ADOLAT 24

Ўзбекистон – Беларусь: Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик 

Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда дўстлик ва шериклик руҳида жадал ривожланмоқда. 

Мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама асосда мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Халқларимизнинг дўстлиги ва яқинлиги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва мамлакатларимизнинг турли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам асосни вужудга келтирди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга ташрифи ана шу алоқаларнинг янада мустаҳкам ва бардавомлигини таъминлаб келмоқда. Бу ишлаб чиқариш ва илмий-техник кооперацияни, ҳудудлар­аро ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва полиграфия фаолияти, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим ва бош­қа соҳалардаги алмашинувлар ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама кўплаб келишувларда ўз аксини топмоқда.

Эътиборлиси, икки давлат етакчиларининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барча соҳалар қатори тиббиёт йўналишида ҳам изчил ривож­ланиб бормоқда.

Мамлакатимизда ўтказилган Ўзбекистон – Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббиёт таълими кунлари икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Республика, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари мутахассислари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва Жамоат саломатлиги техникумлари раҳбарларидан иборат мамлакатимиз делегациясининг Беларусга жавоб ташрифи эса икки томонлама алоқаларни сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга туртки берди.

Беларусь пойтахти Минск шаҳри мезбонлик қилган мазкур Беларусь – Ўзбекистон соғлиқни сақлаш бўйича нуфузли форум ва унинг доирасидаги тадбирларда икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, етакчи тиббиёт марказлари, тиббиёт олий таълим муассасалари, йирик фармацевтика корхоналари раҳбарлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бош­қармалари вакиллари ўзаро таж­риба алмашиб, манфаатли ҳамкорликлар ўрнатди.

Дарҳақиқат, Минскда бўлиб ўтган ушбу анжуман тиббиёт соҳасидаги икки томонлама алоқалар тарихида мутлақо янги саҳифа очди десак, муболаға бўлмайди. Тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган шўъба йиғилишлари, ўнлаб нуфузли тиббиёт муассасалари ва олий ўқув юртлари фаолияти билан танишув, икки мамлакат соғлиқни сақлаш тузилмалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, соҳа олий ўқув юртлари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича юздан ортиқ меморандум ва янги лойиҳалар юзасидан келишувлар – булар соғлиқни сақлаш соҳасини Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигининг “локомотив”ига айлантиришга хизмат қилувчи натижалар. 

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин. Хўш, Беларусь тиббиёти қанчалик ривожланган, улар билан ҳамкорлик қилиш қанчалар манфаатли? 

Минск шаҳрида жойлашган Н.Алек­сандров номидаги Респуб­лика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази фаолияти билан танишганимизда Беларусь тиббиёти билан ҳамкорлик бежиз эмаслигига гавоҳ бўлдик. 64 йиллик тарихга эга мазкур марказдаги илмий-тиббий-ўқув мажмуада 10 та илмий лаборатория, 20 та стационар ва 11 та диаг­ностика бўлими фаолият юритади. Бугунги кунда муассасада 1700 дан зиёд малакали ходим, шу жумладан, 25 нафардан ортиқ тиббиёт ва биология фанлари доктори ҳамда 12 нафар профессор меҳнат қилмоқда. Бу ерда умумий гипертремия, фотодинамик терапия каби дунёда муқобили бўлмаган ноёб даволаш усуллари қўлланилаётгани, айниқса, аҳамиятлидир. 

Марказда ўрнатилган замонавий диагностика асоб-ускуналари эса ҳатто энг оғир онкологик касаллик­ларга ҳам тез ва аниқ ташхис қўйиш имконини бераётгани ушбу мамлакат тиббиёти тараққиётидан далолат беради.

Минскдаги учрашувда онкология соҳасида мутахассисларни ўқитиш, улар учун ушбу марказда стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, биргаликда онкологик касалликларни даволашнинг янги усулларини жорий қилиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилингани, шубҳасиз, келгусида ўз самарасини беради.

Музокаралар давомида икки мамлакатнинг онкологик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилгани кишини қувонтиради. 

Сафар давомида мамлакатимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари раҳбарлари ҳам Беларусь тиббиёти билан яқиндан танишгани айни муддао бўлди. Тадбирлар доирасида Беларусь вилоятларидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами, тиббий профилактика ва патронаж тизими билан атрофлича танишилди. Имзоланган меморандумлар доирасида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари Беларусь давлати техникумлари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Уларнинг ўқув дастурлари асосида ўқувчиларни ўқитиш такомиллаштирилади. Келажакда ўқувчиларимиз Беларусь давлатида билимларини бойитиш имкониятлари оширилади. 

Умуман олганда, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари мамлакатимиз бирламчи тиббиёти учун малакали мутахассислар етказиб бериш борасида изланиш ва саъй-ҳаракатларини тўхтатмайди. Минск сафари бу борада айни муддао бўлди.  

Хулоса ўрнида айтганда, Беларусь сафаридан кўзланган мақсад миллий тиббиётимиз трансформацияси жараёнида ушбу мамлакатнинг тиббиётдаги ижобий тажрибасини ўрганиш бўлди. 

Собир ТУРСУНОВ, 

Тошкент шаҳар Сергели тумани

Абу Али ибн Сино номидаги 

Жамоат саломатлиги техникуми директори, 

педагогика фанлари доктори

Tegishli xabarlar

Президент бошчилигида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилишда кўриб чиқилган масалалар

admin

Яшил маконлар кўпаймоқда

admin

ИККИНЧИ ХАЛҚАРО ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФЕСТИВАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin