ADOLAT 24

ЎТМИШ ВА БУГУННИ БОҒЛОВЧИ КЎПРИК

Хорун ар-Рашиднинг ислом илм-фани равнақи учун ғоят жонбоз­лик кўрсатганидан хабарингиз бор. Унинг илм эгалари, қалам аҳлларига нақадар эътиборли бўлгани ҳақида манбааларда кўп илиқ фикрлар битилган. Жумладан, ўша даврда бирор-бир мавзуда китоби чиққан муаллифга, ўша китобнинг вазнига тенг оғирликда олтин ҳадя қилинар экан. Бу қалам ҳақи бўлганми ёки подшоҳнинг туҳфаси – бизга номаълум. Бу хабарни эшитиб, эҳтимол, ўша даврнинг қаламкашлари, чоп этилган китобларини тарозига тортиб, вазнини чамалашга тушган бўлсалар ажаб эмас. Аммо гап фақат китобнинг вазнидами? Амир ал-мўминин учун китобнинг қанча тош босиши муҳим бўлганми? Йўқ, албатта… 

Академик Акмал Саидовнинг яқинда чоп этилган “Ҳазрат Занги ота” номли китобини қўлимга олганимда, беихтиёр юқоридаги фикр­лар хаёлимдан кечди. Бу бежизга эмас албатта. Сабаби, китобнинг вазни салмоқлигина экан. Кейин уни варақлашга тушдим. Шу асно яна бир фикр хаёлимдан ўтди. Океаншунослик фанида илмий исботини топган бир ҳақиқат бор: қайси сув ҳавзасининг туби қанчалар чуқур бўлса, сатҳи шунчалар тинч ва сокин бўлар экан. Буюк уммоннинг Тинч океани деб аталиши ҳам шундан – унинг бошқа океанлардан кўра чуқур эканидан.

Аввало айтиш жоиз, китоб мазмунига ҳам салобатига мувофиқ тарзда тартиб берилган. Саҳифалар рангли иллюстрация ва суратлар билан зийнатланган. У ўнта бобдан иборат бўлиб, унда улуғ авлиё Занги ота ҳақида, у зоти бобарокатнинг ҳаёти, фаолияти, маънавияти ва маърифатига оид қимматли маълумотлар берилган. Фанда фундаментал деган ибора ишлатилади. Бу чуқур асос­ли, деган маънони билдиради. Бинобарин, мазкур китобни бобма-боб мутолаа қилиб чиққанимдан сўнг, уни ҳақли равишда фундаментал асар эканлигига амин бўлдим. Шу ўринда, мазкур китоб муқаддам кичик­роқ ҳажмда чоп этилганини, ҳурматли Президентимизнинг таклифи билан у ҳар томонлама бебаҳо маълумотлар билан тўлдирилиб, бадиий безаклар берилиб, қайта нашр этилганини айтиб ўтиш жоиз. Қаранг, китобнинг сўзбошисида муфтийларимиз (собиқ ва амалдаги) ҳамда Президентимизнинг Занги отанинг ислом олами, шонли тарихимиз саҳифаларида тутган ўрни; буюк зотга Амир Темур томонидан кўрсатилган ҳурмат ва бугунги кунларда Занги ота зиёратгоҳини дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган зиёратчилар учун қулай шарт-шароитларга эга, кўкаламзор, обод бир маскан, муҳташам бир қадамжога айлантириш борасида амалга оширилган ишлар, мамлакатимизда наинки зиёрат туризмини ривожлантириш, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбиясида ҳам алоҳида ўрин тутиши ҳақидаги фикр­лари билан танишамиз. 

