ADOLAT 24

Бахтнинг турфа ранглари…

“Машҳурларнинг аёллари” рукнининг бугунги меҳмони, узоқ йиллар “Хоразм ҳақиқати”, “Халқ сўзи”, “Урганч оқшоми” газеталари таҳририятларида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, “Энг, улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик” республика танловлари ғолиби, “Мурувват чоғи”, “Мангулик сўқмоғи”, “Темурғози тўра”, “Рутба” романлари, “Мадраҳим Шерозий”, “Йиллар ва йўллар”, “Темирғози тўра”, “Кўна қалъа”, қиссалари, “Кечиккан баҳор, “Тонгги ҳислар”, “Ҳуқуқ”, “Нозбўйларим”, “Дил ва манзил”, “Ифтихор гуллари” шеърий китоблари, “Андиша боғи” эсселар тўплами, “Шафоат” ва “Шарофат” девонлари муаллифи Сотим Авазнинг умр йўлдоши, ҳаётини ёшларга билим беришга ва фарзандлари тарбиясига бахшида этиш билан бирга эри ва эли ризолигига эришишни улкан бахт, деб билган камтарин, оқила аёл Шарофат Авазовадир. 

– Шарофат опа, умрнинг болалик, ёшлик бекатларидан ўтиб, улуғлик манзилидасиз. Шу манзилда туриб олис болалигингизга боқиб, нималарни ҳис этасиз? Энг беғам, беташвиш дамлар… ота-онангиз, яқинларингиз бағридаги бетакрор лаҳзалар…

– Назаримда, умрнинг болалик ва ёшлик айёмлари ўзига хос икки фаслни ташкил этади. Улардан шунчаки ўтиб кетиб бўлмайди. Ҳар бир фасл эса ўзингизга маълум, инсонни чиниқтиради, юксалтиради, билимини оширади, ўзлигини камолга етказади. Бугунги қутлуғ манзилда туриб олис болаликни ўйлаб, авваламбор, улардан миннатдор бўламан. Уларнинг нақадар бетакрорлигини, улуғворлигини ҳис этаман. Қолаверса, шу болалик, ёшлик даврларининг ҳам ўзига хос ташвишли дамлари ҳам бўлган, дейишим мумкин. Ниҳол қуёшга қараб тик бўй чўзади. Унинг қийшайиб ўсишидан Худо сақласин. 

Ёшликдаги дамлар хаёли биздан изн-ихтиёр сўрамасдан, хотираларимизни шамчироқдай ёритиб туришдан тўхтамайди. Ота-оналаримиз, яқинларимиз бағридаги лаҳзалар ҳақиқатан ҳам бетакрор бўлган. Бугун уларни беҳуда ўтказмаганимизга суюнаман. Ахир мактабда яхши баҳоларга ўқишга, ота-онанинг розилигига эришишга, одобли ва андишали бўлишга интилганмиз. Бу эса зиммамизга ўзига хос масъулият юклаган. Ота-онам ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари эдилар. Мактабда олган сабоқларим уйда таълим ва тарбия билан уйғунлашарди. Китоб ўқиш севимли машғулотим эди. 

Орзуларим бир дунё эди. Энг асосийси эса ота-онам касбини эгаллаш ва бугун айта оламанки, садоқатли дўст, умр йўлдошингнинг яхши инсон бўлиши экан. Яратганга шукрки, иккала ниятимга ҳам эришдим… 

Умр йўлдошимнинг ғазалидаги ушбу мисрани кўп такрорлайман:

Шодлана билмоққа ҳам, аввало, бир ғам керак.

Шу сатр менга болаликни қайта идрок этишга, ҳаётдаги барча қийинчилик­ларни енгиб яшашга куч бағишлайди. 

– Умр йўлдошингиз билан илк учрашувни қандай эслайсиз?

– Турмуш ўртоғим билан биринчи учрашувимдаёқ бир-биримизни танигандай бўлдик. Нигоҳларимиз бир-бирига сингиб кетгандай эди, гўё. Мен бу ҳолатни ўша лаҳзада тушунмадим: ёқтириб қолиш истаги, деб ўйладим. Лекин бора-бора бу бизда қандайдир умумийлик, руҳий яқинлик уйғунлиги борлиги туфайли эканини англадим. Эҳтимол, буни илк муҳаббатнинг туғилиши ёки бир кўришда муҳаббат, деб атаса ҳам бўлар… Шоирона ташбеҳларимга ажаб­ланманг, аввало, адабиётчилар фарзандиман ва шундай оилада камол топиб, шеърият, адабиёт шайдоси эдим. Қолаверса, турмуш ўртоғимдан ҳам кўп нарса юққан. Ахир ярим аср бирга умргузаронлик қилган умр йўлдошинг билан сўзинг ҳам, фикринг ҳам тенглашиб, туташиб кетади. 

Умр йўлларимизда, тақдирмизда ҳам ўхшашлик бор: иккаламиз ҳам ота-онамизнинг ёлғиз фарзандларимиз. Ота-она­нинг ёлғиз фарзанди бўлиш ёмон демайман: аммо улар томонидан қўйи­ладиган талаблар, шартлар, одоб-ахлоқ қоидалари туфайли гоҳида ўзингни олтин қафас ичидаги қуш каби ҳис қиласан. Албатта, бу ҳолат ҳамма ёлғиз фарзандларга дахлдор, демоқчи эмасман. Аммо турмушимиз жараёнида умр йўлдошим иккимиз шундай ҳис билан яшадик, десам муболаға бўлмайди. Бу ота-оналаримизнинг ёлғиз фарзандини фақат ўзларининг меҳр-муҳаббати билан бағрида яшашини хоҳлаши, барчадан қизғаниши туфайлимикан, билмадим… Уларнинг ана шундай буюк меҳри сабабли руҳий эркинликка интилдик, бир-бировни ҳеч қандай талаб ва шартларсиз қабул қилиш истакларимиз бора-бора умумлашиб кетди. 

Институтга киришимизда ҳам бир хиллик мавжуд эди: ҳар иккаламиз ҳам бир йил “резерв” сифатида ҳисобда турганмиз. Ўша пайтларда ҳам ёшларга нисбатан адолатсизлик бор эди. Имтиҳонларни яхши топширганлар эмас, кириш­лари олдиндан белгилаб қўйилганлар биринчи навбатда ўқишга қабул қилинарди. Хуллас, иккимиз ҳам бир йил ўқигач, янгидан имтиҳон топшириб, институтга қабул қилинганмиз. 

Биринчи учрашувдаёқ, у кишининг андишали, тўғрисўз ва камсуқумлигини ҳис этдим, кейинчалик илк ҳиссиётим алдамаганини англадим. 

– Умр йўлларингиз туташганида у кишининг ўзи, оиласи ҳақида нималарни билардингиз? 

– Тўғрисини айтсам, ҳеч нарсани билмасдим. Чунки, бу мени деярли қизиқтирмас эди. Ота-онаси қаттиққўл одамлар, қийналиб қоласан, айниқса, қайнонанг сени қийнаб қўяди, десалар қулоғимга кирмаган. Чунки турмуш ўртоғимнинг шеърлари, бошқа ҳеч ким унинг каби топиб айта олмайдиган ташбеҳлари мени ўзига мафтун қилган эди. 

Қайнотам фариштадай одам эдилар. Улар менга келин деб эмас, қизим, деб мурожаат қилардилар. Хоразмда янги келин бир-икки фарзандли бўлмагунича, агар қайнона-қайнотаси рухсат бермаса умрбод улар олдида гапирмайди, фикрини имо-ишора билан ёки қайинсинглиси, турмуш ўртоғи орқали етказади. Мен ҳам удумимизга кўра, гап­лашмай юрганимда, қайнотам раҳматли майин табассум билан: “Қизим, мен билан отанг каби гаплашавер, мен уруш кўрган одамман, одамнинг қадрини биламан”, деганлар. 

Бир куни нимаям бўлдию, қайнонам жаҳл билан: “Бўлди, тамом, ўғлимизни бошқа қизга уйлантирамиз!” деганларида, қайнотам кескин оҳангда: “Билиб қўй, сенга шундан бошқа келин йўқ!” деб, қайнонамнинг инжиқликларига чек қўйганлар. Минг афсуски, қайнотам бу дунё­ни эрта тарк этдилар. Шундан кейин ҳаётимда муаммоларим орта бошлади. Агар турмуш ўртоғим мустаҳкам қалқон бўлиб олдимда турмаганларида бугун бахтиёр она ва бувижон бўлиб ўтирмасмидим?.. 

Умрининг сўнгги йилларида қайнонам кўп нарсани тушундилар. Ўзимга индамадилар, аммо қўшниларга:”Агар болам билан яхши бўламан десангиз, келинингизни хафа қилманг”, деган эканлар. 

– Бугун ўша пайтларда биргаликда келажагинингиз борасида қилган орзуларингиз рўёби нечоғлик?

– Умр йўлдошим ҳамиша дўстлик ҳамда оила ишонч ва кечирим туфайли мустаҳкамланади, деб таъкидлайдилар. Албатта, муҳаббат олови ҳамма вақт ёшликдагидай порлаб турмаслигини тушунса бўлади. Лекин ёш ўтган сайин севги муҳаббатга, муҳаббат эса меҳрга ақл ришталари билан маҳкам боғланиб кетиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шунда бу оловнинг гуриллаши тўхтаса ҳам, тафти камаймайди. Айнан шундай яшашни ният қилгандик ва шукр­ки, ниятимизга етдик. Қизларимизнинг ҳам зеҳнли, зиёли, меҳр-вафоли бўлиб, борган жойини яшнатишини, оиласини мус­таҳкам ришталар билан боғлашини, шу туфайли униб-ўсишини, бахтли бўлишини Аллоҳдан сўрардик. Бу орзуйимизга ҳам эришдик. 

Ҳамиша турмуш ўртоғимнинг ижод йўли бардавом бўлишини истар, доим дуода бўлар, шароит яратиб беришга интилардим. У кишининг бу борадаги фидокорлиги мени қувонтиради. Отасига иш вақтида халақит бермаслик қизларимиз учун ҳам олтин қоида эди. 

Минг шукрким, аксарият орзуларга эришдик. Беш қизимнинг ҳаммаси ўз бахтини топди. Ҳар бирида, икки-учтадан фарзанд бор. Ижодкорнинг китоб­лари сони ҳам йигирмадан ортди. 

– Ҳаётингизда иқтисодий қийинчилик бўлмагандир-у, лекин эркатой ўғилнинг кўнглига йўл топиш осон кечмагандир?  

– Иқтисодий қийинчилик бўлмаган, деб айта олмайман. Қайнотам ва қайнонам оддий меҳнаткаш одамлар бўлиб, топиш-тутишлари камтарона эди. Қийин­чиликларни сабр-қаноат билан енгар, ҳаммамиз асдойдил меҳнат қилардик. 

Турмуш ўртоғимни эркатой, деган фикрингизга эса қўшилмайман. Чунки у ёлғиз ўғил бўлгани билан ўз масъулиятини дилдан ҳис қиларди. У ҳамиша, деярли ҳар куни уйимизга китоб кўтариб келар, уларни мутолаа қилар эдилар. Қолаверса, эркатой бўлганларида тинимсиз ижод қилмаган, ўзбек журналистикасида ва ўзбек адабиётида ўз йўлини топмаган, катта тарихий асарлар, достонлар ёза олмаган бўлардилар. Буларнинг ортида фақат машаққатли меҳнат ётади. Бунинг устига у кишининг кўнглига йўл топиш қийин эмас. Чунки одамлар билан тез чиқишиб, ҳар хил мавзуларда суҳбатлашишни яхши кўрадилар. Бу ҳар бир адибга хос фазилат бўлса керак. Турмуш ўртоғим бир оғиз сўз ёки қарашдан дилимдаги гапни уқа оладилар. Ярим аср давомида мен ҳам унинг кўнг­лидаги гапни кўзларидан англаб, ижод жараёнига халақит бермасликка ҳаракат қиламан. Тўғри, гоҳида бироз қайсарлик ва тез жаҳл қилиш одатлари ҳам бор. Аммо бироздан сўнг, пушаймон бўлиб, яхши гаплар гапира бошласалар, биламизки, жаҳлдан тушибдилар. 

– Устоз ниҳоятда маданиятли, ҳаракатчан, изланувчан инсон. Бу таърифларга яна нималарни қўша оласиз? 

– Мен яна камтарлик ва камсуқумлигини, ёлғонни ёмон кўришини айтган бўлар эдим. У ҳеч қачон ўзини кўз-кўзлашга интилмаган. Лекин баъзида китобларимизни, ўзимизни кўпроқ тарғиб қилсак бўлар экан, деб ҳазил аралаш айтиб қўядилар. Бироқ шу ишни эплай олмайдилар. 

