ADOLAT 24

ЙЎЛ ҲАНГОМАЛАРИ

“Аdolat” газетасининг ўтган сонида “Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси Гулбаҳор Қобулованинг “Тадбиркор” + радар = жарима, жарима, ЖАРИМА…” сарлавҳали мақоласини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу мавзуда ўзим ҳам айрим қайдларимни ёндафтаримга ёзиб юргандим. Долзарб мавзудаги мақоладан таъсирланганим боис, уларни жамлаб, сиз, азиз ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этишга жазм қилдим.  

ҲАҚЛИ ЖАРИМА 

Фарғона вилоятининг туманлари­дан бирига кетаётган эдим. Йўл-йўлакай ҳайдовчи тажанг бўлиб, арзи ҳол қила бошлади:

 – Ака, манави бешта конверт ичида менинг номимга ёзилган жарималар бор. Бу қандай замон бўлди, тушунолмайман? 

 – Нима сабабдан шунча жарима? Қайси гуноҳингиз учун булар?

– Киракашман. Мана шу «Дамас»им билан йўловчиларни у томондан бу томонга, бу томондан у томонга етказиб қўяман. Топган пулимни оиламни боқишга сарфлайман. Ҳақиқат қаерда ўзи, саволимга жавоб берадиган йўқ.

– Нима, айбингиз бўлмаса ҳам сизга жарима ёзишганми? 

– Ҳамма жойга камера қўйиб ташлашган. Айбим – хавфсизлик камарини тақмаганим, икки марта тезликни оширганим, бир марта қизил чироқда ўтганим учун. 

– Айбингиз бор экан-ку! Ўз ризқингизни қияётган ўзингиз экансиз-да… Қоидани бузганингиздан кейин жарима тўлайсиз-да!

– Сиз ҳам мени тушунмадингиз, – деди «Дамас»чи жиғибийрон бўлиб. – Ахир, бир ойлик даромадим бекордан бекорга сувга оқиб кетяпти. Тирикчилик нима бўлади энди?

– Агар қоидага риоя қилганингизда бундай аҳволга тушмаган бўлардингиз, тўғрими? 

– Тўғрику-я…

– Сизга ўхшаган йўл қоидасига амал қилмайдиганлар бир кунда қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётига зомин бўляпти. Болалар отасиз ёки онасиз қоляпти. Уларга ким қарайди? Ота-оналар фарзандидан айрилиб қоляпти, уларнинг ўрнини тўлдириш мумкинми?! Ҳатто йўл-транспорт ҳодисаси туфайли уруш пайтидагидан ҳам кўпроқ одамлар ҳалок бўляпти экан. Бунга нима дейсиз? Жаримани тўлаш мумкин, лекин одам ўлса, уни тўлаб бўладими? 

– Тушундим, ака, айтганингиздай аслида айб ўзимдан ўтган экан…

ТЎСИҚ МУАММОСИ

Бугунги кунда қишлоқ йўллари ҳам асфальтланиб, текис ва равон бўлмоқда. Оёғингизга тош ботмайди. Туфлингиз чанг ёки лой бўлмайди. 

 Лекин ҳеч кимдан сўрамай-нетмай, шундай равон йўлнинг ўртасига дўппайтириб бетон қоришмасидан ёки асфальтдан тўсиқ қўйил­ганини кўриб, кайфиятингиз бузилади. Ахир бу йўл ҳамманики-ку! Ота-боболаримиз: «Йўлда тош кўрсанг, четга олиб қўй, йўловчиларга озор етмасин», дейишган. Бугунги кунга келиб, равон йўлга «ёстиқча» тўсиқ қўйилаётганининг сабабини сўрасангиз, «машиналар тезлигини пасайтириш учун», деган жавобни эшитасиз. Автоулов бош­қараётганлар ўзга сайёраликлар эмас, ўзимизникилар-ку? Наҳотки улар «тезликни ошириб, бир фалокат келиб чиқишига сабаб бўлмайин», деган ўйга боришмаса? 

– Қишлоқ йўллари тор бўлишига қарамай, замона зайли билан асфальт бўлди. Лекин қоидага зид равишда, айрим кишилар томонидан ўзбошимчалик билан асфальт йўлга кўндаланг тўсиқлар қўйилаётганлиги машиналарнинг эркин ҳаракатланишига халақит бермоқда, – дей­ди қишлоқ отахонларидан бири. – Ҳайдов­чилар машинасини авайлаб, тўсиқни айланиб ўтадиган бўлиб қолишди. Натижада ҳаракат тартиби бузилмоқда. Бундай ҳолларни кўра-била туриб, на йўлсозлар, на йўл-пат­руль хизмати ходимлари бирор чора кўрмайди. Йўл қоидасини бузганга жарима бор-у, йўлга тўсиқ қўйганга, пиёдалар ва автоуловларнинг эркин ҳаракат қилишига халақит бераётганларга йўқми?.. 

ШАЛЛАҚИ ЙЎЛОВЧИ

Машинамиз катта йўлга чиқаётган пайтда кўчанинг қатнов қисмида телефонда гаплашиб кетаётган аёлга дуч келдик. Ҳайдовчи сабрли экан, шошилмасдан, сигнал бермасдан эътиборсиз аёлнинг ортидан оҳиста юриб бораверди. Ниҳоят аёл ўзини бироз четроққа олди. Унинг ёнидан ўтаётиб ҳайдовчи аёлга истеҳзоли жилмайди. Шунда аёл ҳайдовчига ўқрайиб тикилди-да: 

– Нега тиржаясан, йўлингни топиб юр!.. – дея оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади. 

 Фариштасиз аёлнинг қилиғи машинада ўтирган йўловчиларнинг ҳеч бирига ёқмади.

– Бундайлардан ҳушёр бўлиш керак, – деди хўрсиниб ҳайдовчи. – Бир гал Есин қишлоғидан келаётиб, бундан баттарига учраганман. Светофор яшил ёнганда ҳаракатланишни бошладим. Бироқ, ўнг йўлакда сал бежо бўлиб турган одамни кўздан қочирмадим. Беш метр­лар чамаси нарироққа борганимда, ортимдан қичқириқ овози эшитилди. Ойна орқали қарасам, ўша одам оқсоқланиб югурганча менга «тўхта» дегандай қўллари билан ишора қила бош­лади. Машинам­ни тўхтатдим. У югуриб келиб, машинамнинг эшигини очиб, олдинги ўриндиққа ўтириб олди. 

– Тинчликми, нима бўлди? Мазангиз қочдими? – дедим унга.

– Қаёққа қочиб кетяпсан? – деди у менга дабдурустдан.

– Кимдан қочаман? – дедим ҳайратланиб.

– Оёқни майиб қилдинг-ку… – деди у чап оёқ шимини юқори кўтариб. 

Қарасам, ҳақиқатдан ҳам оёғи шилиниб, қони чиқиб турибди. 

– Қаерда бундай бўлди? 

Унга шу саволни бердим-у, балога қолдим. У бор овози билан оёғига машинанинг орқа шинаси тегиб, шилиб ташлаганини айтиб, мелисахонага ҳайдашимни талаб қилди. 

Мен уни йўлдан анча нарида кўрганимни, оёғига машинамнинг шинаси тегиши мумкин эмаслигини исботлаб бера олмадим. Роса тортишдик. Лекин у енгди мени. Охири айтган жойига боришга рози бўлиб:

– Қаерда ўша мелисахона, кўрсатинг, – дедим.

– Ука, мелисага бошлаб борсам, каттага тушасан. Ундан кўра эллик минг беру, кетавер. Дўхтирга бориб, дори-дармон қилдираман. Даъвойим йўқ, – деди у. 

Шошиб чўнтагимни кавласам, қирқ минг сўм чиқди. «Мана шунга рози бўлинг», дегандай зорланиб, қўлига пулни тутқаздим. У юзини буриштириб, бир менга, бир пулга қараб, бўпти, дегандай шартта қўлимдаги пулни юлиб олиб, машинадан тушди-да:

– Кетавер! – деди.

Мен балодан қутилганимга шукур, дегандай енгил нафас олиб, йўлга равона бўлдим. Бир километр­лар чамаси юриб, оғзим қуриб кетганидан бир пиёла чой ичиб олиш ниятида ошхона олдида тўхтадим. Чой баҳона сўрида ўтирган нотаниш киши билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида унга ҳозиргина бўлган можароли воқеани сўзлаб бердим. У хохолаб кулиб юборди-ю:

– Сизни ҳам чув туширибди-да, ўша касофат! – деди.

– Бу нима деганингиз? – деб сўрадим.

– Шу йўлда маккорлик билан тирикчилик қиладиган битта ноинсоф бор. Пайт пойлаб, ҳунарини ишга солади. Охири пул бериб қутиласиз ундан. 

Бу гапни эшитиб, сочим тикка бўлиб кетди. Аммо на илож…

– Ўша фирибгарни тутиб, мелисага олиб бориб, адабини бермабсиз-да, – дедим ҳайдовчига.

– Ортга қайтиб, ўша ярамас билан қайтадан баҳслашиб, ҳақлигимни исботлагим келмади. Аслидаям фойдаси йўқ. Шаллақидан устун бўламан, мелисага айтиб, ҳақимни ундираман, деган одам сарсон бўлади. Асабинг бузилгани-ю, вақтинг кетгани қолади, холос…

Шунақа гаплар, азизлар. Бу қайдлардан хулосалар чиқариш эса ўзингизга ҳавола.

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Буюк фарзандларни оналар тарбиялайди

admin

БАРЧА ЗАМОНЛАРНИНГ БУЮК ДАҲОСИ

admin

АЙРИМ ДОЛЗАРБ ВИРУСЛИ ИНФЕКЦИЯЛАР ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin