ADOLAT 24

ТАБИИЙ ДОРИВОР ўсимликлар ЕТИШТИРИШ  ҳаётий зарурат

Бугун бутун дунёда касалликларни табиий дори воситалари билан даволаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис мамлакатимизда ҳам доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, доривор ўсимликларнинг афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 майдаги «Доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2020 йил 10 апрелдаги «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2022 йил 20 майдаги «Доривор ўсимлик­ларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари соҳалардаги муҳим ислоҳотлар йўналишини белгилаб берди.

Юқоридаги қарор ва фармонларнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ва бошқа долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик назорати ўтказиш бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2023 йил 16 октябрдаги мажлисида қарор қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг Навоий вилоят кенгаши, вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Давлат-ўрмон хўжалиги масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилиб, доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўрганишларда маълум бўлдики, 2023 йилда вилоятдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида жами 64 гектар ерга қизилмия, каврак, наъматак, заъфарон, лаванда ва оддий қоразира доривор ўсимлик­лар экилган бўлиб, шундан Нурота тумани ҳиссасига 52 гектар, Қизилтепа тумани ҳиссасига эса 12 гектари тўғри келади. 

Бундан ташқари, вилоятда доривор ўсимлик­лар етиштирувчи кластер, фермер хўжалиги ва масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган бўлиб, улар доривор ўсимлик­ларни етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Қизилтепа туманида туман ҳокимининг 2022 йил 20 августдаги “Туманда доривор ўсимлик­лар кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Жаббор хусусий дорихонаси” МЧЖ доривор ўсимликлар кластери ташкил этилган.

Айни пайтда кластер томонидан 2,3 гектар ер майдонига доривор ўсимликлар экилган бўлиб, жумладан, наъматак – 2 тонна, мойчечак – 300 кг., тирноқгул – 200 кг., сано уруғ ва барглари – 500 кг., мята – 100 кг., гулхайри – 100 кг., полпола – 100 кг. доривор ўсимликлар етиштирилган. Кластер томонидан жорий йил октябрь-ноябрь ойларида тирноқгул – 50 сотих, ромашка – 50 сотих ҳамда сано уруғлари 50 сотих ер майдонига экилган. 

Нурота туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Респуб­ликада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 16 февралдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси ҳамда “Ferula export cluster” МЧЖ ўртасида яйлов ерларини ижарага бериш тўғрисида 2022 йил 12 декабрь куни инвес­тиция киритиш ва иш ўринларини яратиш шарти билан Қўмитанинг доимий фойдаланишдаги яйлов ерларини узоқ муддатли ижарага бериш бўйича шартнома имзоланган.

Мазкур шартномага асосан Қўмита томонидан Нурота туманидаги 63 744 гектар захирадаги яйлов ерлар 30 йилга кластерга ижарага берилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 ноябрдаги топшириғи асосида 2023-2027 йилларда 5 минг гектар яйлов ер майдонида маданий каврак плантациясини барпо этиш белгиланган бўлиб, мазкур плантациялар “Ferula export cluster” МЧЖ томонидан барпо этилиши назарда тутилган.

2023 йил ноябрь-декабрь ойларида Нур­ота туманидаги “Истиқлол” ва “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудларида 1 000 гектар плантация ташкил этиш учун ер майдонлари белгиланиб, каврак ўсимлиги уруғи захираси ташкил этилмоқда. 

Плантацияларда етиштириладиган ўсим­лик­лардан маҳсулот олиш даврида 20 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мўлжалланган. “Nurota qizilcha chorva klaster” ва “Nurota qorako’lchilik klasteri” МЧЖларига чорвачилик кластерга аъзо бўлган ходимларига қўшимча даромад олиш шароитини яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида ходимларнинг ҳар бирига шартнома асосида 10 гектардан плантация ташкил этиш мақсадида ер майдонларини ажратиш таклифи берилган. 

2023 йилда туман ҳокимлигининг янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича дастурида клас­тер зиммасига 120 та иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 300 га яқин иш ўрни яратилиб, фуқаролар ишга қабул қилинган. Бундан ташқари, май-июнь ойларида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигига белги қўйиш ишларига 300 нафардан ортиқ ишсиз фуқаролар жалб этилган. 

Нурота туманида ёввойи ва маданий ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигидан олинадиган ширани қайта ишлаш мақсадида кластер томонидан 2023-2024 йилларда қайта ишлаш корхонаси ташкил этилиши режалаштирилган.

Ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш мақсадида, ташкил этилган плантация ва қайта ишлаш корхонасига касб маҳоратига эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, каврак ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича тайёрлов курсларини ташкил этиш учун Камбағалликни қисқартириш ва банд­лик вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда 360 соатлик ўқув-дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун киритилган.

Бугунги кунда вилоятда 4 та масъулияти чекланган жамият ҳамда 1 та фермер хўжалиги томонидан доривор ўсимликлар етиштирилиб, қайта ишланиб, қадоқланиб, сотувга чиқарилмоқда.

Нурота туманида “Заринабону Элзодбек Солиҳа келажаги” МЧЖ, “Шукрона тотли мевалари” МЧЖ, “Каврак 2022” МЧЖ, Хатирчи туманида “Зарафшон дарё обод гиёҳлари” МЧЖ ҳамда Нав­баҳор туманида “Наъматак шифобахш ўсимлик” фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Хатирчи туманидаги “Зарафшон дарё обод гиёҳлари” МЧЖга қарашли плантацияда седана уруғи, наъматак мевалари, маккажўхори попуги, аччиқ бодом, топинамбур, Навбаҳор туманидаги “Наъматак шифобахш ўсимлик” фермер хўжалигида наъматак мевалари ва ошқовоқ уруғи доривор ўсимликлари етиштирилмоқда.

Навоий вилоятининг ўрмон хўжалиги ерларида доривор ўсимликларни етиштириш фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлат марказий ўрмон хўжалигининг 2023 йилга мўлжалланган дастурига асосан исириқ – 50 гектар, наъматак – 0,16 сотих, япон сафораси – 0,34 сотих, топинамбур 0,06 сотих ер майдонига экилган. 

Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Давлат ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш қарори бўйича тадбиркор Хайрулло Хасипов томонидан Нурота давлат ўрмон хўжалигининг “Чуя” участкасидаги 50 гектар ер майдонига “Кўҳистон кавраги” экилган. Аслиддин Сафаров томонидан шартнома асосида Нурота давлат ўрмон хўжалигининг “Деҳибаланд” МФЙ участкасида 250 гектар ер майдонига “Тожик кавраги” уруғи экилган. Тадбиркор Аҳрор Субҳонов шартнома асосида Нурота давлат ўрмон хўжалигининг “Сентоб” МФЙ участкасида 30 гектар ер майдонига “Кўҳистон кавраги” эккан. 

Ўрганиш давомида соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар борлиги ҳам маълум бўлди.

Жумладан, Нурота туманидаги “Ferula export cluster” МЧЖ томонидан барпо этилаётган каврак плантацияларида чорва моллари боқилиши натижасида доривор гиёҳлар пайҳон қилинмоқда. Мазкур ҳолат бўйича кластер маъмурияти томонидан туман ИИБ масъул ходимларига бир неча маротаба мурожаат қилинишига қарамасдан, шу кунгача чўпонлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Қизилтепа туманидаги “Жаббор хусусий дорихонаси” МЧЖ кластери томонидан ишлаб чиқарилган доривор ўсимликларни маҳаллий бозорда сотиш йўлга қўйилмаган ва улар етиштираётган доривор ўсимликлар давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан харид қилиш ташкил этилмаган.

Маҳаллий ТВларда доривор ўсимликлар ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тиббий аҳамияти ҳамда уларни қўллашга оид махсус кўрсатувлар ва роликлар мунтазам ёритиб борилмаяпти.

Умуман, Навоий вилоятида ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар натижаси умумлаштирилиб, партия вилоят Кенгаши ҳамда депутатлари томонидан вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Навоий “Дори-дармон” АЖга хат ва депутатлик сўровлари юборилди. Ушбу соҳадаги юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимларига қаратилган барча ташаббуслар партиямиз фаоллари ҳамда депутатларимиз назоратига олинди.

Рустам ҲАЙИТОВ,

“Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси, 

Ишчи гуруҳ раҳбари

Tegishli xabarlar

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

admin

ХАТО ҚИЛИШИНГНИ КУТАРЛАР

admin

БУ ЙИЛ ИҚТИСОДИЁТИМИЗДА ҲАЁТИЙ УЙҒОНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

admin