ADOLAT 24

Тарих яратган шахслар: Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

Олимнинг тўлиқ исми – Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний. Бу тўлиқ исмдаги “берун” қисмига келсак, у “ташқари” маъносини билдиради. Бунда ўрта асрларда Хоразмда бўлган анъана акс этган, Ёқут Ҳамавийнинг ёзишича, хоразмликлар Ватанидан узоқ муддатга, умуман, хорижга кетиб қолган кишига нисбатан Беруний лақабини ишлатганлар. Кейинчалик бу лақаб олимнинг тўлиқ номига қўшилиб қолган. Бунга далил қилиб шуни келтириш мумкинки, олимни шахсан билган машҳур тарихчи Абул Фазл Байҳақий унга нисбатан Беруний лақабини қўлламай, фақат “Абу Райҳон” деб атайди. Олимнинг исмидаги “Абу Райҳон” сўзлари “марҳаматли”, “раҳмдил” маъноларини билдиради.

Беруний болалигининг илк даври ҳақида маълумот сақланмаган. Олимнинг ўзини ёзишига кўра, отасини ҳам, бобосини ҳам билмаган. Афтидан, у болалигидаёқ етим қолган кўринади. Шу сабабли унинг бошланғич маълумотни қаерда ва кимдан олганлиги ҳақида ҳам хабар йўқ. Ҳар ҳолда, билимга қизиқиш, синчковлик унинг табиатидаги туғма хусусият бўлса керак. Бунга унинг “Сайдана” асарида ёзиб қолдирган қуйидаги сўзлари гувоҳлик беради:

“Табиатимга кўра, мен кичиклигимданоқ ўз ёшимга лойиқ ва шароитга мос билимларга эга бўлишга чанқоқ эдим. Бунга далил, ўша пайт бизнинг ерларга бир румлик кўчиб келди, мен эса унга дон, уруғ, мева ўсимликларини олиб келар, ундан бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўрардим ва уларнинг (номларини ёзиб олардим)”. У ўткир зеҳни ва истеъдоди туфайли Кот ҳокимлари – Ироқийлар хонадонининг диққатини ўзига жалб қилади. Бу ҳақда олим бундай ёзган:

Минбарларга чиқиб, ошиб мартабам

Ўтди неъмат соясида кўп оним.

Боқди Ироқ оиласи сут билан,

Ниҳол эдим, Мансур бўлди дармоним.

Бу мисраларда хоразмшоҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ироқнинг амакиси Али ибн Ироқнинг ўғли Абу Наср Мансур ибн Али ибн Ироқ ҳақида сўз кетаётир. Берунийнинг ёзишича, унинг биринчи устози ва тарбиячиси Абу Наср ибн Ироқ бўлган.

Абу Наср ибн Ироқ ўз замонасининг атоқли математиги ва астрономи эди. Умар Хайёмнинг айтишича, у “математика билан шуғулланган олимларнинг энг буюги эди”. У ясси ва сферик синуслар теоремасининг илк исботларини берган. Абу Наср асарларининг ўн иккитасини шогирди Берунийга бағишлаган.

Беруний 16-17 ёшларидаёқ астрономия ва математика соҳасида етук олим бўлиб шаклланган. Албатта, Берунийнинг бундай эрта олим бўлиб етишишида Абу Наср ибн Ироқнинг роли катта бўлган. Беруний ўз устози раҳбарлигида астрономия ва математикани чуқур ўрганиб, ҳижрий 384, милодий 994 йили еклиптиканинг осмон экваторига оғиш бурчагини ўта аниқлик билан ўлчайди. Бу ҳақда у ўз “Геодезия”сида муфассал ёзган, ўша ўлчашида мазкур бурчакни 2303514511 деб топган. Ўша асарида келтирилган яна бир хабарига кўра, Беруний 994-995 йилларда ёзги ва қишки қуёш туришларидаги баландликни ўлчаган ва бунинг учун у диаметри 15 газ (қарийб 7,5 м) келадиган доиравий асбоб ясаган. Астрономик кузатишларни ёшлигидан бошлаганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи қуйидаги сўзларини ҳам у “Геодезия”да айтган: “Шунга ўхшаш қуёш тутилишларини ёшлик чоғларимда кузатаверганимдан кўришим ёмонлашиб қолди”.

Ўша даврда, яъни 995 йилгача Беруний астрономия, география ва геодезиянинг амалий масалаларини ҳал қилиш билан бирга, Марказий Осиёда биринчи марта Ер глобусини ясайди. Бу ҳақда у ўзининг “Картография” номли асарида хабар қилган. Рисоланинг бошланишида “Хожамиз ҳурматли амир, адолатли подшоҳ, валинеъмат хоразмшоҳ” эслатилади.

