ADOLAT 24

Қонун ҳимоячиси жиноятга қўл урди…

Мамлакатимиз Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. 

Конституциямизда кафолатланган бундай мезонлар “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ҳам аксини топган. Ушбу қонунда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган. 

Эндиликда тадбиркорлик, тижорат ишлари, сайёҳлик, ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижий давлатларга бораётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинмоқда.  

Аммо трансмиллий жиноятчилик тусини олган одам савдоси жинояти дунё миқёсида ошиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 127 та мамлакатда одам савдоси мавжуд, яна 137 та давлатда одамлар мажбурий эксплуатация қилинмоқда. 

Биргина 2022 йилда дунё бўйича 24,9 миллион нафар киши одам савдоси қурбонига айланган. Бу турдаги жиноятдан жиноий гуруҳлар йилига тахминан 150 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўрмоқда. 

Одам савдоси жиноятининг оқибатлари жуда оғир. Чунки ушбу қилмишнинг ўта жирканч ва хавфлилиги шундаки, у туфайли одам товарга айланади. Афсус­ки, дунё миқёсида глобал муаммо тусини олган одам савдоси жинояти юртимизда ҳам учраб турибди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е,з” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этган Рашид Омонтошевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, Р.Омонтошев Миллий гвардияга қарашли Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармасида назоратчи вазифасида ишлаган. Олий маълумотли, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган бу кимса оқибатни ўйламагани учун жиноят йўлига кирди.

2022 йилнинг август ойида Р.Омонтошев “Telegram” мессенжерида берилган эълонни ўқиб қолади. Унда пойтахтдаги хонадонлардан бирида массаж хизмати кўрсатилаётгани ҳақида маълумот берилган эди. Рашид эълондаги қизни кўриб, ёқтириб қолади ва у билан танишишга қарор қилади. Эртаси куни эълон бўйича ўша хонадонга борганда эшикни эълонга қўйилган расмдаги қиз эмас, бошқа бири очади. Ўзини “Зарина” деб таништирган, кейинчалик ҳақиқий исми маълум бўлган Фарзона расмдаги қиз опаси Севара эканини, у ҳозир уйда йўқлигини айтади.

Аммо Р.Омонтошев қиз рекламага бошқа расмни қўйиб, одамларни алдаган, деган фикрга боради ва жаҳл отига минади. Фарзонага ўзини ички ишлар тизимида ходимларнинг фаолиятини ўрганувчи шахсий хавфсизлик хизмати ходими, деб таништиради. Ҳудудда ишлаётган профилактика инспектори ёки бошқа бирон-бир ички ишлар ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотлар бор-йўқлигини сўрайди.

Шундан сўнг Фарзона опаси Севарага қўнғироқ қилади ва у билан гап­лашишини сўрайди. Р.Омонтошев Севарага ўзини ички ишлар тизимида шахсий хавфсизлик бўйича ходим деб таништириб, Ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот бериб турса, ўзининг ҳимояси остига олиши, фоҳишалик билан шуғулланишига халақит берадиган ички ишлар ходимларидан қўриқлашини айтади. Севара ўзини ҳеч ким безовта қилмаётганини билдиради. Шундан кейин Рашид С.Ёқубова билан танишиб, гаплашиб юради.

Бир гал учрашганларида Севара Р.Омонтошевга яшаш ва ижара ҳақи учун пул топишга қийналаётганидан ёзғиради, моддий аҳволини яхшилаб олиш учун Туркия давлатида яшовчи холасининг олдига кетмоқчи эканини айтади. 

– Хорижда яхшигина пул топишнинг имкони бор, – дейди Р.Омонтошев унга жавобан. – Сенга ёрдам бераман. Мадина исмли танишим Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланади. Хоҳласанг, унинг олдига юборишим мумкин…

Бир неча кундан сўнг С.Ёқубова Рашиднинг таклифига рози эканини айтади. Анчадан бери жувонни қармоғига илинтириш пайида юрган Р.Омонтошев учун ишқий мақсадини амалга оширишда бу айни муддао бўлиб туюлади. У С.Ёқубовани ўзи билан тоғли ҳудудга дам олиш учун боришга ундайди. Аммо эркакнинг таклиф ва талабини турли баҳоналарни важ қилган жувон рад этади. Бундан ғазабланган Р.Омон­тошев жувонни қўрқита бош­лайди. 

Пўписадан ваҳимага тушган опа-сингил Р.Омонтошевдан қутилсак, деган мақсадда яшаш жойини ўзгартиради. Бироқ Р.Омонтошев уларнинг янги ижара уйини ҳам топиб боради.

– Ўша сенга айтган танишим Мадина хорижда фоҳишалик билан шуғулланиб, яхшигина пул топибди, – дейди у бир сафар келганида. – Яқинда Тошкентга қайтиб, уй олмоқчи эмиш.

Ижарада яшаш учун уй ахтариб юриш жонига тегиб кетган Севара бу гапни эшитгач, Мадинага ҳаваси келиб кетади. Орадан бир неча кун ўтгач, Р.Омонтошев С.Ёқубовага қўнғироқ қилиб, хорижга чиқиш учун фуқаролик паспорти олишни буюради. Тез орада виза билан авиачипта тайёр бўлишини айтиб, бунинг учун Мадинага 2 минг 600 АҚШ доллари бериши кераклигини уқтиради.

– Кейинчалик ишлаб топган пулинг­нинг эллик фоизини Мадинанинг опахони бўлган уй эгасига берасан, қолган эллик фоизи ўзингники, – дейди Р.Омон­тошев. – Сени Дубайга жўнатганим учун менга ҳам 2 минг АҚШ доллари юборишинг керак.

Бўлиб ўтган ана шу суҳбатдан сўнг Рашид жувонга танишининг телефон рақамини беради, “Telegram” орқали у билан гаплашиб олиши лозимлигини айтади. С.Ёқубова Мадина билан боғланиб, у ердаги тартиб ҳақида сўраганида Рашиднинг айтганларига айнан ўхшаш жавоб олади. 

С.Ёқубова обдон ўйлаб кўриб, Р.Омон­тошев ўзини фоҳишабозлик билан шуғулланувчи шахсларга сотиб юбораётганини тушуниб етади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шу орада Р.Омонтошевнинг хориждаги таниши С.Ёқубованинг номига виза ҳамда “Тошкент – Дубай” йўналиши бўйича учувчи самол­ётга чипта олиб, уларни “Telegram” орқали юборади.

Одамфурушлик ортидан бойиш илинжида юрган Р.Омонтошев 2022 йилнинг 29 октябрь куни тонгги соат беш­ларда С.Ёқубовани Тошкент халқ­аро аэропортидан Дубай шаҳрига кузатиб қўяётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

Бутун дунё мамлакатлари, жумладан, юртимизда ҳам одам савдосига қарши кенг қамровли кураш олиб борилаётган бир пайтда Р.Омонтошевнинг Миллий гвардия ходими бўлгани ҳолда ушбу жиноятга қарши курашиш, унинг олдини олиш чораларини кўриш ўрнига бундай оғир қилмишга қўл урганини асло оқлаб бўлмайди. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўташи аниқ. Чунки ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар.

Зафар БОБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХОРИЖИЙ ДЕЛЕГАЦИЯЛАР РАҲБАРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin

Замон қасри

admin

Инсонпарварликнинг юксак намунаси 

admin