Шундан сўнг муаллиф китобнинг яратилишига сабаб бўлган омиллар устида муфассал, Занги ота зиёратгоҳининг ўтмиши ва бугунги кунгача бўлган солномаси устида тўхталади. Қадамжонинг турли давр­лардаги кўриниш­лари акс этган фотосуратлар, нафақат биргина шу масканга, умуман, дин ва диний алломаларимиз, меросимизга муносабат қандай бўлганининг моддий манзарасини ҳосил қилади. Масалан, 1956 йили зиёратгоҳнинг дарвозаси устида кетаётган таъмирлаш ишлари акс этган фотосуратга боқиб, муаллифнинг “…собиқ шўролар тузуми даврида зиёратгоҳлар ҳам, зиёратчилар ҳам шафқатсиз таъқибга учраган… 1930 йили Занги ота зиёратгоҳининг масжиди ёпиб қўйилган. 1945 йили масжид расман очилган бўлса-да, 1946 йил яна ёпилган, зиёратгоҳ эса даҳрийлар музейига айлантирилган” деган сатр­ларини тушуниш ва тасаввур қилиш осон кечади. Шу ўринда яна бир гап: мазкур тасвирни суратга туширган суратчи Ф.Гринберг юртимиз тарихидан далолат бергувчи бир ҳолатни мангуга муҳрлаш баробарида, ўзи ҳам унинг таркибий бир қисми бўлаётганини, вақти келиб унинг ҳам номи шундай фундаментал асарда зикр этилишини ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Бу ҳам мазкур китобнинг аҳамиятга молик жиҳатларидан бири. 

Китоб шакли қадимда бизда мавжуд бўлган китобот санъати, унга тартиб бериш маҳоратини яна бир карра ёдга солади. Ҳазрат Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” асарини эсланг. Мутафаккир шоир уни тўртта бобга ажратиб: “Бадоеъ ул-бидоя”, “Наводир ул-ниҳоя”, “Ғаройиб-ус-сиғар” ва “Наводир уш-шабоб” деб номлаган. Китобга бу тарзда тартиб бериш, унинг тадрижийлигини таъминлашга ҳамда ўқувчининг ҳукмига ҳавола этилаётган маълумотларнинг кетма-кетлиги ва фикрнинг узвийлигига хизмат қилади. Ҳар қандай асарнинг ўқиш­ли экани, унинг мазмун-моҳияти билан бир қаторда шакли ва муаллифнинг танлаган ифода услубига ҳам вобаста эканини таъкидламоқчиман. Зотан, биз тарихимиз, маданиятимиз, маърифий маҳзанларимизга қайтиб, уларни қайта тиклаш орқали буюк келажагимизни яратиш йўлига тушган эканмиз, биринчи навбатда, халқимиз орасида китобга иштиёқ, унинг шакл ва мазмун жиҳатини яхшилаш, мутолаа имкониятлари, бир сўз билан айтганда, китобхонлик маданиятини ўстиришимиз керак бўлади. 

Ҳар ёқда сочилиб ётган маржон ва марварид ҳеч қандай қиймат касб этмаслигини барчамиз биламиз. Уни битта-биттадан териб, ишлов бериб, бир ипга тизилганидагина у яхлит бир зебу зийнат воситасига айланади. Муаллифнинг зиёли ва ўткир зеҳнли инсон экани, тўртта хорижий тилни мукаммал билиши ва жуда кўп адабиётлар билан таниш экани китобнинг ҳар бир саҳифасидан анг­лашилиб туради. Масалан, асли исми Ойхўжа ибн Тошхўжа бўлган бу улуғ зотнинг Занги ота номи билан аталиши ҳақида халқ орасида кенг тарқалган бир қараш бор эди. Камина ҳам кези келганда ана шу маълумот билан кифояланганим рост, яъни ҳазрат “…қора танли, лаб­лари дўрдоқ, барваста киши бўлган…”. Шу боис у кишини Занжи ота (кейинчалик фонетик ўзгаришга учраб, Занги ота) деб аташган. Муҳими, муаллиф шу каби биргина фараз билан кифояланиб қолмаган. Зотан, Ойхўжа ибн Тошхўжанинг шажараси Пайғамбаримизга бориб тақалади, қолаверса, ўз даврининг йирик алломаси Аҳмад Яссавий ҳам эндигина чилласи чиққан боланинг отасига: “…ўғлинг занжи туғилибди, ўзининг араб қавмига тортибди” деган сўзларини мисол келтириб, бу мавзуга нуқта қўйиши мумкин эди. Лекин, олим худди мана шу масалани атрофлича ўрганиб, бу борадаги маълумотларни тўплаб, беш хил мулоҳазани ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Унинг ҳар бири Занги отанинг шаънига, илмий салоҳиятига, касбий лаёқатига тўла-тўкис мувофиқ келади. Дейлик занги сўзининг “занжи” (арабча қора танли) – у зотнинг рангу рўйига; “катта, улуғ мағрур” (туркий сифатлар) – келбатли киши бўлганига; занги сўзининг яна бир маъноси нарвон экани – улуғ зотнинг тариқатда тутган даражаларига; эмин ота деб аталиши – халқ орасида қўли эм табиб бўлганлик­ларига батамом мос келади. 

