ADOLAT 24

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени…

Шоир Миртемир деганда дўпписи бурчагини пешонаси устига қўйган, гавдасини сал орқага ташлаб салмоқлаб қадам ташлайдиган, гапирганда ҳам шошилмай, сўзларни дона-дона қилиб айтадиган оғир-вазмин табиатли инсон кўз ўнгимда намоён бўлади. Шеър ўқиганда ҳам шу одатини бузмасди, овозини кўтариб ҳайқирмасди, ўзига хос босиқлик билан сўзларини тўлиқ талаффуз қилиб ўқирди. Домла шеър ўқиётганида ўзини кўрмасдан ҳам, айтайлик, радиода ўқиётганда, овозидан дарҳол таниб олиш мумкин эди. Зотан, Миртемир домланинг шеърлари, услуби ҳеч кимникига ўхшамагани каби шеър ўқиш услуби ҳам ўзига хос эди.

Ўзбекистон халқ шоири Миртемир жуда нозиктаъб, сўз заргари, халқ тилини мукаммал биладиган, халқона ёзадиган ижодкор эди. Домланинг шеърий мисралари ҳам, насрий сочмалари ҳам соддалиги, ноёб сўзларнинг мўллиги билан ажралиб туради. Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов 1962 йилда чиққан «Замон. Қалб. Поэзия» китобида Миртемир ижоди ҳақида қуйи­дагиларни ёзган: «Миртемир поэзиясида шаффоф тиниқлик, беғубор, нафис ва тўлиққан қуёшнинг тафти, кумуш тўлқинли мавжлар ва қўнғироқдай майин куйлар бор. Миртемир поэзияси тоғ дарёси каби доимо одамлар хизматида, уларнинг дилига нур бағишлайди, қалбини қувонтиради, юракларнинг ташналигини босиб, уларни гулга ўрайди. Халқ ҳаётини, халқ қалбини чуқур ва гўзал, табиий ва самимий ифодалаган шоирни ҳамиша халқ ўз фарзандидай ардоқлайди».

Дарҳақиқат, Миртемир чинакам халқ шоири эди. У кишининг асарларида тилимизнинг нақадар бойлиги яққол акс этган десак, муболаға бўлмайди.

Сир сувлари ғиқ бўғилиб, чўлларга оқур,

Қир йўллари кулиб-кулиб тақур гул-лола.

Тўрғай ирғай-ирғай баҳор шеърини тўқур,

Қўйнингга баҳор кирур – кенг саҳро, дала.

Қанчалар равон, содда ва халқона! Шеър санъати нуқтаи назаридан қараганда эса ички қофия­лари ҳам ниҳоятда тўқлиги ўқувчини ҳайратга солади.

Энди мана бу мисраларга эътибор беринг.

Кеча ойдин, кўз ойдин!

Мен сўрадим сўз ойдин,

Ой деди: ой юзлигинг

Ойдинроқдир юз ойдин.

Ойдинда денгиз сулув,

Сувда ой тенгсиз сулув,

Денгиздан ҳам, ойдан ҳам,

Ой юзли шу қиз сулув.

Образларни қаранг, ўхшатиш­ларни кўринг! Ким севгилисини шундай таърифлаган, улуғлаган?! Ҳайратланмаслик, қойил қолмаслик мумкинми бу сатрларни ўқиб.

Миртемир ижоди ҳақида сўз кетганда унинг “Сурат” достонини эсламасликнинг иложи йўқ. Шоир уни лирик қисса деган. Жанридан қатъий назар бу асар нафақат Миртемир ижодида, балки йигирманчи аср ўзбек адабиёти хазинасидаги энг нодир дос­тонлардан ҳисобланади.

Ҳажман ихчам бу лирик қиссада севги, вафо, бевафолик алам-изтироб билан тасвирланган. Уни ўқиган китобхон кимнидир кўз олдига келтиради: ие, бу фалончи-ку, дейиши аниқ.

Эсингдами сўнгги бўсалар,

Сенга тоқат тилаганларим.

Юз очганда аёз бир саҳар,

“Хайр!” – деб, сочинг силаганларим,

Сенга тоқат тилаганларим?

Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?

Сени асраб тўрт йил қўйнимда –

Топинардим, ўпардим… эсиз!

Эвоҳ, қандай зил юк бўйнимда,

Сени асраб тўрт йил қўйнимда…

* * *

Бугун йўлда дуч келганингда,

Нега бирдан тўхтадинг, жонон?

Эринг келар эди ёнингда,

Сал қолдики, чақирсанг:

“Тошлон!”

Шўрлик Тошлон, бечора Тошлон!

Ғамдийда, ҳей кўзларим, ёшлан!..

Мана шу сатрларданоқ қисса қаҳрамонлари ҳолати ва изтиробини тасаввур қилиш мумкин.

Миртемир шеърларини ўқисам қулоғим остида домланинг босиқ, ширали овози эшитилгандай бўлаверади.

* * *

Миртемир домланинг кўп­лаб шеърлари хонандалар томонидан ашула қилиб куйланган. Фахриддин Умаров куйлаган “Мени ёд эт”, Ҳадя Юсупова ижро этган “Шаҳримда бир гўзал бормиш” сингари ўнлаб ашулаларни ҳали-ҳануз шинавандалар севиб тинглайдилар.

Мен Миртемир домла билан бир неча марта суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Қуйида шулардан бири ҳақида тўхталмоқчиман.

Домла йирик поэмага ҳам, кичик шеърга ҳам, оддий интерьвюга ҳам масъулият билан қарар эди.

Ўшанда “Ўзбекистон маданияти” газетаси таҳририятида санъат бўлимида ишлар эдим. Қўшиқ санъати ҳақида баҳс-мунозара бошладик газетада. Унда шоирлар, бастакорлар, хонандалар, мусиқашуносу адабиётшунослар иштирок этди. У вақтларда бундай мунозаралар кес­кин бўлар, барча ижодкорлар, “шунос”лар жуда фаол эди.

Шу мунозарада Миртемир домла ҳам ўз фикрлари билан қатнашиш­ларини истадик.

Домлага қўнғироқ қилиб, таклифимизни айтдим. Рози бўлди. Белгиланган вақтда уйига бордим. Домла ҳовлидаги дарахтларнинг бачки новдаларини ток қай­чи билан кесиб юрган экан.

Ичкарига кирдик. Столда шўрданак, қовурилган нўхат, пўлоди нон турибди. Булар у пайтларда фақат Самарқандда бўларди.

– Яқинда Самарқандга бориб келдим, – деди домла ўзларига хос майин, босиқ овозда салмоқлаб. – Ҳеч кимга билдирмадим, – майин жилмайди. – Ўзим якка айландим шаҳарни. Самарқандни яхши кўраман.

Бунинг сабабини тушундим: Миртемир домла Самарқандда ўқиган, ишлаган. Ёшлик йиллари кечган бу қадим шаҳарда. Ўша йилларни эслаган, қўмсаган бўлиши мумкин.

Дастурхонга ишора қилди:

– Олинг, бўтам, буларнинг барини Самарқанддан олиб келганман.

У киши бир даста қоғозни олдимга қўйди. Кейин менга юзланиб жилмайди:

– Энди сизни озгина ишлатамиз-да, бўтам. Мен айтиб тураман, сиз ёзасиз.

Аслида буни телефонда гап­лашганимизда келишиб олган эдик. Аниқроғи, домлани қийнаб қўймаслик учун “Фикрларингизни айт­сангиз, мен ёзиб оламан”, деган эдим. Шунга қарамай яна хижолатомуз юқоридаги гапни айтди. Шунақа камтар инсон эди-да Миртемир домла.

