ADOLAT 24

МАЪНАВИЯТ ҲАЁТИМИЗДА ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҲАРАКАТГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Республика Маънавият ва     маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли Кенгаш аъзолари!

Муҳтарам ватандошлар!

Бугун сиз, азизлар билан ғоят муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва улар юзасидан зарур ечимлар топиш учун йиғилдик.

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида Олий Мажлис ҳамда Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлари, ҳурматли депутат ва сенаторлар, вазирлар, ҳокимлар билан бирга миллий маънавиятимиз фаоллари, маданият, адабиёт ва санъат соҳаси вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Барчангизга аён, юртимизда Президент ушбу Кенгаш раиси ҳисобланади. Ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар бу масала учун масъул этиб белгиланган.

Нима учун шундай йўл тутдик? Чунки илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масаладир.

 Албатта, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун аввало унинг мустаҳкам иқтисодий, моддий-техник асосларини яратиш керак. Бугун шу йўлда халқимиз билан биргаликда амалга ошираётган ишларимизда барчангиз фаол иштирок этмоқдасиз.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда иқтисодиётни чинакам бозор муносабатлари асосида ташкил этяпмиз. Барча соҳа ва тармоқларда давлат иштироки камайтирилиб, хусусий мулк ва инвестицияларга, давлат-хусусий шериклик тамойилларига кенг йўл очилмоқда. Тадбиркорлар, фермер ва кластерлар учун қулай шароитлар яратиб беряпмиз. Ўзбекистонда “мажбурий меҳнат”, “болалар меҳнати”га бутунлай чек қўйилди. Давлат буюртмаси тизимини ҳам оптимал ҳолатга келтиряпмиз.

Барча соҳаларга рақамлаштириш, “яшил” ва инновацион технологиялар жадал кириб бормоқда. Юртимизда янги-янги замонавий саноат ва энергетика мажмуалари, автомобиль ва темир йўллар, технопарк ва “ай-ти” парклар, “ақлли” ва электрон бошқарув тизимлари барпо этилмоқда.

Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Қисқа муддатда мактаб, мактабгача таълим, олий таълим, спорт ва туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича улкан қадамлар қўйдик. Тиббиёт соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган натижалар қўлга киритилмоқда.

Эътибор қилинг, бу йил ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу – 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёд демакдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган Ўзбекистон – ижтимоий давлат деган қоиданинг амалий ҳаётимиздаги тасдиғини биргина ана шу мисолда ҳам яққол кўриш мумкин.

Бу ишлар дастлабки қадамлар бўлиб, келгусида янада кенгайиб боради.

Хабарингиз бор, бу йил “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилдик. Бу муҳим ҳужжатда ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйиб, маррани баланд олдик. Ушбу стратегияга мувофиқ, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромад миқдорини эса ўртача 4 минг долларга етказишни режа қилганмиз.

Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти. Биз дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз.

Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслайлик.

Яқинда “Миллий тикланиш” газетасида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Жадидлар” деган шеърини ўқиб қолдим. Ҳурматли шоиримиз “Жадидлар етишмаяпти, жадидлар”, деб, бугунги кунда кўпчилик халқимизни, жумладан, мени ҳам қийнаётган саволларга жавоб излаган.

Чиндан ҳам, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур. Лекин уларни ким тарбиялайди? Албатта, ўзимиз тарих сабоқлари, замон талаблари асосида тарбиялашимиз зарур.

Яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференция жаҳон илм-фан ва маданий жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш ва эътибор уйғотганидан барчангиз хабардорсиз.

Бу ишларни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида алоҳида Президент қарори қабул қилинади. Жумладан, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи бунёд этилади.

Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ана шу ишларимизни давом эттириш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг “Жадид” номли янги газета ва унинг электрон версиясини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини биз албатта қўллаб-қувватлаймиз.

Азиз дўстлар!

Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?

Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади.

Албатта, биз дунё миқёсидаги иқтисодий инқироз ва пандемия таъсирига қарамасдан, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Бу борада 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан учрашув ҳамда 2021 йил 19 январдаги Кенгаш йиғилишидаги мулоқотлар давомида сизлар билан кўплаб масалалар бўйича аниқ ечимларни топган эдик.

Бу ҳақда гапирганда, Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилганини айтиш ўринлидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 45 миллиард сўмдан маблағ ажратяпмиз.

