ADOLAT 24

Европа демократияси НИМА? 

“Nova24.uz” Интернет нашрида Европарламент депутати Германия вакили Виола фон Крамоннинг Страсбургда бўлиб ўтган йиғиндаги нутқидан иқтибос келтирилган. Унда депутат томонидан Ўзбекис­тоннинг Хитой Халқ Республикаси ҳамда Россия Федерацияси билан сўнгги йиллардаги муносабати, ҳамкорлиги қораланиб, юртимизнинг Европада ўрнатилган демократик қоида, принципларга ўтишининг зарурлиги таъкидланган, яъни европаликларнинг турмуш тарзи ўзбекларга тавсия этилган. Депутат Виола фон Крамон хонимга, ўзбекларга кўрсатилаётган “ғамхўрлик” учун миннатдорлик билдириб, ўқувчиларимизга аслида “европаликларнинг демократик принциплари” нима, унинг асл мақсади ҳақида озгина маълумот беришни лозим топдик.

Тегишли манбалардан бизга маълумки, демократия – фуқаролар эркинлиги ва тенглиги қонунларда мус­таҳкамланган, халқ ҳокимиятчилигининг восита ва шакллари амалда ўрнатилган ва юзага чиқарилган сиёсий тузум. Демократия давлат билан инсон муносабатларини белгилайди. Демократиянинг асосий талаблари: ҳокимиятнинг кўпчилик асосида ташкил этилиши, фуқаролар тенг ҳуқуқлиги, улар ҳуқуқ ва эркинлик­лари ҳимояланганлиги, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги, ҳокимиятнинг бўлиниши, давлат бош­лиғи ва ваколатли органларнинг сайлаб қўйилишидир. 

Аслида европаликларнинг демократик принциплари ҳам мана шу қоидаларга асосланган. Аммо охирги йилларда, кўпчилик орзу қилган Европа демократияси аста-секин чуқур инқирозга юз тутиб бормоқда. Бизнинг бу фикримизни америкалик сиёсатшунос олим Патрик Бьюкенен ўзининг “Ғарбнинг ҳалокати” китобида очиқдан-очиқ тасдиқламоқда. Китобдан иқтибос келтирамиз:

“Ғарб ҳалокат сари бормоқда. Ғарб халқлари ўзларидан кўпаймай қўйди, ғарбий мамлакатлар аҳолиси шиддат билан қисқармоқда. Ўн тўртинчи асрда Европанинг учдан бирини қириб юборган Қора ажалдан кейин биз бундан жиддийроқ хавфга дучор бўлмаган эдик. Ҳозирги танг­лик ғарб цивилизациясига таҳдид солмоқда. Бугунги кунда Европанинг ўн етти мамлакатида ўлиш туғилишга қараганда анча юқори, уларда бешикларга қараганда тобутлар кўпроқ керак бўлмоқда. Католик­лар, протестантлар, православлар – бари ғарб цивилизациясининг улкан дафн маросимида иштирок этмоқда”.

Устига-устак, европалик янги мафкура яратувчилар барча эски ақида ва азалий қадриятларни оёқ­ости қилмоқдалар ва бундай хатти-ҳаракат ғарбий цивилизациянинг ҳалокатини янада яқинлаштирмоқда. 

Умуман, Ғарб цивилизациясида, ва хусусан, Европа Иттифоқида бугунги кунда юз бераётган негатив, салбий жараёнлар (Европа Иттифоқи тарафдорлари билан европоспектизм, яъни бу иттифоққа қарши кучлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши, Европа Иттифоқидаги бюрократик иллатларнинг ортиб бориши, Иттифоққа аъзо мамлакатлар миллий манфаатларининг паймол қилиниши, Иттифоқнинг мигрантларга бўлган муносабати ва бу муносабатнинг кескин танқидга учраши, Европа Иттифоқи фундаментал асос­ларининг емирилиши, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши ва бошқалар) кучайиб бормоқда ва энг даҳшатлиси, Европа демократияси ўзининг қоида, принцип­ларига асосланиб ҳамда “инсон эркинлиги”, “инсон ҳуқуқлари”, “гендер тенглик” байроқлари остида, кўпчилик танқид қиладиган тоталитар тизимни “тушига” ҳам кирмаган ғайриинсоний, ғайри диний турмуш тарзини, янгича “ахлоқ”, “одоб”ни зўравонлик билан жорий қилишга бор кучини сарфламоқда.

Ижтимоий тармоқларда “янги Европа қадриятлари”га қарши чиққан журналист, блогерлар таъқиб қилинмоқда, инсонларни “рангига” қараб ажратиш, хўрлаш авжига чиқмоқда, бир жинсли никоҳ оддий ҳол бўлиб бормоқда, мактабгача таълим муассасаларида гомосексуалист ва трансгендерлар ҳақида гапирилиб, болаларнинг мияси заҳарланмоқда. Европалик­ларнинг ҳаётига бағишланган видеолавҳаларда қуйидаги ҳолатларни кўриш мумкин:

ҳар иккита ёшдан биттасининг танаси татуировкаларга тўлиб бўлган; ҳар учта боладан иккитасининг қулоғида зирак; ҳар тўртта боладан иккитаси наркоман; ҳар олтита эркакдан биттаси ўз жинсини ўзгартирган (аёлларда ҳам шундай нисбат); ҳар ўнта боладан биттаси болалигидаёқ ўз жинсини ўзгартирган ёки ўзгартириш ниятида; жамоат жойларидаги ҳожатхоналарда “эркаклар”, “аёллар” хоналари бир хонага айлантирилган; минг-минг нопок­лар иштирок этадиган “гей”лар, “трансгейдер”лар намойиши тинимсиз ўтказиб келинмоқда (жорий йилнинг ёз ойида Исроил давлатининг пойтахти Тель-Авив­даги шундай намойишда икки юз минг киши иштирок этди); агар ота “гей”, “трансгейдер” ёки қора танли бўлмаса, ундай инсон бола тарбия қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда. Мана, сизга Европа демократиясининг моҳияти!

Ғарб демократияси ғояларининг бундай тубанликка кетиши, инқирозга юз тутиши нафақат жаҳон ҳамжамиятининг илғор, ҳалол ва пок, юқори ахлоқий меъёрларни тарғиб қилувчи, маънавиятли инсонлари томонидан, балки Европа давлатларида яшовчиларнинг ҳам эътирозига, танқидига учрамоқда.

Хусусан, Британиянинг Open Democracy сайти томонидан Буюк Британия аҳолиси орасида ўтказилган сўровномада, респондентларнинг тенг ярми Европанинг бундай демократиясидан авторитар модел асосида, кучли, иродали шахс томонидан бошқариладиган тизимнинг афзаллигини таъкидлаганлар. 

Дунёдаги ҳар бир халқнинг ўзига хос одоб-ахлоқ намуналари, маънавий қадриятлари борлигини яхши биламиз. Ҳеч бир миллат ёки элатни камситмаган ҳолда айтиш жоизки, ўзбек халқининг юксак маънавияти, гўзал одоб-ахлоқи жами башариятга андоза бўлишга лойиқдир. Ўзбек заминида ўсиб-унган, жаҳон илму фани, адабиёти ва маданиятига бетакрор ҳисса қўшган тафаккур даҳоларининг ахлоққа оид асарлари ўз қадр-қимматини ҳеч қачон йўқотмайдиган бебаҳо хазина, келажак авлодлар учун дастуриламал, маънавий йўлчи юлдуздир. Наҳотки, Европарламент депутати Германия вакили Виола фон Крамон бизларни, у тавсия этган европача демократия қоидаларини қабул қилади, деб ўйласа хато қилади. Асло бундай бўлмайди.

Ўзбекистон Президенти кўп минтақаларда инсоний қадриятлар емирилаётганини, айрим ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик кайфиятлари кучайиб бораётганига тўхталиб, дунёни эзгулик, меҳр-шафқат, инсонийлик қутқаришини ҳамда мамлакатимизда маънавий тарбия тизимининг янги стратегиясини яратиб, халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтаришимиз кераклигини ҳамиша таъкидлаб келади.

Биз ғурури, орияти, маънавияти баланд халқмиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, катта бойлик. Аждодларимиз асрлар мобайнида асраб-авайлаб келган бу бойликни йўқотмаймиз.

Абдуғаффор Ортиқов, 

иқтисод фанлари номзоди, доцент

Tegishli xabarlar

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришлар бўлмоқда

admin

КОНСТИТУЦИЯНИНГ ЯГОНА МАНБАИ ВА МУАЛЛИФИ  ХАЛҚДИР

admin

Фаолият сарҳисоб қилинди 

admin