Гоҳо ўзи кутган баҳони ололмасалар, демак бу Худо менга бермаган нарса экан, деб қўядилар. Бир ғазалларида шундай ёзганлар:

Худонинг бергани бизга етарли,

Бошимиз узра тож этиб ўтарли.

У киши оилада меҳрибон ва ғамхўр. Бу, айниқса, қизларимизни ўқитишда, ишга жойлаштиришда, турмушга узатишда, бор-йўғидан хабардор бўлиб туришларида яққол кўринади. 

Ҳаёт мени баъзан сийлади, баъзида синади: касаллик туфайли бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганман. Ана шундай пайтларда, у киши ҳамма нарсани унутиб, бутун диққат-эътиборини мени даволатишга қаратади. 

Кейинги йилларда ҳар йили бир-икки марта дам олиш ва шифо масканларида бўламиз. Мен фақат йўлга чиқиш олдидангина дам олишга кетаётганимизни билиб қоламан.

– Бири-биридан ақлли, оқила қизларингиз бор. Улар туғилганида бирон марта отаси ранжиб, ўғил кутганини ошкор қилмаганми? Бугун қизларига муносабатлари қандай?

– Албатта, ёшлигида ўғил кўриш истаклари бор эди. Лекин вақт ўтган сари қизларимиз, айтганингиздек, оқила ва меҳрибон бўла борганлари сайин бу истак сўна бошлаган. Баъзида ярим ҳазил, ярим чин қилиб, яна беш қиз туғсанг бўлар экан, деб қўядилар. Бир кун эса: “Ўзим бир эдим – беш бўлдим. Шу беш ҳали яна қанча бўлади… Шунда ҳам нолисам Худо хуш кўрмайди”, дедилар. Мен эса у кишига уч қиз ўстириб турмушга узатган киши жаннатий бўлар экан, деган ҳикматни эслатдим. Шунда у киши биз жаннатийроқ эканмиз, деб қўйдилар. 

– Ижодкор билан умргузаронлик қилиш осон эмас. Чунки улар гоҳ денгиздай мавжланади, гоҳ сокинлик қўйнига сингишади. Гоҳида рўзғор ташвишларидан ҳам ижод масъулиятини устун қўйишади. Шундай пайт­ларда барча оғирлик сизнинг зиммангизга тушадими?

– Турмуш ўртоғим ҳар қандай шароит­да ҳам оғирликни менга ташлаб қўйишни истамайди. Бозор-ўчарни у кишининг ўзи қилади. Мен фақат керакли нарсалар рўйхатини ёзиб бераман. Гоҳида: “Юр, бугун бозорликни бирга қилайлик” десалар, изларига тушаман, биламанки, демак, харид қиладиган маҳсулотларимиз кўп. 

Тўй-тантаналар ташвишини ҳам у киши ўз зиммасига олган. 2016 йилда мени муқаддас Умра зиёратига юборганлар. Қайтиб келганимда хайрия оши учун барча нарса муҳайё қилинган экан. Бундай саховат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.

– Умр йўлдошингизнинг ижоди сизни нечоғлик қизиқтиради? 

– Ҳар томонлама ва ҳаммадан кўп қизиқтиради. Барча китобларини биринчи бўлиб мен ўқиб чиққанман, дейишим мумкин. 

Одатда, у киши ёзган асарларини чоп этилишидан олдин фикрларини билиш учун дўстларига, мунаққидлар, адабиётшуносларга тақдим қиладилар. 

Уйимизда шоир Матназар Абдулҳаким, адиб Неъматжон Солаевлар билан янги асарлар юзасидан фикрлашиб ўтирганларининг кўп бора гувоҳи бўлганман. Оташнафас шоира Уллибиби Отаева (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) бу кишининг маслаҳатгўйи эдилар. Улардан миннатдорликларини ҳанузгача айтадилар, хотирасини ҳурмат билан тилга оладилар. 

– Ёзувчининг қайси асари қаҳрамони тимсолида ўзингизни кўрасиз? Қайси асарларини севиб мутолаа қиласиз?

