ADOLAT 24

Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига ҚАРШИМИЗ!

Шу кунлари юртимизда “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси қонуни лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда, албатта. Зеро, партиямизнинг Сайлов­олди дас­туридаги устувор ғоялар ҳамда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқалар томонидан болаларга нисбатан кўрсатилаётган тазйиқ, ҳақоратлаш ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклларига нисбатан муросасизликни тарғиб этамиз ҳамда бу борада учраб қоладиган салбий ҳолатларга нисбатан амалдаги қонун асосида зудликда адолатли ва кескин чоралар кўриш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Дарвоқе, ҳаётимиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун лойи­ҳаси юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирларимизда иштирок этган айрим юртдошларимиз “Бу қонун менталитетимизга тўғри келмайди… Ахир биз болажон халқмиз… Болалигим – пошшолигим деймиз… Ўзбек бола-чақаси учун яшайди ахир… Шундай экан, бу қонун керакми ўзи?..” қабилида эътирозлар билдиришди. 

 Дарҳақиқат, болаларга меҳр-муҳаббат билан муносабатта бўладиган халқмиз. Фарзандларимизни суйиб-эркалаб, бошимизга кўтарамиз. Бу яхши. Бироқ… атрофга қаранг, ижтимоий тармоқларни кузатинг. Ўз фарзандларини шафқатсиз калтаклаётган ота-оналар, боғчада жажжи болакайларни ваҳшиёна ураётган тарбиячилар, эмизикли чақалоғини сотаётган жувонлар… буларнинг ҳаммаси шундай ёнгинамизда содир бўлмоқда! Бу ҳодисаларни содир этаётганлар ҳам ойдан тушган эмас, сизу бизнинг элдошлармиз, миллатдошимиз, қўшнимиз, маҳалладошимиз…

Ҳа, мамлакатимизда инсoн ҳуқуқлари ва эркинликлари сoҳасидаги давлат сиёсатининг устувoр йўналиши бoлалар ва ёшларнинг жисмoний, интеллектуал ва маънавий ривoжланиши учун қулай ва энг яxши шарoитларни яратиш, шунингдек, кўп бoлали oилаларни, eтим бoлалар ва oила қарамоғидан маҳрум бўлган бoлаларни ҳар тoмoнлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, жамиятимизда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учраётганлиги ўта ачинарли ҳолат.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда хусусан, “Oper.uz” каналида эълон қилинган, муҳокамалар марказида бўлиб турган, “Она ўз фарзандини тагини ҳўллаб қўйгани учун аямай урмоқда” сарлавҳасидаги видеолавҳага кўзингиз тушгандир. Аёл ўз жигарбандини, мурғак болакайни ваҳшиёна калтаклаши, боланинг киндиги пастига игна санчиши ҳар қандай юракни ларзага келтиради!

Шу аёл ҳам онами? Ақлсиз онанинг зурриёди бўлган гўдакнинг айби нима ахир?! Сабий гўдакни калтаклашдан ортиқроқ гуноҳ борми одамзот учун?!

Тўғри, ўз фарзандларини аёвсиз калтаклаган она ўзбекистонлик эмас экан-ку, дейишингиз мумкин. У аёл қаерлик бўлмасин, аввало, она! Энг афсусланарли томони ўзбек аёли эканлигидир! 

Юнон мутафаккири Назианзин “Ҳар қандай гуноҳ қалбнинг ўлимидир”, дейди.   Орамизда қанчадан-қанча қалби ўлганлар бор-а…

Тафсилотларини тилга олиш қанчалар оғир бўлмасин, ижтимоий тармоқларда бу каби юракни парчалаб ташлайдиган лавҳаларни кўриб, айрим одамлар ҳатто ҳайвондан ваҳший бўлган замонга келдикми, дегингиз келади беихтиёр.

Биз эса оғизда болаларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз деймиз-у баъзан кўз олдимизда уларга нисбатан рўй бераётган даҳшатли тажовузларни бир-икки кун ўзимизча муҳокама қиламиз, кейин… тирикчилик ташвишларига андармон бўлиб, унутиб юборамиз. Эски фожиалар янги фожиалар остида қолиб кетаверади, урчиб кўпаяверади…

Қайд этиш жоиз, қонунчилигимизда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган ва соҳага оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Хусусан, Ўзбекистон “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлда кучга кирган. Ўзбекистон БМТнинг мазкур Конвенцияси талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.

