ADOLAT 24

Таклифларимиз муҳим ҳужжатда акс этди

2023 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси, таклифлари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. 

Ҳужжатда барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби мамлакатимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим бўлган ғоялар акс эттирилди.

Аҳамиятлиси, мазкур эзгу мақсадлар қаторида мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаётида маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасидаги ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам бир қанча долзарб вазифалар белгиланди.

Дарҳақиқат, барча даврларда тараққиётни таъминлаш учун жамиятнинг маънавий камолоти, мафкураси ҳамда маданиятининг бойитилишига катта эътибор қаратилган. Бугуннинг талаби ҳам аслида шу. Аҳолининг маънавий камолотини юксалтиришда, шубҳасиз, санъат ва маданиятнинг ўрни беқиёс. 

Бугун мамлакатимизнинг олис ҳудудлари, чекка овулларида истиқомат қилувчи аҳолининг маънавий камолотини юксалтириш, маданий савиясини ошириш масаласига алоҳида эътибор бериш ҳар қачонгидан долзарб. Боиси аҳолимизнинг аксарияти марказлардан узоқда истиқомат қилишади. Агар масалага эътибор қаратилса, рес­публиканинг олис манзилларида маданият уйлари етарли эмаслигини кўришимиз мумкин. Шунинг учун айнан олис қишлоқ аҳлининг маданияти, маънавиятини янада ривожлантириш, уларнинг эстетик, бадиий камолотини юксалтириш мақсадида маданият саройлари, концерт ва томошалар учун майдонларни кўпроқ қуриш ва бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш лозим. Шунинг­дек, маданият ходимлари иштирокида маданият кунлари, учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини тизимли тарзда ташкил этиб бориш даркор. Чунки бу каби тадбирлар фуқароларимизнинг дунёқарашини ошириши, маънавиятини юксалтириши табиий. Шунинг учун олис ҳудудларда бунга кенгроқ имконият яратиш, маданият саройларини кўпайтириш ва уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш керак. 

Қувонарлиси, ушбу масалада “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши жамоаси томонидан “Ўзбекис­тон – 2030” стратегияси лойиҳасига берилган таклиф “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан қўллаб-қувватланди ва ғояларимиз ушбу муҳим ҳужжатда ўз аксини топди. 

Унга кўра, стратегияда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш ҳамда маданият ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, тасвирий ва амалий санъат йўналишларини ривожлантириш борасида бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Эндиликда, мазкур стратегия­даги мақсад ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш давлатимиз ва кенг жамоатчилигимизнинг олдида турган асосий вазифадир. Демак, халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, маданий савиясини оширишдек эзгу иш йўлида барчамиз бирдек масъулият билан, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоғимиз, ушбу муҳим ҳужжатнинг халқимиз ҳаётида акс этишини таъминламоғимиз даркор.

Жўрабек Жўраев,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси 

Tegishli xabarlar

ҒАЛЛАЧИЛИКДА БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ДАВОМ ЭТТИРИЛАДИ

admin

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ МАСАЛАЛАРИ

admin

Янги давр учун янги ғоя ва янги ташаббуслар керак!

admin