Кейинги йилларда жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 89-мақсадида ҳам коррупциявий омилларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш белгиланган.
“Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш белгиланган. Ўтган олти йил давомида Ўзбекистон ушбу ташкилот индексида 2017 йилги 157-ўриндан 2022 йил якунига келиб 31 поғона кўтарилиб, 126-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Стратегия доирасида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини икки баробарга камайтиришга эришиш, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш ҳам назарда тутилган.
Куни кеча қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳаётимизга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасига масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Эндиликда, ҳар чоракда Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади ва ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб боради.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати қуйидагилар билан тўлдирилмоқда. Хусусан:
– ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар;
– болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;
– давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат);
– марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
– давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир.
Албатта, депутат ва жамоатчилик фаоли сифатида айтишим мумкинки, сўнгги вақтларда фуқароларни ҳаж зиёратига юбориш, айрим ташкилотлар томонидан амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг ёпиқлиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди. Фармонда белгиланган вазифалар шу ва бошқа омилларни бартараф этишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, эндиликда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларига кириш имтиҳонлари, олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш жараёнлари интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиб борилади.
Умуман олганда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотларга нисбатан фуқароларнинг дахлдорлик ҳисси ортишига хизмат қилади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси