Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблаш тизими жорий этилиши белгиланмоқда. 2022 йил ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг ниҳоят кучга кираётгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди, албатта.
Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида, йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима тўловлари 15 кун ичида амалга оширилганда белгиланган миқдорини тенг ярмига қадар қисқартириш имконияти яратилган эди. Бироқ беш қўл баробар эмас деганларидек, минг афсуски, юртдошларимиз орасида яратилган имкониятни енгиллик сифатида эмас, аксинча, қоидабузарликни касбга айлантиришлари учун қулай шароит сифатида баҳоловчилар кўпчиликни ташкил этишини кўрсатди.
Кучга кираётган янги қонун лойиҳаси бандларига кўра, жарима баллари ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида ҳисоблаб борилиши, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарликка қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши қоидабузарликни одатга айлантириб олган айрим ҳайдовчиларимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ҳаракатланишларига, бир сўз билан айтганда, “эс-ҳушларини йиғиб” олишларига хизмат қилишига ишончимиз комил.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур қонуннинг кучга кира бошлагани “Адолат” СДП анчадан буён қатнов йўлларида юзага келаётган турли хил кўнгилсиз ҳодисалар, қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалга ошириб келаётган қатор чора-тадбирлари бесамар кетмаганлигидан далолат беради. Жорий йилнинг 6 ноябрида партия ташаббуси билан Ўзбекистон телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида “Муҳокама. ЙТҲ: сабаб ва оқибатлар” мавзусидаги ток-шоуси доирасида айнан такрор ва такрор йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этганлиги учун баллик ҳисоблаш тизими ҳаётга татбиқ этилмаётганлиги бугунги кунимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири сифатида очиқланганлиги фикримизга далил бўла олади. Шунингдек, партия муассислигидаги “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетасининг жорий йил 45-сонида эълон қилинган “Тадбиркор+радар=жарима, жарима, жарима… Ёхуд ойнадан ўпкалаётганлар кимлар?”, 46-сонидаги “Йўл ҳангомалари” ва 24 ноябрь 47-сонидаги “Шармандага шаҳар кенг экан, Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими қачон ишга тушади?” таҳлилий-танқидий мақолалари ҳам шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг 28 ноябрь санасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси асосида транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракатидаги 14 та қоидабузарликни доимий равишда содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланаётганлиги “Адолат” СДП олиб бораётган ишларга ҳамоҳанг равишда жамият ҳаётида тинч ва барқарор ҳаётни таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.
Жазо чора эмас. Бироқ қоидабузарликни касб қилиб олганларни тартибга чақириш, такрор ва такрор огоҳлантирилишларга қарамай, ўз шахсий манфаат ва хоҳишлари йўлида ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишда давом этувчи ўзбилармонларни белгиланган тартиб қоидалар асосида жазолаш, зарур бўлганида эга бўлиб турган ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этиш жамиятда адолат тамойиллари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилишига ишончимиз комил.
Гулбаҳор Қобулова,
“Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси