ADOLAT 24

Янги қонун кучга кирди

Маълумки, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, яъни спиртли ичимликлар ҳамда сигаретлар истеъмоли инсонни бебаҳо саломатлигидан айирувчи, ҳатто охири ўлим билан якунланувчи аянчли одатдир. Гарчи буни яхши билса-да, айрим инсонлар иккала кушандадан ҳам ўзини тия олмайди. Ички аъзолари емирилиб, тўшакка михланиб қолганда эса кеч бўлади.

Жорий йилнинг 24 майида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, бу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш учун ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир. Мазкур қонун шу йил 24 августдан кучга кирди.

Қонуннинг 7 ва 8-моддаларига мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, таълим ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсирини профилактика қилиш, жамоатчилик онгида алкоголь ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича комплекс ижтимоий ва ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи, солиқ органлари, божхона органлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар саналади.

Юқорида кўрсатилмаган давлат органлари ҳамда ташкилотлар алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятда қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.

Бундан ташқари, фуқаролар ҳам алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиши мумкин. Бу эса қонуннинг 20-моддасида ўз аксини топган. Унга кўра, фуқаролар алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. 

Энг муҳими, қонуннинг 21-моддасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишга доир чекловлар қайд этилган. 

Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шунингдек, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга, йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан, сайёр (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда, болаларга мўлжалланган товарлар реализация қилинадиган хоналарда, болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса, соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари, таълим ташкилотлари, маданият муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида, таълим, спорт ва диний ташкилотлар ҳудудидан тўғри чизиқ бўйлаб юз метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида (бундан савдо объекти умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуаларининг (бозорларнинг) ҳудудида ва ярмарка павильонларида жойлашган ҳоллар мустасно), яроқлилик муддати ўтганда, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сақлаш ва реализация қилишга доир санитария нормалари ҳамда қоидаларига мос келмайдиган хоналар ва жойларда реализация қилиниши тақиқланади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишни бевосита амалга ошираётган шахс йигирма бир ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишини рад этиши шарт.

Жамила АКРАМОВА,

Фарғона вилоят судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ инсон қадрини янада юксалтиришга хизмат қилади

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи

admin

Ўзбекистон ташаббусининг халқаро эътирофи

admin