 – Ҳамма асарлари қаҳрамонларида менинг қайсидир хислатим бор бўлса ажабмас. Уларнинг барчаси қалбимга яқин. Айниқса, “Ифтихор гуллари” манзумалар китобида муҳаббатимиз ва бир-биримизга садоқатимиз ҳақида кўп воқеалар баён этилган. Бундан ташқари менга атаб, “Шарофат” номли девон тузган. Улардаги ғазаллар оҳангларида кўнг­лим садоларини сезгандай бўламан. Умуман олганда, барча асарларини севиб ўқийман. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак. Акс ҳолда, бирга яшашдан қандай маъно бор!

– Умр йўлдошингиз нималарга эъти­борли бўлишини истайсиз?

– Тўғрисини айтганда, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Яна нималарга эътиборли бўлишлари кераклигини мендан кўра ўзлари яхши биладилар, деб ўйлайман.

– Устознинг бошқалардан ажралиб турадиган томонлари ҳақида нималар дея оласиз? Қайси хислатларини ҳурмат қиласиз ва қайси томонларини ўзгартиришларини хоҳлайсиз?

– У киши бошқалар кўра олмаган эзгулик ва муҳаббат қирраларини, ҳаёт фалсафасининг ҳали тадқиқ этилмаган жиҳатларини кўра оладилар, деб ўйлайман. Ранг-баранг мавзуда ёзган китоб­лари шундан далолат эмасми? 

Мен турмуш ўртоғимни борлиғича ҳурмат қиламан ва ўзини кимнингдир истаги билан ўзгартиришини истамайман. 

– Тўғри, ижодкор эмассиз, аммо шоирнинг рафиқаси унга қандай ёрдам бериши мумкин, деб ўйлайсиз?

– Ижодкор бўлмасам ҳам ижодни тушунаман. Гоҳо ижод қилиш истаги пайдо бўлганида турмуш ўртоғимнинг ижоди мен учун ҳам етарли, деб биламан. Шоирнинг рафиқаси нафақат ёрдамчи, балки маслакдош ҳам бўлиши керак. Маслакдошлик эса бир-бировга муштаракликдир. 

– Хиёнат… Умр йўлларингизда унинг жабрини тотган паллаларингиз бўлганми?

– Мактабда ишлаб юрган пайтларимда бир ҳамкасбим, эрингизни фалон кафеда ёш жувон билан ўтирганини кўрдим, эҳтиёт бўлинг, деб шипшиб қўйди. Бундай гап кўпчилик аёлнинг юрагига ўқдай санчилиши мумкин. Менинг эса у ўқ юрагим яқинидан ўтиб кетди. Чунки турмуш ўртоғимга ишонаман, у кишини тушунаман. Ўзимни тутиб олиб, жилма­йишга куч топиб, ҳамкасбимга шундай деганман: “Сиз ташвиш чекманг, у кишига менинг ўзим рухсат бериб қўйибман.” Кейин билсам, Тошкентдан вилоят ҳаётини ёритишга келган журналист аёлни меҳмон қилган эканлар. Бу гапни кечқурун ўзлари айтдилар. 

– Турмуш ўртоғингиз ижодкор бўлмаганида қайси касб эгаси бўлар эди? 

– Ижодкор бўлмаганларида, дипломат ёки руҳшунос, шифокор, қолаверса, спорт мураббийси бўлишлари мумкин эди, деб ўйлайман. Бундай дейишимнинг сабаби, авваламбор, бировнинг кўнглини оғритмасликка, камчилик ва хатоларини тез тўғрилашга интилишлари, муросаи мадора ҳамда чиройли муомаласи туфайли кўп нарсани ҳал қилиш­лари мумкинлигидир. 

Спорт мураббийси бўларди, дейи­шимга ҳам асос бор. Чунки у киши 1971 йилда спортнинг шашка тури бўйи­­ча вилоят чемпиони бўлганлар. Кейин респуб­лика биринчилигида фахрли ўринни эгаллаб, спорт усталигига номзодлик нормативини ҳам бажарганлар. Бугун ҳам шашка ва шахматни яхши ўйнайдилар. Айниқса, неваралар келишганида, хонадонимиз мусобақа майдонига айланиб кетади.

– Эл назарига тушиш осонмас. Бу мавқега эришишларига қандай фидоийликлари ёки қайси асарлари сабаб бўлган, деб ўйлайсиз?

