ADOLAT 24

Самарқандда “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII Халқаро конгресси бўлиб ўтди

Ўзбекистон дунёнинг қадимий тамаддун марказларидан бири ҳисоб­ланади. Жаҳоннинг турли бурчак­ларида юртимизни Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, цивилизация­ларнинг қайноқ нуқтаси бўлган мамлакат сифатида эъти­роф этишади. Юртимиз азал-азалдан ўзининг гўзал ва бетакрор обидалари, муҳташам иншоотлари, ўзига хос миллий маданий-маърифий мероси билан, савдо-сотиқ, илм-фан маркази сифатида дунёнинг турли минтақаларидан ташриф буюрувчи инсонларни завқлантириб, ҳайратга солиб келган.

Мана, бир неча йилдирки, юртимизда Президентимиз ташаб­буси билан қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида Ўзбекис­тон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва омма­лаштириш мақсадида 300 дан ортиқ хорижлик олимлар иштирокида ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” халқаро конгресси мамлакатимиз нафақат қадимда, балки ҳозир хам дунё ҳамжамияти диққат марказида эканлигидан далолат беради Мазкур анжуман етти йилдан буён халқимиз маданий меросига мансуб бўлган, бироқ, айни пайтда турли сабаблар туфайли ҳозирда чет элларда — йирик кутубхоналар, музейлар ва шахсий коллекцияларда сақланаётган санъат ва маданият дурдоналари ҳақида маълумот тўп­лаш, ўрганиш, мамлакатимизга олиб келиш, халқимиз ва дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола этиш каби шарафли ишларни амалга ошириб келмоқда.

“Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” халқаро конгресси жамияти ҳар жиҳатдан инновацион лойиҳа бўлиб, ўтган йиллар давомида самарали фаолият юритди ва навбатдаги анжуманга ниҳоятда салмоқли натижалар билан келди, десам муболаға бўлмайди. VII Халқаро конгрессда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан 61-70 жилддан иборат 10 та янги китоб-альбом тақдим этилди. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан, Татарис­тон), Туркия­даги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар шулар жумласидандир. Эъти­борли жиҳати, ушбу тўплам китоблар кутубхоналарга бепул тақдим этилмоқда. 50дан ортиқ илмий омма­боп фильмлар тасвирга олиниб, оммавий ахборот воситаларига тақдим этилди. Қолаверса, келгуси VIII конгресс олдидан яна 10 та китоб-альбом чоп этилиши режалаштирилган.

Амалга оширилаётган ишлар кўлами ўлароқ, конгресс фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб, дунё ҳамжамияти орасида нуфузи янада ортиб бормоқда. Бу йилги анжуманга Туркманистон, Греция, Уммон султонлиги ва Россиянинг яна бир нечта узоқ ҳудудларидан делегатларнинг келиб қўшилганлиги фикримизга яққол далил бўла олади. Биз мазкур ҳудудларда ҳам “Ўзбекис­тон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” халқаро конгресс доирасида Ўзбекистоннинг маданий меросига оид ёдгорлик­лар сақланиб қолинган музей ва илмий тадқиқот муассасаларини бирлаштиришга муваффақ бўлдик. Конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро конференциядан иборат бўлиб, биз уларда 120 га яқин илмий маърузалар тингладик. Натижада анжуман давомида бизга шу кунга қадар номаълум бўлган бир қанча янгиликлардан бохабар бўлдик. Жумладан, Қўқонда XVII асрда тайёрланган Қуръоннинг Туркия ҳукмдори Мехмед султонга юборилган нусхаси билан танишиш имконига эга бўлдик. Бундан ташқари, Ҳиндис­тонда сақланаётган Бобурноманинг янги нусхалари мавжуд эканлигига гувоҳ бўлдик.

Илм-фан тараққиёти йўлида тарихий манбаларнинг ўрни беқиёс. “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” халқаро конгресс доирасида ана шундай кўплаб қимматли тарихий маданий меросларимиз борасида янгидан-янги маълумотларга эга бўлиб бораётганимиз, анжуман том маънода ўз олдига қўйган эзгу мақсадларини босқичма-босқич амалга ошириб келаётганидан далолат беради. Қолаверса, жуда катта фахр ва мамнуният билан шуни айтмоқчиманки, бунга ўхшаш тажриба бугунги кунда дунёнинг бирор бир мамлакатида йўқ. Бу борада қўшни мамлакатларимиз, ҳатто Европа ва яна бир қатор давлатлар мутахассислари биз амалга ошираётган лойиҳага ҳавас кўзи билан қарашаётганини, конгресс давомида амалга оширилаётган лойи­ҳаларни катта қизиқиш билан кузатаётганларини анжуманнинг ютуқ­ларидан бири сифатида эътироф этишимиз мумкин.

Хулоса ўрнида шуни фахр билан айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг маданий мероси нафақат юртимизнинг бебаҳо мероси ҳамда имижини кўрсатувчи омил, балки бутун инсоният бойлигидир. “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” халқаро конгрессида дунёнинг турли нуқталаридан келган илм аҳли эътирофи билан айт­ганда “Буюк инсонлар томонидан яратилган бундай ноёб дурдоналар такрорланмас ва беқиёсдир”.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

**

Tegishli xabarlar

НУР ИЧРА ЗУЛМАТ

admin

Мустақиллик балладаси

admin

СЎМДАН ГУЛЧАМБАР, ДОЛЛАРДАН САРПО… “МУБОРАК” БЎЛСИН!

admin