ADOLAT 24

Халқаро ҳуқуқ миллий ҳуқуқдан устунми? 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий ҳаётида чинакам улкан тарихий воқеа бўлди. Юртимизда янги конституциявий-ҳуқуқий давр бошланди. Тарихий обидаларни қайта тиклаш ёки таъмирлаш ишлари дастлаб уларнинг пойдеворидан бошлангани каби, Янги Ўзбекистоннинг конституциявий пойдевори ривожланишимиз шиддатлари ва кўламига мос равишда янгиланди. 

Конституция асосида “янгиланган пойдевор”ни ифодалайдиган шундай қоидалар борки, уларни теранлик билан англаш ва ҳаётга изчил тадбиқ этиш кўзланган мақсадга эришишнинг бирдан-бир тўғри йўлидир. Айниқса, ташқи дунё босими ва хавфларига қарши янгиланган конституциявий тўсиқ ва ҳимоянинг мазмун-моҳиятини очиб бериш бугун жуда долзарб. Демак, гап ташқи дунёга хос халқаро ҳуқуқ, аниқроғи, унинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг миллий ҳуқуққа нисбати тўғрисида… 

Эътиборимизни тортган нарса Конс­титуция янги таҳрирда қабул қилиниши билан халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқнинг бир-бирига нисбатида юз берган тарихий янгиликдир. Тарихийлик шундан иборатки, бу янгилик мустақиллигимиз асосларига, миллий ҳуқуқий тизимнинг тўлақонли ривожланишига, шунинг­дек, халқаро тажрибага зид равишда узоқ вақт ҳукм сурган халқаро ҳуқуқни миллий ҳуқуқдан устувор, деган қарашларни эндиликда бутунлай ўзгартирди.

Бинобарин, миллий ҳуқуққа нисбатан халқаро ҳуқуқ устувор деган фикрларни кўплаб илмий манбалар, шунинг­дек, вақтли матбуотда учратиш мумкин. Бундай фикрларга илгариги Конституция Муқаддимасида акс эттирилган “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда” сўзлари асос бўлган. 

Шунга кўра, айрим тадқиқотчи ва мутахассислар халқаро ҳуқуқни миллий ҳуқуқдан устувор, деб тушунган бўлса, баъзилари устуворлик Ўзбекистон Респуб­ликасининг халқаро шартномаларига ҳам тегишли, деб ҳисоблашган. Конституция янги таҳрирда қабул қилиниши билан халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқ нисбатида туб бурилиш содир бўлди. Халқаро ҳуқуқ ёки унинг умум­эъ­тироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқдан устувор, деган фикр­лар энди конституциявий ҳақиқатга зиддир. Қуйида юқоридаги фикрларимизни асос­лаб беришга ҳаракат қиламиз. 

Биринчидан, янги таҳрирдаги Конс­титуциянинг Муқаддимасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари устунлиги инкор этилиб, унинг ўрнига “халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принцип ва нормаларига асос­ланган ҳолда” сўзлари ишлатилган. 

“Устунлик” билан “асосланган”лик орасида катта фарқ борлиги шубҳасиз. Зеро, халқаро ҳуқуқ устунлигини тан олиш давлатнинг унга нисбатан маълум мажбурияти мавжуд, деб тушунилиши мумкин. Демакки, бундай устуворлик давлатнинг халқаро муҳитда мавжуд бўлган барча халқаро ҳужжатларни тан олиш (қўшилиш) ёки тан олмаса ҳам уларни бажариш мажбурияти борлигини англатади. Аслида эса давлат халқаро ҳужжатларни тан олиши ёки ўз қонунчилигини уларга мослаштириши ихтиёрий бўлиши керак. Ихтиёрийлик давлат мустақиллигининг устувор белгисидир. Устувор дейиш халқаро ҳужжатларни бирламчи, миллий ҳуқуқий тизимни эса иккиламчи, яъни бўйсунувчи, деб хулоса қилишга асос бўлиши мумкин. Халқаро ҳуқуқнинг устуворлигига тааллуқли мажбурият кези келганда босимга айланишини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Янгиланган Конституцияга кўра халқ­аро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари “асосланган”лик энди “устуворлик”дек мажбуриятни бажаришни эмас, балки халқаро ҳуқуқнинг умум­эъ­ти­роф этилган принцип ва нормаларига нисбатан ҳурмат-эъти­бор руҳида иш кўришни англатади. Уларни тат­биқ этиш керак, лекин мажбуран эмас. Уларни бажариш ҳар бир давлатнинг мустақиллик мақомига мос бўлиши лозим. Бунда асос­ланиш бутун халқаро ҳуқуққа эмас, балки фақатгина умумэътироф этилган принцип ва нормаларига нисбатан қўлланилади, дейиш тўғри бўлади. Аниқроғи, уларни Ўзбекистон расман тан олган бўлиши керак. Уларга асосланиш қонунларни қўлловчиларга берилган қўшимча имкониятдир. Бу янги таҳрирдаги Конституция туфайли Ўзбекистон ҳуқуқий ҳаётида амалга оширилган ислоҳот мевасидир. 

Халқаро ҳуқуқ ёки унинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан миллий ҳуқуқ нисбати тўғрисида гапирилганда яна бир нарсани эътибордан қочирмаслик лозим. Гап Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо­лигидан келиб чиқадиган мажбуриятлари тўғрисида. Ўзбекистон БМТнинг аъзо­си сифатида унинг Устави ва унинг органлари (Бош ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши) қабул қилган мажбурий ҳужжатларни доимо катта масъулият билан бажариб келмоқда. Бу борада Ўзбекис­тон халқаро ҳамжамият олдида катта обрўга эга. Бироқ, бу ҳолатни халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги намоён бўлиши, деб тушуниш юридик нуқтаи назардан тўғри бўлмайди. Зотан, устуворлик деганда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига нисбатан назарда тутилади. БМТ ва унинг тузилмалари ҳужжатлари ҳам қайсидир маънода халқаро ҳуқуқ доирасига кирса ҳам улар халқаро ҳуқуқнинг ўзагини ташкил этадиган халқаро шартнома(конвенция)лар билан тенглаштирилмайди. БМТга аъзолик шартномавий мажбуриятни юзага келтирмайди, яъни БМТ ташаббуси ёки унинг раҳномалигида тузилган халқаро шартномага давлатнинг қўшилиши ёки қўшилмаслиги ихтиёрийдир. 

Иккинчидан, халқаро ҳуқуқ ёки унинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларининг миллий ҳуқуқдан устувор эмас, деб ҳисоблашнинг яна бир асоси Конституциянинг 15-моддасидан келиб чиқади. Унда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари Ўзбекис­тон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмига кириши белгиланган. Бу уларнинг устуворликдан миллийликка юз тутганлигининг исботи. Ўзбекис­тоннинг бундай принцип ва нормаларга нисбатан муносабати тубдан ўзгарганлигини уларнинг янги таҳрирдаги Конституция Муқаддимасида, 15-, 17- ва 19-моддаларида акс эттирилганлигидан ҳам билса бўлади. 

Кези келганда таъкидлаш керакки, аксарият хорижий давлатлар конституция­ларида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқнинг таркибий қисми, деб белгиланган. Демак, уларда ҳам халқаро ҳуқуқ устуворлиги тан олинмайди. Ўзбекис­тон ҳам шу йўлни танлади. Эндиликда устунлик деганда фақат Конституциянинг 15-моддаси биринчи қисмига киритилган “Ўзбекистон Республикасида Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади”, деган қоида тушунилиши лозим. 

Илмий манбаларда ёзилишича халқ­аро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларининг аниқ таърифи (рўйхати) мавжуд эмас. Уларнинг юридик кучи бўйича ҳуқуқшунос олимлар ичида ҳам якдил фикр йўқ. Улар кўпроқ мавҳум тавсифга эга. Агар давлат расман тан олсагина, улар реал юридик кучга эга бўлади. Уларга давлат томонидан асосланиш белгиланиши мумкин. Лекин мавҳум нарсаларни амалда устувор, деб қабул қилиш юридик моҳиятга тўғри келмайди. Бошқа томондан бундай принцип ва нормалар халқаро ҳуқуқнинг бир қисми ҳисобланади. Улар халқаро одат ҳуқуқига айланиб, давлатларнинг ҳуқуқий тизимига сингиб кетади. Бинобарин, Конституциянинг 17-моддасида бундай принцип­ларнинг 7 тасига асосланиш белгиланган. 

Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принцип ва нормалари “устуворлиги” инкор этилиб, “асос­ланганлик”ка ўтилишининг сиёсий ва амалий аҳамияти жуда катта бўлиб, у ҳозирги замонда инсониятнинг умумбашарий муаммоларига бориб тақалади. Маълумки, умумбашарий ривожланишда глобализм, гегемонизм, неолиберализм ва шунга ўхшаш бошқа жараёнлар авжига чиқмоқда. Бундай жараёнларнинг асл мақсади ривожланаётган давлатларни халқаро гегемон кучлар “домига” тортиш эканлигини англаб етиш қийин эмас. Шундай шароит­ларда бундай принцип ва нормаларни устун, деб ҳисоблаш мазкур жараёнлар халқаро ҳуқуқнинг устуворлигини белгилаган мамлакатларга таъсирини рағбатлантириши мумкин. Шундай экан, халқаро ҳуқуқнинг устуворлигини исботлашга уринишларни ушбу ҳолатларни рўкач қилиб, бемаъниликка йўйиш лозим. 

Таъкидлаш керакки, халқаро ҳуқуқ устуворлигини тан олиш давлат мус­тақиллиги негизида шаклланадиган давлатлараро тенглик тамойилига бутунлай зид ҳисобланади. Устуворлик давлатнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига нисбатан тобелигига, халқаро босимга дуч келишига, демакки, тенгсиз, деб қаралишига асос бўлиши мумкин. Таниқли сиёсатшунос олим Н.Жўраев ёзганидек, “тенг­лик сўзининг қудрати шундаки, у одамларнинг ўзаро муносабатидан тортиб, давлатлараро муносабатларгача ҳамма нарсани меъёр-мезонга солади. … давлат эса жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли субъектига айлангач, ўз моҳиятига, мустақиллик мақомига эга бўлади”. 

Халқаро ҳуқуқ қоидаларини устувор эмас, деб ҳисоблаш Ўзбекистонга халқаро шартномалар шартларини мажбурлаб киритиш имкониятининг олдини олади. Халқаро ҳуқуқ талабларини мажбуран тат­биқ этиш ёки уриниш ҳолатлари ҳаётда учраб туради. Мисол тариқасида шуни айтиш мумкинки, 2022 йилнинг январида Европа Иттифоқи давлатлари энергетика вазирларининг иқлимга оид халқаро шартномаларни бажаришга бағишланган учрашувида Европада кўмир конларини ёпиш талабларини бошқа ва, айниқса, ривожланаётган давлатларга нисбатан ҳам татбиқ этиш, борди-ю бу давлатлар талабни бажармасалар, уларга солиқ солиш кераклигини муҳокама қилганлар. Ривожланаётган давлатларга, масалан, Ўзбекистонга бундай талабни қўйиш тўғри келмайди. Чунки у ривожланишни бўғади. Ўзбекис­тон ҳам ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олсагина, бундай талаблар ифодаланган шартномаларга қўшилишини ўйлаб кўриш мумкин.

Таъбир жоиз бўлса, айтиш керакки, мус­тақиллик йилларининг дастлабки давр­ларида “ҳуқуқ – бу мустақиллик”, деб эълон қилдик. Бу айни ҳақиқат эди. Бироқ биз юристлар бу ҳақиқатга зид ҳолда, тушуниб ёки тушунмай, халқаро ҳуқуқ устувор деганимиз ҳам рост. 

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини устувор деб ҳисоблаш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини уларнинг талабларига мос ҳолда қабул қилиши ёхуд давлат органлари (мансабдор шахслар) қарорлар қабул қилишда уларга таяниш мажбуриятига эга деган нотўғри хулосаларга олиб келиши мумкин. Бунда хато шундан иборатки, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро принцип ва нормаларга эмас, Конституцияга асос­ланиб ишлаб чиқилади ва қабул қилинади (Конституция, 16-м.), давлат органлари (мансабдор шахслари) қарорлар қабул қилишда халқаро ҳужжатларнинг талаб­ларига эмас, Конституция ва қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашлари айни ҳақиқат. 

