ADOLAT 24

Тарихни ҳақиқат билан нурлантирган муаррих

IX-XII асрлар Шарқ илм-фани, маънавияти, маданияти учун “олтин давр” деб аталади. Бу даврни илм-фан аҳли “Биринчи Шарқ ренессанси” деган ном билан ҳам юритишади. Тўрт асрдан ошиқ, қарийб беш асрга яқин вақт ичида илм-фаннинг барча соҳалари ниҳоятда юксалган.

Кўплаб улуғ алломалар етишиб чиққанлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Қорахонийлар мамлакатларида илмий ва адабий марказлар, байтул ҳикмалар, мажлиси уламолар, нафис анжуманлар фаолият юритган. Ана шу даврда бошқа фанлар қатори тарих илми ҳам тараққий этган. Буюк алломалар Абу Жаъфар Муҳаммад Таборий “Тарихи Таборий”, Абу Фазл Байҳақий “Тарихи Байҳақ”, Абу Райҳон Беруний “Хоразмнинг машҳур кишилари”, Абу Бакр Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи”, Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий “Самарқанд тарихига оид қанддай китоб”, Муҳаммад Али Самарқандий “Синдбоднома”, Абу Саъд Абдулкарим Самъоний “Насабнома”, Абу Мансур Саолибий “Ажойиб маълумотлар”, Ибн ал-Асир “Мукаммал тарих”, Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”, Минҳожиддин Жузжоний “Табоқати Носирий” ва бошқа кўплаб муаррихлар тарих ҳақиқатларини ёритиб берган етук асарларини ана шу даврда яратганлар. Ўша даврда фаолият юритган ва Шарқ тарихини тадқиқ қилган атоқли муаррихлардан яна бири Оловуддин Отамалик Жувайний ҳисобланади.

Оловуддин Отамалик ибн Баҳовуддин Муҳаммад Жувайний 1226 йилда Хуросоннинг Жувайн қасабасида Озодвор қишлоғида таваллуд топади. Ўша даврда мўғуллар босқини туфайли Маворауннаҳр, Хоразм, Хуросонда мактаблар, мадрасалар, хонақолар ёпилганлиги сабабли у таълимни оиласида олади. Унинг оиласидагилар ўз даврининг етук, фозил инсонлари бўлишган. Илм-фан соҳасидаги юксак иқтидор аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келган. Шунинг учун бу оила аъзоларининг аксарияти ўз даврининг ҳукмдорлари саройларида фаолият юритиб келишган. Оловуддин Отамаликнинг катта бобоси Баҳовуддин Муҳаммад ибн Али етук шоир бўлган. У Хоразмшоҳ Султон Такиш саройига яқин инсон ҳисобланган. Унинг қариндоши Мунтажибиддин Бадиул-котиб ал-Жувайний Салжуқий ҳукмдор Султон Санжар девонида бош котиб вазифасида фаолият юритган. Отамаликнинг кейинги бобоси Шамсиддин ибн Муҳаммад ибн Али аввал Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ девонида, кейинчалик Султон Жалолиддин Мангуберди саройида молия ишларини бошқарган. Муаррихнинг отаси Баҳовуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Чингизхон ҳукмронлиги даврида Хуросон, Мозандарон, Озарбайжон, Гуржистон, Онадўли, Ироқ, Язд ўлкаларини бошқарган мўғул ҳукмдорлари қўл остида муншийлик (котиблик) қилган ва баъзи шаҳарларда ноиблик вазифасини бажарган. У айни пайтда халқ орасида арабча, форсча шеърлар битган атоқли шоир сифатида ҳам танилган.

