ADOLAT 24

Сайловлар янгича тизимда ўтади

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов ишчи гуруҳи билан биргаликда Сирдарё вилоятининг 11 та туман ва шаҳарларида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан боғлиқ ташкил этилган сиёсий ўқув семинарларида иштирок этди. Семинарларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш масаласи хусусида сўз юритилди. Янги қабул қилинаётган қонун тўғрисида вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, хусусан, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши котибияти ходимлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Кейинги йилларда мамлакатни модернизация қилиш мақсадида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси асосида Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда.  

Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлиши белгиланмоқда. Шу билан бирга туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалиётга жорий этишга хизмат қилиши ва бу орқали қатор қонунчилик меъёрлари мувофиқлаштирилишини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асос­ланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилиши алоҳида қайд этилди. Шу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, мажоритар-пропорционал шакл тизимига ўтиш давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиё­сий партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

* * *

Айни вақтда жамоатчилик орасида бир савол пайдо бўлди. Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласи қўйил­моқда. Бу қандай бўлади? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонованинг Андижон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашуви айни шу масалага бағиш­ланди. 

Депутат дастлаб йиғилганларга амалдаги йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар, сайлов ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилаётгани ҳа­қида тушунча берди. Ўз ўрнида Конституция­вий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётганига йиғилганлар эътиборини қаратди. 

– Энди депутатлар сайлови мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова. – Оддийроқ қилиб айтганда, қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округ­ларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланади. 

Таъкидланганидек, сайлов тизимида кузатиладиган бу ўзгариш сиё­сий партияларнинг жамиятдаги ролини ҳам янада оширади. Шу сабаб бугун партия фаоллари жамоатчилик орасига янада чуқур кириб боришга эътибор қаратмоқда.

Андижон вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

* * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикованинг Навоий вилоят маданият марказлари раислари, жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Тадбирда И.Коржикова томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ҳамда сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган 7 та қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Хусусан, депутат келгуси йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказиш таклиф этилаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши натижасида қонун ҳужжатлари референдум ва сайлов тўғрисида Ўзбекистон Респуб­ликасининг янги таҳрирдаги Конс­титуциясига мувофиқлаштирилади, депутатлик корпусини ташкил этишнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизимини жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратилади. Қонунчилик палатаси депутатлик корпусини ташкил этишнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланади. 

Учрашув жонли мулоқот тарзида ўтди ва тадбир иштирокчилари ўзларининг фаол сиёсий позицияларини билдирдилар.

Навоий вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ҲАЁТ ва ИЖОД сабоқлари

admin

“Илм саховати”да бепул таълим берилади

admin

Йўл-транспорт ҳодисалари: ким айбдор?!

admin