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисми, деб ҳисоб­ланганлиги учун уларни эндиликда тўғридан-тўғри (бевосита) қўлланилишининг эҳтимоли кўпайди. Бундай эҳтимол уларни мавҳумликдан реалликка айлантириши мумкин. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида умум­эътироф этилган нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши аниқ белгиланди. Чунончи, Конституциянинг 19-моддасида “Ўзбекис­тон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эъти­роф этилади ва кафолатланади”, деб белгиланган. Шунга кўра айтиш мумкинки, Ўзбекистонда инсон энди халқаро ҳуқуқнинг ҳам субъектига айланди. Бунинг маъноси шуки, эндиликда фуқаро фақатгина Конституция ва қонунларда акс эттирилган ҳуқуқ ва эркинлик­ларга эмас, балки халқаро ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларга ҳам эга бўлади, уларнинг халқаро органлар томонидан ҳимоя қилиниши реал воқеликка айланади.

Инсон халқаро ҳуқуқ субъектига айланганлигининг яна бир исботи Конституция­нинг 55-моддасида белгиланган. Унда “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”, деб белгиланган. Мурожаатни кўриб чиққан халқаро органнинг қарорини Ўзбекистон давлат органлари бажариши шарт ҳисобланади. Бироқ бу ҳолатни ҳам халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги, деб тушунмаслик керак. Чунки Ўзбекистон давлати халқаро органнинг қарорини миллий ҳуқуқдан устун деб эмас, балки 19-моддада кўзда тутилган халқаро кафолатни рўёбга чиқариш сифатида бажаради. 

Халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқнинг ўзаро нисбати масаласи кўтарилганда Конституциянинг 15-моддасида ифодаланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари” тушунчасини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Юқорида айтилганидек, айримлар уларни ҳам миллий ҳуқуқдан устувор, деб ҳисоблашишади. Янги таҳрирдаги Конс­титуция туфайли бундай шартномаларнинг роли ва аҳамиятида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Улар Конституциянинг 15-, 24-, 55-, 133-моддаларида акс эттирилганлиги шундан далолат беради.  

Ўзбекистон Республикаси томонидан тузилган ёки у қўшилган халқаро шартнома Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси дейилади. Бу каби шартномалар ҳам эндиликда конс­титуциявий мақомга эга бўлиб, ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисми, деб белгиланди. Шу сабабга кўра, уларни ҳам миллий ҳуқуқдан устувор деб бўлмайди. Миллий ҳуқуқда Конституция устувор бўлганлиги учун шундай. Бироқ улар битта шартда қонунга нисбатан устун бўлиши мумкин. Зотан, Конституциянинг 15-моддасига кўра “Агар Ўзбекистон Рес­публикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Рес­публикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Рес­публикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади”, деб белгиланган. Демак, фақат мана шу шартда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари қонундан устун, деб тушунилиши мумкин. Лекин уларни ҳеч қандай шартларда Конс­титуциядан устун, деб бўлмайди. Уларнинг “жойлашиш ўрни” Конституция билан қонунларнинг ўртасида бўлиши лозим. Кўпгина хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳам айнан шундай. 

Ўзбекистон Республикасининг халқ­аро шартномалари мавқеи нуқтаи назаридан қонундан устун бўлса ҳам қўлланиш имконияти юқорида айтиб ўтилган “шарт” билан чекланган. Яъни, қонунни қўллаш натижа бермаса, ундан юқори юридик кучга эга бўлган халқаро шартнома қўлланилади. Демак, қонун билан Ўзбекис­тон Рес­публикасининг халқаро шартномаларини тенглаштириб бўлмайди. Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бир тури, шартнома эса қонун ҳужжатлари эмас, балки ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисмидир. Лекин матбуотда бундай шартномалар фуқаролар ҳуқуқларини миллий қонунчилик билан теппа-тенг тарзда ҳимоя қилинишини таъминлайди, деган хато фикр­лар учраб туради. Ҳуқуқ ва эркинлик­ларни ҳимоя қилиш қонунлар ва Конституциянинг устувор функцияси. Давлатнинг устувор ички сиёсати. Уни ташқи ҳимоя билан алмаштириш мумкин эмас. 