Беруний “Картография”да бундан аввал ёзган яна икки асарини тилга олади; буларнинг бири “Глобус ясаш китоби” бўлиб, у фақат “Картография”да эслатилган. Иккинчиси “Ердаги жойларнинг узунлама ва кенг­ламаларини аниқлаш ҳақида мақола” дейилиб, у Беруний рўйхатида келтирилган. Бундан кўринадики, Беруний 20 ёш атрофида, яъни феноменал ёшдаги йилларида камида учта илмий асар яратган бўлиб, бу кишини фақат ҳайратда қолдириши мумкин.

995 йили ўзаро ички низолар туфайли Сомонийлар давлати бутунлай заифлашганини сезган Гурганч амири Маъмун ибн Муҳаммад Сомонийларга содиқ бўлган хоразмшоҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммаднинг пойтахти Котга бостириб келиб, уни асир олади ва Гурганч­га олиб бориб, ўша ерда қатл қилади. Сўнгра у пойтахтни Гурганчга кўчириб, ўзини Хоразмшоҳ деб эълон қилади.

Бу даврга келиб 21-22 ёшлардаги Беруний етук олим сифатида танилган эди. Ироқийлар хонадонига яқинлиги ва ўткир идроки туфайли Беруний хоразмшоҳ саройига яқин бўлган ва пойтахт Котнинг сиёсатида кўзга кўринган шахслардан бирига айланганди. Албатта, Котнинг сиёсатига алоқадор бўлган Берунийнинг мазкур вазиятда пойтахтда қолиши ҳаёти учун хавфли эди. Шунинг учун у аввалига шаҳарда беркинишга, сўнгра ватанини ташлаб, муҳожирликка юз тутишга мажбур бўлади.

995 йили Беруний Каспий денгизидан жанубдаги Рай шаҳрига кўчади. Бу ерда у X асрнинг машҳур астрономи Абу Маҳмуд ал-Хўжандий билан ҳамкорлик қилади. Сўнгра 997 йили Котга қайтиб келади. Сабаби, бундан бироз аввал Бағдодда турган Абу-л-Вафо ал-Бузжоний билан мактуб орқали ўша йили юз берадиган Ой тутилишини Абу-л-Вафо Бағдодда ва Беруний Котда туриб кузатишга келишиб олишган эди. Ҳудди ўша 997 йили Гурганч­да хоразмшоҳ Маъмун ибн Муҳаммад вафот этиб, ўрнига ўғли Али ибн Маъмун ўтирган эди. Афтидан Беруний бу хоразмшоҳ билан ҳам яхши муносабатда бўлмаган кўринади. Чунки Беруний ал-Бузжоний билан келишилган Ой тутилишини кузатганидан сўнг, Котда узоқ муддат қолмади ва 998 йили Гургон амири Қобус ибн Вашм­гирнинг таклифи билан унинг ҳузурига кетади.

Аввалига Қобус олимнинг илмий ишларига хайрихоҳлик билдиради ва унга моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатади. Беруний ҳокимнинг бу хислатлари эвазига ўзининг энг йирик асарларидан бири – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”ни унга бағиш­лайди. Умуман, Берунийнинг Гургонда бўлган йиллари самарали ўтган: у 15 та асарини шу ерда ёзади. Бироқ Қобус ибн Вашмгирнинг илм-санъатга муҳаббати ва хайрихоҳлигидан шуҳратпарастлиги устун келиб, Ёқут Ҳамавийнинг айтишича, у Берунийдан фақат ўзи билан бирга бўлишни ва саройда умрбод қолишини талаб қилади. Олим эса бундай талабни рад этади ва шу сабабли яна хотиржамлигини йўқотади. Қобуснинг лутф ва муруввати қаҳр ва ғазабга алмашиниб, олимга бўлган хайрихоҳлик ҳамда моддий ёрдамини тўхтатади. Натижада Беруний илмий изланишларини давом эттира олмайди.

Бундай шароитда Берунийнинг Гургонда қолиши хавфли эди. Шунинг учун ҳам у Хоразмга қайтишга қарор қилади. Маълумотларга кўра, Берунийни Гурганчга 1002 йили келган Абу Али ибн Сино ва унинг устози, машҳур табиб ва файласуф Абу Саҳл Масиҳийнинг илтимоси билан хоразмшоҳ Абу-л-Ҳасан Али ибн Маъмун таклиф қилган. Гурганчда Беруний Абу Али ибн Сино ва Абу Саҳл Масиҳийдан ташқари устози Абу Наср ибн Ироқ ҳамда математик ва табиб Абу-л-Хайр Ҳамморни учратади. Шундай қилиб, 1004 йилнинг ўрталарига келиб Гурганч­да, кейинчалик “Ал-Маъмун академияси” номини олган илмий муассаса шаклланади.

Маъмунийлардан энг сўнгги хоразмшоҳ Абу-л-Аббос Маъмун ибн Маъмун даврида, яъни 1010-1017 йилларда Берунийнинг илмий машғулотлари учун катта имкониятлар юзага келади. Шу йилларда олим маъданлар, қимматбаҳо тошлар ва минераллар устида тажрибалар олиб боради, уларнинг солиштирма оғирликларини ўлчаш билан қизиқади ҳамда физика ва минералогия тарихида биринчи марта солиштирма оғирликни аниқ ўлчайди. Ўз тадқиқотлари натижасини у “Жавоҳирлар ва металларнинг ҳажмлари орасидаги нисбат ҳақида мақола” номли махсус рисолада баён қилади.

Берунийнинг Хоразмдаги бу галги энг жадал астрономик кузатишлари 1016 йилга тўғри келади. Шу йилнинг ўзида у 14 та кузатишни амалга оширади. Бу кузатиш­ларда Беруний астрономия, география ва геодезияга оид комплекс масалаларни, жумладан, тенгкунлик ва қуёш ҳолатларини, қуёшнинг энг катта ва энг кичик баландлик­ларини, эклиптиканинг осмон экваторига оғиш бурчагини ҳамда шаҳарнинг маҳаллий вақтини аниқлайди. Шу кузатишлари натижасини у ўша йили ёзган “Қуёш ҳолатини аниқлаш усули” номли рисоласига киритади.

Бироқ 1017 йилдан Хоразм учун ҳалокатли ва Беруний ҳаётида оғир палла бошланади. 1017 йилнинг мартида қўзғолон кўтарган шаҳарлик­лар хоразмшоҳ Абу-л-Аббос Маъмун ибн Маъмунни қатл қиладилар, шаҳарда ва мамлакатда катта тартибсизликлар бошланади. Бироқ Маъмуний хоразмшоҳларнинг охиргиси бўлмиш Абу-л-Аббос жанубдаги қудратли Ғазнавийлар давлатининг ҳукмдори Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг синглисига уйланган эди. Маҳмуд куёви учун қасос олиш баҳонаси билан катта лашкар тўплаб, Гурганчга келади. У исёнчиларни дорга осади, 1017 йилнинг охиригача Хоразмда бўлиб, тартиб ўрнатилганига ишонгач, яна Ғазнага қайтади. Султон ўзи билан бирга Абу Наср ибн Ироқ ва Берунийни ҳамда кўплаб алломаларни асир қилиб олиб кетади.

Беруний Ғазнага келибоқ “Геоде­зия”ни ёзишга киришади ва айни вақтда “Хоразмнинг машҳур кишилари” номли тарихий асари устида ҳам ишлайди. Абу-л-Фазл Байҳақий китобида ўша асардан келтирган парчага кўра, асарда Хоразмнинг қадимги даврлар­идан то 1017 йилгача бўлган тарихи баён қилинган.

Беруний 1020 йилнинг 5 декабридаги кузатиш билан “Геодезия”ни ёзиб тугатган сана – 1025 йил 20 сентябрь орасидаги йилларни Ҳиндис­тонда ўтказган. Ҳақиқатан ҳам, у шу йиллар орасида Ҳиндистондаги (ҳозирги Покистоннинг шимоли-шарқида) Нандна қалъасининг ўлчамларини топиш билан шуғулланади. Бу ўлчовлар натижасида у Нанднанинг географик кенгламасини (32°) топади. Шу кенг­лама учун у ернинг ўлчамларини ҳам аниқлайди ва ер меридианининг бир даражаси узунлигини 5505311512 деб топади. Бу эса ўз даври учун катта аниқлик эди. Олим “Ғуррат аз-зижот” асарида эслатишича, ўша ерда ҳиж­рий 416 йил 27 сафарда – милодий 1025 йил 29 апрелда ҳилолни кузатган. Бундан ташқари, мана шу санани Беруний ўша куни Маҳмуд Fазнавий билан Юсуфхон Қорахонийнинг Самарқанд яқинида учрашиш ва битим тузиш санаси деб кўрсатган. “Геодезия”дан кейин Ғазнада ёзилган йирик асарлари қаторида 1027 йилнинг августида ёзиб тугатган математик асари – “Доира­даги ватарларни унга ички чизилган синиқ чизиқнинг хоссалари ёрдамида аниқлаш” (қисқача: “Ватарлар”) рисоласи ҳам бор. Бу асарнинг муҳим аҳамияти шундаки, Беруний унда Ўрта Осиё ва хуросонлик фанга номаълум ёки кам маълум бўлган олимларнинг номларини қайд этади, уларнинг математик ижоди ҳақида хабар беради, айрим олимлар ҳақида янги маълумотлар келтиради.

