ADOLAT 24

Яшашга ундовчи ижод (Тўйхат ўрнида)

1975 йил. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетига 25 ўринга 400дан ортиқ даъвогар ҳужжат топширган. Ижодий танлов учун берилган мавзулардан бири “Бир фотосурат тарихи” деб номланганди. Ўша мавзуда олтиариқлик бир йигит салкам 20 бетлик “асар” ёзади. Домлалар маслаҳатлашиб, “тайёр ҳикоя” деган хулосага келишгач, бу ижодий ишга муносиб баҳо қўйишади. Ўшанда бу асар эгаси фарғоналик ёш ёзувчи Алишер Ибодинов эканлигини кўпчилик абитуриентлар ҳам билишганди.

Чунки айримлар папка-папка ёзган ишларини қабул комиссиясига топширганда, Алишер ўз даврининг жуда машҳур “Гулистон” журналида чоп этилган “Гулсафсар ҳиди”, “Денгизчи” ҳикояларини тавсия қилганди, холос. Ўша ёш ёзувчи бугун катта ёзувчига айланди. У талабалик давридаёқ Озод Шарофиддинов, Умарали Норматов каби машҳур адабиётшунос олимлар назарига тушди. Айниқса, атоқли адиб Одил Ёқубовнинг “Алишер ҳақида ўйлар” мақоласи адабий жамоатчилик ўртасида шов-шув бўлиб кетганди.

Икки оғиз сўз Алишернинг ёзувчилик сари ташлаган илк қадами ҳақида.

Ҳарбийда денгизчи сифатида хизмат қилган Алишер хизматдошларига ўзи тўқиган воқеаларни ҳикоя қилиб, уларни асло зериктирмасди. Ахир ойлаб денгизда юриш осон иш эмас. Ана шу ҳикояларни эшитган бир йигит “Алишер, шу воқеаларни қоғозга туширсангиз бўлмайдими?” деган гапни айтади. Ниҳоят, ўша йигит ҳикоялардан бири — “Гулсафсар ҳиди”ни оққа кўчириб, “осилсанг, баланд дорга осил,” дегандай, конвертга солиб, “Гулистон” журналига юборади. Ўша даврда журналга бундай асарлар юзлаб келарди. Алишернинг ҳикояси бош муҳаррир Асқад Мухторнинг қўлига тушади. Ҳикояни ўқиган адиб журналнинг навбатдаги сонида уни чоп этишга топшириқ беради ва Алишерга денгизчилар ҳаётидан ҳикоя ёзиб юборишини сўраб, мактуб йўллайди.

Ёш иқтидор эгасини қўлидан нима келишини синашми ё унинг қуйма сатрлариданоқ катта ёзувчи бўлишини сезганиданми, кўпчилик ёш ижодкорларнинг севимли устози эринмасдан ёш йигитчага хат ёзади. Бу хатни ўзим ҳам ўқиганман. Лекин мактуб сақланганми, йўқми, бунисидан хабарим йўқ. Шундай қилиб, машҳур адиб Асқад Мухтор Алишер Ибодиновнинг илк устозига айланади.

Шундай қилиб, кетма-кет ҳикоялар чоп этила бошланди. “Ҳур қизлар”, айниқса, “Қуёш ҳам олов” асари адабиётимизда катта воқеа бўлганди. Талабалар ётоқхонасида ёзилган “Бир томчи ёш” ҳикояси “Йилнинг энг яхши ҳикояси” сифатида тан олинади. Унда воқеаларни тасвирлаш маҳорати жуда кучли. Масалан, “Денгизчи” ҳикоясидаги умрини денгизда ўтказган ҳарбий зобитлар рафиқаларининг турмуш ўртоқларини кутишлари, айрилиқ азоблари, ёрларини кутган аёлларнинг кўз ёшларини денгизнинг мавжланиб туришига ўхшатган тасвирлар. Ёки бўлмаса, “Бир томчи ёш”даги ёш келинчакнинг изтироблари…

Бу ҳикояни ўқиган ўқувчи узоқ вақт ана шу асар таъсирида яшаши турган гап. У яқинда ўқувчилар қўлига теккан “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асаригача бўлган даврда жуда кўп­лаб қиссалар, ҳикоялар ёзди. Алишернинг китоблари пештахталарда сираям туриб қолмаган. Энг қизиғи, илк китоблари ўзида ҳам йўқ. Биринчи чиққан “Гулсафсар ҳиди” китобини зарур бўлиб қолганида кутубхонадан олган.