У кишининг камтар, юксак одоб соҳиби эканига, самимийлигига яна бир мисол келтираман. Устозларимиздан эшитган эдим.

Миртемир билан буюк ёзувчимиз Ойбек бир маҳаллада яшашар эди. Миртемир Ойбек домланинг уйи олдидан ўтаётганда машинадан тушар экан. “Бу улуғ инсоннинг олдиларидан мошинда ўтиш одобсизлик бўлади” деб пиёда, ўнг қўлларини кўксига қўйиб, Ойбек домланинг уйларига салом берган каби бироз эгилиб ўтар экан. Сўнг­ра яна машинага ўтирар экан.

Катталарга, хусусан, устозларга ҳурмат, одоб нақадар юксак бўлган-а! Ҳолбуки, ўша вақтларда Миртемир домланинг ўзи ҳам ўнлаб ижодкорларга устозлик қилган, ўзбек шеъриятининг забардаст устунларидан бири бўлган.

Шундай эзгу қадриятлар борми ҳозир? Устозлар ҳурмат-иззати жойига қўйилмоқдами? Замонавий бўлиш яхши, аммо миллий урф-одатларимизни унутиш, уларга эскилик сарқити деб қараш қанчалар тўғри экан? Булар ҳар кимнинг виждонига ҳавола…

Хуллас, домла қўлларини белига қўйиб у ёқдан-бу ёққа юрган кўйи секин айта бошладилар. Мен ёзиб боряпман. Бир-икки жумла айтиб, индамай у ёқдан-бу ёққа бориб келадилар. Сўнг яна давом этади.

Бир варақни қораладик. Домла миқ этмай юришда давом этди. Негадир юришлари тезлашди. Мен ручкани шай қилиб, қоғозга термилиб ўтирибман.

Бир маҳал ёнимдан ўтаётиб ёзилган қоғозни олдилар-да, ғижимлаб бурчакка отди.

Ўсмирлик чоғларимиз эрта кузда қишлоғимиз тепасидаги заяк ерларга бедана ушлагани борардик. Бедана буталар соясида пусиб ётар, биз у ёққа-бу ёққа ўтиб, беданани қайси тарафдан “илиб” олиб кетишни мўлжаллардик. Бедана одам қаёққа ўтса ўша томонга термилиб ётаверарди. Мўлжални аниқ олгач, қадамни тезлатиб, ўта-ўта ярим энгашиб, беданани “илиб” кетардик.

Миртемир домланинг ҳозирги ҳаракатлари менга ўша жараённи эслатди.

Мен домлага қарадим, аммо юзини кўролмадим. Гўё менинг фикримни англагандай “Бошқатдан ёзамиз”, дедилар. Бундай ҳол яна бир-икки такрорланди. Ўзи ҳамкорлик қиладиган бастакорлардан айримларини санади. У киши бировнинг исм-фамилия­сини тилга олганда “ов”, “ев” қўшимчаларини ишлатмас эди. Шу боис Фахриддин Содиқ, Манас Леви, Сулаймон Юдак деб ёздирди.

Ниҳоят, ёзиб бўлдик. “Ҳамкорлик ҳақида” сарлавҳали мақола қоғозга тушди. Шоир ва бастакор ҳамкорлиги хусусида сўз борди. Миртемир домла ўзлари ҳамкорликда ишлаган бастакорлар, уларнинг маҳорати, шоир ва бастакор бир-бирини тушунишининг, услуби яқинлигининг, шунга мос хонанда бўлишининг аҳамияти тўғрисида мулоҳазаларини баён қилди.

Мақолада “комёб” деган сўз ишлатди. Ёзиш жараёнида алоҳида “комёб” деб таъкидлади ва “камёб” деб ёзиб қўйманг, бўтам”, деди (мен бу сўзнинг маъносини кейин билиб олдим – ниятига етган, орзулари ушалган, деган маънода экан). Баъзи таҳририятларда “билимдон” мусаҳҳиҳлар бор, ўзларича тузатишади сўзларни, оқибатда маъно, фикр бузилади. Шундай бўлиб қолмасин, дейман-да, бўтам”, деди жилмайиб…

Мен мақолани кўтариб, таҳририятга чопдим.

Мақолани машинкада ёздириш жараёнида ҳам, босмахонада териб чиқилганидан кейин ҳам “ком­ёб” сўзига алоҳида эътибор қаратдим. Газетанинг мақола чиқаётган сонига масъул навбатчига, мусаҳҳиҳларга қайта-қайта Миртемир домланинг гапларини тайин­ладим. Охирги корректурани ўзим ўқиб бердим. Жойида эканидан хотиржам бўлиб, уйга кетдим.

Эрталаб газетани очиб қарасам, не кўз билан кўрайки, “ком­ёб” “камёб”, деб тузатилган! Юрагим шиғиллаб кетди. Миртемир домланинг шунча тайинлагани нима бўлди? У киши нима деб ўйлайдилар? Мен у зотнинг юзларига қандай қарайман? Тушунтиришларим, ўзим охирги корректурани ўқидим, тўғри эди, дейишимдан нима наф энди?!

Навбатчидан сўрадим, мусаҳҳиҳлардан сўрадим. Ҳеч ким “мен тузатдим ёки фалончи тузатди”, демайди. “Ҳаммаси тўғри эди, билмадим ким тузатган”, дей­ди, холос.

Мақола газетада чиққани ҳақи­да Миртемир домлага қўнғироқ қилиб айтмадим, айтолмадим. Қайси юз билан айтаман? Аксинча, Миртемир домла қўнғироқ қилиб қолсалар нима жавоб бераман, деб хижолат бўлиб юрдим. Лекин қўнғироқ бўлмади. Домла эътибор бермаган ёки буларга гапиришдан фойда йўқ, деб ҳафсаласи пир бўлиб, қўл силтаб қўйган бўлсалар керак… Кейингиси ҳақиқатга яқинроқ, деб ўйлайман.

* * *

Миртемир домланинг бошидан кўп ташвишлар ўтган. Ўша азоб-уқубатлар шеърларида ҳам акс этган. Биргина “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деган сатрларида қанча алам-изтироб, афсус-надомат, дард бор!

Аммо шоир ўзини йўқотмади, ижодни чеккага сурмади. Ўнлаб достонлар, бири-биридан гўзал шеърлар, сочмалар ёзди. “Тингла, ҳаёт!” деган китобига кирган нас­рий сочмалари шеърдай ўқилади, юракларни ларзага солади.

Миртемирнинг А.Пушкин, М.Л­ер­монтов, А.Некрасов, Ҳ.Ҳайне, М.Горький, Н.Ҳикмат, А.Твардовс­кий, С.Вурғун, С.Капутикян каби турли халқлар адабиётидан қилган таржималари шеърий таржиманинг юксак намунаси сифатида эътироф этилган. Грузин мумтоз шоири Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” поэмаси, қирғиз халқ эпоси “Манас” сингари йирик асарлар Миртемир таржимаси орқали халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Домла ёшларнинг меҳрибон устози эди. Кўплаб ёш шоирларга оқ йўл тилаган. Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” деган илк китобига ҳам Миртемир домла сўзбоши битган.

Миртемир Ўзбекистон Давлат мукофоти, Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси Давлат мукофоти соҳиби. Шоирга вафотидан кейин – 2001 йилда Президент фармони билан “Буюк хизматлари учун” ордени берилди.

Улуғ ва камтарин инсон, хассос шоир эдилар-да, Миртемир домла. У зотнинг шеърлари, дос­тонлари, сочмалари, таржималари халқимиз маънавиятини ҳали-ҳамон бойитиб келмоқда.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Эгри йўлнинг тўқмоғи!

admin

Бюджет маблағлари очиқ ва мақсадли сарфланиши зарур

admin

Муаллим

admin