ADOLAT 24

ДУНЁ ҲУНАРМАНДЛАРИ ҚЎҚОНДА ЖАМ БЎЛДИ

Қўқон шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Риштон туманидаги Халқаро кулолчилик форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Дунёда латиф шаҳар мақомига эга ягона кент – Қўқон бугун ҳар қачонгидан-да мафтункор. Бу ерга келган киши худди эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ҳўқанди латиф кўҳна тарих ва замонавий тараққиётнинг мезон ва анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, бир пайтнинг ўзида ҳам шарқона латофати, ҳам бугунги дунё тамаддунига ҳамоҳанг ҳашамати билан жаҳон ҳамжамиятини ўзига қаратмоқда.

Ўзбек халқи кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчилик санъати, хусусан, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулоллик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик неча-неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга. Ўзбекистонлик усталар томонидан тайёрланган кўплаб бадиий ҳунармандлик ва амалий санъат маҳсулотлари бугунги кунгача дунёнинг машҳур музейларида сақланиши уларнинг жаҳон халқлари тарихида муҳим ўрин эгаллаганидан далолат беради.

Шундай омиллар сабаб бўлса керак, бу ноёб санъатнинг кўплаб йўналишларида самарали фаолият кўрсатган, уларга издош ва ворис бўлган истеъдодли ҳунармандлар доимо эл-юрт орасида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб, “уста”, “устазода” деган шарафли номлар билан эъзозланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг миллий маданиятимизнинг барча соҳалари қатори ҳунармандликни, унинг анъаналари ва мактабларини тиклаш, ривожлантириш ва тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда ана шу бой маданий меросимизни асраб-авайлаш, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, бу борада тарихий анъаналарни изчил давом эттириб келаётган моҳир усталарнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга янги имконият ва имтиёзлар яратилди.

Бундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда миллий ҳунармандчилик санъати жадал ривожланиб бормоқда. Ўзбек миллий ҳунармандчилиги маркази бўлган Фарғона вилояти Марғилоннинг атлас ва адраслари, Риштоннинг кулолчилик санъати, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактаблари билан дунёга машҳур. Марғилон ва унга туташ туманларда мато ва гилам тўқимачилиги, миллий либос ва пойабзал тайёрлаш билан 3 мингга яқин, Риштон туманида анъанавий кулолчилик билан 5 мингдан ортиқ, Қўқон шаҳри ва унга туташ ҳудудларда ёғоч ўймакорлиги, заргарлик каби ҳунармандлик турлари билан 10 мингга яқин оилалар шуғулланади. Ҳар йили мазкур соҳада минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Ўтган икки йил давомида Фарғона вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда жами 21 та ўзида “уста-шогирд” анъаналарини мужассам этган замонавий “Ҳунармандлар марказлари” қуриб битказилди. Риштон туманида  тўртта кулолчиликка ихтисослашган ҳунармандлар маркази барпо этилди, иккита кулолчилик маҳалласи ташкил этилди. 

Бугун қўли гул уста ва устазодалар халқ ҳунармандчилигининг турли соҳаларида қадимий анъаналарни замонавий тажриба ва янгиликлар билан уйғунлаштирган ҳолда катта ютуқ ва натижаларни қўлга киритмоқда. Миллий ҳунармандчилик ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, иқтидорли шогирдлар тарбиялаб, ўз ижодий мактабини яратган заҳматкаш усталар рағбатлантирилиб, уларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилаётир.

Ҳунармандчилик халқимиз кундалик ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Иккинчи бор ташкил этилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали соҳа вакиллари учун катта имконият эшикларини очмоқда. Хусусан, Ҳўқанди латифда янги ҳунармандчилик мактаблари ривожланмоқда. 

Қўқон шаҳридаги Ўрда майдони бугун янада файзли. Майдон марказида қурилган, фестиваль руҳига ҳамоҳанг безатилган амфитеатрга минглаб нигоҳлар қадалган. Халқаро фестивалнинг очилиш маросимига йиғилган одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, хурсандлик диллардан дилларга кўчаётгандек гўё. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, моҳир ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг II Халқаро ҳунармандчилик фестивали иштирокчиларига йўллаган табригини Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одилжон Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда сўзга чиққан Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал Қаддумий Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш, айниқса, ҳунармандликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, халқаро ҳунармандлик фестивали ана шу саъй-ҳаракатларнинг юксак намунаси эканини қайд этди.

Мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилиши фарғоналикларни беҳад мамнун қилмоқда. Иккинчи бор ўтказилаётган бу байрам кенг миқёсли бўлиб, унда 70 та мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда. 

2019 йилда илк бор ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Қўқон шаҳрига жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилди. Қўқон қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандчилик бўйича оилавий сулолалар унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Айтиш лозимки, 2019 йилда биринчи бор ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивалида 78 та мамлакатдан 570 нафар иштирокчи, юртимизнинг 14 та ҳудудидан эса 1000 дан ортиқ маҳаллий ҳунармандларимиз иштирок этиб, тадбирга бир миллиондан ортиқ ташриф буюрувчи ва хорижий сайёҳлар келган. Ушбу нуфузли тадбирнинг ўтказилиши натижаларига кўра, Қўқон шаҳрига сайёҳлар оқими 10 баробарга, ҳунармандлар сони 3,5 баробарга, меҳмонхоналар 2,5 баробарга ошди. 

Шаҳар марказидаги салобатли майдон узра ёқимли куй таралди. Бу оҳанг қалбларга сингиб, кўнгилнинг нозик торларини чертади. Юракларга ҳаяжон, завқ солади. Бу куй сеҳри, нозли оҳанг шавқи, мусиқа қудратининг амалдаги ифодасидир.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимидаги мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, жаҳон мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг нодир намуналари, дилбар рақслар дилларни жўш урдиради. Томошабинлар юракка яқин қўшиқларга жўр бўлади, шўх куй-наволардан завқи ошиб, рақсга тушади.

Фестивалга тайёргарлик жараёнида Қўқонда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Тарихий зиёратгоҳлар, шаҳар кўчалари, бино-иншоотларда капитал таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу тариқа кўҳна кент бугун тўлиқ янгича қиёфада намоён бўлмоқда.

Нуфузли тадбирга уйғун ҳолда Риштон туманида халқаро кулолчилик форуми ўтказилади. Тадбирнинг илк кунида хорижлик ва маҳаллий соҳа вакиллари иштирокида “Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, фестивални ўтказиш ва якунлари бўйича матбуот анжуманлари, этно-мода намойишлари, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбозлар томошалари, вилоятлар фольклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танловлари, кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси, моҳир кулоллар шаҳри Риштон ҳамда Фурқат тумани бўйлаб саёҳат ўтказилади.

Тантанали маросим юртимиз санъат усталари, ёш ижрочиларининг шўх ва дилтортар қўшиқлари билан давом этди. Қўқон осмони узра порлаган мушаклар дилларга қувонч, қалбларга шодумонлик бағишлади.

Ушбу фестиваль нафақат кўп миллатли халқимиз, балки бутун дунё ҳунармандларининг байрами ҳамдир. Зеро, фестиваль кўламининг кенглиги унинг жаҳон халқлари маданиятини боғловчи муҳим кўприк бўлишидан далолатдир.

ЎзА

Tegishli xabarlar

БАРЧА МУЛКЛАРНИНГ ЭНГ АЪЛОСИ

admin

Талабалар ҳам йиғлайди…

admin

Газ қуйиш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот олиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ

admin