ADOLAT 24

МУФТИ ШАРИФХЎЖАЕВ тақдири

Садриддинхўжа 1877 йил Тошкентнинг Мерганча маҳалласида таниқли уламо ва қозикалон Шарифхўжа эшон хонадонида дунёга келади. Аввал эски мактабда, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқийди. Айни пайтда Тошкентдаги биринчи сонли 4 йиллик рус-тузем мактабига кириб, Оврўпо илм-фани янгилик­лари билан танишади, рус тилини мукаммал ўрганади. Шундан сўнг Бухорога йўл олиб, 1905 йилгача Мир Араб мадрасасида таҳсилни давом эттиради. Садриддинхон шу ерда жадид тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Тошкентга қайтгач эса Хастимом ва Юнусхон мадрасаларида мударрис­лик қилади. 1914 йилдан Эшонқули мадрасасида бош мударрис ва муфти рутбасини олади. Муфти Садриддинхон тараққийпарвар уламолардан бўлиб, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг яқин дўсти ва ҳаммаслакларидан бири эди.

1916 йил Туркистонда мардикорликка олишга қарши қўзғолон вақтида Садриддинхон муфти ўзининг халқ томонида эканлигини очиқ баён қилади ва жадид тараққийпарварлари билан бир сафда сиё­сий кураш саҳнасига киради. 1917 йил март ойида Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли томонидан “Шўрои Исломия” жамияти таъсис этилганида унга аъзо бўлади. Туркистондаги илк сиёсий партия “Турк адам марказияти”нинг дунёга келишида бош-қош бўлади. Қўқонда иш бошлаган Туркистон Мухторияти ҳукуматида президиум аъзоси сифатида Мухториятни Туркистон мусулмонларининг ягона ҳокимияти сифатида тан олиниши учун маърузалар қилади. “Уламо жамияти”нинг айрим мутаассиб вакилларида Мухториятга нисбатан ишончсизлик ортиб бораётганлиги туфайли Тошкентга қайтиб, тараққийпарвар уламолардан “Фуқаҳо жамияти”ни тузади. Жамият Туркистон Мухториятини ўлкадаги ягона сиёсий куч сифатида тан олишини эълон қилади. Большевикларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, айниқса, Фарғонада вазиятнинг қалтислашиб бориши жараёнида ўз замонасининг йирик уламоси бўлган муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа қозикалон ўғли 1918 йилнинг февраль ойидан “Фуқаҳо жамияти”нинг нашри афкори сифатида “Изҳор ул-ҳақ” журналини нашр эта бошлайди. Илк сонлариданоқ Туркистон мусулмонларининг севимли нашрига айланган журнал ўз саҳифаларида нафақат диний, балки ўткир иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам кенг ўрин беради. Жумладан, муҳаррир муфти Садриддинхоннинг “Дафъи таҳлика” мақоласида “Оврупо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан-йилга бечора халойиқ, хусусан, Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар. Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўчаба-кўча кезиб, шаҳардин шаҳарга юриб, “оҳ, нон” деюб гадолик қилмакдадурлар. Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб, ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фожеъ бир аҳволда бу дунёга видоъ қилмакдадурлар… жаноб пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам …ёмон киши шул кишидур-ки, Аллоҳ Таолодин сўрайдур ва ўзи ато қилмайдур. Ёмон киши шул кишидур- ки, аҳли аёлларига (бор давлати бирлан) торлиқ қилғувчидур. Бас, шундай бўладурғон бўлса, ҳар кимса қўлидин келғонча Аллоҳ Таоло берғон мол ва давлатидин фақир ва муҳтожларга ёрдам қилмоқ, ўзининг хеш ва ақраболариға шафқат ва марҳамат қилмоқ лозим бўлодур. Ҳозирги замонамиздаги “потрибител” деганлари очмоқ, ондин фақир оч халойиқға озуқ ва бошқа тириклигиға лозим ашёларни арзон баҳо бирлан беруб турмоқ, фақир ва мискинлар учун қозон қуруб, ош улашмоқға ўхшаш ишлар ҳам бир нав ёрдам бўладур”, деб ёзади. 

“Изҳори ҳақиқат ва иршод” мақоласида ҳам “Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайху йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан деб ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуою бадға қўл очар бўлдилар. Бу нечук ҳолат ҳозирда фақат бошларға эмас, балки балойи ом бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуою наҳиларни унутиб, ислом олами бир-бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми?..” 

Минг афсуски, Туркистон аҳлининг ор­зуси ушалмади. Большевиклар замонавий қуроллар билан ва қолаверса, айрим хоин кимсаларнинг хиёнати туфайли халқнинг Мухторият орзусини қонга ботиришга муваффақ бўлдилар. Бироқ қалбида дин, Ватан ва миллатга муҳаббати жўш урган фидоий инсонлар кураш йўлидан қайт­мадилар. Шундай зотлардан бири муфти Сад­риддинхон 1918 йилнинг баҳорида Мунаввар қори Абдурашидхонов маслаҳати билан Туркияга йўл олди ва Туркиядаги қардошларга Туркистонда кечаётган хунрезлик­лар ҳақида хабар етказади. Улар “Шўрои Исломия”нинг яна бир вакили Туркистон Мухториятининг ғазначиси бўлган Саид Носир Миржалилов билан бирга ёз давомида Истамбулда Нури пошо, Азизбей орқали Туркиянинг ўша пайт­даги хавфсизлик вазири Талъат пошо билан музокаралар олиб боради. Бироқ бу пайтда жаҳон урушида мағлуб бўлган Туркиянинг ўзида ҳам аҳвол оғир эди. Шу туфайли музокаралар самарали кечмади. Туркия ҳукумати вакиллари бевосита ёрдам бера олмаса ҳам мухториятчилардан бир ҳайъат тузиб, уларни Женевага “Миллатлар лигаси”га юбориб, у ерда Туркис­тонни советлардан ажратиб олиш масаласини кўтаришга ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Айни пайтда “Уламо жамияти” томонидан Шерали Лапин юборган Нуриддинбек Худоёрхонов ва Ғози Олим Юнусов ҳам Истамбулда эди. Улар Туркия томонининг Женева таклифини рад этди. Ўзларининг Туркия ҳукуматидан озодлик кураши учун ёрдам олиш мақсадида келганларини айтиб, Тошкентга қайтадилар. Муфти Сад­риддинхон ва Саид Носир Миржалилов Тошкентга хабар юбориб, муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни маълум ваколатлар билан Истамбулга юборишларини сўрайди. Афсуски, бу гал ҳам душман бир қадам олдинда эди. Беҳбудий ҳазратлари йўлда шаҳид қилинади… 

Тошкентга келган муфти Садриддинхон Туркистон Республикаси Халқ суди Кенгаши аъзоси бўлди, Юнусхон мадрасасида мударрислик, Ширинқудуқ маҳалласида имомлик қилди. Бироқ истиқлолни қўлдан беришга асло рози бўлмайди. Ўзи учун қанчалик хавфли бўлишига қарамай Мунаввар қори билан бирга “Миллий иттиҳод” ташкилотини ривожлантиришга киришади. 1920 йилнинг кузида Мунаввар қорининг Бухорога юборилиши “Миллий иттиҳод” ишига ҳам зарба берди. 1921 йилнинг 6 март куни амалда “Миллий иттиҳод”нинг раиси бўлган муфти Садриддинхон Абдулла Зиё­муҳаммедовнинг уйида шогирдлари — оренбурглик Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаров билан Шарқий Туркистондаги Япония ва Буюк Британия консуллари номига хат тайёрлайди. Хат “Миллий иттиҳод”нинг муҳри билан тасдиқланиб, Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов томонидан Ғулжага йўлланади.

“Буюк Япония ҳукуматининг Ғулжадаги вакили муҳтарамина!

Ўрта Осиёлик Туркистон аҳолилари ярим аср муддат ичинда Русия ҳукумати золимонаси таъсири ила ҳунар тараққийсидан маҳрумият чуқурида қолиб, руслик миллияти савқи ила руслашдирув сиёсати остинда эзилиб, турк ва ислом миллатлари ҳуқуқи сиёсиядан четка қолиб, зулм ва жабр ичинда умргузар эдилар. Бу ўртада Туркистон аҳолиси ҳукуматнинг бу сиёсатидан норози бўлиб, истиқлол йўлини излаб, миллий истиқлолият қўмитасини тузиб, шўъбалари ила бутун Туркистонни қоплади. Ниҳоят, ҳукуматнинг бу сиёсати золимонасига тоқат этолмасдан 1916 санада ислоҳ қути ила ўз ҳуқуқларин ҳимоя этди. Оқибат 1917 сана қизил инқилоб билан бир оз умумий озодлик соҳилига чиққан бўлиб, ҳуқуқи миллияларини янгидан тиргизмак орзусига кирганди. 1917 сана октябрь воқеасиндан сўнгра совет ҳукуматининг бошинда ҳукмрон бўлган Лениннинг (манифест) ваъдаси ҳар бир миллат учун миллий озодлик ва ҳуррият эълонига биноан Туркистоннинг эски пойтахти бўлган Ҳўқанд шаҳрида ўлка мухториятини эълон этиб, туркистонли турклар маъқул бир ҳукумат ташкил қилган ҳолда миллатчи большевикларнинг золимона ҳужум ва бераҳимона ҳаракатлари ила шаҳарлар бузилиб, қонлар тўкилиб, хотун ва болалар кесилиб, хоналар ва моллар талон-тарож этилиб, ҳукумат арбоблари отилиб, осилиб, ҳукумат тарқатилди ва шул онга қадар отув-кесувлар давом этмакдадир… 

“Осиё осиёликларнингдур” деган шиорни лозим тутган Сиз муҳтарам Япония ҳукуматидан илтимос қилинурким, қардош, ватандош осиёлик Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида умр кечирмоқиға розилик кўрсатмай салоҳ ва пул ва ўзга даркор бўладирган режалар ила ёрдам қўлин узатмоғингизни Ватан ва ирқдошлик номиндан ўтинамиз. Бу ҳақда сўзлашув учун учун ушбуни топширувчи том ҳуқуқлик тубанда исмлари ёзилган аъзоларини юборадир:

Фарғона край миллия аскарисин бош­луғи: Шермуҳаммадбек имзоси,

Бухоро ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Музаффариддин,

Хива ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Аннақулов”.

Туркистон Марказий умумий миллий иттиҳод қўмитасининг раиси номидан яна бир мактуб Буюк Британия ҳукумати вакилларига тайёрланади.

“Буюк Британия ҳукуматининг Қошғар вакили ҳазрати олийларина!

Сиз муҳтарам амният ва ҳуқуқи башарият устози Буюк Британия ҳукуматидан илтимос қилинурким, Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида яшаб ва Туркистон маданияти, санои нафисалари ботил ва хароб ўлмакиға розилик юзин кўрсатмай силоҳ ва ўзга зарур ашёлар ила ёрдам қўлин этмоғингизни ҳуқуқи инсоният номиндан ўтинамиз…” 

