ADOLAT 24

Асосий мақсад — таълим сифатини ошириш ва ўқув дастурларини такомиллаштириш

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан нав­батдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди.

Унда депутатлар “Умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш ва таълим дастурларини такомиллаштириш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, соҳадаги бошқарув тизимини ташкил этишга қаратилган қонунчиликнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси Мактаб­гача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев жавоб берди.

Президентимиз раҳбарлигида кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда уларнинг янги авлодини яратиш, ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага доир қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, юртимизда таълим сифатини ошириш, креатив фикрлайдиган кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш бўйича жиддий қадамлар ташланди. Ўтган қисқа даврда ўғил-қизларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилди.

“Ҳукумат соати”да Қонунчилик палатаси депутатлари мактаб таълими тизимини бош­қаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, лавозимга тайинлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқдилар.

У.Шарифходжаев сўнгги йилларда мамлакатимизда янгича фикрлайдиган, юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган ўқитувчи ва педагогларни етиштириш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигини қайд этди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривож­лантириш давлатнинг бош вазифаси қаторига киритилганлигини айтиб ўтди.

Мамлакатимизда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар натижасида мактабгача, халқ ва ихтисослашган таълим – ягона Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бирлашди. Ҳозирги кунда тизимда 10 мингдан ортиқ мактаб, 30 мингдан ортиқ боғчаларда 8,5 миллион нафарга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Шунингдек, вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқарма ва бўлимларнинг тузилмалари ўзгартирилиб, мактабгача ва мактаб таълими тизимини вертикал бошқаруви такомиллаштирилди. Таълим тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича шу йил 26 май куни қабул қилинган Президент фармони бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Ўтган даврда мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, ҳудудларда 154 нафар малакали директорлардан иборат Директорлар кенгаши ташкил этилди.

Шунингдек, директор лавозимига номзодларни танлаб олиш ва уларни ўқитиш бўйича А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтида тажриба синовдан ўтказилмоқда. Мактаб директори лавозимига номзодларни танлаш жараёни эса “Ўқитувчиларнинг миллий кадрлар захираси” махсус электрон портали орқали амалга ошириляпти.

Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий раҳбарлик қилишни амалга ошириш, шунингдек, таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича саволлар беришди.

У.Шарифходжаевнинг қайд этишича, бугунги кунда тизимда 30 792 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 160 та умумтаълим мактаби, 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 182 та ихтисослаштирилган мактаб мавжуд. Уларнинг фаолиятини вазирликнинг тегишли таркибий бўлинмалари, Мактабгача таълим агентлиги ва Ихтисос­лаштирилган таълим муассасалари агентлиги мувофиқлаштириб боради.

Шу билан бирга, умумтаълим муассасалари бўйича статистик маълумотлар ва ҳисоботларни рақамлаштириш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ягона электрон дастури (erp.maktab.uz) ишга туширилган.

Эътиборлиси, таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича ижобий натижаларга эришилди. Айни вақтда 383 та нодавлат умумтаълим ташкилотларида 85 минг нафардан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда.

Халқ вакиллари бу борада қилинган ишларни ижобий баҳолаган ҳолда, таълим ташкилотларида кадр­ларнинг касбий тайёргарлик сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича қандай ишлар қилинди, деган саволларни ўртага ташладилар.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари 2023 йилда режа бўйича 512 809 нафар ўқитувчи малакасини ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 309 минг нафар ўқитувчиларнинг малакаси оширилганини таъкидлади. Жорий йил 8-9 август кунлари янги ўқув йилига тайёргарлик, Президент мактабларининг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида республика миқёсида “Устозларнинг миллий иккинчи форуми” ташкил этилганини қайд этди.

Президент мактаблари тажрибаси асосида математика ва инг­лиз тили фани ўқитувчилари учун 3 босқичли каскад усулида семинар-тренинглар ташкил этилиб, ҳозирги кунга қадар 16 021 нафар математика фани, 17 477 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари ўқитилган. Йил якунига қадар эса барча ўқитувчиларнинг малакаси оширилади.

Бундан ташқари, таълим дастурларини такомиллаштириш борасида ҳам амалий ишлар бошланган. Хусусан, мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида 22 та умумтаълим фанларидан иборат Миллий ўқув дастури яратилди. Мазкур дас­турда 20 та компетенция мужассамлаштирилган.

Муҳокамаларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифлар берилган ҳолда, кун тартибидаги масала юзасидан парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Tegishli xabarlar

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

Бустер доза билан кимлар эмланади?

admin

(инфографика)

admin