Инсон яралибдики, ҳамиша ҳақ учун ва ҳақсизликка қарши курашиб яшайверади. Ҳақиқат қарор топиши учун курашлар баъзан инсоннинг тинкасини қуритса, унга эришгандаги қувонч умрига умр қўшади. Адолат бор экан, инсон орзу-ҳаваслари қуш қанотидек кўкларга бўй чўзаверади.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Бувайда туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Хайрулло Турғуновни бувайдаликлар «Адолатчи тоға» деб қадрлашади.
– Мени туманда шундай аташларининг ўзига хос тарихи бор, — дейди Хайрулло Турғунов. – Бундан 10 йилча аввал «Adolat» газетаси қўлимга тушиб қолди. Газета саҳифаларини бирма-бир варақлар эканман, ҳар бир мавзуси бир олам маънога эга эканлигини ҳис қилдим. Мен «Adolat» саҳифалари орқали адолатли бўлишни ўргандим, одамларга адолат қарор топиши учун курашишни ўргатдим.
Қайси таълим муассасасига ёки хизмат кўрсатиш тармоғига кириб бормай, ҳар бир нарса адолат мезонларига хизмат қилишини назорат қиламан. Адолатсизлик билан муроса қилолмайман. Ҳар йили «Adolat» газетаси учун обуна мавсуми бошланиши билан кўчага отланаман. Инсон адолатни, аввало, ўзидан топиши керак, атрофдагиларга адолатли муносабатда бўлиши учун ҳам унга билим зарур, бунга эса «Adolat»ни ўқиши ва уқиши орқали ҳам эришади. Шу сабабли савдо шаҳобчасими, поликлиника ё таълим масканими, қаерда бўлсам, элдошларимни «Adolat» газетасига обуна бўлишга давъат этаман. Бувайдаликлар мени чорловимга ҳамиша «лаббай», деб жавоб беришади.
Бу йил ҳам жим ўтирганим йўқ. Шу кунларда қишлоғимизда йигирмадан ортиқ киши газетага обуна бўлишди. Бу ишларни тўхтатмайман. Қайси ташкилотга, хонадонга кириб борсак, «Adolat» газетасини кўришни орзу қиламан. Ахир адолат инсон қадрини улуғлайдиган неъмат.
Хайрулло аканинг сўзларини тинглар эканман, у кишига ҳавасим келди. Беихтиёр туман почта бўлимига келиб қолганимни билмай қолибман. Мен ҳам шу куни «Adolat» газетасига обуна бўлдим. Ишхонамиз ўз йўлига, аммо уйимизда ҳам «Адолат» бўлгани бошқача-да…
Алимардон Акрамов,
Фарғона вилоят кенгаши бош мутахассиси, “Ёшлар қаноти” раиси