ADOLAT 24

“Ваучер” тизими: кимлар дори воситалари билан бепул таъминланади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекис­тон – 2030” стратегияси – Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Унда қўмитаси раиси Елена Борисова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, Ўзбекистон Рес­публикаси ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Даминов, депутатлар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси истиқболимиз тақдирини ҳал этувчи муҳим ва янги давр босқичини ўзида ифодалаган муҳим дастурий ҳужжатдир. Стратегияда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш каби мақсадлар ўз аксини топган.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳолининг ўртача умр давомийлигини ошириш, бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, онкологик касаллик­ларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда тиббиёт соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш масалалари устувор вазифа қилиб белгиланган.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни, гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касаллик­ларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилиб, уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Тадбир иштирокчилари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизнинг келгуси етти йиллик фаолиятини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисоб­ланиб, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида, юртимизни модернизация қилишда ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар.

Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масала юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиладиган бўлди.

Ўз мухбиримиз

Tegishli xabarlar

Ҳамжиҳатлик — эзгу мақсадлар ифодаси

admin

Автомактабларга лицензияни ким беради?

admin

“Муҳаббат” фожиаси

admin