ADOLAT 24

Тирбандликларга барҳам бериш вақти келди

Машина бошқараётганингизда нима кўпроқ асабингизни бузади? Америкалик руҳшунослар автомашинада юрадиган талабалар орасида ана шу саволни бериб, сўров ўтказишди. Сўровда иштирок этганларнинг қарийб чорак қисми ҳар куни йўлда бошқа ҳайдовчилардан жаҳли чиқишини билдирган.

Ҳайдовчиларнинг бир қисми эса тирбандлик ҳамда машинани қўйишга жой қидиришдан нолиган. Шаҳарда автомобиль ҳайдаш нафақат стрессга сабабчи бўлади, балки фаол ҳаёт кечиришга ҳам халақит беради. Биринчи навбатда, машина одамнинг жисмоний ҳаракатини камайтиради. Жумладан, куни бўйи рулда ўтириш оқибатида орттирилган ортиқча бир килограмм танадаги ёғ миқдорини 6 фоизга оширади.

Бугун автомобили борлар учун энг асосий муаммо йўллардаги тирбандлик бўлиб бораётгани ҳақиқат. Чунки бу ҳолат ҳар доим таъбингизни тирриқ қилади, хунобингизни оширади ва асабийлашиш учун ўзининг улушини қўшади. Бундай бошланган кун эса қандай давом этиши аниқ.

Пойтахтимизда сўнгги пайтда кузатилаётган тирбандлик ҳолатлари анчагина камайган бўлса-да, ушбу масала ҳали кун тартибидан тушганича йўқ. Айниқса, куннинг тиғиз пайтлари шаҳарнинг бир қатор кўчаларида автомашиналар турнақатор бўлиб туриб қолади. Бунинг оқибатида кўплаб инсонларнинг қимматли вақти кўчада ўтиб кетмоқда.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш ва ҳолатни яхшилаш учун зарур чоралар кўриш керак. Масалан, бир транспортдан бош­қасига ўтишга мўлжалланган қулай тарифларни кенг қўллаш лозим. Бунинг учун қисқа масофали автобус йўналишларини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Пойтахтимизга шаҳар атрофи ҳудудларидан кунлик кириб келадиган ҳамда шаҳардан чиқувчи ва магистрал йўналишлар кесишган жойларда пиёдалар учун қулай хавфсиз муҳитни (инфратузилмани) яратиш ҳам масалани ҳал қилиш чораларидан биридир.

Аслида қайси транспортдан фойдаланманг, барибир, ишга бориш ва уйга қайтиш йўли кўп вақтни олса, одамни ҳолдан тойдиради. Япон олимлари йўлда кўп вақтини йўқотадиган идора ходимларининг юрак ритми вариабеллигини таҳлил қилдилар. Вариабеллик – бу симпатик ва парасимпатик асаб тизимини баҳолайдиган кўрсаткич. Агар у нормадан чиқиб кетса, демак инсон асаб тизими ҳар кунги босимга чидай олмайди.

Симпатик асаб тизими организмни бир мақсадга жалб қилиш, яъни масалан, “ур ёки қочиб қол”га муносабат билдиргандек, парасимпатик эса дам олиш ва куч йиғишга жавоб беради. Йўлда бир ярим соатини йўқотадиган япониялик ишчиларда, симпатик фаоллик кучайди ва парасимпатик асаб тизими фаоллиги пасайди. Бу шуни кўрсатмоқдаки, кўп вақтини йўлда ўтказадиган одамлар доимий босимда юрадилар ва тўлақонли ҳордиқ чиқара олмайди.

Узоқ йўл ортиқча стресс ва асаб тизимининг бузилишини келтириб чиқаради. Вақтини йўлда йўқотадиган одам учун табиийки, фойдали фаоллик учун вақт қисқаради. Одамнинг йўлда йўқотадиган ҳар бир ортиқча соати ўзининг соғлигига сарф этилиши лозим бўлган вақтни 6 фоизга камайтиради. Бунда, айниқса, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган уйқу ва спорт билан шуғулланишга кетадиган вақт камаяди.

Мамлакатнинг бойлиги унинг фуқаролари соғлиги билан белгиланишини, биз Янги Ўзбекистонни соғлом, бақувват ва кенг тафаккурли ёшлар эвазига қуришимизни ҳисобга олсак, шаҳардаги тирбандликлар бу эзгу мақсадимизга халақит бериши мумкин. Демак, ушбу муаммони кечиктирмасдан ҳал этиш жуда муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан, бу масалага нафақат соҳага алоқадор ташкилотлар ва уларнинг мутасаддилари бош қотиришлари керак, балки ҳар бир фуқаро йўл ҳаракати маданияти ва қоидаларига қатъий амал қилиши, ўзгаларни ҳурмат қилиши ва қадрлаши талаб этилади. Фақат шундагина ҳар биримиз ушбу муаммонинг олдини олишга ҳисса қўшган бўламиз.

 Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Манзилли режалар ва мақсадлар кўнгиллар ободлигига хизмат қилади

admin

Чиқинди қачонгача кўчага ташланади?

admin

ФАРҒОНА АҲЛИ ҲАР БИР ТАШАББУС БЎЙИЧА АНИҚ НАТИЖАЛАРНИ КУТМОҚДА

admin