ADOLAT 24

Сохта ДХХ ходими иккинчи марта товламачилик қилаётганда қўлга тушди

Қувасой шаҳрида яшовчи Исматбек Валиев (исм-шарифлари ўзгартирилган) олий маълумотли ўқитувчи. У Марғилон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг бирида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлагани боис маҳалла-кўйда ҳам, ҳамкасблари орасида ҳам яхшигина обрў-эътиборга эга эди. Аммо балои нафснинг амрига бўйсуниб, мисқоллаб йиққан обрўсини бир кунда тўкиб қўйди.

Гап шундаки, Исматбек 2022 йилнинг август ойи бошларида кулолчилик идишлари олиб келиш учун Риштон туманига қараб йўлга чиқади. Йўловчи машинада ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқда ўтириб бораркан, ногаҳон орқада ўтирган аёлларнинг ўзаро суҳбати қулоғига чалинади. Яъни, 2 нафар аёл туман халқ таълими бўлими мудири ҳар ойда мактаб директорларидан хорижий валютада пул йиғиб олаётгани, охирги маротаба директор этиб тайин­ланган аёл ҳам пора берганлиги ҳақида гапиришаётганди. Буни эшитиб, И.Валиевнинг бутун вужуди қулоққа айланади. Бироқ аёлларнинг гапи ростми ёки ёлғонми, бу билан қизиқмайди ҳам. Аксинча, унда Риштон туман халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Мадазимовга нисбатан товламачилик қилиш фикри туғилади.

Шундан сўнг кўп ўтмай Исматбек Шуҳрат акага қўнғироқ қилади. Яъни, аввал ўзини Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят бош­қармаси ходими Рамзбек дея таништиради. 

– Устингиздан республика Давлат хавфсизлик хизматига шикоят ариза тушган, – дейди қўпол оҳангда. – Мактаб директорларидан ҳар ойда икки юз доллардан йиғиб олаётганмишсиз. Охирги марта мактаб директорлигига тайинланган аёлдан нақд беш юз доллар олибсиз-а. Бу қанақа шармандалик?

Дабдурустдан қилинган қўнғироқ ва айбловдан аввалига бироз ҳаяжонга тушади мудир. Лекин кейин ҳеч кимдан пора олмаганини ўйлаб, кўнгли сал таскин топади.

– Туҳмат қилишибди. Мен ҳеч кимдан пул йиғмадим ва пора ҳам олганим йўқ, – дея эътироз билдиради Ш.Мадазимов.

– Қўлимда аудио ва видео ёзувлари бор, мен осмондан олиб гапирмаяпман сизга. Бу фактлар билан жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалиб кетасиз, – яна ўдағайлаб, таҳдид қилади “ДХХ ходими”. 

У шундай деб ўзидаги далилларни ошкор этмаслик эвазига бўлим мудиридан 15 миллион сўм пул талаб қилади. Аммо Шуҳрат ака И.Валиевга бунча миқдорда пули йўқлигини айтиб, учрашиб, гаплашиб олишни илтимос қилади. Эртаси куни улар Фарғона шаҳрида учрашишади. Мазкур суҳбат асносида ҳам Исматбек аввалгидек бидирлаб, Ш.Мадазим­овни қўрқитади. Бироқ “РайОНО” мудири ундан шубҳаланиб қолади. Негаки, яқин орада туманда ҳеч бир аёл киши мактаб директорлигига тайинланмаганди. Пул олди-бердисинику қўя туринг. Шу боис Шуҳрат Мадазимов бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Оқибатда И.Валиев туманнинг “Бўжай” маҳалласидаги “Кўнгил” номли чойхонада Ш.Мадазимовдан 15.000.000 сўмни олаётган пайтда ушланади.

Албатта, бу қилмиши учун Исматбек Валиевга жиноят иши қўзғатилди. Сўнгра мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилди. Шунда товламачи директор ўринбосари қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчидан кечирим сўраганлигини билдириб, ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўради. Суд уни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, кодекснинг 57-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этди. Лекин…

Лекин Фарғона вилоят судидан олинган маълумотга мувофиқ, тавбасига таянмаган “қаҳрамон”имиз орадан 8 ой ўтиб – 2023 йил апрель ойида яна фирибгарликка қўл урган. Аниқроғи, И.Валиев 2 нафар фуқарони Қўқон темир йўл техникумига ўқишга киритиб қўйишга ваъда қилади. Текинга эмас албатта, нақд 2400 АҚШ доллари эвазига. Аммо Фарғона шаҳрида “мижоз”ларнинг биридан 1200 АҚШ долларини олаётган маҳали қўлга тушган. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Қува туман суди Исматбек Валиевни Жиноят кодексининг 25-,168-моддаси 1-қисми ва 28-,211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, унга 2 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Айни пайтда Исматбек озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамоқда. 

Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи, дейди доно халқимиз. Бу ўз қадрини билган, панду насиҳатни қулоққа оладиган инсон бир марта хато қилгандаёқ ўзига тегишли хулоса чиқариб олишига, келгусида қадамини ўйлаб босишига ишорадир. Бироқ ҳаётда ҳамма ҳам ундай эмас. Ғайриқонуний қилмишидан қайта-қайта пушаймонлик билдиравериб чарчамаган, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган бўлса-да, кўзи очилмайдиган кимсалар ҳам йўқ эмас орамизда. Умид қиламизки, тилга олинган воқеа уларга сабоқ бўлади.

Умиджон МЕҲМОНАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг раиси

Tegishli xabarlar

УЧ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНГАН АЁЛ

admin

Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланиш йўлида

admin

“Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд”   Бу ғоя Ҳаж амалларини бажариш пайтида ҳам яққол намоён бўлди

admin