқиқотлар қилишни ният қилдим. Битирувчи талабаман. Насиб бўлса, магистратурани халқаро нуфузга эга университетлардан бирида ўқимоқчиман. Шу билан бирга, ҳозирги кунда ўзим раҳбарлик қилаётган “Прогресс-Д” ҳамда “Стипендиатман!” шахсий ривож­ланиш лойи­ҳаларини янада ривож­лантириб, халқаро миқёсда оммалаштирмоқчиман. Мақсадларим 2024 йилдаги имкониятларга қараб кенгайиб бораверади. 

Мақсадим – дунё тажрибасини ўрганган ҳолда юртимиздаги таълим сифатининг яхшиланиши, тил ўқитишда инновацион ёндашув ва методлар яратиш, дарсликлар ва кадр­лар савиясини кузатиш ва уларни қайта тайёрлашга ўз ҳиссамни қўшишдир.

Албатта, Дилшода Ҳакимовадек кўзлари ёнган, тараққиётнинг ҳар бир жараёнига ўзини дахлдор, деб биладиган ёшларнинг кўплиги, сўнгги йилларда бундай ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қалбимизда ифтихор уйғотади. Бу муваффақиятларнинг барчаси ёшларга оид давлат сиёсати, хусусан, Президентимизнинг ёшларга бўлган меҳри ва эътибори туфайлидир. Суҳбатимиз қаҳрамони каби ёшларимизга миллатимизни дунёга янада кенгроқ танитишда улкан зафарлар тилаймиз! 

ЎзДЖТУ талабаси

Илҳомжон Абдусаломов суҳбатлашди 

Tegishli xabarlar

Депутатлар муаммоларни ҳал қилишмоқда (Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари)

admin

Амир Темур тарихини ёритиш: эски ва янги қарашлар (Биринчи мақола)

admin

Замон қасри

admin