Отамаликнинг акаси Шамсиддин Муҳаммад Жувайний мўғул ҳукмдорлари Арғун, Хулогу ва унинг икки ўғли — Абока, Такудорнинг Хуросон, Ҳиндистон, Грузия, Ироқ ҳудудларида салтанатни бошқарган даврида бош вазир вазифасида фаолият юритган. Шамсиддиннинг катта ўғли Шарофиддин Хорун ҳам мўғуллар қўл остидаги ўлкаларда ноиблик қилган. Жувайнийлар сулоласи етук олимлар бўлганлиги учун уларнинг саройлари алломалар тўпланадиган жойларга айланган. Шунинг учун ҳам ўша даврдаги барча тарихчилар асарларида Жувайнийлар аждодлари ва авлодларини “алломалар ва соҳибдевонлар” оиласи деб тилга олганлар.

Оловуддин Отамалик Жувайний ҳам сулола фаолиятини давом эттиради. У 1243 йилда мўғул ҳукмдори Амир Арғун хизматига киради. Унинг девонида дастлаб котиблик қилади, кейин молия ишларини бошқаради. Ўша даврда мўғул ҳукмдорлари ўртасида бир одат бўлган. Уларнинг турли ўлкаларга тайинланган амирлари ҳар икки-уч йилда Чингизхоннинг бош қароргоҳи Қорақурумга бориб, халқдан йиғилган божлар, солиқлар, хирожларни топшириб, жойларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ҳоқонга ҳисоботлар бериб турганлар. Бу ҳисоботлар ҳукмдорлар фаолиятини текшириш, уларнинг ишларидан огоҳ бўлиш учун ҳам амалга оширилган. Ҳисоботнинг тўғрилигини текшириш учун жойларга тафтишчилар ҳам юборилган. Шунинг учун амирларнинг ҳисобот топшириш жараёнлари баъзан ойлаб, йиллаб давом этган. Оловуддин Отамалик Жувайний Амир Арғун хизматида 1256 йилга қадар бўлган ва у билан тўрт марта ҳисобот топшириш учун Қорақурумга борган. Қорақурумга қилинган сафарлар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирган. Мўғулларнинг кўплаб юртларни вайронага айлантирганларини, қанча халқларни қирғин қилганларини ўз кўзи билан кўрди, бу воқеаларга гувоҳ бўлган одамларнинг ҳикояларини эшитди. Хонавайрон бўлган қалъа­лар, шаҳарлар, маданият ва санъат ёдгорлик­лари, ёндирилган мадрасалар, масжидлар унинг хотирасига муҳрланди. Булар бўлғуси муаррих учун ўлмас тарих ҳақиқатлари, мудҳиш айбномалар эди. Бу хусусда у “Замоннинг ўзгариши, айланувчи фалакнинг таъсири ва ишонч­сизлиги дунёда ҳеч тугамайдиган тушунмовчиликларни келтириб чиқарди, дарс берилган жойларни вайрон қилди ва дарс берганларнинг илдизини қуритди, илм аҳли ва илм излаганлар ёмонлик ва зулмнинг барча турларига мубтало бўлди, кескир қилич қаршисида йўқ бўлдилар”, деб ёзади ва ўзининг ўша пайт­даги ҳолатини шундай ифодалайди: “Фазилат ва илм соҳиблари гапимдаги қусурларни авф этсинлар. Чунки ўн йилдан бери оёғимни ғурбат йўлига қўйдим. Билим олишдан орқада қолдим, китобларим саҳифаларининг устига ўргимчак ин қурди”. Шунинг учун Отамалик кейинги бутун ҳаёти давомида илмий иқтидорини мукаммаллаштиришга, тарих илмини жиддий ўзлаштиришга интилди.

1256 йилда Хуросонда Чингизхон авлодларидан Хулогунинг ҳукмдорлик даври бошланади. Отамалик шу санадан бошлаб унинг кўзга кўринган маъмурларидан ва ишончли котибларидан бирига айланади. Маълумки,1257 йилда мўғуллар Каспий денгизи соҳилларида жойлашган Исмоилийлар давлатини йўқ қилади. Унинг шаҳар ва қалъаларини вайронага айлантиради. Хулогу исмоилийларга қарши юришларида ўзи билан бирга Отамалик Жувайнийни ҳам олади. Отамалик Жувайний исмоилийларга қарши уруш якунига етгач Хулогуга, бузғунга учраган бу ўлкани қайта қуриш ва обод қилиш керак, ана шунда катта бойликларни қўлга киритиш мумкин, дея маслаҳат беради. Унинг маслаҳатига кўра Исмоилия шаҳарларидан учтаси — Оламут, Қоҳира, Хабушон қайта қурилиб, обод мас­канларга айланади. Мўғуллар учун катта бойлик­лар келтиради.