Марказ тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жойларда кўплаб тадбирлар ўтказмоқда. Хусусан, “Маърифат улашиб” ва “Китоб карвони” акциялари доирасида 200 мингга яқин номдаги китоблар аҳолига бепул тарқатилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 11 мингдан ортиқ медиа маҳсулотлари тайёрланди.

Бу борадаги ишларимизни янада жадаллаштириш учун 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 100 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.

Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича ҳам катта ишларни амалга оширдик. Айниқса, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилганимиз, 15 апрель cанасини Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгилаганимиз соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган даврда 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олийгоҳ, жумладан, янги авлод журналистларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.

Шу ўринда муҳим бир рақамга эътибор беришингизни сўрайман. Маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 5 карра ошиб, 2023 йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Биз бой ва бетакрор маданий меросимизни дунёга тарғиб этиш бўйича алоҳида тизим яратдик. Мамлакатимизда мунтазам ўтказиб келинаётган “Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандчилик, “Лазги” каби халқаро фестиваллар шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Бу борадаги катта ишларимиздан яна бири – 24 та хорижий мамлакатда, жумладан, қўшни давлатларда ҳам “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди. Айниқса, Франция, Германия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда намойиш этилган миллий маданиятимизнинг ноёб намуналари дунё жамоатчилигини ҳайратга солгани ва улар Ўзбекистонни ўзлари учун янгитдан кашф этгани барчамизни қувонтиради.

Бу ишларни албатта давом эттирамиз ва келгусида Италия, Буюк Британия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ана шундай кўргазмалар ташкил қилинади.

Кейинги йилларда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилганини таъкидлаш лозим. Шу йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонлангани ҳам муҳим воқеа бўлди.

Халқаро майдонда маданий дипломатиямизнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Хабарингиз бор, ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиялари қарийб 40 йилдан буён фақат Парижда ўтказилади. 2025 йилда эса бу конференциянинг сессиясини биринчи марта бошқа шаҳарда, яъни, Самарқандда ўтказиш белгиланди. Ушбу нуфузли анжуманга Ташкилотга аъзо барча давлатлардан вакиллар ташриф буюради.

Ҳеч шубҳасиз, бу – Ўзбекистон учун катта ишонч, айни пайтда масъулият ҳамдир. Шу сабабли бу йирик халқаро тадбирга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўришни бошлашимиз керак.

Бу йил Тошкент шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи юқори савияда ўтказилди.

Бир асрдан зиёд тарих ва анъаналарга эга бўлган ўзбек кино санъати ҳам тараққиёт йўлига чиқиб бормоқда. Энг муҳими, халқимизга манзур бўладиган кино асарлари пайдо бўлаяпти. Буюк саркарда ва давлат арбобларимиз, улуғ алломалар, маданият намояндаларимиз ҳақида тарихий фильмлар яратилмоқда.

Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тикладик. 2021 йилдан буён ҳар йили жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатидан юзлаб кино ижодкорлар Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Алишер Навоий номидаги кино саройи замонавий қиёфага эга бўлди, янги “Ренессанс” кино уйи барпо этилди. Миллий фильмлар яратиш учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам тобора ортиб бормоқда.

Азиз дўстлар!

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, эзгу ғояларни тараннум этишда ўзбек адабиёти бошқа маданият соҳалари учун ҳамиша мустаҳкам замин бўлиб келган.

Биз замонавий адабиётимизни ривожлантириш мақсадида пойтахтимизда Адиблар хиёбонини, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биносини барпо этдик. Ўлкамизнинг баҳаво ҳудудларида янги ижод уйларини қурдик. Самарали ижод қилаётган адибларимиз имтиёзли асосда янги уй-жойлар билан таъминланди. Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили қарийб 25 миллиард сўм ажратилмоқда.

Ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди. Навқирон шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари катта тиражларда нашр этилмоқда. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналарини кенг нишонлаш яхши анъанага айланди.

Биринчи марта нашр этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Биз бу йиғилишга узоқ тайёргарлик кўрдик. Миллий маънавиятимиз ва маданиятимизни ривожлантириш бўйича таниқли олимлар, шоир ва адиблар, санъаткорлар, рассом ва журналистлар, эксперт ва мутахассисларнинг фикрларини олдик.