1029 йилнинг охирида Беруний йирик асари “Юлдузшунослик санъати негизларини тушунтириш китоби” (“Тафҳим”)ни ёзиб тугатади. Асарнинг форсча таржимаси ҳам мавжуд. Ҳозирги кунгача унинг 14 та арабча ва 21 та форсча нусхалари сақланган. 1934 йили биринчи марта Р. Райт унинг инглизча таржимасини арабча факсимилеси билан биргаликда нашр килдиради. 1940 йили Эрон олими Жалол Ҳумоий “Тафҳим”нинг форсча илмий нашрини чоп эттиради. Ҳозирги кунда унинг тожикча ва русча нашрлари ҳам мавжуд. Ушбу сатрлар муаллифи 2006 йили унинг ўзбекча нашрини чоп қилдирди.

“Тафҳим”да Беруний математика, астрономия, география, хронология ва астрологиянинг бошланғич тушунчаларини савол ва жавоб тарзида баён қилган.

Беруний Ҳиндистонда чоғларида ҳинд олимлари билан мулоқотда бўлади ва ёшлигида ўз юртида ўрганган, ҳиндларда илм тили саналган санскрит тилини янада чуқуррок ўзлаштиради. Санскритчада ёзилган ҳинд илмий асарларини таҳлил қилади. Бу изланишлар натижаларини у 1030 йили ёзган “Ҳиндистон” асарида баён қилади. Асарда Беруний ҳиндларнинг урф-одатлари, дини ва фанига оид адабиётларни яхши билганлиги кўринади. Шуни айтиш керакки, “Ҳиндистон”да Беруний қарийб 180 та ҳинд асарларини эслатади, булардан талай қисми ҳинд астрономиясига оиддир. Султон Маҳмуднинг Ҳиндис­тонга қилган 16 та юришида иштирок этган Беруний ҳинд фани ва маданиятини чуқур ўрганиб, таҳлил қилади, уларнинг баъзи камчиликларини танқид остига олса, баъзиларига юксак баҳо беради, ардоқлайди. Унинг “Ҳиндис­тон”и бунинг ёрқин ифодасидир. Беруний фан тарихида биринчи марта Птолемейнинг “Ал-Мажистий”си, Евклиднинг “Негизлар”и ва ўзининг астурлоб ҳақидаги асарларини санскритчага ва ҳиндларнинг “Карана тилака”, “Арканд”, “Кҳандакҳадяка” асарларини араб тилига ўгиради.

1030 йили Султон Маҳмуд вафотидан сўнг олимнинг ҳаётида янги давр бошланади. Маҳмуднинг кичик ўғли Муҳаммад валиахд деб эълон қилинганлигига қарамай, катта ўғли Масъуд тахт учун курашиб, бир неча ой султон бўлиб турган укаси Муҳаммадни тахтдан туширади ва ўзи ҳукмдор бўлади. Шундан сўнг Берунийнинг ҳаётида кес­кин бурилиш ясалади. Султон Масъуд олимни ўзига яқин тутади ва унга ҳомийлик қилади. Ёқут Ҳамавийнинг хабар беришича, олим билан бўлажак Султон Масъуд орасида илгаридан яхши муносабат бўлган. Беруний унга араб тилини ўргатган, астрономия ва бош­қа аниқ фанлардан таълим берган. Бунинг эвазига Масъуд ундан хайр-эҳсонини аямаган. Беруний “Қонуни Масъудий”нинг сўзбошисида ёзишича, Масъуд унинг илмий ишларига шароит яратган ва ўзига яқин тутиб, моддий жиҳатдан қўллаб турган. Шунинг учун ҳам олим ўзининг 1037 йилда ёзиб тугатган энг йирик астрономик асарини унинг номи билан “Ал-Қонун ал-Масъудий” деб атаган.

“Қонуни Масъудий” астрономия тарихида чуқур из қолдирган. Унда баён этилган қонун, қоидалар ва юлдузлар жадвали кейинроқ Носириддин Тусий (1201-1273/74) ва Мирзо Улуғбек (1394-1449) “Зиж”ларида дастур тутилади. “Қонуни Масъудий»дан эса Тусий ва Улуғбек расадхоналарида астрономиядан асосий қўлланма сифатида фойдаланилади.

Ҳижрий 427 йилнинг охири, яъни милодий 1036 йил сентябрда Беруний X асрнинг машҳур файласуфи, ким­ё­гар ва табиби Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий асарларининг рўйхатидан иборат рисоласини ёзиб тугатади. Бу рисолада у мазкур вақтгача ўзи ёзган ва ёзаётган асарлари рўйхатини ҳам келтиради. Рисолага ёзган қисқача сўзбошисидан Беруний 1030 йилларнинг бошида ўз ватани Хоразмга бориб келгани англашилади. Бу даврга келиб Берунийнинг соғлиги анча заифлашган эди ва шу сабабли ўзининг энг севимли машғулоти бўлмиш астрономик кузатишлардан тобора узоклаша боради. Шунинг учун бўлса керак, 1040 йили Султон Масъуд салжуқий туркларга асир тушиб ҳалок бўлганидан кейин паноҳ излаб бошқа даргоҳга кетмайди ва умрининг қолган қисмини Масъуднинг ўғли Мавдуд саройида ўтказади.

Кекса олим умрининг қолган йилларида (1041-1048) асосан минералогия ва доришунослик билан шуғулланади. Беруний бу даврда ёзган асарларидан иккита энг йириги диққатга сазовордир. Буларнинг биринчиси “Жавоҳирларни билиш учун маълумотлар тўплами” (қисқача: “Минералогия”) деб аталган бўлиб, олим унга бутун умри давомида маълумот тўплаган. Беруний болалик чоғларида Хоразмда, кейин­чалик Рай, Журжон, Ҳиндистон ва Ғазнада бўлган йилларида ҳам қимматбаҳо тош­ларнинг хусусиятлари, улар қазиб олинадиган ерлар ва бундай маъданлар ҳақидаги ривоят, ҳикоя ва маълумотларни тўплайди, уларнинг физик ва кимёвий хусусиятларини ўрганади. Қарийб 70 йиллик изланиш­лари натижасини у ўз “Минералогия”сида баён қилади. Асарда Беруний жисмларнинг оғирлиги, ҳажми ҳақида тушунча беради, 50 дан ортиқ модданинг зичлиги ва солиштирма оғирлигини фан тарихида биринчи марта ҳозирги замон аниқлиги билан ҳисоблайди, қаттиқ жисмлар ва суюқликларнинг солиштирма оғирликларини ўлчашга мўлжалланган махсус асбоблар ясайди ва уларнинг тавсифини келтиради.

Олимнинг энг сўнгги асари “Табобатда доришунослик” (қисқача: “Сайдана”) бўлиб, шу асар тадқиқотчиси У.Каримовнинг фикрича, муаллиф уни тўлиқ ёзиб тугалламаган, асарнинг айрим ўринлари чала кўринади. Бу пайтга келиб олимнинг соғлиги шунчалик оғирлашадики, “Сайдана”ни ёзишда унга ёрдамчи керак бўлади. Бу вазифани ғазналик табиб Абу Холид ан-Нақшоий бажаради.

Бироқ олимнинг вафоти асарни тугаллаш ва оққа кўчиришга имкон бермайди.

Яқин йилларгача “Сайдана” бирор тилга тўлиқ таржима қилинмаган ва ўрганилмаган эди. 1974 йили атоқли шарқшунос олим У.Каримов асарнинг ҳар томонлама чуқур илмий таҳлил қилинган русча таржимасини чоп эттирди. У.Каримов бир йўла Беруний вафоти санаси ҳақидаги масалани ҳам аниқлади. Унга кўра, Беруний ҳиж­рий 440 йил 2 ражаб ойи – милодий 1048 йил 11 декабрда вафот этганлиги исботланди. Беруний номи билан боғлиқ асарларнинг умумий сони 170 дан ортади. Улардан 143 тасини олим ўз қўли билан ёзган бўлиб, қолган 27 тасини Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий ва Абу Али Жилийлар унга атаб ёзган. Лекин Беруний “Рўйхати”да “Булар ҳам бамисоли бағримдаги ўгай болаю бўйнимдаги маржоннинг ўзи, мен булар билан ўғиллар орасини ажратмайман”, деб ёзади.

Ашраф АҲМЕДОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

СЕНИНГ ТЕНГДОШИНГ Илмга чанқоқ, интилувчан, изланувчан ёшлар мамлакатимизнинг эртанги истиқболи, ёрқин келажагини таъминловчи кучдир

admin

Оила тинчлиги — жамият фаровонлиги асоси

admin

Ўзбекистон — Саудия Арабистони: илмий-маданий ҳамкорликлар тадрижи

admin