Шу билан бирга Отамалик шон-шуҳрати Шарққа ёйилган Оламут кутубхонасининг талон-тарож қилинмаслиги ва бебаҳо асарларнинг тамоман йўқ бўлиб кетмаслиги учун яна Хулогуга илтимос қилади. Хулогу унинг бу илтимосини ҳам инобатга олиб, кўп йиллар давомида тўпланган китобларни ўз ичига олган кутубхонани ва ундаги илм-фанга оид бошқа бойликларни сақлаб қолишга ижозат беради. Жувайнийнинг саъй-ҳаракати билан барча нодир қўлёзмалар, расад илмига оид бойликлар, асбоб-ускуналар сақлаб қолинади. Фақат исмоилия мазҳабига оид куфр китоблар оловда ёндирилади.

Хулогу бошчилигидаги қўшиннинг 1258 йилда Ироқ пойтахти Бағдодга, халифалик марказига юриши пайтида ҳам Отамалик иштирок этади. Бу хусусда у кейинчалик “Таслийатъул-иҳвон” деб номланган рисоласида шундай деб ёзади: “Сен мулкингни хоҳлаганингга берасан, хоҳлаганингдан тортиб оласан” ҳукми остида Аллоҳ Ироқ, Бағдод ва Хузистон мамлакатларини Аббосий ҳалифалардан олиб, жаҳон подшоҳи Хулогуга таслим қилди. У ҳам 657 (1259) йилда, яъни Бағдод забт қилинганидан бир йил кейин ўша мамлакатлар бошқарувини ушбу сатрлар муаллифига топширди ва унга барча ишларда мутлақ ваколат берди”. Шундан кейин Отамалик Жувайний мўғуллар номидан Ироқ ва Бағдодни 24 йил давомида, то ўлимига қадар бошқарди. У гарчанд мўғуллар хизматида бўлса ҳам бутун фаолиятини бу шаҳар ва мамлакатнинг ободончилиги, халқнинг фаровон ва мўл-кўлчиликда яшашига сарфлади. Қишлоқлар аҳолиси ва деҳқонларга юкланган солиқларни, хирожларни камайтирди. Бағдоднинг ғарбий қисмида Фрот дарёсидан Куфа ва Нажаф шаҳарларигача бўлган оралиқда катта канал қаздирди. Каналнинг иккала соҳилида 150дан ортиқ қишлоқлар барпо эттирди. Асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган Омбор ва Нажаф шаҳарлари оралиғида ям-яшил экин майдонлари, обод масканлар вужудга келди. Нажафда Хазрати Али шаҳид бўлган жойда катта работ тиклатди. Ироқликларни экин-тикин ишларига жалб қилди. Натижада бу мамлакатнинг даромади олдинги йилларга нисбатан бир неча бароварга ошди. Мўғуллар ҳужуми пайтида вайрон бўлган Бағдодни қайтадан қурдирди. Муаррихларнинг маълумот беришларича, Бағдод Жувайнийнинг бошқарув даврида Аббосий халифаларнинг ҳукмдорлик давридагидан ҳам обод, гуллаб-яшнаган ҳолда барпо этилган.

Жувайнийлар фаолият юритган даврда улар атрофларида, саройларида ўша даврнинг улуғ алломалари, адиблари, шоирлари, санъат намояндалари тўпланганлар. Жувайнийлар уларга ҳам моддий, ҳам амалий жиҳатдан ёрдам берганлар. Ўз навбатида, ўша улуғ алломалар, шоирлар, адиблар Жувайнийлар сулоласи вакилларини улуғлаб, кўплаб асарлар ёздилар. Бу хусусда машҳур тарихчи Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад аз-Заҳабий “Тарих ул-ислом” асарида шундай деб ёзади: “Улар номларига китоб ёзган ҳар бир кишига нақд юз динор қизил тилла берардилар. Олийҳимматликлари туфайли дин ва миллатидан қатъий назар ҳамма алломалар, адиблар уларнинг ҳузурига бордилар ва номларига қимматли китоблар бағиш­ладилар. Машҳур шоирлар уларни мадҳ қилувчи ғазалларини, қасидаларини умри боқий тарих асарларига қўшдилар”.

Жувайнийлар хонадони билан яқин бўлганлардан бири буюк астроном ва файласуф Хожа Носириддин Муҳаммад Тусий эди. (Тусий асарлари Мирзо Улуғбек расадхонасида чуқур тадқиқ этилган). Хожа Носириддиннинг илмий фаолияти ва асарлари Жувайнийлар томонидан ниҳоятда улуғланган. Аллома фаолият олиб борган Тус шаҳридаги расадхона Жувайнийлар томонидан доимо маблағ билан таъминланиб турилган. Шунинг учун Хожа Носириддин Тусий “Авсаф ул-ашраф” асарини ҳамда “Таржимаи самараи Батлимус” (таржима) китобини Жувайнийларга бағишлаган.

Ўз даврининг буюк ҳаттоти, Шарқ мусиқа санъатининг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшган улуғ санъаткор Сафиуддин Абдулмўмин Юсуф ал-Урмавий ҳам Жувайнийлар билан ҳамкорлик қилган. У Отамалик ва Шамсиддин Жувайний билан яқин суҳбатдош, илм-фан соҳасида фикрдош бўлишдан ташқари, Отамалик қўл остида Бағдоднинг расмий ёзишмалар мудири, бош котиб бўлиб ишлаган. Сафиуддин Урмавий мусиқа ҳақидаги машҳур “Рисолаи Шурфия” асарини Шамсиддин Жувайнийнинг ўғли Хорун ибн Шамсиддинга бағишлаб ёзган.

Яна бир улуғ олим Камолиддин Мисам ибн Али ал-Баҳронийнинг “Наҳж ул-балоға” асарига ёзган шарҳи ҳам Отамаликка бағишлаб битилган. Аллома қози Низомиддин Исфахонийнинг “Шурафу айвони-л-баён фи шарафи байти Соҳибдевон” асарида Жувайнийлар оиласидаги атоқли инсонлар қасидалар, мадҳиялар, ғазалларда улуғланади. Ибн Сайқал ал-Жазарий ҳам эллик мақоматдан иборат бўлган “Мақомати Зай­набиййа” асарини уларнинг номларига атаб битган. Ўша даврнинг таниқли шоирларидан бири Хожа Ҳумомиддин Табризийнинг девонидаги аксарият ғазаллар, қасидалар, марсиялар, шунингдек, унинг “Суҳбатнома” асари тўлалигича Жувайнийларга бағишланган.

Булардан ташқари, машҳур шоир Шайх Саъдий Шерозий соҳибдевон Жувайнийлар билан ҳам дўстона, ҳам ижодий ҳамкорликда бўлган. Шоирнинг кўплаб ғазалларида бу оилага мансуб улуғ инсонлар мадҳ этилади. Шу билан бирга Шайх Саъдийнинг Шамсиддин ва Отамалик томонидан берилган катта маблағга Хуросондаги Кўҳандўз қалъасининг работини, дарвешларнинг бир нечта хонақоларини барпо эттиргани тўғрисидаги маълумотлар ҳам мавжуд. Умуман, муаррихлар асарларида ҳукмдор Жувайнийлар ўз даврида мингдан ортиқ алломалар, адиблар, шоирларга ғамхўрлик қилганликлари, уларни қўллаб-қувватлаганлари тилга олинади.

Отамалик Жувайний мўғул ҳукмдорларининг ишончига кирган, уларнинг ҳурматини қозонган, раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган бўлса ҳам ҳаёти таҳликалардан ҳоли бўлмаган. Уни 1262 йилда Бағдодда пайтида мулҳидлар (исмоилиялик қотиллар) ханжар билан жароҳатлайдилар. Табиблар ёрдами билан оёққа туради. Кейин рақиблари, душманлари унга бир неча бор туҳмат уюштириб, йўқ қилиш ҳаракатига тушадилар. Бир гал уни мўғуллар душмани араблар билан ҳамкорлик қилишда айблашади. Лекин туҳматчилар гапи исботланмайди. Кейинги гал “Китоб ул-фахрий” асарининг муаллифи, муаррих Сафиуддин Муҳаммад ат-Тиктиканинг отаси Тожиддин Али ибн Муҳаммад ал-Алавий уни Бағдод бошқарувчилигидан олиб ташлатиб, ўрнини эгаллаш учун ҳаракат бош­лайди. Аммо бу ҳаракат натижа бермайди. Мўғуллар Алавийдан кўра Отамаликка кўпроқ ишонч билдирадилар. Учинчи гал унга Маждулмулк Яздий деган кимса “Отамалик Бағдоднинг барча бойликларини ўзлаштириб олиб, мўғул ҳоқонларини алдамоқда”, деб туҳмат қилади. Отамалик мўғуллар томонидан қўлга олинади. Бироқ текширишлар натижасида ҳақиқат қарор топади. Маждулмулк қатл этилади. Отамалик зиндондан холос бўлади. Мўғулларга қарамлик, мансаб ва бойлик талашиш оқибатида юзага келган бундай мажоралар уни ҳам маънан, ҳам жисмонан чарчатади.

1282 йилда Хуросон, Форс Ироғи, Кирмон ҳудудларида ҳукмдорлик қилаётган мўғул ҳоқонлари, амирлари ўзгаради. Абоканинг ўғли Арғун амирлик лавозимини эгаллайди ва отаси билан Хуросонни бошқаришда иштирок қилганларни давлатга хиёнат қилишда айблаб, йўқ қилишга киришади. Ҳатто отасига хизмат қилиб вафот этиб кетганларнинг майитларини қабрлардан чиқартириб, ўтда ёқтиради. Бундай хунрезлик­лардан четлашиш учун Отамалик Бағдоддан кетади. Муғонга борганида хафақон касалига чалинади ва 1283 йилнинг 5 мартида вафот этади. Акаси Шамсиддин 1284 йилда қатл қилинади. Шамсиддиннинг бешта ўғли, невараси, Отамаликнинг икки ўғли ушбу хунрезликлар қурбонига айланади. Шу тариқа соҳибдевонлар оиласининг мўғуллар хизматидаги фаолиятига якун ясалади.

Отамалик Жувайний нафақат ижтимоий фаолияти билан, балки “Жаҳон фотихи тарихи” (“Тарихи жаҳонгушо”) деб аталган машҳур асари билан ҳам тарихда ўлмас мерос қолдирди. У бу асарини 1252-1260 йиллар оралиғида ёзади. Асарнинг ёзилиши сабабини унинг муқаддимасида шундай келтиради: “Подшоҳ(Чингизхон)нинг ҳузурига осонгина йўл топган, унинг сафардаги чарчоқларига ҳамроҳ бўлган вафодор дўстлари менга унинг гўзал аломатлари, адолатли қарорлари, турфа хислатларини абадийлаштириш учун султонлар ҳақида айтилган ажойиб гапларни ортда қолдирадиган, кис­ролар (сосонийлар) ҳақидаги ривоятларни унуттириб юборадиган бир асар ёзишим кераклигини маълум қилдилар… Маворауннаҳр, Туркис­тон, Чин-Мочин, Хуросон Чингизхон ва унинг ўғиллари томонидан забт этилган жойларнинг ҳаммаси китобимга мавзу бўлди. Ҳикоя қилганим баъзи воқеаларни ўз кўзим билан кўрдим, баъзиларини ишончли кишилардан эшитдим. Бир қисмини эса тўғри эканлигига қатъий кўз билан қаралган тарихий манбалардан олдим. Вафодор ва узоқни кўра оладиган дўстларим оёқ тираб туриб олганликлари туфайли бу китобни ёзишни рад қилишнинг имкони бўлмади. Ҳақиқий, асл хабарларга таянган ҳолда қаламга олинган бу асар “Тарихи жаҳонгушои Жувайний” деб номланди”.

Асар уч жилддан иборат. Унинг биринчи жилдида мўғуллар ҳаёти, Чингизхон давлат тепасига келиши, Уйғур, Олмалиқ, Қоялиқ ва Фўлод ўлкаларининг забт этилиши, Хоразмшоҳлар давлатига юриш бошлаш сабаблари, Ўтрор, Жанд, Фанокат, Хўжанднинг босиб олиниши, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Термизнинг фатҳ қилиниши, Марв, Нишопур воқеалари, мўғулларнинг Оловуддин Хоразмшоҳни таъқиб қилиши, Чингизхон билан Жалолиддин Мангуберди ўртасида бўлиб ўтган жанглар хусусида ҳикоя қилинган. Шу билан бирга Чингизхоннинг ўғиллари Жўжи, Чиғатой, Ўқтой, Тулу тақдирлари, Ўқтойнинг Ҳоқон сифатида тахтга ўтириши, унинг қилган ишлари, Тўрагана хотун, Фотима хотун, Ўғил Гаймиш хотун ҳаётлари, Куйукхоннинг тахтни эгаллаши, мўғулларнинг Булғор , Ос, Русь ўлкаларини босиб олиши билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган.

Асарнинг иккинчи жилди Хоразмшоҳлар тарихига бағишланган. Унда, аввало, Хоразмшоҳлар давлатининг пайдо бўлиши, Оловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг тахтга ўтириши, унинг қўшинлари томонидан Ғур ўлкаларининг, Мазондарон, Кирмон, Маворауннахр, Ғазнанинг босиб олиниши, Қорахонийлар хонлари ва уларнинг таназзули, Хоразмшоҳнинг халифа Носир билан муносабатлари, ҳаётининг сўнгги йиллари хусусида сўз боради. Бу жилддан яна Султон Муҳаммаднинг онаси Туркон хотун, унинг фарзандлари Ғиёсиддин Пиршоҳ ва Рукниддин Ғурсанжтий ҳаётларига оид маълумотлар ҳам ўрин олган. Асарда Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолиятига оид бошқа тарихий битикларда учрамайдиган кўплаб маълумотлар берилган. Хусусан, унинг болалик йиллари, Ҳиндистондаги ҳукмронлик даври, Кирмонга, Форс Ироғи, Бағдодга, Гуржистонга, Онадўли султонига қарши юришлари тўла акс эттирилган. Темур Малик ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ маълумотлар эса тарихимиздаги яна бир ваатанпарвар шахснинг тақдирини ёритиб беришга хизмат қилади.

Асарнинг учинчи жилдида Чингизхоннинг невараси Мангу ҳоқоннинг 1249 йилда Хуросон ва унга ёндош ҳудудларни бошқаришга киришишдан бошлаб, Хулогу, Абока, Такудорнинг ҳукмдорлик даврларига оид маълумотлар берилган. “Жаҳонгушо”нинг учинчи жилдига улуғ аллома Хожа Носириддин Тусий томонидан Бағдоднинг Хулогу томонидан фатҳ этилиши ҳақида ёзган асари ҳам алоҳида бўлим сифатида киритилган. “Жаҳонгушо”нинг дастлабки икки жилди таржимон Назарбек Раҳим таржимасида 2015 йилда “Мумтоз сўз” нашриётида чоп қилинган.