Менинг топшириғимга биноан Вазирлар Маҳкамаси Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида бу масалаларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маданият соҳаси фаоллари билан алоҳида йиғилиш ҳам ўтказилди. Кўпгина масалалар ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилинди ва яна баъзи муаммолар ҳам аниқланди.

Мен бугунги мажлис учун тайёрланган барча таҳлилий материаллар билан батафсил танишиб чиқдим. Шу асосда энг муҳим вазифаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Аввало, маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқишимиз лозим. Бу жараёнда янги таҳрирдаги Конституциямиз талаблари ҳисобга олиниши зарур. Мана, биз Асосий қонунимиздаги фундаментал принциплардан келиб чиқиб, Дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқяпмиз.

Нима учун бунга зарурат туғилмоқда?

Ўзингиз кўряпсиз, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан, ҳатто, мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилмоқда.

Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши ва улардан устун қўйиш ҳолатлари кучаймоқда. Диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаётган кишилар пайдо бўлмоқда. Кўп хотинлик, аёл киши ишламасдан уйда ўтириши, ўқимаслиги керак, дунёвий қадриятлар ҳаром, деган сохта “даъват”лар янграмоқда.

Улуғ маърифатпарвар Ибрат домланинг: “Миллатни ким ислоҳ этар? Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларида чуқур маъно бор.

Фурсатдан фойдаланиб, мен муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман.

Маълумки, кейинги йилларда ҳаж, умра зиёратларига кенг йўл очиляпти. Минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: ҳажга, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар албатта барчамизни ўйлантириши керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан, муфтий ҳазратлари, ҳурматли шайх Нуриддин Холиқназаровнинг диний маърифат соҳасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини барчамиз қўллаб-қувватлаймиз.

Хабарингиз бор, кейинги пайтда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзини “кўча” деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд муносабатда бўлиб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз. Кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, ҳаётимиз том маънода тинч ва тоза, жиноятдан холи бўлиши керак.

Шу муносабат билан маҳалла фаоллари, ҳурматли аёлларимиз ва муҳтарам нуронийларимизга, айниқса, катта орзу-умидлар билан ҳаётга кириб келаётган ёшларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.

Азизларим, тарбияси издан чиққан нопок кимсалардан огоҳ бўлайлик!

Фарзандларимизни уларнинг бузғунчи таъсиридан асрайлик!

Келажагимизни ёвуз кучлар қўлига бериб қўйишга асло ҳаққимиз йўқ.

Агар барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилсак, жамиятимизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга албатта қодирмиз.

Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва албатта шундай бўлади.

Иккинчидан, маданий-маърифий соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда ҳокимларнинг масъулиятини кескин оширишимиз зарур. Ҳудудлар раҳбарлари бир ҳақиқатни билиб олсин: сизларнинг фаолиятингизга ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг сифати ва самарасига қараб баҳо берилади.

Шу йил ноябрь ойида менинг топшириғим билан марказдан борган масъул шахслар иштирокида 14 та ҳудудда Маънавият ва маърифат кенгашларининг йиғилишлари ўтказилди. Афсуски, аксарият ҳокимлар ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги маънавий тарбия ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Масалан, Андижон вилояти Хонобод шаҳри ҳокими Тожибоевнинг республика ишчи гуруҳига очиқдан-очиқ “Маънавият мен учун охирги ўриндаги масала” деганини қандай тушуниш мумкин?

Яна бир мисол, 2021-2023 йилларда 195 та туман ва шаҳарда Маънавият ва маърифат масканини барпо этиш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаган эдик. Бу борада Сирдарё вилоятида 11 та, Сурхондарё вилоятида 15 та масканнинг барчаси фойдаланишга топширилиб, Президент қарори ижроси тўлиқ бажарилганини қайд этиш лозим. Лекин, айрим жойларда бу ишлар охирига етказилмаган. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Тошкент, Андижон, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қарор ижроси тўлиқ бажарилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бош вазир А.Арипов Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров, Президент Администрацияси департамент раҳбари Қ.Қуронбоев, ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туманда Маънавият маскани қуриш ва унинг таъминоти билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганиб, уларни режа-жадвал асосида ишга тушириш чораларини кўрсин.

Таъкидлаб айтмоқчиман: бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!

Шу мақсадда халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришимиз лозим. Яқинда Сурхондарё вилоятида бўлган учрашувда зиёлиларимиз томонидан билдирилган таклиф асосида ҳудудларда фаолият олиб бораётган 4 та секторга қўшимча равишда маънавият секторини ташкил этамиз.

Таъкидлаш керакки, маънавият сектори маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади. Ушбу сектор фаолияти учун маънавият ва маърифат кенгашлари раҳбарлари, яъни ҳокимлар шахсан масъул ва жавобгар бўлади.

Биз бу ташаббусни келгуси йили Сурхондарё вилоятида синовдан ўтказамиз. Республика Маънавият ва маърифат маркази (Ҳожиматов) 10 кун муддатда маънавият секторининг ташкилий тузилмаси ва низомини ишлаб чиқсин. 2024 йил январдан бошлаб республика семинарини ўтказиб, март ойига қадар Сурхондарё вилоятида ушбу сектор фаолиятини тўлиқ таъминласин.

Учинчидан, ёшларимизни миллий ва умумбашарий ғоялар асосида камол топтиришда маданият соҳаси, хусусан, театр санъатининг катта ўрни бор. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 40 та театр фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили 40 та янги спектаклга давлат буюртмаси берилмоқда. Бунинг учун шу йилнинг ўзида 15 миллиард сўм ажратилди.

Жорий йилда театр ва кино драматургиясини ривожлантириш мақсадида республика “Нигоҳ” ижодий семинари ўтказилди.

Айни пайтда жойларда маданият масканлари, хусусан, театрларнинг аҳволи қандай, ҳокимларимиз уларнинг ҳолидан хабардорми, деган савол туғилиши табиий. Агар ҳозир “Қани, охирги бир ойда қайси театрга бордингиз, қандай янги китоб ўқидингиз?”, – деб сўрасам, ўйлайманки, аксарият раҳбарлар хижолат бўлиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, раҳбар-етакчилар ижтимоий дунёқараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлишлари керак.

Шу мақсадда, барча корхона ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиб, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйсак, ўйлайманки, ҳар томонлама фойдали бўлади.

Менинг ўзим маданият вазиримизга, яхши спектакль бўлса, вақт топиб, театрга албатта бораман, деб бир неча марта айтганман. Лекин негадир ҳозирча улардан аниқ бир таклиф бўлмаяпти.

Театр санъатини ривожлантириш бўйича маданият вазирлигига (О.Назарбеков) бир ой муддатда дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилади. Ушбу дастурда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича 20 та энг яхши пьеса учун ижодий буюртма бериш орқали драматургларга 50 миллион сўмдан қалам ҳақи тўлаш тизимини жорий этиш, 50 нафар ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг ривожланган давлатлар театрларида маҳорат оширишини йўлга қўйиш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш каби тадбирлар акс эттирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бунга қўшимча равишда беш йиллик дастурга биноан театрлар тўлиқ таъмирланиб, энг илғор технологиялар асосида модернизация қилинади. Бу ишларга Бош вазир А.Арипов масъул этиб белгиланади.

Тўртинчидан, маданий дам олиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда мамлакатимиздаги мавжуд 837 та маданият марказининг фаолияти жуда муҳим.

Сўнгги йилларда юртимизда 43 та маданият маркази янгидан қурилди, 344 та маданият марказида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунда бундай марказларда 4 мингга яқин тўгарак фаолият кўрсатмоқда, уларда 120 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланмоқда. Масалан, Фарғона шаҳар маданият марказидаги 81 та тўгаракка 1000 га яқин фарзандларимиз қамраб олингани эътиборга лойиқ.

Афсуски, ҳамма жойда ҳам марказлар фаолияти самарали йўлга қўйилмаган. Республика бўйича 167 та маданият маркази ўз биносига эга эмас, 283 та бино авария ҳолатида, жами 8 мингта мусиқа анжомига эҳтиёж мавжуд. Оқибатда 4 мингта маҳаллада яшаётган аҳоли маданий хизматлардан фойдалана олмаяпти.

Энди бу тизимни тубдан ўзгартирамиз. Яъни, жойлардаги маданият марказлари учун ҳокимлар бевосита жавоб беради. Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари мавжуд бўлган 1 тадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирамиз.

Бешинчидан, мақом ва бахшичилик санъатини ривожлантириш, мавжуд ижро ва ижодий мактабларни, бу борадаги анъаналарни илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш ишларини янада кучайтирамиз.

Ҳозиргача 120 та мақом, бахшичилик достонлари, халқ куйи ва қўшиқлари “олтин фонд”га ёзиб олинди. Мақом санъатини ривожлантириш, уни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган санъаткорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди.

Халқ оғзаки ижоди дурдоналарини кенг тарғиб этиб келаётган бахшилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Маданият вазирлигига санъатимизнинг “олтин фонд”ига киритилган мумтоз ва эстрада мусиқа асарларини, фольклор намуналарини рақамлаштириб, интернетда кенг тарғиб этиш чораларини кўриш топширилади.

Куни кеча номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб этишга доир муҳим бир қарорни имзоладим. Унда, жумладан, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос институтини ташкил этиш, “Алпомиш” ва “Гўрўғли” достонлари ҳамда Фарғона – Тошкент, Хоразм, Бухоро мақом йўлларидаги мусиқа асарларини илмий тадқиқ этишга 28 та мақсадли грант ажратиш бўйича вазифалар аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, мамлакатимиз фондларида сақланаётган 3 мингдан зиёд достон, мақом ва фольклор асарларини замонавий форматга ўтказиш кўзда тутилган.

Яна бир муҳим янгилик – мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби 12 та ноёб маданий мерос намуналари бўйича анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади.

Олтинчидан, миллий маданиятимиз ривожида муҳим ўринга эга бўлган мусиқа ва рақс санъатини равнақ топтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, “Баҳор” рақс ансамблини бино билан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билдирган таклифни қўллаб-қувватлаймиз. Бундан буён “Баҳор” жамоаси илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади.

Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади. Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади.

Шунингдек, Тошкент давлат цирки биносини таъмирдан чиқариш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилади. Бош вазир А.Арипов бу масала бўйича 1 ой муддатда қарор лойиҳасини киритсин.

Еттинчидан, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини ривожлантириш, бой маданий меросимизни халқимизга ва хорижий сайёҳларга кенг таништириш ишларини янги босқичга кўтарамиз.

Келгуси йили Тошкентда креатив иқтисодиётга бағишланган халқаро конференцияни, Нукусда эса “Орол маданияти” халқаро илмий анжуманини ўтказамиз.

Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиш ҳам кун тартибидаги долзарб масаладир.

Бухоронинг тарихий ҳудудида 2025 йилда илк бор халқаро тасвирий санъат анжумани ўтказилади. ЮНЕСКО мезонлари асосида бу қадимий шаҳарнинг мастер ва менежмент режаларини ишлаб чиқамиз.

Умуман олганда, 2024 йилдан бошлаб юртимизда маданият ва санъат фестиваллари ва бошқа тадбирларни янгича ёндашувлар асосида ташкил этамиз. Барча фестивалларимиз том маънода Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтириш ва юртдошларимизнинг маданий савиясини оширишга хизмат қилиши лозим.

Яна бир масала. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинади. Экспонатларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича барча музейлар замонавий ускуналар билан жиҳозланади ва энг ноёб экспонатлар маркировка қилинади.

Инновацион технологиялар асосида тарих музейи ҳамда санъат музейининг замонавий янги бинолари барпо этилади. Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади.

Бундан ташқари, музейларимизда, хусусан, Ислом цивилизацияси марказида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилинади.

Франция давлати билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолиятини йўлга қўямиз. Бугунги кунга қадар хорижий реставраторлар билан бирга 238 та маданий бойлик реставрация қилинди.

Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифалари ҳам консервация ва реставрация қилинади. 

Юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантирамиз. Шунингдек, Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади, “Буюк ипак йўли” музейини барпо этамиз ва Бибихоним мажмуасини реставрация қиламиз.

Саккизинчидан, кино соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар давом эттирилади.

Ҳозирги вақтда “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган 50 та бадиий фильм яратиш бўйича фармон лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу асосда тарихий фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бу дастур ижросига нафақат маҳаллий, балки хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар жалб этилади.

Бутун дунёда кино нафақат ижод, балки иқтисодиёт тармоғи ҳамдир. Ушбу икки йўналиш ўзаро уйғун ривожланиши учун тегишли ишларни амалга ошириш керак.

Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев икки ҳафта муддатда ўз вилоятларида эркин иқтисодий киноҳудудлар барпо этиш бўйича лойиҳаларни бошласин.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов), Кинематография агентлиги (Ф.Абдухолиқов) тегишли вазирлик ва ҳокимликлар билан биргаликда 1 ой муддатда юқорида кўрсатилган барча масалаларни ҳал қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин. Унда, жумладан, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш назарда тутилсин. Кейинчалик ушбу фильмлар қаҳрамонларини ўйинчоқлар, ўқув дафтарлари ва бошқа маҳсулотларда акс эттириб, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим.

Ҳозирги вақтда дунё медиа оламида теле ва кино сериаллар жадал ривожланмоқда. Дастлаб кўнгилочар ва маиший мавзуларда пайдо бўлган сериаллар бугунги кунга келиб, турли давлат ва миллатларнинг муайян мақсадларини тарғиб этиш воситасига айланиб бормоқда.

Савол туғилади: халқимиз телевизорни энг кўп кўрадиган пайтларда, яъни, “прайм-тайм” вақтида хорижий сериалларга катта ўрин бераётганимиз қанчалик тўғри?

Албатта, буларнинг барчаси олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда. Жумладан, миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, бу йўналишда ижодкорларимизни қўллаб-қувватлаш лозим.

Айнан шу йўл билан миллий сериалларимизни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали, ҳамма қизиқиб кўрадиган даражага етказиш мумкин.

Шу мақсадда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепциясини яратиш зарур. Унда, авваламбор, маҳаллий ижодкорларимизга, хусусан, ижрочи санъаткорлар, драматург ва режиссёрларимиз учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш ўринли бўлади, деб ўйлайман. Бунинг учун IT-park каби эркин иқтисодий зона – Cinema-park ташкил этиш лозим.

Шу муносабат билан Бош вазир А.Арипов Cinema-park учун давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент вилояти ҳудудидан 50 гектар ер майдони ажратиш бўйича таклиф киритсин.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов), Президент Администрацияси департамент раҳбарлари О.Абдураҳмонов, К.Алламжонов 1 ой муддатда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепцияси лойиҳасини тайёрлаб киритсин.

Тўққизинчидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш учун алоҳида дастур қабул қиламиз. Ушбу дастур асосида, жумладан, Марказий кўргазмалар зали жаҳон стандартлари асосида реконструкция қилинади ва жиҳозланади, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади.

Танлов асосида 20 нафар истеъдодли ёш рассом ва ҳайкалтарош, санъатшунос ва музейшунослар хорижий мамлакатларга стажировкага юборилади.

Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилади.

Яна бир муҳим масала – маданият ва санъат соҳасида таълим сифатини ошириш бўйича жиддий ўзгариш қилишимиз шарт. Айни вақтда республикамиздаги 323 та мусиқа ва санъат мактабида 14 мингдан ортиқ ўқитувчи ва концертмейстер фаолият юритмоқда. Лекин, уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори умумтаълим мактаблари педагогларининг маошидан 1,5 баробар кам.

Ота-оналар томонидан тўланадиган пуллар мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва ўқувчиларнинг ижодий танловларда иштирокини таъминлаш учун етмайди. Ўтган 10 ойда шундай тўловдан тушган 61 миллиард сўмнинг 40 фоизи ёки 25 миллиард сўми коммунал харажатларга сарфланган.

Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров, маданият вазири О.Назарбеков икки ҳафта муддатда мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича таклиф киритсин.

Умуман олганда, маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликларини босқичма-босқич ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Жумладан, уларнинг иш ҳақи 2024 йил 1 апрелдан 20 фоизга, 2025 йил 1 январдан яна 15 фоизгача бўлган миқдорда оширилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 2024 йилда қўшимча равишда 150 миллиард сўм, 2025 йилда эса 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Шу билан бирга, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун янги йилда қўшимча равишда 100 миллиард сўм ажратилади.

Муҳтарам юртдошлар!

Кейинги пайтда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу ишларимизни давом эттирган ҳолда, умумтаълим мактабларида ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

Ҳеч шубҳасиз, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ билан таъминланиши керак. Бу албатта адолатдан бўлади.

Шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади. Бу мақсадлар учун 2024 йилда қўшимча 10 миллиард сўм 2025 йилда эса 30 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш бўйича ҳам алоҳида механизмлар жорий этилади. Хусусан, улар бу борада махсус сертифакатга эга бўлса, ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, ўзбек тилидан бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича ҳам халқаро фан олимпиадасини ўтказамиз. Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, улар мамлакатимиз олийгоҳларининг ўзбек филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ҳурматли дўстлар!

Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича бошлаган ишларимиз давом эттирилади. Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўпминг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш чоралари кўрилади.

Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланади.

Яқинда “Ёшлар учун – минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Унга кўра, келгуси йилдан бошлаб фарзандларимизга рағбат берадиган энг машҳур илмий-оммабоп китобларни ўзбек тилига таржима қилиб, мактаб ва кутубхоналарга бепул тарқатиш йўлга қўйилади.

Албатта, билимдон, зукко олимларимиз, дунё маданиятига жуда катта ҳисса қўшаётган ватандошларимиз кўп. Лекин, афсуски, улар болалар оламига яқин эмас. Ваҳоланки, дунёга машҳур олимларнинг кўпчилиги болаларга атаб китоблар ҳам ёзишган. Масалан, Альберт Эйнштейн ўзининг мураккаб назариясини болалар учун махсус шарҳлаб, алоҳида китоб чиқаргани маълум.

Биз Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби буюк аждодларимиз ҳақида, деб кўп гапирамиз. Аммо болаларимиз уларнинг қайси асарини ўқий олади? Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи деймиз, лекин уларнинг болалик даврини ким билади?

Демак, ана шундай алломаларимизнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш керак.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ўз соҳасида илмий мактаб яратган ҳурматли олимларимизни адиблар ва ноширлар билан ҳамкорликда болалар учун қизиқарли ва сермазмун китоблар яратишга чақираман. Бу ишларни рағбатлантириш, янги босқичга кўтариш учун келгуси йили мамлакатимизда Халқаро болалар адабиёти кўргазмасини ташкил этамиз.

Юртимизда китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш, турли йўналиш ва мавзудаги адабиётларни чоп этишни кўпайтириш учун нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарур. Шу мақсадда ушбу корхоналар 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Шунингдек, уларга имтиёзли кредитлар ажратилади.

Албатта, бу залда ўтирган адибларимиз таржима санъатининг нақадар машаққатли иш эканини яхши биладилар. Мана шундай масъулиятли меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун улуғ шоир ва таржимон Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этсак, нима дейсизлар?

Сўнгги йилларда кутубхоналар фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор беряпмиз. Айниқса, Республика болалар кутубхонаси реконструкция қилинганидан сўнг бу ерда янги маърифий ҳаёт бошланди, десак, тўғри бўлади. Менинг невараларим ҳам шу масканга катта қизиқиш билан боряпти.

Бу эзгу ишларимизни давом эттириб, келгуси йилда Самарқанддаги болалар кутубхонасини реконструкция қиламиз. Ҳудудлардаги бошқа болалар кутубхоналарини ҳам босқичма-босқич болажонларимизнинг севимли масканига айлантирамиз.

Сўнгги пайтларда ўз ҳисобидан кутубхона барпо этаётган ташаббускор инсонлар кўпайиб бораётгани барчамизни мамнун этади. Тасаввур қилинг, 100 нафардан зиёд юртдошимиз бундай хайрли ишга қўл урган. Масалан, Марҳамат туманида тадбиркор Қобилжон Обидов 50 мингдан зиёд китоб фондига эга, уч қаватли замонавий кутубхона ташкил этган, бу зиё масканида 300 мингта электрон китоб ҳам мавжуд.

Мана шундай инсонлар жадидларнинг муносиб давомчилари, бугунги кун қаҳрамонлари эмасми? У киши давлатимизнинг нуфузли ордени билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради. Биз барчага ибрат бўлаётган бундай юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асад Ходжаев 1 ой муддатда хусусий кутубхона ташкил этган фуқаролар ва тадбиркорларни рағбатлантириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Бугунги кунда мамлакатимизда Интернет адабиётини ривожлантириш ҳам муҳимдир. Шу мақсадда интернетда “Ўзбек маданияти” порталини яратиб, унинг таркибида адабиёт, кино, тарих, санъат, фольклор портали каби платформаларни ташкил этиш ва доимий фаолият юритишини таъминлаш зарур. Бунинг учун Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асад Ходжаев, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматовлар масъул ва жавобгар этиб белгиланади.