Алишер жуда кўп ўқийдиган ёзувчи. Агар китобхонлик борасида ёзувчилар мусобақаси бўлса, Ибодинов олдинги ўринлардан бирини эгаллаши турган гап. Бунинг ҳам сабаби бор. Шўролар давридаги машҳур “Адмирал Синявин” кемасидаги кутубхонадаги китобларнинг барчасини ўқиб чиққан. Хуллас, 3 йилни бекорга ўтказмаган. Талабалик давримизда катта китобларни, ҳатто рус тилида чоп этилган романларни икки, уч соат ичида тўлиқ ўқиб чиқарди. Синаш учун мана шу китобларнинг хоҳлаган жойидан сўрасак, бемалол айтиб берганида ҳайрон қолардик.

Бундан 30 йилча аввал Фарғонада сел келиб, кўп жойни сув босади. Ҳамма ўз ташвиши билан овора. Лекин Ибодиновнинг ўй-хаёли шаҳардаги қадимий кутубхонада бўлган. Уни таниганлар ўша куни эрталабдан балчиқдан тарихий китобларни олаётгани ва қопга солиб шаҳардаги қариндошиникига кетаётганлигини узоқ вақт гапириб юришган.

У тарихни жуда яхши билади. Машҳур тарихчилар билан айрим мавзуларда соатлаб баҳслашиши мумкин. Навоий номидаги кутубхонанинг ноёб асарлар бўлимида эрталабдан кечгача тарихий асарларни кўздан кечирарди. Баъзан кеч кирганда, “энди бўлди,” деб таниш бўлиб қолган кутубхоначи опамиз имо қилганидан сўнг, ўқиётган китобини зўрға топширган кунлари кўп бўлган.

Журналист Ибодинов ҳам алоҳида мавзу. Олий даргоҳни битиргач, дастлаб раҳматли отаси Умарали Ибодинов ишлаган газетада Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов сингари Фарғонанинг машҳур адиблари билан ака-укадай ёнма-ён ишлади. Бош муҳаррир бўлди. Хусусий газеталар илк бор чоп этила бошлаганида адади 20 мингдан ошиқ “Адолат йўли” деб номланган газетани чиқарди.

Дўстликни қадрлашни, дўстга садоқатни ҳам Алишердан ўрганмоқ керак. Бир воқеани батафсил бўлмаса-да, қисқароқ ёзиб, сўзимни исботласам: 5-6 йил аввал данғаралик дўсти бир неча китоблар муаллифи Носир Зоҳид устида “қора булутлар” пайдо бўлиб қолади. Унинг асарлари муҳокамага қўйилганда, айримлар нохолис фикрлар билдиргач, Алишер ўзининг ҳақ гапини айтиб, у менинг дўстим, ҳам Фарғонамиздаги яхши ижодкорлардан бири, деб барчага қарши туради ва ўз фикрини ўтказади.

Йиллар ўтаяпти. Куни кечагина Тошкентга келиб, олий даргоҳга кириш мақсадида имтиҳон топшириб юрган, уни таниб қолган абитуриентлар “ана, ўша ёзувчи,” деб қўллари билан кўрсатган, бошида Фарғона дўпписи ва денгизчи кийимидаги сочлари қоп-қора йигитча бугун 70 ёшга кириб қўйипти. Ишонгим келмайди. У билан ўтган ғаройиб, эртакнамо кунларимиз жуда кўп. Булар ҳақида мавриди келса ёзарман. Алишернинг таваллуд куни муносабати билан тайёрлаган таклифномасидаги “Ҳаётимда қилолмаган ишларим, туғилмаган асарларим мени яшашга ундайди,” деган сатрларни қайта-қайта ўқидим. Демак, ўғил боланинг гапи битта бўлади. Қилолмаган ишлари амалга ошишини, туғилмаган асарларини кутамиз. Ахир истеъдод, иқтидор ҳаммага ҳам берилавермайди.

Анвар Абдувалиев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Эришилган иқтисодий кўрсаткичлар ва келгуси прогнозлар муҳокама қилинди

admin

«МАРД ЎҒЛОН» ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Маҳаллий кенгашларда томлар бутланди (Хорзам, Фарғона, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари мисолида)

admin