Муаллиф шу сафда Занги отага халқ томонидан берилган яна бир кўнё – Ҳимматий сифати устида ҳам атрофлича фикр юритади. Юқорида айтганимиздек, мавзуни у зотнинг мард, танти ва қўли очиқ инсон бўлгани ҳақидаги маълумотлар билан мухтасар қилиб қўймайди. Балки бу сўзнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини чуқур тадқиқ этади, сўфизм таълимотида қанчалик моҳиятга эга эканини изоҳлайди. Билим бисотимизни, маълумотлар маҳзанимизни борича бойитиш йўлини тутади. Бу эса ҳиммат камарини маҳкам боғлаб, хилватда анчайин хизмат қилинганидан далолат. 

Ҳар ким бошлаган ишини мана шу каби жонбозликлар билан намоён этса, ҳиммат кўрсатса, учинчи Ренесанс сари катта-катта одим отишга муяссар бўламиз. Бу ташаббусни давлатимиз раҳбари ишонч билан илгари сурганлари, у фақатгина хоҳиш ва истакнинг маҳсули эмас, балки шунга яраша етарли асос ва тажрибага эга эканимиздан. Энди эса ана шу иккита Уйғониш даврида яратилган шонли ўтмиш, давлатчилик тарихига эгамиз. Архимед айтгани каби “таянч нуқта”миз бор. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу дунёда борлигимизни намоён қилиб турадиган ҳаётимиз оинаси бўлмиш алломаларга эгамиз: “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак”. Давлатимиз раҳбарининг мана шу сўзлари ҳар биримизда катта меҳнат, улкан масъулият ҳиссини пайдо қилади. 

Ростини айтиш керак, собиқ шўро тузумидан мерос бўлиб қолган боқимандалик кайфиятига гирифтор бўлган ва бу иллатдан ҳали-ҳануз қутила олмаётган кишилар ҳам орамизда йўқ эмас. Президентнинг чақириғини давомли қарсаклар билан қаршилаб, амалда бирорта иш қилмайдиганлар ҳам бор. Ана шу ўринда академик Акмал Саидовнинг Янги Ўзбекистон сиёсатига қанчалик сомеъ эканлиги яна бир карра кўзга ташланади. Ёшларни илм эгаллашдан оғишмасликка, бошланган ишни шараф билан охирига етказиб, машаққатли меҳнатининг кўплар учун фойдали бўлган маҳсули билан қониқиш ҳосил қилишга ундайди. Зотан, енгилнинг остини, оғирнинг устини кўзлайдиган вақтлар ўтди. Навоий ҳазратларининг таъбири билан айт­ганда, риёзат чекмай маърифатга эришиб бўлмайди.

Бу дунёда барҳақ бўлмиш бир ҳақиқат бор: тузишдан кўра бузиш осон. Ҳали оқ-қорани танимаган болангизнинг қўлига бирор қўғирчоқми, ўйинчоқми ёки китобни бериб кўринг. Зум ўтмай қўғирчоқни қисмларга ажратиб ташлайди, китобни ҳам беҳисоб бўлакларга бўлиб ташлайди. Ўтган аср “доҳий”­ларидан бири буни “болаларча сўллик” касали деб номлаганидан ҳам хабарингиз бор. Лекин аста-секин улғайиб, одамнинг эси киради. Нарса ва ҳодисаларга бош­қача назар ташлай бошлайди. Фойда ва зарарни фарқлайдиган, қадриятларни қадрлайдиган шахс сифатларини намоён этади. Бу дунёнинг асоси илмдан эканини, илм эса катта машаққат билан қўлга киритиладиган битмас-туганмас бойлик эканини анг­лайди. Мазкур китоб худди мана шу каби кишилар учун бебаҳо маҳзан бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бежизга биз уни фундаментал асар деб атамадик. Бинобарин, ундан салмоқли ўрин эгаллаган “Занги ота ва Анбар она тарихига оид янги тадқиқотлар” ёки “Занги отанинг шажара ва силсилаларига доир янги маълумотлар” бобларидан шу қадар кўп маълумот олиш мумкинки, бу китобни улуғ зотнинг википедияси даражасида баҳолаш имконини беради.

Ҳақиқат баҳсда, баҳс эса қиёсда намоён бўлиши – аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шу жиҳатдан олиб қараганда, китобнинг яна бир алоҳида жиҳати, у ўтмиш билан бугунги кун ўртасидаги кўприк вазифасини ўташидир. Сана ва воқеалар талқини фотосуратлар тарзида тарихнинг тараққиёт босқичлари тарзида тартиб берилгани диққатимни тортди. Сир эмас, қуёш нурларининг фотосинтези натижасида ҳосил бўлган кино ва телевидение намойиш­лари оқ-қора тасвирдан ранглига кўчиб борган. Бунда ҳам шу жараёнга амал қилинган. Аввалига ўтган асрнинг ўттизинчи, эллигинчи йилларига мансуб фотосуратлар жойлаштирилган бўлса, кейин ёрқин ва рангин иллюстрациялар сизни “кеча”нинг қирғоғидан “бугун”нинг соҳилига олиб ўтади. Диний алломаларимиз, улуғ зотларнинг қадамжоларида қанчалик катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, янгиланиш жараёнининг кўлами қанчалар кенг эканини исботлайди.

Ҳали фото ва кинотасвир воситалари бўлмаган даврда, Амир Темур ҳазратлари, жаҳон аҳлига “Агар бизнинг қуд­ратимизга шубҳа қилсангиз, келиб биз қурган иморатларга боқинг”, деган гапни ирод қилган. Бугун фан ва техника мисли кўрилмаган даражада равнақ топди. Энди юртимизда дин соҳасида ислоҳотлар ўтказилаётгани, ижобий натижалар қўлга киритилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин, бу ишларни атай кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка оладиганлар йўқ дейсизми? Ҳақиқий ҳолат бунда қолиб, уч-тўртта ғаразгўйнинг гапига қараб хулоса қиладиган сиёсий доиралар озми? Шу жиҳатдан олиб қараганда, менинг назаримда, бу китоб ўшандай кишилар учун ҳам яхшигина ўрганиш объекти, тўғри тасав­вур берадиган манба бўлиши шубҳасиз. Шунинг баробарида китобнинг мундарижасига киритилмаган яна бир боб бор: уни таъбир жоиз бўлса “Ҳошия­даги маълумотлар”, деб аташ мумкин. Қуръон оятлари, муқаддас ҳадислар ва таниқли инсонларнинг эътирофларини ўз ичига олган ана шу бобда бир қатор хорижлик мутахассислар ва таниқли инсонларнинг, хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги вакили бўлиб ишлаган – Хелена Фрайзер, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари (собиқ) – Майкл Барри Лейн, француз тарихчи олими – Тьерри Заркон ва бошқаларнинг юртимизда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик соҳасида олиб борилаётган ишлар, динимиз ва алломаларимиз хусусида билдирган фикр-мулоҳазалари ҳеч қандай иштибоҳга ўрин қолдирмайди.

Китобда “Занги отанинг аж­дод-авлодлари шажараси”, “Яссавий тариқати силсиласи”, шунинг­дек, ҳар икки улуғ зотнинг насабномаларининг тадрижий кетма-кетликда берилиши ғоят ибратли иш бўлган. Айтиш жоизки, бу маълумотларни ўқувчига етказиб берилиши ортида, унинг шу кунларга қадар етиб келгани муҳим аҳамият касб этади. Зотан, шажаралар, насабномалар жамики бошқа диний адабиётлар, қўлёзмалар сингари кес­кин таъқиб ва тазйиққа учрагани ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Бундай муҳим ҳужжатларнинг аксари йўқолиб кетгани, оиласининг тинчлиги, фарзанд­ларининг хавфсизлиги учун одамларнинг ўзлари уларни ўтда ёққани ёки овлоқ жойларга олиб бориб кўмгани аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат. 

Шу нуқтаи назардан, китобга илова қилинган силсила ва шажара, шунинг­дек, насабнома сингари ҳужжатларни сақлаб келган авлодларга тасанно десак арзийди. Унинг китобдан жой олиши эса олимнинг изланишлари маҳсули, топилмалар устида қаттиқ ишлаганини тасдиқлайди. 

Москвада бўлган бир анжуман чоғида мухбирларимиздан бири таниқли авар шоири Расул Ҳамзатовдан улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳақида интервью беришини сўраганида, аввало, “таҳорат олиб келсам майлими”, деган экан. Бу мусулмонларга хос одоб, улуғларга бўлган муносабатнинг бир шингили холос. Қайсиким, улуғ инсонларнинг қадамжоларини зиёрат қилишнинг, марқадларига киришнинг ўз қоидалари бор. Масалан, масжидга кираётган киши билан ундан чиқаётган киши остонада юзма-юз келиб қолса, ким кимга йўл беради? Дейлик масжиддан чиқаётган кишининг ёши улуғ бўлса? Чиқаётган киши кираётган одамга йўл бўшатар экан. Бунинг замирида улкан маъно бор, мантиқ билан унинг маъносини чақиш унча мушкул эмас. Худди, шунинг­дек, зиёратгоҳларга қадам қўйиш­нинг, қабр бошида туришнинг, остонадан салом бериб, ўнг оёқда ўтиш – буларнинг бариси одоб-ахлоқ доирасидаги савоб амаллар сирасига киради. Китобда шу ва шунга доир яна кўплаб ҳар бир инсон учун фойдали маълумотлар келтирилган. 

Китобга киритилган иқтибослардан бирида давлатимиз раҳбарининг “Илм ўтда ёнмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойликдир” деган сўзлари келтирилган. Дарҳақиқат, илм­ни уммонга ўхшатган Мирзо Бедилнинг сўзлари билан ҳамоҳанг бу сатр­лар. Хоссатан, асил марварид уммоннинг тубида бўлади, сиртидан фақат кўпик ҳовучлашинг мумкин. Унинг қанча суви борлигини ҳеч ким сарҳисоб қилмаган бўлса керак. Қора денгизда сайр қилиб юрган кезлари адибларимиздан бири академик шоир Ғафур Ғуломга: “Устоз, шу денгизнинг суви неча челак чиқсайкин?” деб савол берибди. Шоир унга жавобан “бир челак” деб жавоб қилган экан бамайлихотир. Суҳбатдоши таажжубланиб, қанақасига бир челак, дея яна қайта сўраганида: “Денгиздек челагинг бўлса, бир челак бўлади”, деб жавоб қайтарган экан шоир.

Ўша чоғ шоиримиз Ҳазрати Мирзо Бедилнинг илм уммонга ўхшаши ҳақидаги гапини ёдга олган бўлса ажаб эмас. Челак деганда у инсоннинг имконияти, илмга бўлган иштиёқи, эҳтиёжини назарда тутган. Зотан, уммоннинг улуғлиги ҳавзасининг кенглиги билангина эмас, сув сатҳининг чуқурлиги билан ҳам баҳоланади. Сувсиз ўзаннинг ҳеч қандай қийматга эга эмаслиги Оролдан қиёс. Бинобарин, аввалбошда айтганимиз каби, Амир ул-мўминин Хорун ар-Рашид янгидан нашр этилган китобнинг вазнинигина қадрламаган, балки унинг замирида қандай маънолар, маълумотлар жой олганига эътибор қаратган. Шу жиҳатдан мазкур китобнинг саҳифалари қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, китобга кирган айрим сўзлар ва ибораларнинг изоҳли луғати, зиёрат одоби, ҳазратнинг ижодидан берилган намуналар – қўйингки, бундан бошқа яна кўпгина ижобий жиҳатлари билан йирик бир қомусий асар дунёга келганинидан дарак беради.

Шу ўринда Президентимизниг мазкур китобдан жой олган қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – билимсизликдир”. Бу китоб ўқишга, ундан маънолар уқишга яна бир даъват. Мазкур китобнинг саҳифаларида илмга ундовчи чақириқлар бисёр. 

Ростини айтганда, академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” номли китоби олдимда тураркан, ўзимни улкан уммон қаршисида тургандек ҳис этдим. Унда шонли ўтмишимиз билан боғлиқ барча асотирлар мавж уриб тургандек. Ҳақиқатан, илм­га чанқоқ бўлсангиз, истаганингизча олиб ичишингиз, эҳтиёжингизни қондиришингиз мумкин. Бу – фақат эҳтиёжингизнинг миқдорига боғлиқ.

Худоёр Маматов,

юридик фанлар доктори, профессор

Tegishli xabarlar

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Тошкент шаҳри)

admin

Конституциявий ислоҳотлар — адолатли жамиятни барпо этиш ва инсон қадрини юксалтириш сари

admin

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон респубикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари)

admin