ADOLAT 24

ХАЛҚАРО ЎЗАРО ИШОНЧ ВА БИРДАМЛИК ЯНАДА КУЧАЙМОҚДА Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиб, мазкур сессияда инсон қадри улуғланаётган, туб ислоҳотлар ўлароқ ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат сифатида тадрижий ривожланишга юз тутган Ўзбекистон ҳамда ушбу юртда инсон манфаати учун амалга оширилаётган улуғвор умумсиёсий бир қатор ишлар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар баён этди. 

Таъкидланганидек, халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда Ўзбекистонда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” ғояси асосида мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод этилди. Гендер тенг­ликка бўлган эътибор янада кучайди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етди.

Янги Конституцияда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шунинг­дек, Конституцияда миллати, тили ва динидан қатъи назар барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлигига тааллуқли нормалар ўз ифодасини топди. Миллий қонунчиликда аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон туб ислоҳотлар самараси ўлароқ барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлди. Изчил давом этаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон иқтисодиёти глобал таҳдидларга қарамасдан барқарор ўсиш суръатларини намоён этди. Сўнг­ги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди.

Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланди. Халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. Аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўлами бир неча баробар ошди. Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида баён этилган фикрларидан бир қисмини ташкил этса, жаҳон миқёсида барчани ташвишга солаётган экологик вазият, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши, атроф-муҳит ифлосланиши муаммолари нутқнинг давоми бўлди. Дарҳақиқат, кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти айтганидек, бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда тоғлардаги музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади.

Энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси Президенти жаҳон миқёсида инқироз ҳолати кузатилаётганлиги, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётганлиги, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётганлиги, шунингдек, иқлим ўзгариш­лари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамжиҳатлик ва мулоқотлар издан чиққаётганлигини сиёсий ва дип­ломатик ёндашувда умумсиёсий минбардан туриб баён этди. Шу билан бир қаторда глобал халқаро ва минтақавий муаммоларни бартараф этиш соҳасида умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда ҳамжиҳатлик, жипслик билан кўзланган ҳамкорлик ишларини ўз вақтида бажаришга эришиш бўйича муҳим ғояларни илгари сурди. 

Жумладан:

– мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш;

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмак­лашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш;

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш;

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозимини таъсис этиш;

– Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

– Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлар­аро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш;

– дунё ҳамжамияти Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашиши;

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилиш;

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида 2024 йилида юртимизда “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” мавзусида бутунжаҳон конференцияси ҳамда мазкур йилда Ўзбекис­тонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияларни ўтказиш.

Ушбу илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, албатта, келажакда Янги Ўзбекистоннинг халқаро имижи, индикатори ҳамда нуфузи ошиб боришига, шунингдек, халқаро ўзаро ишонч ва бирдамлик тамойили асосида Янги Ўзбекистон ва унинг олийжаноб халқи манфаатига хизмат қилувчи ишларнинг бажарилишига хизмат қилади. Шу билан бир қаторда барчани ташвишга солаётган жаҳондаги геосиёсий ва геоиқтисодий масалалар, шунингдек, иқлим ва сув ресурсалари муаммолари конструктив ва дипломатик ёндашув асосида ўз вақтида ҳал этилади. 

Таваккал Чориев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ТЕЗ ТИББИЙ ВА ШОШИЛИНЧ ЁРДАМ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ДАСТУР ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ

admin

Марказий Осиё – КАДҲК: минтақалараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

admin

Эрон мамлакатимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришдан  манфаатдор

admin