ADOLAT 24

“Дадамнинг китоблари дўстимга айланди…”

Ўнлаб асарлари ўзбек китобхонларининг қалбидан ва китоб жавонидан жой олган, “Қуёш ҳам олов” ҳикоялар тўплами АҚШда, “Сольнечный край” номли китоби Украинада чоп этилган олтиариқлик Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли ёзувчи Алишер Ибодинов 70 ёшни қарши олди. Ушбу ёш билан қутлаш баҳонасида севимли ёзувчимиз билан Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Муҳиддин Омад суҳбатлашди. Қуйида мазкур суҳбат эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

– Баъзи кишилар вақт ўтказиш учун, баъзилар эса вақтни беҳуда ўтказмаслик учун китоб ўқийди. Алишер ака, сиз учун китоб ўқиш нима – эрмакми, неъматми?

– Китоб ўқиш – эрмак, десам нотўғри бўлади, китоб инсон маънавий озуқа оладиган манба. Инсон китобни сиқилганда ҳам, бўш қолганда ҳам ўқиши мумкин ёки зарурат юзасидан ўқиши лозимлиги учун ҳам ўқиши мумкин. Ҳар иккала маънода ҳам, менимча, фик­рим бироз тўғри. Шу ўринда китобнинг фойдаси ҳақидаги бир ҳикоятни эслатиб ўтмоқчиман. Бир мамлакатда бир фозил, олим йигит бор эди. У жуда кўп китоб ўқирди. Унинг фозилу донолиги ҳақида одамлардан кўп мақтовлар эшитган золим подшоҳнинг ғазаби ва ҳасади келибди. Унинг фармони билан йигитни тутиб олиб келишибди. 

– Эй нобакор, сен уззукун китоб ўқиб нима топдинг? Китоб ҳамма бойликларнинг отаси, деяр эмишсан. Мана, мен китоб ўқимасдан ҳам шунча бойликка эга бўлган подшоҳман. Бунга нима дейсан? – деб сўрашди подшоҳ.

– Подшоҳим, бу жаҳонда китобдан улуғ неъмат йўқ, – дебди ўз сўзида турган зукко йигит. 

 Бу гапни эшитиб, ғазаби баттар қўзиган подшоҳ йигитни зиндонга ташлаб, оч қолдиришни тайинлабди. Зиндон тепасига эса нон ва сув тўла кўзани илиб қўйишибди. Бир кун, икки кун ўтса ҳамки, йигитдан садо чиқмапти. Подшоҳ келиб, унинг устидан масхара қилиб кулибди ва “Бунга китобларини олиб келиб беринглар, китоб еб қорнини тўйдирсин-чи”, дебди.

 Мулозимлар йигитнинг барча китобларини олиб келиб зиндонга ташлашибди. Эртаси куни келиб қарашса, йигит бамайлихотир бўй етмас жойга илиб қўйилган нон ва сувни олиб еб ўтирганмиш. Подшоҳ “Бу не ҳол!”, деб зиндонбонга ғазабини сочибди. Йигит эса “Подшоҳим, унда айб йўқ, мени китоб­ларим қутқарди”, дебди. Яъни йигит китобларни устма-уст тахлаб, унинг устига чиқиб, баланд жойдаги нон ва сувни осонликча олган экан. Бу бир ибратли, рамзий маънода айтилган ҳикоят, холос. Лекин чиндан ҳам китоб ёрдамида ҳар қандай мушкул ишни уддасидан чиқиш ва дунёнинг сирларини очиш мумкин. 

– Инсон учун болалик энг муҳим палла ҳисобланади. Маълумки, боланинг келажакда ким бўлиши ёшлигидаёқ тайин бўлади, деган гап бор. Сизда китобга бўлган ҳавас неча ёшингизда уйғонган? Ижодкор бўлишингизга бунинг таъсири борми?

– Ижодга ҳавас менда китобга ошноликдан бошланган бўлса керак. Болалигимда дадамнинг жуда кўп китоблари бор эди. Ўн ёшимда дадам бу дунёни тарк этди. У кишидан биз – уч қиз, бир ўғил ва бир уй китоблар мерос бўлиб қолдик. У пайтлари одамлар маблағ тўплаш ҳақида ўйламас экан, шекилли, колхоз раиси, қишлоқ йиғини раиси лавозимларида ишлаган дадамдан ҳам бизга ҳеч қандай бойлик қолмаганди. У киши вафот этганидан кейин камгап, одамови бўлиб қолдим. Жавонга, токчага тахлаб қўйилган китобларни қўлга олиб, аввалига варақлаб, сўнгра ўқиб чиқардим. Бора-бора дадамнинг китоб­лари дўстимга, суҳбатдошимга айланиб қолди. Шу аснода вақтлар ўтиб, юрагимда ҳам нималардир ғимир-ғимир қилиб, менда ёзишга иштиёқ пайдо бўла бошлади. Дастлаб дафтарлар четига, сўнгра варақларига шеърлар ва хаёлимга келган бир нарсаларни ёза бошладим. Ҳатто туман газетасида битта шеърим ҳам босилиб чиққан. Шу тариқа вояга етиб, ҳарбий денгиз флотига чақирилдим. 

– Матрослик қисмати қандай кечган? Денгиз ҳар қандай кишига илҳом берса керак. Лекин ёшлигидан китоб ўқишга ўрганиб қолган йигит учун денгизда бунга имкон бормиди?

– Аслида ёлғиз ўғил, боқувчисини йўқотган оила сифатида мени ҳарбий хизматга олмасликлари керак эди. Лекин туман ҳарбий комиссариатидаги бир мулозимнинг ғашига текканим учунми, атайлаб мени ҳарбий флотга жўнатди. Ҳар бир ишнинг ортида ҳикмати бор, деганлари рост экан. Ўшанда оиламиздагилар норози бўлиб, уни қарғаган бўлса, ҳозир мен ўша одамдан миннатдорман. Агар ҳарбий флотга бормаганимда, қанчадан-қанча юртларни, одамларни, океану денгизларни кўра олмаган, оқ чорлоқлар овозини эшитмаган ва балки тақдирим бутунлай бошқа томонга ўзгариб кетган бўларди.

Лекин, шукрки, денгизчи бўлдим ва денгиз ҳаёти мени тоблади, чиниқтирди. Асосийси, денгиз “Гулистон” журналига, Асқад Мухтордек одил ва донишманд устозга рўпара қилди мени. Кемадаги ҳарбий вазифамга кўра вақтим бисёр эди. Шу ерда илк бор жиддий ҳикояларимни ёза бошлаганман. Бир куни старшинамиз ёнимга келиб, нималарнидир ёзаётганимни кузатар экан:

“Алёша, давай, отправь этих своих сказок какой-нибудь журнал или там что есть в твоих краях… а-то жалко всё это, пишешь-пишешь…” – деб юрагимга ўт солди. 

Кемамизга Ўзбекистондан газета-журналлар ҳам бориб турарди. “Гулсапсар ҳиди” деб номлаган ҳикоямни ҳаяжон ва умидворлик билан “Саодат” журналига жўнатдим. Не ажабки, не бахтки, бу ҳикоям “Саодат”га эмас, ўша пайт­да у билан бир бинода жойлашган машҳур “Гулистон” журнали таҳририятига ва айнан унинг бош муҳаррир Асқад Мухторнинг қўлига етиб борган экан. Устознинг табаррук назари тушиб, ҳикоям журналнинг навбатдаги сонида босилиб чиқибди. Ва бош муҳаррирнинг ўзидан мактуб ҳам олдим. Бу мен учун ўшанда тасаввурга сиғмас воқеа бўлганди, оддий бир қишлоқ йигити, олис Тинч океанида сузиб юрган ёш денгизчига қандай таъсир қилганини айтишга тил ожиз. Вужудимни ҳаяжон босганидан, буюк ғалабани ўзига хос тарзда нишонлаш учун ўзимни сувга отишдан зўрға тийиб қолганман…

– Демак, Алишер ака, ижодкор бўлиб етилишингизда устоз Асқад Мухторнинг алоҳида ўрни бор экан-да, шундайми? 

– Ҳа, устозлар ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Биринчи устозим қўлимга мактабда қалам тутқазган бўлса, кейинги устозларим шу қаламни эзгу мақсад томон йўналтиришди. Юқорида айтганимдек, Асқад Мухторнинг эътибори ва эътирофи бўлмаганда мен қишлоққа қайтиб келиб, шубҳасиз, оддий бир касб эгаси бўлиб қолардим. Ёзувчиликдек машаққатли касбни танлаб озми-кўпми, юртга танилишимда яна бир устозим “Гулистон” журнали адабиёт бўлими мудири Маҳмуд ака Саъдийнинг (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин!) хизматлари жуда катта бўлган. У киши менинг асарларимнинг биринчи ўқувчиси, маслаҳатчим, танқидчим эди. Ва, шубҳасиз, “Гулистон” журналида ўша пайт­лари ишлаган барча ижодкорларни ўз устозим, деб биламан.

Талабчан ва ҳақиқатгўй ёзувчи Одил Ёқубовнинг назарига тушиб, менинг ижодимга нисбатан фикр­ларини олишга ва ўгитларини тинглаш бахтига эришдим. Адабиётшунослар – Иброҳим Ғофуров ва Аҳмаджон Мелибоевдан сабоқ олганман. Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов билан узоқ йиллар ижодий ҳамкорликда ишлаганмиз. Устозлар менга хушомадгўйликдан нари бўлиш, ҳаё­тий ҳақиқатларни ўз рангида тас­вирлашни ўргатишган. Айни пайт­да мен номларини тилга олмаган бошқа устозларим мени кечиришсин. Кўпчиликдан кўп нарса ўргандим, аммо уларнинг айтганларини қай даражада бажара олдим, буни ижодимда кўриш мумкин. Китобхонлар мен ёзган асарларни ўқияпти экан, демак, бу ўрганганларим самара бераётганидан бир белги.

– Айни замонда ҳам ёзувчилар ҳикоя, қисса ва романлар, шоирлар эса шеъру ғазаллар, достонлар ёзишмоқда. Лекин сир эмас, китобхон ҳаддан зиёд суст. Ёшларнинг қўлига китоб олиб ўқиётганини илғаш қийин. Бугунги замон ўқувчисига қандай жанрдаги асарлар ёқади, деб ўйлайсиз?

– Ҳозирги замон ижодкорига жуда қийин, деб ўйлайман. Чунки китобхонлик мезонлари ўзгарган. Ўзим ҳам ўқувчига мослашиш учун бир пайтлари дедектив жанрига қўл урганман. Аммо дедектив асарларимда ҳам ўзбек адабиётидаги анъанавий йўл – тасвирлар ва инсонпарварлик ғояларидан чекинмадим. Ижодий меъёр деганда, мен кўп ёзишни эмас, соз ёзишни маъқул кўраман. Ўзим соз ёзолдимми, йўқми, билмайман, аммо шунга ҳаракат қилдим. Ҳар бир жумла устида минг бор тўлғонганман. “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” номли романим “Шафқатсиз тоғлар” номи билан чоп этилган китобимда илк бор эълон қилинганди. Уни қайта кўриб чиқиб, бутунлай бошқа тарзда ёзиб чиқдим. Бунга икки йил вақтим кетди. Чунки олдинги вариантидан кўнг­лим тўлмаганди. Менимча, ҳар бир асарни шундай қайта-қайта кўриш керак, деб ўйлайман. Ахир ҳассос сўз устаси бўлган Абдулла Қаҳҳор устозимиз ҳам ҳар бир ҳикояни қайта-қайта кўчирганлари бежиз эмас-да.

Дедектив асарларга ҳуқуқий нашр “Адолат йўли” газетасида ишлаб юрган кезларимда қўл урганман. Ўқувчилар жуда қизғин кутиб олишган. Шундан сўнг “Бу қаро тун дунё”, “Соҳил яқин, яқин…”, “Қайғусиз қаср”, “Бомбей тун оғушида” каби дедектив жанридаги қиссаларим дунёга келди. Негадир ўқувчилар шу жанрдаги асарларга ўч бўлишади. Мен шундан фойдаланиб, адабиётнинг асл хизмати бўлмиш эзгуликни шу жанрдаги асарларимга сингдириб юборишга ҳаракат қилдим. 

Ёшликдан тарихий мавзуларда асарлар ёзишга иштиёқим кучли эди. Бу ҳол илгари чиққан ҳикоя ва қиссаларимда намоён бўлди. Масалан, “Мен туғилган уй”, “Оқ, оппоқ булутлар”, “Қўрбоши Мадаминбек”, “Олтиариқ тарихидан лавҳалар” сингари қисса ва ҳужжатли қиссаларимда яқин ўтмишимиз, халқимизнинг собиқ шўро давридаги кечмишлари акс этган.

