ADOLAT 24

Об-ҳаво инжиқликлари энди бизни чўчитолмайди!

Замонавий технологиялар тараққий этиб, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган айни даврда турмушимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган энергетика ресурс­лари, ҳеч муболағасиз, ҳаёт-мамот масаласидир.

Шу боисдан бугунги кунда аҳолимизни табиий газ, электр энергияси ва бошқа зарурий ресурслар билан тўлақонли таъминлаш масаласига давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига Мурожаатида иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклиги, бунга фақатгина хусусий инвес­тицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкинлиги, шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвес­тициялар жалб қилинганлиги ҳақида тўхталганлигини яхши биламиз. Шу мақсад йўлида қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станцияси ишга туширилганлиги, яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳа якунига етказилиши, айрим вилоятларда барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилиши орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпайиши, шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қилиниши зарур эканлиги ҳам мамлакатимиз етакчиси томонидан алоҳида таъкидланган эди. 

Энергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш мақсадида ўтган даврда Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, зарур ҳуқуқий асослар яратилди.

Шунга мувофиқ, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш орқали иссиқлик электр станциялари, қайта тикланувчи энергия манбалари, яъни қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланди.

Бу борада куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокидаги йирик энергетика лойиҳаларига старт беришга бағишланган тадбирда Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш лойиҳаларига старт берилгани ҳам халқимизнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Маълумотларга кўра, биргина Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.

Бир ўйлаб кўринг-а, бугун 3 миллиондан ортиқ хонадонларнинг ҳар бирида ўртача 4-5 нафардан фуқаро истиқомат қилишини ҳисоб­га олсак, ушбу лойиҳанинг амалга ошиши 12 миллиондан зиёд юртдош­ларимизнинг электр энергиясига бўлган талабини тўлақонли қондириши мумкин. Бундан ташқари, юзлаб саноат корхоналарининг электр энергияси билан узлуксиз таъминланиши қўшимча иш ўринларининг ташкил этилишига, бозорларимизда нарх-навонинг арзонлашуви ва мамлакатимиз иқтисодиётининг янада жадал суратларда ўсишига хизмат қилади.

Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ACWA Power компанияси иштирокида Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг ишга туширилиши 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш натижасида 4,5 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли моддалар ташланмаларини 3 миллион тоннагача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Узоққа бормайлик, жорий йил бошида нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда кузатилган аномал совуқ об-ҳаво энергетика тизимимиздаги қатор камчиликларни яққол кўрсатиб берди. Афсуски, ушбу камчилик­лар мамлакатимиз иқтисодиёти, халқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш корхоналарига, шунингдек, кўплаб юртдош­ларимизнинг турмуш шароитига ҳам жиддий салбий таъсир ўтказгани ҳам бор ҳақиқат.

Шу боисдан жорий йил давомида айни йўналишдаги муаммоларни тизимли бартараф этишга оид чора-тадбирлар шахсан давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлди. Пировардида, ҳукуматнинг кун тартибидаги асосий масалалар қаторига кўтарилди. 

Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, йил бошидан буён электр таъминотини яхшилаш мақсадида ҳудудларда 831 км. магистрал, 29 562 км. тақсимловчи электр узатиш тармоқлари, 8 та магистрал подстанциядаги трансформаторлар ҳамда 10 158 та трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди, 961 км. паст кучланишли электр тармоқлари ва 228 та трансформатор пунк­ти янгиланди. Шунингдек, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги подстанцияларнинг қуввати 400 МВтга оширилди. Шу билан бирга ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида қиш даври учун 258 та ҳар хил қувватли трансформаторлар, 70 тонна сим, 80 км. кабель ва 490 тадан ортиқ муфталардан иборат авария ҳолатларига захира яратилди.

Шунингдек, Навоий вилоятидаги қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойи­ҳаси доирасида 111 та “Goldwind” шамол турбиналаридан қурилиш майдонига 23 та тўлиқ комплект турбиналар келтирилиб, шундан 16 таси ўрнатилди, 33 та турбина асосларининг қурилиш ишлари якунланди. Тармоқ жадвалларига мувофиқ, дастлабки 100 МВт қувват жорий йил декабрь ойида ишга тушади. Станция 2025 йил август ойида тўлиқ ишга туширилади.

Мухтасар айтганда, ўтган мавсумдаги ҳолатлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда мамлакатимизда энергетика соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини тўлақонли таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун яратилган имкониятлар ва мавжуд захира ресурсларига таянган ҳолда ишонч билан таъкидлаш мумкинки, юртимизда қиш мавсуми ва об-ҳавонинг ҳар қандай инжиқликларига тайёргарлик юқори даражада.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

admin

“Боқий Бухоро” мўъжизалар шаҳарчасига айланади

admin

ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясига мамлакатимиз мезбонлик қилиши Ўзбекистон учун катта ишонч ва масъулиятдир

admin