Отамалик Жувайний мўғуллар хизматида соҳибдевон сифатида фаолият юритгани ва асар мўғуллар буюртмасига кўра ёзилгани учун унда Чингизхон ҳамда унинг авлодларини улуғлаши, мадҳ этиши табиий эди. Лекин муаррих асарни ёзишда “коса тагида нимкоса” усулидан фойдаланади. Яъни, асарида мўғулларни мадҳ этиш билан бирга уларнинг турли мамлакатларни босиб олишдаги ва халқларни бўйсундиришдаги ёвузликлари, ваҳшийликлари, хунрезликларига ҳам алоҳида урғу беради. Турли қатағонлар, қирғинлар, инсонлар бошига тушган даҳшатлар туфайли мўғулларнинг асл башаралари намоён бўлади. Муаррих, бир томондан, уларни улуғлайди. Иккинчи томондан, XIII асрда пайдо бўлган фашизмнинг асл қиёфасини, ҳақиқий тарихни акс эттириб беради. Отамалик Жувайнийнинг асарига хос бўлган яна бир хусусият шундан иборатки, у “Жаҳонгушо”да Чингизхоннинг, мўғулларнинг душманлари бўлган султонлар, амирлар, хонлар, маликлар ва турли шахс­лар (масалан, Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммад, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Ғиёсиддин Пиршоҳ, Рукниддин Ғурсанжтийни қоралаб ёзмайди, аксинча, уларга хос бўлган барча хусусиятларни, ҳатто қаҳрамонлик­ларини ҳам улуғлаб ёзади. Бу унинг ўзига хос ватанпарварлик позицияси эди. Шунинг учун ҳам Жувайнийдан кейин яшаб ўтган тарих илмининг билимдонлари “У тарих илмини ҳақиқат билан нурлантирган улуғ муаррих эди”, деб эътироф этадилар.

“Тарихи жаҳонгушо” фақат тарихий битиккина эмас, бадиий сўз санъатининг гўзал намунаси, дидактик панднома, илм-фан, билимнинг қудратини улуғловчи, ҳаёт тажрибаларини ўзида жамлаган етук асар сифатида ҳам алоҳида эътиборни тортади. Ундаги “Билимсизлар белини ёстиққа суяган куни билимли кишиларнинг беллари синди”, “Илм ва фазилат илдизлари фақат олимлар ва фозилларнинг ёрдамлари билан бақувват бўлади”, “Ҳаётда давлатни оёқда тутиб турадиган нарса билимдир”, “Билимдонлар жоҳилларнинг хизматига кирсалар, баркамол кишилар разиллик касалига дучор бўлсалар, ҳаёт зулмат қўйнига киради”, “Денгиз дуру марваридлари билан инсонни ҳайратга солса, ҳаёт буюк инсонлари билан гўзал ва мангудир” каби кўп­лаб охори тўкилмаган қуйма сўзлар, қуйма фикр­лар унинг юксак иқтидорини намоён қилади.

Муаррихнинг “Жаҳонгушо”дан ташқари ўз ҳаёт йўлига бағишланган икки қисмдан иборат “Таслийатъул-иҳвон” деб номланган рисоласи ҳам бор. У умрининг охирги йилларида ёзган бу рисоласини шундай якунлайди: “Фақат ақл ва нақл билан эришиладиган, англаш ва идрок қилишдан узоқ бўлмаган нарсаларни иккига ажрата оламиз. Улардан биринчиси — Пайғамбар мўъжизаси, иккинчиси эса сўздир. Мўъжиза сўзда кўринади”. Ҳақиқатан ҳам, Отамалик Жувайний асарлари билан, ўлмас мероси билан сўзнинг сеҳрли куч эканлигини, унинг мангулигини, сўз ҳаёт, инсон, тафаккур, илм-фан, тарих ва дунёдаги жамики нарсаларни ифодаловчи ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни аждодлардан авлодларга етказиб берувчи қудратли мўъжиза эканлигини исботлаб кетди.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Андижон ва Бухорода Депутатларимиз халқ хизматида

admin

ИҚТИСОДИЙ алоқаларНИНГ муҳим босқичи

admin

Азим Суюн: Йилбоши

admin