Конвенциянинг 19-моддасида “Иштирокчи-давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёки ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмоллик­лар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоялаш мақсадида жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўрадилар”, деб белгиланган.

Қолаверса, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур, деб белгиланган.

Ҳа, ҳуқуқий меъёрлар бола ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаган, уни зўравонликдан тўлақонли ҳимоя қила олади, деган фикр уйғониши мумкин. Бироқ амалиёт болаларни янада ишончли, самарали ҳимоя қилиш учун қонунчилигимизни янада мукаммаллаштиришни тақозо этмоқда. Мазкур қонун лойи­ҳаси мана шу эҳтиёж ҳосиласи ўлароқ майдонга келди.

Лойиҳани диққат билан ўқиб чиқинг. Унда жуда кўплаб саволларга жавоб топилади. Жумладан, қонун лойиҳасига мувофиқ, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига қуйидагилар киради:

– жисмоний зўравонлик;

– жинсий зўравонлик;

– руҳий зўравонлик;

 – эксплуатация;

 – буллинг (болага мунтазам равишда руҳий ёки жисмоний босим ўтказиш);

– ғамхўрлик кўрсатмаслик…

Эътироф этайлик, қонун устувор демократик жамиятда бола ҳуқуқларини қонун, қонун ва яна бир марта қонун ҳимоя эта олади. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш, албатта, масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони эса қонун талабларининг амалда тўлиқ қўлланилишидир. Бу эса ҳар биримизга ва ҳаммамизга боғлиқ. Ана шундагина қонун қоғозда қолиб кетмайди, фарзандларимиз ҳимояси учун ишлайди.  

Келинг, азиз юртдошлар, лойиҳа муҳокамасида фаол бўлайлик, шу йўл билан болажонларимизни асрайлик! Ахир, улуғ ёзувчи айтгани каби, “Дунёнинг жами ғам-ташвишлари боланинг бир томчи кўз ёшига арзимайди”!

Болаларимиз асло кўз ёши тўкишмасин! Дунё болаларники бўлсин! 

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш

бошқармаси бошлиғи

**

Қонун устуворлиги “Адолат” СДПнинг бош мақсади. Шу маънода қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришларга “адолатчилар” бефарқ қарамаётгани бежиз эмас. Айни кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ўрганишда ҳам партиядошларимиз фаоллик кўрсатмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши томонидан Андижон давлат тиббиёт институтида қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатида таъкидланганидек, ҳар биримиз бу масалага эътибор билан қарашимиз лозим. Унда белгиланган вазифалар зиммамизга катта масъулият юклайди. Ижтимоий тармоқларда кузатилаётган болалар билан боғлиқ кўнгилсиз воқелик­лар ҳам қонуннинг қабул қилинишини талаб этмоқда.

– Бу борада биргина болаларга жисмоний ёки жинсий зўравонликни тушуниш билан чегараланиш мумкин эмас, – деди халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Насибахон Тўйчиева. – Ҳатто ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва буллинг холатлари ҳам энди кечирилмайди. Яна боланинг ҳаёти ва соғлиги бевосита хавф остида қолганда ваколатли орган болани ота-онадан ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олишга ҳақлилиги белгиланмоқда.

Очиғи бу мавзуда сўз очишнинг ўзи оғир. Айниқса, айрим оилаларда ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан тазйиқ ўтказишини кечириб бўлмайди, – деди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Анди­жон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Ушбу қонуннинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига кескин ва муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Адолат” СДП Андижон туман кенгаши томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилган тадбир шу мавзуга бағиш­ланди. Дастлаб иштирокчилар қонун лойиҳаси билан таништирилди. Шундан сўнг мутахассисларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

– Амалдаги қонунчиликка кўра боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар болаларни биринчи нав­батда зўравонликдан ҳимоя қилиши, агар бунинг имкони бўлмаса, зудлик билан ваколатли органларга мурожаат қилиши лозим, – деди партия фаоли Обиджон Сармонов. – Болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликка бепарволик ёки бефарқлик ҳам болаларга нисбатан зўравонлик ҳисобланади. Қонун лойиҳасида эндиликда бу борадаги ҳаракатлар қонуний баҳосини олиши кўзда тутилмоқда. Бу айни вақтда жамоатчилик зиммасидаги масъулиятни ҳам оширади.

Тадбирлар савол-жавобларга бой бўлди. Иштирокчилар зўравонликнинг олдини олишни оиладан бошлаш лозим, дея таъкидладилар.

Андижон вилоят кенгаши

матбуот хизмати

**

Жаннат оналар оёғи остида, деймиз. Афсуски, давр силсилалари ва техника тараққиёти, айрим ҳолатлардаги лоқайдлик­ларимиз аёлнинг хўрланишига ҳам олиб келди. Оқибатда она аталмиш буюк зотни қонун ҳимоясига олиш эҳтиёжи вужудга келди. Бунинг ортидан эса болаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан асраш яна бир заруриятга айланди.    

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу қонун лойи­ҳасида зўравон ота-онадан фарзандини олиб қўйиш, болага ҳимоя ордери бериш ва индивидуал ҳимоя режасини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида болалар ўртасида зўрлик қилиш ва камситишга йўл қўймаслик каби масалалар ўртага ташланяпти. Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Aдлия вазирлиги ҳамда ЮНИCЕФ ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 5 та боб, 49 моддадан иборат. 

… Эрта тонгдан қўшнимнинг хонадонидаги одатдаги бақир-чақирлар кайфиятимни бир пул қилди.

– Ҳа, жувонмарг! Тўнғиз қўпгур! Сан болага ўша қуриб кетгур мактабингга бормай, бозорда менга қарашгин, десам кўзингни лўқ қиласан! Санга кийим ҳам олиб бермайман, овқат ҳам бермайман. Айтганимни қилмасанг, уйга ҳам киритмайман, “бомж”лар билан ахлат титиб юрасан…

“Болажон халқмиз”, деймиз. Бобою момоларимизнинг “Битта майизни қирқ киши бўлиб еган”, деган гапларини ҳам эшитганмиз. Фарзандининг илм олиши учун тиним билмай меҳрибонлик қилаётган ота-оналар ҳам орамизда кўпчиликни ташкил қилади. Лекин боласига арава етаклатиб, мактаб­га юбормай, оғир юмушларни бажартираётган ота-она­лар, уларнинг соғлиги ҳақида қайғурмайдиган, қалбига меҳр уруғлари ўрнига зулм ва қаҳр уруғларини сочаётганлар ҳам, афсуски, орамизда учраб турибди.

Бугун дунё илм-фанидан бохабармиз, иқтисодий, тиббий соҳаларда ютуқларимиз салмоғи ортиб, жаҳон олимлари билан ҳамкорлик алоқалари ортиб боряпти. Ҳа, бу жараёнда дунёни ўргимчак тўридек чирмаб олган интернет тармоғининг улкан аҳамиятини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо… Шу ўринда таниқли шоир Садриддин Салим Бухорийнинг шеъри ёдимга тушади:

Иллат излаганга – иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга – ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё.

Дунёдан иллат изловчи айрим нопок шахслар яхшиликдан ҳам ёмонлик топишади. Дейлик, она сути таъми оғзидан кетмаган жажжи қизалоқларнинг номусига, орига тажовузлар ҳам айнан интернет тармоғидаги иллатларнинг таъсири, дейиш мумкин.

Мазкур қонун лойиҳасида айнан болалар учун хавфсиз ва зўравонликдан холис бўлган муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, зўравонликдан жабрланувчи, ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам берилиши ҳам кўрсатиб ўтилган.

Таклиф этилаётган ҳужжатга кўра, лойиҳанинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши Фарғона вилоят суди, вилоят Ички ишлар бош­қармаси ҳамкорлигида мактаб, касб-ҳунар коллежи ва техникумларда мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот тадбирларини ўтказиб келяпти. Қонун устуворлиги ва юртимиз келажаги бунёдкори бўлган фарзанд­ларимизнинг қонуний манфаати ҳимоясига қаратилган ҳужжат барча ҳудудларда қизғин қўллаб-қувватланмоқда, қонунни янада такомиллаштириш юзасидан қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Зеро, болажон халқимиз қонунларга таянган ҳолда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз кураш олиб бораверади.

Шаҳноза Ғаниева,

Фарғона вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Жуманиёз Жабборов: Наврўз  келибон…

admin

МУСТАҚИЛЛИГИНГ АБАДИЙ БЎЛСИН, ОНА ХАЛҚИМ!

admin

Янги қурилишлар баҳонасида… Ҳамид Олимжон ва Зулфия яшаган уй бузилмоқда

admin