ADOLAT 24

Коррупцияга қарши курашда Тошкент руҳи

Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шу кунларда жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган шаҳарлардан бирига айланди. 19 декабрда шаҳримизнинг қоқ марказида, “Tashkent citi”да дунё миқёсида коррупцияга қарши кураш тимсоли бўлган кафти очиқ қўл, бешта бармоқдан иборат – ҳамкорлик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлоқ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатадиган маҳобатли монумент очилди. Шу куни Конгресс марказида Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотларни топшириш маросимига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Маросимда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев, Қатар Амири шайх Тамин бин Ҳамад Ол Соний Аъло Ҳазратлари, 40 дан ошиқ давлат делегациялари, БМТ ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. Ушбу маросимда иштирок этиб, Президентимизнинг нутқини эшитиб, коррупцияга қарши кураш борасида халқаро миқёсда ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар хусусида кўнглимда туғилган ниятларни фикрлашгим келди.

Коррупцияга қарши кураш ҳозирги даврнинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Коррупциянинг мавжудлиги давлатга ҳам, жамиятга ҳам, халққа ҳам, инсон ҳақ-ҳуқуқларига ҳам, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига салбий таъсир кўрсатади. Бошқача айтганда, коррупция бутун инсониятга, иқтисодий тараққиётга зарар келтирадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқларнинг давлат сиёсатига ишончини сусайтирадиган, тинчлик, ривожланишга рахна соладиган хатарли таҳдиддир.

Бугунги кунда дунё миқёсида коррупцияга қарши кураш ташкилотларининг берган маълумотларига кўра, ер юзида ялпи ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 5 фоиздан ошиғи коррупция мулкига айланмоқда ёки коррупция­нинг халқаро миқёсдаги зарари 3 триллион АҚШ долларига тенг бўлмоқда. Коррупция туфайли ҳар йили жаҳон инвестиция фондларида 25 фоизга қадар маблағлар бой берилмоқда. Ёҳуд ҳар йили халқаро миқёсда 1 триллион АҚШ долларига тенг пора олди-бердиси амалга оширилмоқда. Бу коррупция туфайли юзага келаётган моддий йўқотишлар, халос, унинг инсониятга етказаётган маънавий зарарини бирор нарса билан ўлчаб бўлармикан?

Шунинг учун коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида энг долзарб вазифа қилиб белгиланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси ишлаб чиқилган. Бу конвенция дунёнинг аксарият давлатлари томонидан ратификация қилинган. Барча мамлакатларда коррупция­га қарши кураш ташкилотлари, агентликлари ташкил этилган. Шу билан бирга Қатар Амири ташаббуси билан 2016 йилда Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро мукофот таъсис қилингани ҳам юқоридаги улуғвор ишларнинг яна бир ифодасидир. Бу мукофот ҳар йили глобал миқёсда коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссасининг эъти­рофи сифатида таниқли жамоат арбоблари, экспертлар ва журналистларга дунёнинг турли мамлакатларида бериб келинади. Мукофот топшириладиган мамлакатлар коррупцияга қарши курашда фаоллигига қараб танлаб олинади. Қатар Амири ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бу йил ана шу тадбирни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилгани бежиз эмас.

Зеро, республикамиз айни пайтда коррупцияга қарши кураш бўйича 15 та халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилади ва улар билан битим тузган. Ўзбекис­тон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартия­сига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дас­тури, Глобал оператив тармоқ, Евро­осиё ва Эгмонт гуруҳлари, бош­қа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Тошкентда ҳар йили анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.

Кейинги йилларда республикамиз “Transparency international” индексида 42 поғонага кўтарилди, “Оpen Data Inventiry” рейтингида 30-ўринни эгаллади, Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекис­тон 4-ўриндан жой олди.

Булардан ташқари, республикамизда коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор қонун, қарор ва фармонлар қабул қилинди. Улар асосида махсус ваколатли Агентлик ташкил этилди. Агентлик ҳузурида Экспертлар гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди. Давлатнинг барча идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари белгиланди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди. Буларнинг бари мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида давлат раҳбари бош­чилигида жиддий ишлар қилинаётганлигини кўрсатади.

Шу ўринда алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтишни истардимки, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида халқчил ҳамда ҳаётий ғоя­лари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга нисбатан изчил ва муросасиз кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, партия­миз аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупция­га қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди. Биз коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этамиз. Партиямиз ушбу иллатни таг-томири билан йўқотиш учун курашади. 

Биз жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва кенг оммага етказиш борасида самарали ишларни ташкил этиш тарафдоримиз.

Айни пайтда партиямиз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик нормаларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва ўзбошимчалик билан талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз. Коррупцияга оид ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этилишини таъминлаш, шунинг­дек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни йўқотиш чораларини кўриш партия­миз фаолиятининг устувор йўналишларидандир.

 Албатта, коррупцияга қарши кураш бу мавсумий ёки маълум муддат амалга ошириладиган иш эмас, у доимий, жиддий равишда корруппцияга қарши кураш йўлини талаб қилади. Шунинг учун Президентимиз ўз нутқида бундан кейин ҳам коррупцияга қарши кураш борасида амалга ошириладиган ишлар кўлами ниҳоятда катта эканлигини кўрсатиб берди. Аввало, республикамизда коррупция­га қарши кураш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилади, коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази ташкил этилади, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” — коррупцион суриштирув институти жорий қилинади, БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастури Ўзбекистонда кенг жорий этишга киришилади, коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун юртимизда Глобал медиа форум ўтказиш режалаштирилмоқда. Булар аксилкоррупция муаммолари бўйича бир мамлакат, хусусан, юртимиз доирасида амалга ошириладиган улуғвор ишлар ҳисобланади. Бу ишларни амалга оширишда Тошкентда фаолият юритаётган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланилади.

Баҳром Абдуҳалимов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши 

раиси

Tegishli xabarlar

Терговдан яширинган қонунбузар 5 йилдан сўнг айбига иқрор бўлиб келди

admin

Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови

admin

Мустақиллик балладаси

admin