ADOLAT 24

Олий Мажлис палаталари ва Сиёсий Партияларнинг роли янада оширилади

Режалаштиришнинг пухталиги ва вазифаларнинг аниқлиги самарадорлик ва мақсадга тўлақонли эришишнинг гаровидир. Шу боисдан давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатимизнинг келгуси етти йиллигида қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти йўлида ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, жамиятимизда адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 30 апрелида ўтказилган Умумхалқ референдумида халқимиз томонидан якдиллик билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция ва мазкур халқ Конституцияси асосида ўтказилган илк Президентлик сайлови, шунингдек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларимиз жараёнида орттирилган бой тажриба, қолаверса, фуқароларимизнинг хоҳиш-истаклари, таклифлари асосида ишлаб чиқилган ушбу дастурий ҳужжат 5 та йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни қамраб олганлиги билан ҳам мамлакатимизнинг келгуси ривожига катта ҳисса қўшади. Бу йўналишлар “Адолат” социал-демократик партияси дас­турий мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг. 

“Адолат” СДП учун олий қадрият, бу – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидир. Стратегияда аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга камайтириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш каби мақсадларнинг алоҳида белгиланиши инсон қадри учун тамойилини амалга оширишда муҳим ўрин тутади. 

Шу билан бирга партиямиз илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожи – тараққиётимиз кафолати, деб ҳисоблайди. Сифатли таълим, шубҳасиз, бахтли ва фаровон келажак кафолатидир. Ҳозирги кунда ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савиясини ошириш ва дунёқарашини талаб даражасида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Стратегияда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дип­ломли тизим”ни жорий этиш каби мақсадларнинг белгиланиши ҳам ушбу ҳужжат қамрови нақадар кенглигини кўрсатиб турибди.

Маълумки, “Адолат” социал демократик партияси доимий равишда коррупциядан холи жамият қуриш йўлида халқимиз билан биргаликда харакат қилиб келмоқда. Стратегиядаги бу мақсадлар аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари ҳам мамлакат тараққиётида устувор аҳамиятга эга.  

“Адолат” социал-демократик партияси барча соҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтириш тарафдоридир. Биз анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли ижтимоий давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифимиз инобатга олингани ва қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидек муҳим ҳужжатдан ўрин олгани партиядош­ларимизни қувонтирди.  

Жумладан, стратегияда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали мамлакатимизнинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олишига эришиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, фуқароларимиз учун қулай экологик турмуш шароитларини яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатимизнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар асосий ғоялар сифатида белгиланди.

Аҳамиятлиси, Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги келгусида ҳам миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий фаоллигини ошириш ва шу орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу дастурий ҳужжатда парламент ва унинг органлари иш жараёнларини рақамли трансформация қилиш, шу жумладан, улар томонидан қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнларини 100 фоиз рақамлаштириш, сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш, депутат сўровини электрон тарзда юбориш ва назорат қилиш имкониятини таъминлаш, қонунчиликка оид таклифларни киритиш ва кўриб чиқиш тартибини жорий қилиш, қолаверса, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизимини жорий қилишга қаратилган аниқ мақсад ва вазифаларнинг белгиланганлиги ҳар жиҳатдан аҳамиятли бўлди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, “Адолат” СДП ҳам бир неча йиллардан буён ўз дастурий-мақсадларида парламентаризмни ривожлантириш, парламент демократия­сининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини кучайтириш, депутатларнинг сайловчилар ва партия олдида масъулиятини ҳамда ҳисобдорлигини ошириш, депутатлар фаолиятини халқ билан узвий боғлаш мақсадида “Электрон парламент” ва “Электрон ҳукумат” дастурларини изчил амалга ошириш, фуқаролар ва барча даражадаги вакиллик органлари ўртасида доимий мулоқот ва алоқаларни кенгайтириш ғоя­ларини илгари суриб келмоқда. Ўз ўрнида мазкур ғоялар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада жадал шакл­лантириш ва ривожлантириш билан биргаликда, ушбу йўналишдаги замонавий халқаро тенденцияларига тўла жавоб беради.

Бугунги кунда сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизими жаҳоннинг Германия, Болгария, Грузия, Литва, Италия каби мамлакатларида самарали қўлланилиб келинмоқда. Қолаверса, парламент ва унинг органлари иш жараёнларини рақамли трансформациялаш, ушбу соҳага замонавий, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қонун ижодкорлиги ва қарорлар қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда, сайловчилар билан фаол мулоқот олиб бориш, депутатлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш ва назорат қилиш имконини яратади.

Шунингдек, стратегияда аҳолимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, таълим, илм-фанни юксалтириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларимизнинг сифатли, малакали тиббий хизматлардан тўлақонли фойдаланишини таъминлаш, тиббиёт ва педагог кадрларнинг мақомини мустаҳкамлаш каби партиямиз ғояларига ҳамоҳанг, давлатимиз ва жамиятимиз ривожига дахлдор масалалар ўз ифодасини топган.

Мухтасар айтганда, бугун фуқароларимиз орзу-истак­ларидан, замон талабидан келиб чиқиб, пухта ўйланган режалар асосида аниқ вазифалар белгиланди, энди улар қоғозда эмас амалиётда, халқимиз ҳаётида бўй кўрсатмоғи лозим. Бунинг учун барчамиздан юксак масъулият ва халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти учун қуд­ратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ҲИСОБОТ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА АРХИВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ САҚЛАШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ МАҚБУЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Депутатлар муаммоларни ҳал қилишмоқда (Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари)

admin

Ҳудудлардан хабарлар (Андижон, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари)

admin