ADOLAT 24

Илм — тараққиётнинг бош мезони

Тараққиёт ва ривожланиш туфайли ҳаёт янгиланмоқда. Натижада яшаш тарзимиз, фикрлашимиз, қарашларимиз, фаолиятимиз, муносабатларимизда ҳам жиддий ўзгаришлар намоён бўлмоқда. Бу ҳаёт талаби, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. 

Зеро, бу юксалишлар асосида эса илм-фан ютуқлари ётади. Қаерда илм-фан юксалса, тараққиёт кучаяди, илм-фанга завол етса, ҳаётда турғунлик бошланади. Дунёда ҳаёт бошлангандан бери ана шу, айтиш мумкин бўлса, абадият қонуни ҳукмрон бўлиб келмоқда.

Шунинг учун тараққиёт йўлини тутган барча мамлакатларда илм-фанни ривожлантириш асосий мақсадга айланган, илмий янгиланишлар, кашфиётларни амалга ошириш бош мезон қилиб белгиланган. Қалбимизни ифтихорга тўлдирадиган нарса шуки, сўнгги йилларда республикамизда, Янги Ўзбе­кистонда илм-фанни ривожлантириш давлат сиё­сатининг устивор вазифасига айланди. Эътибор беринг, илм-фанни ривожлантиришнинг дастлабки босқичи – ёшларга таълим бериш тизимида мактабгача таълим ташкилотлари 50-60 фоизга қадар кўпайтирилди, мактабларда ўқувчилар ўрни аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп барпо этилди, олий таълимга қамров миқдори олдинги даврга нисбатан 4 бараварга ошди. Республикамизда Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб­лар, халқаро билим масканлари, ғарб ва шарқнинг дунёга танилган олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришнинг кейинги босқичи – илмий-технологик салоҳиятни юксалтиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Аввало, республикамизнинг бош илмий маркази – Фанлар академиясининг ички тизими, тузилишида янгиланишлар амалга оширилди. Академиянинг бўлимлари, филиаллари ташкил этилди. Академия тизимидаги илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти қайта тикланди. Улар кундалик ҳаёт билан, ишлаб чиқариш билан узвий боғланди. Айни пайтда Академия сафи янги кучлар, илғор илмий, ижодий янгиликларни яратаётган олимлар билан тўлдирилмоқда.

Яна бир қувончли воқеа шундан иборатки, яқинда Фанлар академиясининг 80 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ олимлар мамлакатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирландилар, фахрий унвонларга муносиб кўрилди. Шунингдек, республика Президентининг фармонига мувофиқ 16 нафар олим Академиянинг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. 

Илмий ғояларни, тадқиқотларни, янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш ҳеч бир даврда ҳам осон кечмаган. Академик устозларимизнинг илмий янгилик яратиш борасида бошидан кечирган мураккаблик­ларга, уларни ҳаётга жорий қилишда юзага келган қийинчиликларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Лекин илмий кашфиёт, янгилик ҳаётда барибир қарор топишига ишонганмиз ва шундай ҳам бўлган. Илғор илмий ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эндиликда ҳам осон кечмаслиги аниқ. Чунки илмий янгилик олдида табиий ва нотабиий тўсиқлар ҳамиша пайдо бўлаверади. Лекин бир ҳақиқат шундан иборатки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ҳар бир олим, академия­нинг ҳақиқий аъзоси олдига илмий фаолият билан боғлиқ, “йўл хариталари”ни тузиш ва бу хариталарда уларнинг илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолиятлари, илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш­лари, жойларда илмий мактабларни ривожлантиришлари билан боғлиқ ҳаётий талабларни амалга оширишларини шарт қилиб қўйди. Шунинг­дек, академикларнинг ўз фаолиятига тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларининг илмий асосланган ечимларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, таълим жараёнида фаолият юритиш, халқаро илмий ҳамкорликларни ривожлантиришда қатнашиш, замонавий илм-фан ютуқларини жойларда кенг тарғиб қилиш каби вазифаларни бажаришлари ҳам белгиланди. Бошқача айтганда, академикларнинг илмий ва амалий жараёндаги фаолиятлари учун янада кенг имкониятлар эшиги очилди. Академиянинг янги сайланган ҳақиқий аъзолари бу имкониятлардан тўла фойдаланишлари аниқ.

Мана, 2024 йил ҳаётимизга кириб келди. Бу қутлуғ сана билан барча илм аҳлини, партиядошларимизни, халқимизни қутлайман. Янги йилда ҳам илм-фан тараққиётнинг бош мезонига айланиб қолишига ишонаман.

Садритдин Туробжонов,

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, 

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори

Tegishli xabarlar

Инсонга эътибор — саломатлик гарови

admin

Конференция олдидан фаол фахрийлар ва ёшлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди

admin

САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

admin