– Эл назари – юксак мақом, бу назарга тушиш осонмас. Қолаверса, унга муносибликни доим мустаҳкамлаб бориш керак. Шу мавқега эришишларига етарлича асослар бор. Тун бўйи ижодий иш билан шуғулланиш, кўпчиликнинг дарду ташвишини ҳис этиш ва кўмаклашишга интилиш, ана шу асослардан бўлса, не ажаб. Бир ишни бошласалар охирга етказмасдан қўймайдилар. Гоҳо ижод соҳасида ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган янгилик­лар қиладилар.

Китобларига келсак, “Рутба” романини алоҳида тилга олган бўлардим. Чунки бу асарда Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг илму зиёси, ул зотнинг муридлари ҳақида сўз юритилади. Гоҳида вазият тақозосига кўра, илоҳиётга, руҳониятга мурожаат қилинади. Шунингдек, “Мурувват чоғи”, “Мангулик сўқмоғи”, “Темурғози тўра” романлари ҳам кўп жиҳатдан тарихни чуқурроқ билишга, улуғларимизнинг руҳият оламини англашга хизмат қилади. Мазкур йилда эса адибимизнинг Хоразм вилоятининг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов ҳақидаги “Хотира қиёфаси” асари ҳам китобхонларга тақдим этилди. Уларни такрор-такрор ўқисам ҳам зерикмайман, аксинча, ҳар гал янги томонларини чуқурроқ англайман ва қизиқишим ортиб бораверади. 

Энг муҳими, турмуш ўртоғим буюртма мадҳия-бағишлов китобларини ёзишдан ўзини тияди. 

– Ортда қолган умр йўлларингизга қараб, хаёлингиздан нималар кечади?

– “Бу дунёда армонсиз одам бечоралар ичида бечора”, деб ёзади рус шоири Сергей Есенин. Демак, афсус, армон ҳам инсонга хос, шунингдек, керакли туйғу. У инсонни тарбиялайди. Хатоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзимга келсак, армонларим кўп ва оғриқли, демайман. Масалан, бир армоним, соғлигим ҳақида вақтида етарли қайғурмаганим бўлиши мумкин. Буни ҳам турмуш ўртоғимнинг эслатиб туриш­ларидан биламан. 

Ўғлим йўқ, деб армон қилмаганман. Бунинг ўрнига ҳар бир қизим ўн ўғилга тенг, дейман. Невараларимнинг кўпчилиги ўғил болалар. Умрлари зиёда бўлсин. 

– Сиз учун бахт нимада?

 – “Эркак – бош, аёл – бўйин” деган халқона нақл бор. Менимча тўғри айтилган. Шу жиҳатдан қараганда, ўз эрини тўғри йўлга йўналтира олган аёл бахтлидир. Меҳру муҳаббат, эзгулик, яхшилик, садоқат ва вафо эса умумий бахт йўли, деса бўлади.

Ўрта умум таълим мактабида ўттиз йил ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ бердим. Бугун шогирдларим устоз, деб йўқлаб келишганида жуда қувонаман. Демак, аёлнинг бахти касбу корида ҳам экан. 

Фарзандларнинг меҳр ва оқибати аёлнинг бахтини бус-бутун ва гўзал қилади. Бу жиҳатдан ҳам ўзимни омадли ҳисоблайман. Умр йўлдошимнинг меҳри туфайли шу бугунгидай бағри бутун ҳолда, ўзимни бахтиёр санайман. Барча мушкулларим осон бўлади. У киши билан дунёнинг бир қатор мамлакатларини кўрдим ва аёлнинг бахти, авваламбор, қайси юртда туғилгани, кимга турмушга чиққани билан ҳам боғлиқ эканини теранроқ англадим. Мен учун Ўзбекистондай жаннатмонанд диёрда, меҳрибон яқинларим қуршовида яшаётганимнинг ўзи катта бахтдир. Англай олган инсонга бахтнинг ранглари турфа. Элинг, юртинг ва умр йўлдошингнинг ризолигига эришиш эса энг улкан бахтдир. 

“Аdolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Ислоҳотлар янгиланишларга ҳамоҳанг бўлиши лозим 

admin

Депутатлар халқ орасида

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ОЗАРБАЙЖОН: ДЎСТЛИК ВА ҚАРДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

admin