ADOLAT 24

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

Абу Райҳон Беруний 170 га яқин асарлари билан дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган, гео­логия, минералогия, геодезия каби фанларнинг янги соҳаларига асос солган улуғ мутаффаккир олим сифатида тарихга кирган. Шунинг учун америкалик атоқли олим Сартон Х асрнинг иккинчи ярми ва XI асрнинг биринчи ярмини дунё илм-фан тарихида “Беруний даври”, деб атаган эди.

Улуғ аллома таваллудига бу йил 1050 йил тўлди. Шу сабабли ЮНЕСКО Бош конференцияси ўтган йилги қарори билан 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига Абу Райҳон Беруний номини ҳам киритган эди. Айни шу кунларда Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида улуғ аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий ва маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 

4 сентябрда “Абу райҳон Беруний. Географик ва интелектуал саёҳатлар” деб номланган кўргазма очилди. Кўргазмага ташриф буюрувчилар визуал инс­талляциялар ёрдамида Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва ижоди, кашфиёт ва изланиш­лари ҳақида турли хил маълумотлар олиш­ларига имкониятлар яратилди. Экспозицияда алломанинг Франция Миллий кутубхонаси фондидан йиғилган нодир қўл­ёзмаларига алоҳида жой ажратилди.

Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган кўргазма очилиши муносабати билан ЮНЕСКО Бош қароргоҳида атоқли бастакор Дмитрий Янов-Яновскийнинг “Зиж – Буржлар таронаси” асарининг премъераси бўлиб ўтди. Асарда Шарқнинг тўрт мутафаккири – Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек образлари орқали юртимизда илм-фан соҳасида эришилган ютуқлар улуғланган.

Алибек Кабдураҳмонов бошчилигидаги мамлакатимиз Миллий симфоник оркестри ижросидаги куй-қўшиқлар санъат ихлосмандларини Ўзбекис­тон маданий-тарихий меросининг янги қирралари билан таништиришга хизмат қилди.

Айни пайтда мамлакатимизда ҳам буюк қомусий олимнинг 1050 йиллик таваллудига катта тайёргарлик ишлари амалга оширилди. 2022 йилнинг 23 августида Президентимиз томонидан “Буюк мутаффакир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Шундан кейин давлатимиз раҳбари имзоси билан “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида” эълон қилинган қарор асосида халқаро мукофот таъсис этилди. Бу мукофот Абу Райҳон Беруний илмий меросини жаҳон фани ва цивилизация­си ривожи муаммолари контекс­тида ўрганишга бағиш­ланган халқаро миқёсдаги илмий ишлар муаллифларига берилади.

Шу билан биргаликда мамлакатимизда Абу Райҳон Берунийнинг 8 жилддан иборат асарлари ўзбек тилида нашрдан чиқарилди. Бу улуғ алломанинг катта ҳажмдаги асарларининг бир қисмини ўз она тилимизда илк бор мукаммал нашр этилиши бўлди. Шунингдек, республика Фанлар академияси томонидан дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалар нусхаларидан иборат “Абу Райҳон Беруний: интеллектуал ва географик сайёҳатлар” номли махсус каталог турли тилларда нашр қилинмоқда.

Улуғ аллома мероси дунёнинг барча мамлакатларида ўрганилмоқда, тадқиқ этилмоқда. Унинг хотираси абадийлаштирилмоқда. Ҳиндистон пойтахтида жойлашган Жамия Миллия Исламия университети ҳудудида ҳам Абу Райҳон Берунийнинг ҳайкали қад ростлайдиган бўлди. Маълумки, университетнинг иккита йирик биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталади. Университет жамоаси Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва мамлакатимиз олимлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Улуғ мутаффаккир ҳайкали университетнинг ҳуқуқшунослик, хорижий тиллар, дизайн ва инновация департаментлари, араб-ҳинд маданият маркази, шунингдек, бошқа бўлимлари туташган майдонда ўрнатилиши кўзда тутилган. Ҳайкал университетга мамлакатимиз томонидан тақдим этилади.

Қилинаётган ишларнинг бари буюк алломанинг мероси абадийлигини, тафаккур мевалари — асарлари мангулигини кўрсатади.

Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолиятига оид мақолани кейинги файлда ўқишингиз мумкин

Tegishli xabarlar

Нега 608 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган?

admin

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

⚡️Тезкор хабар

admin