Маълумотларга кўра, сўнгги 2 йилда кўплаб хорижий мамлакатларда юртимиз олим ва ижодкорларининг 150 га яқин китоблари, фольклоримиз намуналари нашр этилган. Айни вақтда адабиётимиз хазинасида дунёга намойиш этишга арзийдиган асарлар кўп.

Бу йўналишда ҳам ишларни тизимли йўлга қўйиб, чет эллик ношир ва таржимонлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асад Ходжаев алоҳида дастур ишлаб чиқиши лозим.

Қадрли юртдошлар!

Маълумки, кўплаб хорижий давлатларда меценатлик ҳаракати кенг ёйилган. Бундай эзгу тажриба бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келаётганини албатта олқишлаш керак.

Маълумки, 2017 йилдаги учрашувимиздан сўнг ижодий ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 70 га яқин “Дўстлар клуби” ташкил этилган эди. Қисқа муддатда бу йўналишда 85 миллиард сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилган.

Афсуски, кейинги вақтларда “Дўстлар клуби” фаолияти баъзи йўналишлар бўйича тўхтаб қолди. Бош вазирнинг менга берган ахборотига кўра, юқорида зикр этилган йиғилишда бу масала ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Шундан сўнг ҳомийлар томонидан маданият муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 38,5 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилган.

Фурсатдан фойдаланиб, маданият ва санъатимизнинг садоқатли дўстлари бўлган ушбу ташкилотларга, уларнинг меҳнат жамоаларига сизларнинг номингиздан, ўз номимдан ташаккур билдираман.

Энди бу тажрибани доимий ишлайдиган тизимга айлантириш зарур.

Ҳозирги вақтда матбуот нашрларининг обунаси билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлигини биламиз. 2022 йил 27 июндаги Президент қарорида бюджет ташкилотларига кутубхона фонди харажатлари орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади, деб кўрсатилган.

Демак, масаланинг аниқ ечими бор. Фақат буни амалга оширишимиз керак.

Муҳтарам дўстлар!

Албатта, бугунги учрашувда илгари сурилган ташаббуслар фақат маънавият, маданият ва ижод соҳалари раҳбарларига тегишли эмас. Буларни – қаерда, қайси лавозимда ишламайлик барчамизга бирдек дахлдор вазифалар, деб қабул қилишимиз лозим.

Шу боис, ҳар бир вазир ва ҳоким ўзининг бу борадаги масъулиятини чуқур ҳис этиши, бугун бу ерда кўтарилган масалалар бўйича амалий ишларни бошлаши зарур.

Бош вазир А.Арипов маданият ва санъатни ривожлантириш бўйича ишларнинг ҳолатини ҳар чоракда Ҳукумат раёсатида тармоқ ва ҳудудлар кесимида муҳокама қилиб боради.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугун сизлар билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маданият, адабиёт ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича очиқ гаплашиб олдик.

Бу борада билдирилган фикрлар, ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаганингиз, таклиф ва тавсияларингиз учун барчангизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Албатта, бугун ушбу залда айтилган фикр-мулоҳаза ва ташаббусларнинг ҳар бири чуқур ўрганиб чиқилади. Энг муҳим ва долзарб масалалар бўйича тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўрамиз.

Шу маънода, бугунги учрашув маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даврини бошлаб беради, деб ишонаман.

Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим. Ҳаёт бор экан – жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси – юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир.

Тинч ва фаровон ҳаёт қуриш учун аввало одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, халққа, Ватанга меҳр ва ишонч мустаҳкам бўлиши зарур.

Мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтиришда сиз, маданият аҳлининг ўрнингиз ва таъсирингиз беқиёсдир.

Сизлар юксак истеъдод ва маҳоратингиз, ижтимоий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз билан янги Уйғониш даврини барпо этишга албатта муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни яқинлашиб келаётган янги – 2024 йил билан чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, ижодий муваффақиятлар тилайман.

Доимо соғ-омон бўлинг!

Tegishli xabarlar

Тараққиётнинг тамал тоши илм-фан ва таълим-тарбияда

admin

Уста нимадан норози?

admin

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin