ADOLAT 24

Оқибатни фазилатга айлантирган олим

Чинакам шахс ҳамиша кишини ўзига жалб этади. У ўзи билмаган ва истамаган тақдирда ҳам доим одамлар қуршовида бўлиб, бетакрор ва жозибали шахсияти боис кўпчиликнинг диққат марказига чиқиб қолаверади. Шахснинг қисмати шундаки, у одамлар орасида бўла туриб, кўпинча ёлғизликка маҳкумдир. Бегали акани яхшироқ билганим сари у менга ана шундай ёлғиз одам бўлиб кўринарди. Ҳолбуки, унинг дўстлари жуда кўп эди. Дўстларининг кўплиги унинг ҳаммадан билимли бўлгани сабабли эмасди менимча. Биров билан билим олиш учун дўст бўлинмайди, билимни китобдан ўрганса ҳам бўлади. Дўстлари кўплигининг сабаби Бегали аканинг суяниш, турмуш чигалликлари юзасидан маслаҳатлашиш, муаммоларга биргаликда тўғри ечим излаш мумкин бўлган одам эканлигида эди. 

Бегали акани илк бор қачон кўрганимни эслолмайман. Гўё у кишини узоқ йиллардан бери биладигандекман. Биз ҳали талаба бўлган 60-йилларнинг адоғида курсимиз мураббийси Умрзоқ Ўлжабоев домла тенгдош жўралари — Абдулла Орипов, Муҳаммад Али ва Бегали Қосимов билан бир неча учрашувлар ўтказганди. 80-йиллар охирларига келиб, Гулистон университетида ишлай бошлаганимдан кейин тез-тез кўришадиган бўлдик. У киши бизнинг университетга бориб турарди. Бегали домлани бир қадар билишим шундан бош­ланди. 1991 йилда Дўрмон боғида яшаб, “Адабиёт” дастури ва дарсликларини яратишда қатнашишим бу билишликни таниш­ликка айлантирди. 

1994 йилда мен Тошкентга ишга келгач эса, бир-биримизга янада яқинлашдик. 1996 йилдан Бегали Қосимов билан Наим Каримов домлалар Қори Ниёзий номидаги педагогика фанлари илмий тадқиқот институтининг адабиёт секторида ўриндошлик билан ишлай бошлашди. Ўша пайтларда мен ҳам шу институтда хизмат қилардим. Биз адабий таълимни янгилаш юзасидан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб борардик. 

Учаламизнинг адабиётга ёндашувларимизда умумийлик бўлгани билан уни ўқитишга доир қарашларимиз ҳар хил эди. Бунинг устига, ҳеч қайсимиз ҳам ўз фик­рини осон ўзгартирадиган одамлардан эмас эканмиз. Қарашлар ҳар хил бўлса ҳам ният бир – дарсликларни яхшилаш эди. Шу ният йўлидаги изланишлар “Адабиёт” дастур-дарсликларининг бир неча авлоди юзага келишига сабаб бўлди. 1998 йилда мен Миллий университетга Бегали ака ўқиган ва бир умр ишлаган факультетга ишга келдим. Бунинг устига, Қорақамишда домла билан битта мавзеда яшай бошладик. Вақти келиб, даврадош бўлдик. Деярли кунига кўришардик, ўтбошиларимиздаги бирор катта-кичик маърака бир-биримизсиз ўтмасди.

Кейинги ўн йил мобайнида Бегали ака билан Сирдарё, Зомин, Қашқадарё, Термиз, Қозоғистон, Чорвоқ, Шоҳимардон каби жойларга гоҳ икков, гоҳ шериклар билан неча бор сафарларга борганмиз. Биргаликда қанчалаб конференциялар ўтказдик, учрашувлар қилдик, дастурлар туздик, дарсликлар яратдик ва мақолалар ёздик. Икки-уч йил ўриндош домлалар сифатида Бегали аканинг машинасида Тошкентдан Гулистон университетига бирга қатнаганмиз. Бу ҳол бизни бир-биримизга яқинлаштирди, албатта. 

Бегали домла оқибатли одам эди. Оқибат кўрган одамини унутмасликка интиларди. Кўпинча, у ёки бу одамдан кўрган яхшилигига жавоб қайтаролмаганидан хижолатдай бўлиб юрарди. У кишининг домла Ғулом Каримовга оқибати бир фарзандникидан ортиқ бўлса ортиқ, аммо кам эмасди. Бегали аканинг Умрзоқ Ўлжабоев, Пирмат Шермуҳаммедов, Муҳаммад Али, Убайдулла Рўзиқулов, Раҳматилла Ҳадиятиллаев, Шавкат Каримов, Сотимбой Холбоев ва бошқа бир қанча одамларга мунтазам равишда оқибат кўрсатганига шахсан гувоҳман. Мақтамоқчи бўлган одамини “оқибатли” дер эди.

Бегали Қосимов андишали ва ўйчил одам эди. У атрофлича ўйлаб кўрмай, ўзининг ҳақлигига тўлиқ ишонмай туриб, бирор хатти-ҳаракат қилиш у ёқда турсин, бирор сўз ҳам айтмасди. Бу сифат унинг яшаш тутумига айланганди. Лекин ўйчилликда ҳам ўйчиллик бор. Таваккалчи ишини битириб кетадиган даражада узоқ ва секин ўйлаш фойдадан кўра зарар келтиради. Амалга айланмаган ўй фойдаланилмаган имконият холос. Бегали акадаги кучли тафаккур тезда энг оптимал ва тўғри йўлни танлаш имконини берарди. Муҳимни номуҳимдан бехато ажрата билиш унинг ўйларига учқурлик бағишларди. Шунинг учун ҳам унинг фикрлари тарози босарди.

Бегали ака кўнглига келганидай, вазият тақозо қилганидай эмас, балки тутумларига мувофиқ яшашга интиларди. Баъзан тутумларини одамдан баландроқ қўйгандай ҳам бўларди. Бундай ҳолларда тортишиб ҳам қолардик. Осонликча ён бермасди, лекин ўжарлиги ҳеч қачон гажирликка айланиб кетмасди. Ҳақиқатни тан олишга ўзида куч топарди. 

Бегали ака қалтис вазиятларда ҳам сўзига эгалик қиладиган одам эди. 2000 йилда профессор Лазиз Қаюмовнинг етмиш ёши муносабати билан илмий конференция ўтказиладиган бўлди. Олимнинг илмий фаолияти ҳақида маъруза қилиш Бегали аканинг чекига тушди. Дас­тур чиқарилиб, таклифномалар тарқатилганда Бегали акага хайрихоҳ, каттароқ идорада ишлайдиган бир киши юбилейда чиқиш қилмасликни маслаҳат берибди. Чунки юқоридаги қайсидир таъсирли доиралар юбиляр ҳақида яхши фикр­да эмас экан. Домла, барибир, маъруза қилди. Чунки у сўз айтаман, деб сўз берганди. Бегали ака сўзининг устидан чиқишни “катта”ларга маъқул келишдан устун қўя билди.

Биргаликда бўлган йиллар менда Бегали ака ўз шахсиятидаги барча эзгу сифатларни жидду жаҳд билан ўзи шакллантирган, деган фикрни пайдо қилди. У ор-номусни ҳар нарсадан баланд қўядиган одам бўлгани боис шаънига гард юқтиришни истамас, бунинг учун муайян меъёрларга қатъий амал қилиб яшарди. Бу унга хатога йўл қўймаслик имконини берарди. Умар Сайфиддиннинг: “Фазилатли бўлмоқ инсоннинг қўлида эмас. Лекин истаса, номусли бўла олади, бу ихтиёрий нарсадир”, деган фикри Бегали аканинг ҳаётий шиори эди деб ўйлайман. Гарчи, у буни менга ҳеч қачон айтмаган бўлса-да, шундай фикрдаман. Зеро, турк адибининг шу сўзлари бор асарини ўзбекчага Бегали домла ўгирган эди.

Бегали ака ҳар қандай катта-кичик ишда қоидага риоя қилишга уринарди. Ҳатто, кўчани пиёда кесиб ўтишда ҳам, ҳеч қандай улов бўлмасада, светофорнинг қизил чироғида юрмасди. Бесабрлигимдан бундай тартибларга кўпинча риоя қилмаганим учун: “Сиз фақат қоидаларни бузиш учун яшайсиз”, деб койинарди.

Яхшигина юмор туйғуси борлиги, ўрни билан ҳазил-ҳузул қилиб турганига қарамай, Қосимов домла табиатан жиддий одам эди. Унинг жиддияти атрофидагиларга ҳам ўтарди. Энг яқин жўралари ҳам у билан эҳтиёт бўлиб, қандайдир ҳайиқиб­роқми, аяброқми муносабатда бўлишарди. Домла ҳам атрофидагиларга шундай ёндашарди. У яқинликни, жўрачиликни нозик бир кўчат каби парваришлаш керак деб биларди. Мен эса дўстона муносабатларни ҳеч қачон нурамайдиган тоғ деб ўйлаганим учун ҳам мулозамату эҳтиётчилик­ларга амал қилмасдим, ҳисоб. Ҳаёт Бегали домланинг ҳақлигини кўрсатди. 

Жўрачилик энг парваришга муҳтож ва авайлаб-асралиши керак бўлган туйғу экан. Умр бўйи қурилган дўстлик иморати арзимас бепарволик, кичик бир нописанд­лик билан барбод бўлиши мумкин экан. Буни мен ўз ҳаётимда, яна Бегали акага муносабат мисолида кўрдим. Мен Қозоғис­тондаги ўзбек мактабларининг барча синф­лари учун адабиёт дарсликлари ёзганман. 10-синфда мумтоз адабиёт ўқитилгани учун дарслик ёзишга Бегали акани шерик­ликка таклиф қилдим. У киши рози бўлди. Ўзига тегишли қисмни ёзиб берди. Домланинг ёзганлари илмий жиҳатдан пухта эди-ю, менинг назаримда, академик услубдаги илмий тадқиқотга ўхшаб қолганди. Табиийки, мен у кишига ёзганларингизнинг услубини ўзгартириб, болаларбоп қилиб беринг, демадим, балки деёлмагандирман. Ўша вақтлар Бегали аканинг соғлиғи ҳам унчалик яхши эмасди. Ҳатто, соғ бўлганида ҳам бу гапни айтмасам керак эди. Аяган бўлардим. Аммо дарсликни шу ҳолича қолдиргим ҳам келмади. Таваккал қилиб домланинг ёзганларини дарсликнинг, эҳтимол, ўзимнингдир, услубимга солишга уриндим. 

Дарслик менинг таҳриримдагидай бўлиб чиқди. Беминнат хизматим учун домла роса миннатдор бўлса керак, деб ўйлагандим. Дарслик чоп этилгач, Бегали ака услубининг ўзгартириб юборилганидан қаттиқ хафа бўлди, шекилли. Гарчи буни очиқ айт­маган бўлса ҳам, мени кўрганда ҳурпайиб олганидан сезгандай бўлдим. Шу тариқа кейинги бир-икки йил ичида муносабатларимизга дарз кетди. Бу ҳақда иккимиз ҳам оғиз очмаган бўлсак-да, ҳар ҳолда менинг “меҳнаткаш”лигим орамиздаги салқинчиликка сабаб бўлди. Яхши ниятдаги ишни ҳам эҳтиётлик билан қилиш керак экан. 

Бегали ака сўзамол одам эмасди, лекин ўткир нотиқ эди. Нутқининг яхшилиги тилининг қайралганидан ташқари, фикрининг чархлангани ва сўз айтишга ўта масъулият билан қараганидан эди, деб ўйлайман. Кичик илмий йиғинлардаги чиқишларини ҳам ёзиб келар ва уни ўқиб берарди. Лекин шундай ўқирдики, ҳар қандай моҳир нотиқнинг оғзаки нутқидан таъсирли ҳамда юқумли бўларди. Бу ҳолга айтилаётган ҳар бир сўзнинг юракдан чиққани ва мантиққа йўғрилгани сабаб бўлса керак. Зеро, юракдан чиққан сўзгина юракларга етиб боради. Мен у кишига ҳавас қилардим. Чунки ўзим қоғозга қараб гапиролмайман. Қоғозга қарамай яхши сўзлаш эса, йил ўтган сари тобора қийин бўлиб бормоқда.

Айримлар Бегали акани бир умр фақат қоғозу китобларга кўмилиб яшаган одам санашади. Шундай деб ёзишади ҳам. Мен уни бир қадар биладиган одам сифатида фақат ёзиш-чизишдан бошқа нарсани ўйламайдиган, туну кун нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ асар ёзиб қолдиришга уриниб, жон-жаҳди билан тинимсиз ишлайдиган киши бўлмаганига таниғман. У ҳамма қатори одам эди. Инсонга хос барча истагу интилиш унга ҳам бегона эмасди.

Бегали ака фақатгина ишламади, у, биринчи навбатда, яшади. Бир одамдай, ҳақиқий эркакдай. Энди, ўқиш-ёзиш ҳар бир ойдин шахснинг қисмати. Ҳалол илм қилмоқчи бўлган одам кўп ўқиш ва ёзишга маҳкум. Агар Бегали ака айримлар айтганидай, фақат ўқиш-ёзиш билангина шуғулланганида, унинг ёзган китоблари бўйидан баланд бўлиши мумкин эди. Аммо атрофида бунча одам тўпланмаган, бунча эзгу ишлар қилолмаган бўларди. Шахмат ўйнамаган, спорт билан шуғулланмаган, сафарларга юрмаган, дам олмаган, саёҳатлар қилмаган, бинобарин, на одамларни, на ҳаётни тузукроқ билган бўларди. Домла бир ёқлама одам бўлмагани учун ҳам ёзиш-чизишга бир иш деб қарарди. Шу боис ҳам илмида чекланганлик, торлик йўқ. Унинг олам миқёсида фикр­лашига одамнинг табиатини ичдан билгани сабаб эди. Бегали ака тирикчилик ташвишлари билан ҳамма қатори шуғулланган ҳолда, бир неча олимнинг илмини ҳам қила билди.

Бегали ака отасини ғоят оқил, аммо қаҳри қаттиқ одам деб айтарди. Ўзини ҳам унчалик кўнгли юмшоқ деб бўлмасди. Ортиқча бақириб-чақирмаса-да, ўғилларига қаттиққўл эканини кўрганман. Ўзи истеъдодли одамларнинг кўпчилиги яқинларига талабчан ва инжиқ бўлади, деб ўйлайман. Даврадош ва қўшни сифатида Бегали ака билан аёлининг ўзаро муносабатларидан ҳам бирқадар хабардорман. Домла ҳамиша кулиб турадиган, ҳамма нарсани ҳам кечириб юбораверадиган одам эмасди. Ҳамма нарсада қатъий тартиб бўлишини истарди. Ҳаёт эса фақат интизомдан иборат эмас. Ана шундай вақтда Матлуба янганинг сабри, улуғ дипломатияси, оқила ўзбек аёли сифатида кучи ожизлигида эканини билиши қўл келарди, деб ўйлайман. 

Қашқадарё ва Шоҳимардонга қилинган сафарда Бегали ака билан янганинг муносабатларини бевосита кузатишлар менда домланинг улуғлигида янганинг улкан хизмати борлигига қатъий ишонч ҳосил қилди. Матлуба янга Бегали акага болани парваришлагандай авайлаб қарарди. Қашқадарё сафарида-ку бир нави бўлди. Аммо Шоҳимардонга бир ҳафталик сафарда Бегали аканинг тоби жиддий қочиб қолди. Ўзи йўлга чиқаётгандаёқ соғлиғи яхши эмасди. Лекин Раҳматилла ака билан Умрзоқ акани кўриш, Шоҳимардоннинг гўзал табиати қўйнида бўлиш завқи туфайли таваккал қилиб, машинасида йўлга чиқди. Кўрганлар билади, Бегали аканинг машина ҳайдаётгандаги ҳолати операцияга кирган жарроҳнинг жиддиятидан кам бўлмасди. Бунинг устига бошининг чап томони қаттиқ шамоллаган, саратоннинг сариқ куни бўлгани учун ойна очилмаса, ҳаво етишмайди, ойна очилса, бошнинг оғриғи кучаяди. Бегали ака йўлнинг ҳам, дарднинг ҳам аламини янгадан олади. Йўлда ҳам, боргандан кейин ҳам Матлуба янга на бир кўзқараши, на бир оҳанги, на юриш-туриши билан домланинг инжиқликларидан норозилигини билдирмади. Бу қадар назокатли чидамга эга бўлиш учун қанчалар катта муҳаббат зарур бўлса?!

Бешариқ, Фарғона, Шоҳимардонда Матлуба янганинг опа-сингиллари, почча-куёвлари, Улуғбек деган жўмард укаси билан яқинлашиб, роса яйрадик. Бегали домла ҳам Умрзоқ ака ва Раҳматилла акалар билан кўришгач, ўзига келиб, маза қилганди.

2002 йилнинг декабри эди, шекилли, улкан олим Бегали Қосимнинг олтмиш йиллиги нишонланганди. Шу муносабат билан П.Шермуҳаммедов, Б.Дўстқораев, Муҳаммад Али, Ш.Каримов, Ж.Бекназар, Н.Аҳмедов, А.Алимбековдан иборат ўнтача одам Бегали ака ва янгага йўлдош бўлиб, олимнинг юртига борганмиз. 

Ўша кунларда Бегали аканинг ўз юртидаги обрўсини кўриб ҳаммамиз астойдил қувондик, қашқадарёликларга қойил қолдик. Олдин вилоят ҳокимиятида, сўнг университет талабалари ҳузурида, ундан кейин Касбида, энг охирида Бегали аканинг ота қишлоғидаги коллежда олимнинг юртдошлари билан учрашувлар ўтказдик. Яқинлар қаторида Бегали аканинг 60 ёшини нишонлаш қатнашчиси бўлдим, яхши кунларида ёнида туриб, юртдошлари, республика олимлари ҳузурида у кишининг шахсияти ва ижоди тўғрисида сўзлар айтдим. 

Биз боргандан кейин кутилмаганда кунлар совуб кетди. Изғириннинг зўридан йўллар бутунлай музлаб, автоуловлар қатнови тўхтатилди. У вақтлар поезд мунтазам юрмасди, чипта топилмади. Шу сабаб биз Бегали домла туғилиб-ўсган Денов қишлоғининг бағрикенг одамлариникида мўлжалдагидан узоқроқ қўноқ бўлдик. Олтмиш яшар олим ҳақида деновликлар билан суҳбатлар қурдик. 

Ҳавонинг совуб кетишини ҳам Бегали аканинг жиддияти ва кўпинча солиқ бўладиган қовоғи билан боғлаб анча ҳазиллар қилганмиз. Ниҳоят, вилоят ҳокимиятидагилар аралашиб, кичик автобусда Тошкентга қайтгандик. Ўша кунлар жамоа кучи билан қуйидаги ҳазил дунёга келди. Албатта, уни бадиий савиясига кўра шеър деб бўлмас. Лекин ўша кунлар кайфиятини ифодалаши жиҳатидан бир қадар аҳамиятга эга:

Поезд йўқдир Қаршида,

Йўл олис бўлса шу-да!

Мезбон қийналди жуда,

Олтмиш ёшлар муборак!

Касбиликлар зўр мезбон,

Доим тўкис дастурхон,

Кетай демайди меҳмон,

Олтмиш ёшлар муборак!

Шоир латифа айтар,

Эшитган бари қотар,

Фақат мезбон совқотар,

Олтмиш ёшлар муборак!

Дўхтур тенгсиз косагул

Гурунгни хўп қизитар,

Аммо ҳеч билмайди ул,

Меҳмонлар қачон кетар…

Олтмиш ёшлар муборак!

Олдинлари ҳам бир қадар билардим, аммо юбилей кунлари янаям иқрор бўлдимки, Бегали акага қариндош-уруғ ва жигарлардан худо солган экан. Йўқ, улар фавқулодда бир нарса қилишгани йўқ. Лекин уларнинг кўнглидаги ифтихор, бахтиёрлик кўзларидан шундоққина тошиб чиқаётгани билиниб турарди. Олимнинг олтмиш ёшлиги тантаналари Миллий университетда ҳам катта миқёсда, хуш кайфиятда самимий нишонланди. Республиканинг кўпчилик илмий муассасаларидан олимлар келишди. Илмий анжумандан сўнг элга катта ош тортилди. 

Чин одам, улкан олим оғамизнинг умри фақат фарзандлари ва китобларидагина эмас, балки яқинларининг кўнгилларидаги эзгу туйғуларда ҳам узоқ яшаяжак. Бу эзгулик уруғларидан оқибат оғочи униб чиқиб, мўл ҳосил беришига эса шубҳа йўқ.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

педагогика фанлари доктори, 

профессор

Tegishli xabarlar

Жиловланмаган жахл оқибати

admin

“Adolat” ажралмас ҳамроҳимиз бўлсин!

admin

Сувни асрайлик, акс ҳолда экологик танглик кучаяди

admin