Хатнинг дипломатик назокати ва муфти Садриддинхоннинг нақадар сиёсий етуклиги ҳақида, хат агар етиб борганида қандай сиёсий оқибатларни келтириб чиқариш, чиқармаслиги ҳақида ҳам кўп мунозара қилишимиз мумкин. Ҳақиқат шуки, хат 1921 йил 16 март куни Авлиёотада чекистлар томонидан тутиб олинади. Шундан сўнг 1921 йил 31 март куни “Миллий иттиҳод”нинг бошқа аъзолари Рустамбек Ниёзбеков, Муҳаммадёр Муҳаммадумаров ҳам қамоққа олинади. Апрель ойининг илк тунларидан бирида муфти Садриддинхон Юнусхон мадрасасидаги ҳужраси атрофида қизил аскарлар йиғилаётганлигини пайқаб қолади. Девор орқали Эшонқули додхоҳ масжидига ўтиб, бир муддат яширингач, шўроларга қарши очиқ курашга киришишга қарор қилади. У Тошкентдан чиқиб кетади. Заркатга бориб ва қадимий қабристонда қўним топиб, икки кун шу ерда ибодат қилади. Айни пайтда бир неча хатлар тайёрлаб Қорахитой қишлоғидаги собиқ талабаси орқали Тошкентга, Бухорога ва Фарғонага йўллайди. Сўнг довондан ўтиб Ашобага, Раҳмонқули қўрбошига қўшилади. 1921 йилнинг бошида Бухорога борган таниқли жадид муаллимлар Усмонхўжа Тўхтахўжаев ва Тангриқул ҳожи Мақсудий хатни олгач, Тошкентга қайтади. Улар Исроилжон раҳбарлигидаги гуруҳ билан маҳаллий бойлардан тўплаган 100 минг сўм пул билан Пискент томон йўл оладилар. Уларни Ашоба қишлоғи яқинида Раҳмонқулининг ўзи кутиб олади. Муаллимлар Садриддинхоннинг режасига кўра истиқлолчиларга дарс ва маънавий далда беришлари керак эди. Айни пайтда Тошкентда большевикларнинг XII съездига тайёргарлик кетаётган эди. Муфти Садриддинхон истиқлолчилар армиясининг олий қўмондони Шермуҳаммадбек номидан бу қурултойга Фарғонага мухторият бериш, ҳарбий бошқарувни русларнинг аралашувисиз маҳаллий аҳолига топшириш, иқтисодий ва диний эркинликларга дахл қилмаслик каби 13 пунктдан иборат ультиматум тайёрлайди. Муфти Садриддинхон, Раҳмонқулибек ва Ислом паҳлавон билан уч кун давомида Шермуҳаммадбекнинг ҳузурида бўлади. Учрашувда қувалик Боқижонбой, Рустам ҳожи, қўқонлик Камол қози Шермуҳаммадбекка ҳар қандай ҳолда ҳам большевикларга ишониб бўлмаслигини таъкидлайдилар ва музокарага чек қўйилади. Бек Афғонистондан қурол етиб келгунича қадар мудофаа жанглари билан чекланишга қарор қилади. Муаллимлар ортга қайтарилади, қизил армиянинг сони кундан-кунга ортиб боради. Ваъда қилинган қуроллар келмайди. Шўролар фитнаси туфайли қўрбошиларнинг ичида ҳам ўзаро курашлар авж олдирилади, миллат қони дарё бўлиб оқади. 

1921 йил 9 сентябрь куни Қўқонда муфти Садриддинхон Ҳамдамҳожи Қаландаров билан бирга қамоққа олинади. 1921 йил 19 сентябрда ТуркЧК томонидан уни зудлик билан Тошкентга келтириш учун махфий қарор чиқарилади. 1921 йил 27 сентябрь куни муфти Садриддинхонга нисбатан аксилинқилобий фаолият айблови билан жиноий иш очилади. Сўроқларда Садриддинхон ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини тан олади ва кўп ишларни ёлғиз ўзи истагига кўра амалга оширганини таъкид­лайди. 1921 йил 28 ноябрь куни сўроқда Рустамбек Ниёзбеков бу гапларнинг ҳеч биридан хабари бўлмагани ҳолда Муфти Сад­риддинхонни улуғ бир олим сифатида билишини ва қадрлашини таъкидлайди. 

1921 йил 8 декабрь куни Клингоф раҳбарлигида Турк ЧКнинг аъзолари — Адлия Халқ комиссари Устабоев, милиция бош­лиғи Алиев улар ишини Олий инқилобий трибуналга йўллайди. 1921 йил 23 декабрь куни Тошкентда раис Иброҳимов ҳамда Иноғомжон Хидиралиев, Собир Юсупов ва бошқалар иштирокида ўтган Ҳарбий трибуналда Назир Тўрақулов давлат айбловчиси бўлади. Ҳарбий трибунал қарорига кўра муфти Садриддинхон Шарифхўжа ўғли ва Ориф Каримий отувга, Абдуллажон Зиёмуҳаммедов 5 йиллик қамоққа ҳукм қилинади. Аммо Октябрь инқилобининг 4 йиллиги муносабати билан отув ҳукми 5 йиллик қамоқ жазосига, Абдуллажон Зиё­муҳаммедовнинг 5 йиллик қамоқ жазоси бир ярим йиллик шартли қамоқ жазосига алмаштирилади. Рустамбек ва Муҳаммад­ёр эса шу жойнинг ўзида озод қилинади. Албатта, Туркис­тон ҳукуматидаги маҳаллий арбобларнинг барчасининг пири устози бўлган Муфти Сад­риддинхон ва Ориф Каримий кўп ўтмай Туркистон заминидан чиқиб кетишга муваффақ бўладилар. Ориф Каримий кейин­чалик Туркияда олим бўлиб, ўзини сиёсатдан холи тутади. Муфти Садриддинхон аввал Афғонистонга ўтиб, 1923 йил ўрталаридан Эроннинг Машҳад шаҳрида ерлашиб, Туркистон озодлиги учун курашга етакчилик қилади. Садриддинхон йирик уламо бўлганлиги туфайли яхши мавқега эга эди. У Туркис­тондан қочиб борган минг­лаб муҳожирларни турли ҳудудларга жойлаштиради, уларнинг бир қисмини ўқиш мақсадида Туркияга йўллайди. Айни пайтда Туркистон билан ҳам алоқа боғлаб, маҳаллий туркман қабилалари орасида “Ёш Туркистон” журналини тарқатиш орқали миллий бирлик учун курашни давом эттиради. 1931 йил Эрон Совет битимидан сўнг муҳожирларга нисбатан босим ва тазйиқ кучаяди. Муфти Садриддинхон бунга қарши Туркия ҳукуматининг эътиборини қаратиш мақсадида мактублар йўллайди. Албатта, ўша йиллари муфти Сад­риддинхон ўз фаолияти ҳақида Мустафо Чўқай ва Абдулваҳоб Ўқтойга тинимсиз хатлар юбориб турган. Бироқ унинг атрофида саводли йигитлар етишмас эди. 1932 йилнинг августида унинг ёнига Туркистондан Баҳром Иброҳимов келади. “Йўқсул” таҳаллуси остида шеърлар ёзиб, ўзини ижодкор сифатида кўрсатган бу йигит аслида жосус бўлиб, Ганжада ўқиб юрган вақтларидаёқ ГПУга ёлланган эди. Самарқанддаги фаолияти даврида Чўлпоннинг исёнкор шеър­ларини ўқиб, тараққийпарварларнинг назарига тушган ҳамда атрофига кўплаб ҳур фикрли ёшларни жамлаган эди. 1931 йил Ғулом Зафарий бош­лиқ бир гуруҳ ёшлар билан қамоққа олинади. Шундан сўнг терговдан озод қилиниб, Эронга юборилган эди. Муфти Садриддинхон унинг биографияси билан танишгач, табиийки, ўзининг Туркистондаги манбалари орқали унинг далилларини текшириб кўради. У нафақат Туркистонда, ҳатто Озарбайжонда ҳам кўп­лаб тараққийпарварларга таниш бўлгани учун муфти Сад­риддинхоннинг ишончига эришади. Ваҳоланки, бунгача ўнлаб ГПУ жосуслари фош қилиниб, Эрондан чиқариб юборилган эди. Баҳром Иброҳимов Маҳмуд Ойқорли номи билан ўн йилга яқин муфтининг хизматида бўлиб, айни пайтда айғоқчилик вазифаларини ҳам мукаммал бажаради. 

Муфти Садриддинхон Эрондаги вазиятнинг ёмонлашиб бориши сабабли 1934 йил 8 июль кечаси котиби Маҳмуд Ойқорли билан Машҳадни тарк этади. Улар 31 июль куни Қобулга келиб, бир муддат Афғонис­тондаги ҳолатни ўрганади. Шундан сўнг Маҳмудни Машҳадга йўллаб, ўзи Шарқий Туркистонда курашни давом эттиришга қарор қилади. Бироқ советлар Афғонистондаги мавқеидан фойдаланиб, муфтини назоратга олишга интиладилар. Натижада 1935 йил 6 августда муфти миршаблар қуршовида Ҳиротга сургун қилинади. Шундан сўнг Маҳмуд Ойқорли Мустафо Чўқайга хатлар ёзиб, энди ўзининг раҳбарлик қилишини маълум қилади. Ҳатто Япония вакилларига алоқага чиқиб, айни пайтда миллий жабҳа курашчилари орасида турли фитналарни амалга оширади. 1937 йил Шермуҳаммадбекнинг Истанбулда ўқиётган ўгай ўғли Ғулом Ҳайдар Қобулга келиб, Ойқорлининг жосуслигини фош этади. Бироқ советлар аралашуви билан Маҳмуд Ойқорли яна қутилиб кетади. Муфти Садриддинхон эса Қандаҳорга йўлланади ва унинг кейинги ҳаёти шу ерда кечади.

Баҳром Ирзаев,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи 

бош илмий ходими, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Tegishli xabarlar

ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ ЧОРАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

admin

Маҳаллалар обод бўлмоқда

admin

Сайловчилар билан учрашувлар

admin