– Ўқиш учун китоб танлайсизми? Қандай асарларни ўқийсиз?

– Ўқиш учун китоб танламайман десам, кулгили чиқса керак. Ҳақиқатан ҳам шундай. Жаҳон адабиёти дурдоналарини қидириб топиб ўқиганман, ҳали ҳам ўқийман, албатта. Замонавий ўзбек адибларидан Исажон Султон, Хайриддин Султонов, Қўчқор Норқобил, Нурали Қобил асарларини ўқиб илҳомланаман. Шеъриятни севаман. Айни замонда шеъриятимизда Сирожиддин Саййид каби ҳассос шоирлар борлиги мени қувонтиради.

– Алишер ака, энди сал ғалатироқ савол бераман. Маълумки, қимирлаган жон бир куни йўқлик дунёсига юз буради. Вақтлар ўтиб айримлари буткул унутилади. Лекин адабиёт ҳам ўлим ёқасига келиб қолдимикан, нима деб ўйлайсиз?

– Адабиёт ҳеч қачон ўлмайди. Асрлар давомида ҳам уни ўлдиролмадилар. Усмон Носирлар, Чўлпонлар, Абдулла Ориповлар, Эркин Воҳидовлар, Муҳаммад Юсуфлар, Ҳалима Худойбердиевалар қайта-қайта кашф этилаверади. Балки йиллар ўтиши билан адабиёт бош­қача кўринишда бўлар. Айни замонда, тадқиқотчилар айтаётганидек, электрон роман ва асарлар асри аллақачон бошланган. Қайси кўринишда бўлмасин – бу адабиёт. Адабиёт эса бу инсоният тарихидир.

– Кўплаб мухлисларингиз номидан қутлуғ 70 ёшингиз билан муборакбод этаман. Китобхон халқимиз сизни яхши танийди. Улар аввалги китобларингизни ўқишган, ўқимоқда ҳам. Лекин шу билан бирга янги асарларингизни ҳам кутишмоқда. Айни пайтда ҳам ёзаяпсизми?

– Айни пайтда бироз соғлиғимни тиклаш билан машғулман, яъни ижодий таътилдаман. Ўйлаб қўйган ғояларим, режаларим бор. Қўлга қалам олсак, у ёғи юришиб кетади…

– Оила-аъзоларингизнинг китобга муносабати қандай? Китоб ўқимайди, деб бировнинг боласини танқид қилгандан, китоб ўқийди, деб ўзимизнинг боламизни мақтаганимиз афзалроқ бўлса керак, тўғрими?

– Тўғри! Оиламизда ҳамма китобхон, деб мақтансам арзийди. Оилавий кутубхонамиз ҳам бор. Китоб ўқишимга ҳеч ким, ҳеч қачон қаршилик қилмаган. Турмуш ўртоғим Холидахон ҳам ижодкор. Фарзандларимизнинг барчаси олий маълумотли. Нигора шифокор, Улуғбек журналист, Элбек масъул ходим, Сурайё ижодкор – журналистикада қалам тебратади. 

– Алишер ака, суҳбатингиз учун раҳмат айтган ҳолда, сизга кўп сонли “Adolat” газетаси мухлислари ва китобхон мухлисларингиз номидан узоқ умр ва мустаҳкам соғлик тилаймиз.  

– Эсга олиб, йўқлаганингиздан беҳад миннатдорман! Газета – маънавий дастурхон. Унинг атрофидагилар маънавиятдан озиқланадиган кишилар. Бу дастурхонда маънавий бойлик бўлмаса, кўнгил озиқланадиган емиш бўлмаса, кўпчилик ундан четлашади. “Adolat” газетаси ўз номига яраша иш тутмоқда. Адолатдай бир неъматни одамлар газетангиздан топишига ишонаман. Сизнинг ва менинг мухлисларимга омонлик тилайман. Бош омон бўлса, ният, албатта, ижобат бўлади.

Tegishli xabarlar

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin

Махмудова Робахон Анваровнанинг   ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

admin

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

admin