ADOLAT 24

Қадимий илдизларга таянган дўстлик

Ўзбекистон ва Озарбайжон туркий тилли давлатлар орасида бир-бирига энг яқини ҳисобланади. Ўзбек ва озар халқларини умумий илдизлар бирлаштиради. Мамлакатларимизнинг БМТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий тузилмаларда кўплаб долзарб масалалар юзасидан якдил, ҳамфикрлиги ҳам шундан.

Мустақиллик йилларида ҳар икки мамлакатда элчихоналар очилди, Тошкентда Низомий Ганжавий, Бокуда Алишер Навоий ҳайкали қад ростлади. Кейинроқ Тошкент шаҳрида Ҳайдар Алиев номи билан аталган Озарбайжон маданият маркази очилди, буларнинг барчаси муносабатларимизга янги руҳ бағишлади. 

Озарбайжон ва Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, тарихий дўстлик ва қардошлик муносабатлари янада ривожланиб, кўп йиллик синовлардан сўнг стратегик даражага кўтарилди. Икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси, узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати, ҳеч муболағасиз, дўстлик алоқаларига, савдо-иқтисодий кўрсаткичларида кескин ижобий ўзгаришлар кузатилди. Биргина 2022 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар, жорий йил бошидан буён эса бу кўрсаткич 16 фоизга ошди. Жумладан, Озарбайжонга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 2,6 баробар, механик ускуналар 19,7 фоиз, шиша ва шиша буюмлар етказиб бериш 76 фоизга ошди. Яқин йилларда ўзаро товар айир­бошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун икки мамлакат иқтисодиёти етарли салоҳиятга эга.

Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони 4 баробар ошди. Икки йил ичида 40 га яқин корхоналар ишга тушди. Ўз навбатида, Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 70 дан ортиқ корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Озарбайжонда Ўзбекис­тон автомобилларини йиғиш, ипакчилик ва тўқимачилик кластерлари ташкил этилгани самарали ҳамкорликка мисол бўла олади. Ўтган йили мамлакатимиз юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Ўзбекистон бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтиришдан манфаатдор. 

Шу маънода, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компания­сини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логис­тика марказларини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Озарбайжон ва Ўзбекис­тон Президентларининг 22-23 август кунлари олиб борган мулоқотлари давомида бу борада келишувга эришилди. 

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг икки мамлакат ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзолаганлари ташрифнинг энг муҳим натижаси бўлди. Бу икки давлат муносабатларини янада чуқурлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, ташриф доирасида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди. 2023-2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” шулар жумласидандир.

Ўзбекистон қардош мамлакат Озарбайжонни энг оғир дамларда ҳам қўллаб-қувватлади, елкадош бўлди. Ўзбекистон мазкур республиканинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳурмат билан қаради. Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръатини юқори баҳолади. 2021 йил 31 март куни Туркий давлатлар ташкилотининг видео­конференция форматида бўлиб ўтган норасмий саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Озарбайжонни Қорабоғнинг қайтарилиши ва тарихий адолат тиклангани билан табриклади. Ўша йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг VIII саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маб­лағи ҳисобидан Фузулий шаҳрида мактаб қурилишини айтган эди. Ушбу йўналишдаги ишлар аллақачон якунланган. Шу йил 1 сентябрдан бошлаб мактаб ўқувчиларни ўз бағрига олди. 

Давлатимиз раҳбари Шуша шаҳрига ҳам ташриф буюрди. Эндиликда қадимий Шушада тиклаш ишлари олиб борил­япти. Шаҳарда электр, газ, ичимлик суви тармоқлари янгиланмоқда, ижтимоий объектлар таъмирланяпти. Қисқача айтганда, ҳаёт аста-секин изига қайтмоқда. Бунинг учун Озарбайжонда молиявий ресурслар етарли, энг муҳими, озар халқининг иродаси мустаҳкам. Боз устига, Ўзбекистондек давлатлар унинг ёнида турибди. 

Давлатлар раҳбарлари даражасидаги алоқалар ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам беҳад яқин ва самаралилиги билан ажралиб туради. 2022 йили Озарбайжон Президенти Ўзбекистонга уч марта расмий давлат ташрифи билан, халқаро форумларда иштирок этиш учун келган. Бу йил Президент Мирзиёев 1 мартдан 3 мартгача Озарбайжонда ўтказилган Қўшилмаслик ҳаракатининг Алоқа гуруҳи саммитида қатнашди.

Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев айтганидек, “Озарбайжон ва ўзбек халқларининг бу алоқаси ва қардошлиги тасодиф эмас. Мазкур алоқалар қадимий тарих ва бой ўтмиш асосидаги халқларимизнинг қон-қардошлигини, қалбларимиз, маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизнинг бирлигини ифода этади”.

Ўзбек халқи ва озарбайжон халқининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади. Бу — инсонпарварлик, адолат, анъаналарга садоқат, бағрикенглик, тараққиёт ва фаровонликка интилиш каби жараёнларда намоён бўлади. Тилларимиз умумий илдизли, бизнинг муқаддас динимиз ислом — тинчлик ва яхшилик дини. Менталитетларимиз ҳам ўхшаш. Мамлакатларимиз кўп миллатли, бу ерда турли этнослар, халқлар ва диний конфессиялар вакиллари истиқомат қилади. Ўйлашимизча, келажак авлод фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришимиз керак. Халқларимиз бир-бири ҳақида кўпроқ нарса билишлари учун бор имкониятни ишга соламиз. 

Узоқ тарихдан буён ўзбек ва озар халқлари маданий ришталарни умумий қадриятлар сифатида эъзозлаб келмоқда. Айтиш лозимки, нафақат ўзбек, балки бутун туркий халқлар адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир шоир, давлат ва жамоат арбоби, илм ва адабиёт ҳомийси ҳазрат Алишер Навоий озар халқи фахри Низомий Ганжавий анъаналарини давом эттириб, илк бор туркий тилда “Хамса” достонини яратган. Достонларида ҳазрат Низомийни фахр билан тилга олиб, унга чексиз ҳурматини, ихлосини баён этган. Озарбайжон адабиётининг улуғ вакилларидан бири Муҳаммад Фузулий эса Навоийни ўзига устоз билиб, унга эргашиб, ғазалларига назиралар битган. Қувонарлиси, адабий, маданий алоқаларимиз бугун ҳам бардавом.

Ёзувчи-шоирларимиз, мақомчиларимиз, маданиятимизнинг атоқли намояндалари Озарбайжонда, озарбайжонликлар Ўзбекистонда ўтаётган турли тадбирларда мунтазам қатнашиб келади. Озарбайжонда атоқли ўзбек адабиёти вакилларининг ижодий меросига бағишланган илмий-адабий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Бунинг исботи ўлароқ, 1 – 4 август кунлари Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон Респуб­ликалари Президентларининг мус­тақил сиёсати, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалардаги ўз қатъий нуқтаи назарига халқаро кузатувчилар юқори баҳо беришади. Бинобарин, дадил ташқи сиёсат туркий халқларнинг яқинлашувига хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қардош халқлар билан яқинлашишга қаратилган узоқни кўзловчи, оқилона стратегияси бутун дунёда ҳақиқий прагматик ва ниҳоятда хайрихоҳлик руҳидаги ташқи сиё­сат сифатида тан олинмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан ушбу воқелик ўзбек дип­ломатиясининг ўзига хос услуби, дея қабул қилинмоқда. 

Озарбайжонликлар ҳам Ўзбекис­тон билан дўстлик, қардошлик масаласига ҳамиша эътибор қаратиб келган. Зеро, озар халқи бошига тушган қайғули кунларда, жуда оғир бир даврда ўзбек халқи биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида кундан-кун мустаҳкамланиб бораётган алоқалар нафақат давлатларимиз ва халқларимиз, балки бутун туркий дунё тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Тошпўлат МАТИБАЕВ, 

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқи

admin

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin

Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев

admin