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, биринчи навбатда, Конс­титуцияга мувофиқ тузилади. Чунки Конс­титуция устувор ҳисобланади. Бироқ бу масала “Ўзбекис­тон Республикаси халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасида бошқачароқ ҳал этилган. Ундан бундай шартномалар, биринчи навбатда халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принцип ва нормаларига мувофиқ тузилади, деган маъно чиқади. Янгиланган Конституцияга биноан бу қоида ўзгартирилиши керак. 

Таъкидлаш керакки, айрим ҳолларда халқаро сиёсатга тааллуқли фикрлар гапирилганда, “халқаро стандартлар” тушунчаси миллий ҳуқуқнинг уларга мослиги ёки зидлиги нуқтаи назаридан ёдга олинади. Бунда халқаро стандартлар икки маънода: кенг маънода ва тор маънода талқин қилинади. Кенг маънода – халқаро стандартлар дейилганда халқаро ҳуқуққа тааллуқли ҳамма ҳужжатлар (принциплар, нормалар, шартномалар ва ҳ.к.) тушунилади. Тор маънода эса стандартлаштириш қонун ҳужжатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар тушунилади. “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра Ўзбекис­тон Республикасида халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари қўлланилиши мумкин.

Матбуотда учрайдиган халқаро ҳуқуқ билан миллий ҳуқуқ ўртасидаги нисбатни нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлаётган фикрлардан яна бири – миллий қонунчилик “халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштирилади”, деб ҳисоблашдир.

Тўғри, бундай “мувофиқлаштириш” бўйича норма ижодкорлиги амалиёти мавжуд. У Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларидан келиб чиқиши мумкин. Яъни, уларда миллий қонунчиликни янгилаш ёки такомиллаштириш мажбурияти битилган бўлиши мумкин. Таъкидлаш керакки, қонун чиқарувчи органнинг амалдаги қонунларга Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбуриятларидан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш ёки янгиларини қабул қилиш амалиёти кенг тарқалган.

Бу ҳолатни ҳам миллий қонунларни халқаро ҳужжатларнинг устуворлиги нуқтаи назардан мослаштириш деб эмас, балки Ўзбекистоннинг ўз мажбуриятини бажариш борасида қонунларни такомиллаштириш ёки халқаро шартномалар қоидаларини миллий ҳуқуққа имплементация қилиш (сингдириш), деб тушуниш керак. 

Таъкидлаш керакки, ҳозирги пайт­­да айрим давлатлар халқаро ҳуқуқнинг эмас, балки, аксинча, миллий (ички) ҳуқуқнинг устунлигини қарор топтириш борасида катта уринишлар қилмоқда. Масалан, Россия Федерацияси Президенти 2020 йилда парламентга қилган мурожаатида ички ҳуқуқ устуворлигини мус­таҳкамлаш асосий вазифа эканлигини таъкидлаган. Бунга Европа Иттифоқининг босими кучайиб кетаётганлигини асос қилиб кўрсатган. 

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Конституцияга киритилган янгиликлар шунчаки ҳаётий эҳтиёжларни қондириш мақсадида танлаб олинган эмас. Улар обдон ўйланиб, мамлакатимизнинг ички ривожланиш қонуниятларига асосланиб ва халқаро муҳитда юз бераётган воқелик­ларга жавобан Конституцияга киритилган. Зеро, ушбу янгиланишларга кўра Янги Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тенглик мақоми асосида мустақил ҳуқуқий тизимга эгалигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бундай шароитда халқаро ҳуқуқни миллий ҳуқуқдан устувор дейиш мумкин эмаслиги ҳам оддий ҳақиқатдир.  

Йўлдош ЖЎРАЕВ,

юридик фанлар доктори 

Tegishli xabarlar

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШДА ВА ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Ҳар бир таклиф эътиборга олинади

admin

ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШМОҚ КЕРАК

admin