ADOLAT 24

Аралаш сайлов тизими:  муҳим қоидалар ва демократик ёндашув

Сўнгги вақтларда қабул қилинаётган қонунларнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётгани, ушбу жараёнда халқимиз фаол қатнашаётгани ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларини эмин-эркин билдираётгани ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳар жиҳатдан пишиқлигини, ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунинг­дек, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган нормалар ҳам мавжуд қонунчилигимизга сингдирилмоқда. 

Шу нуқтаи назардан айтганда, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси қуйи палатанинг яқинда бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, regulation.gov.uz порталига ҳамда parliament.gov.uz веб-сайтига умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. 

Қайд этиш жоиз, ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, муҳокамалар ўтказиш ва таклифлар олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги вакилларидан иборат Тарғибот гуруҳи Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда аҳоли билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Ўз навбатида, 18-20 октябрь кунлари Қорақалпоғис­тон Республикаси ва Хоразм вилоятига бириктирилган гуруҳлар томонидан маҳаллий депутатлар, сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, нодав­лат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВ ходимлари иштирокида ташкил этилган тадбирларда қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар олинди.  

Ҳудудларда олиб борилган мулоқотларда аён бўлдики, халқимиз мамлакатимизнинг эртанги кунига, тараққиётига асло бефарқ эмас. Айниқса, лойи­ҳа билан юртимизда аралаш сайлов тизимига ўтилиши таклиф қилинаётгани юзасидан кўплаб муносабатлар билдирилгани сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эгалигини намоён этади. 

Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, энг аввало, ушбу ҳужжат билан сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилаётганини таъкидлаш керак. 

Бу эса, Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи маротаба Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов жараёнлари аралаш “мажоритар ва пропорционал” тизимида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан, “Марказий сайлов комиссияси — ҳудудий сайлов комиссияси — туман ва шаҳар сайлов комиссияси — округ сайлов комиссияси — участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилмоқда. Марказий сайлов комиссияси барча комиссиялар ишларини мувофиқлаштириб, уларга раҳбарлик қилиши назарда тутилмоқда. 

Чет давлатларда бўлган фуқароларимизнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг берган овозини ўзларига алоқаси бўлмаган бошқа сайлов округи ҳисобига ўтказиш каби нотўғри амалиётдан воз кечиш мақсадида хориждаги фуқароларимиз Қонунчилик палатаси сайловида пропорционал тизим бўйича овоз беришда иштирок этиши таклиф этилмоқда. 

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови натижаларини белгилаш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланади, яъни мутлақ кўпчилик овоз талаб этилади. Ушбу талаб Президент сайловларига нисбатан тўғри қўлланилган бўлиб, бундан мақсад сайлов ҳуқуқига эга бўлган мамлакат аҳолисининг мутлақ кўпчилиги танлаган шахсгина Президент лавозимига муносиб кўрилади. Бундай амалиёт аксарият хорижий мамлакатларда ҳам мавжуд.

Шу билан бирга, бир нечта сайлов округ­ларидан сайланадиган депутатликка номзодларга нисбатан бу каби қоидани қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Чунончи, бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланмас экан, ўша ҳудуддаги нисбатан кўпчиликнинг фикри ва хоҳиш истаги амалга ошмай қолади. Шу сабабли, бир мандатли сайлов округ­ларида бош­қа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сайлов комиссияларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиши баробарида, сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган қои­далар киритилмоқда. Шу билан бирга, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида участка комиссияси биносида танишиб чиқиш учун осиладиган сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фақатгина фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йилини кўрсатиш билан чекланиш таклиф этиляпти. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституция­мизга мувофиқлаштиради, парламентни шакл­лантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди ҳамда ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини янада оширади.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари  

Tegishli xabarlar

2024/2025 ЎҚУВ ЙИЛИ УЧУН ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Ҳофиз анъаналарининг давомчиси

admin

Ҳар бир мурожаат ижобий ечим топмоқда

admin