ADOLAT 24

Саудия Арабистонидан ажойиб хушхабар!

Шу кунларда Саудия Арабистонининг Ар-Риёз шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессия кун тартибига инсониятнинг табиий ва маданий мероси билан боғлиқ 55 та номзодномани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш масаласи ҳам киритилган бўлиб, шулардан бири  Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан ҳамкорликда тақдим этилган “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум корридори” (Silk Roads: Zarafshan-Karakum Corridor) номзодномасидир.

Куни кеча Ар-Риёздан ажойиб хушхабар олдик: 

“Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум корридори” ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. 

Мазкур номзодномага киритилган барча обидалар турли даврларда бунёд этилган бўлиб, тарихдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири — Буюк ипак йўлида жойлашган. Улар Марказий Осиё халқларининг бой маданий-тарихий мероси дурдоналари ҳисобланади.

Номзоднома Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда жойлашган жами 31 та тарихий обидани ўз ичига олади. Шулардан 15 таси Ўзбекистон, 9 таси Тожикистон ва 7 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган. 

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 15 обида қуйидагилардан иборат: 

1. Жартепа оташпарастлар ибодатхонаси. 

2.Сулаймонтепа. 

3. Кофирқалъа қўрғони. 

4. Дабуссия қўрғони. 

5. Қосим Шайх меъморий мажмуаси. 

6. Мирсаид Баҳром мақбараси. 

7. Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба. 

8.Деггарон масжиди. 

9. Чашмаи Айюб мақбараси. 

10. Варданзе қўрғони. 

11. Вобкент минораси. 

12. Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси. 

13. Чор Бакр некрополи. 

14. Варахша қўрғони. 

15. Пойкент қўрғони.

Ушбу тарихий воқеа билан барча юртдошларимизни, хусусан, вобкентлик сайловчиларимни чин қалбимдан муборакбод этаман. Зеро, мазкур номзодномага киритилган 31 тарихий обиданинг 2 таси Вобкент туманида жойлашган. Булар  – Вобкент минораси ва Чашмаи Аюб мақбарасидир.  

“Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум корридори”нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши, бир томондан, ҳар бир юртдошимизга ўз тарихий ўтмиши билан фахрланиш туйғусини бахш этади. Иккинчи томондан, ушбу обидаларни кўз қорачуғидек асраб-авайлашга барчамиз масъулият билан ёндашишимиз зарурлигини  билдиради.

**

45-сессияда Ўзбекистон иштирокидаги “Турон чўллари” номзодномаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилди. 

Номзоднома Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва тақдим этилган трансчегаравий лойиҳа бўлиб, ушбу давлатлар ҳудудида жойлашган жами 15 та объектни ўз ичига олади. “Турон чўллари” 3,4 млн гектар ердаги қўриқхона, саҳро ва кенгликларни ўз ичига олган жуда ғаройиб номинациядир.

Номзодноманинг Ўзбекистон ҳудудида, 628 минг гектарда жойлашган қисми бешта табиий зонадан таркиб топган бўлиб, улар Сайғоқчи қўриқхонаси, Белеули, Дуана, Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ва 2 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Жанубий Устюртдан иборат. Жойлашган жуғрофий ҳудуди – Оролбўйи ва Устюрт платоси.

 “Турон чўллари” ЮНЕСКО рўйхатига мўътадил чўллар тоифасига киритилган илк объект ҳисобланади. 

Шу билан Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган объектлари сони иккитага етди.( 2016 йилда ушбу рўйхатга Ғарбий Тян-Шан номзодномаси киритилган).

ЮНЕСКО қўмитасининг ушбу тарихий қарори ҳар биримизга фахр-ифтихор бахш этиш билан бирга, юртимизнинг бой табиий меросини асраб-авайлашга барчамиз юксак масъулият билан ёндашишимиз лозимлигини англатади.  

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ҲАР ИШНИНГ ЎЗ ҚОНУН-ҚОИДАСИ БОР

admin

Юзи ялтироқ, орқаси қалтироқ уй ҳангомалари

admin

“Фармацевт” ошпаз…

admin