ADOLAT 24

“Абдулла Орипов” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди

Пойтахтимиздаги Киночилар уйида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб суратга олинган “Абдулла Орипов” бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида ишланган ушбу картина Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг ёрқин ва айни пайтда заҳматга тўла ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.  

– Кейинги йилларда кинематография соҳасига катта эътибор қаратилмоқда, – деди Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Соҳага энг илғор техник жиҳозлар келтирилмоқда. “Ўзбекфильм” студияси мутлақо янгича асосда жиҳозланди. Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали мана учинчи йил иш олиб бормоқда. Тошкент Халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” шиори остида қайта тикланди. Яқиндагина “Ренессанс” кинотеатри фойдаланишга топширилди. Куни кеча 20 нафарга яқин киноижодкор Президентимиз фармони асосида Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Халқимизнинг атоқли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильм ишланиши ҳам айни эътиборнинг ёрқин намунасидир. Уни тасвирга олишда жуда катта ижодий гуруҳ икки йил давомида иш олиб борди. Шу сабабли кинони суратга олишда ҳамкорлик қилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Рес­публика Маънавият ва маърифат марказига ҳамда яна кўплаб ташкилотларга миннатдорлик билдирамиз. Фильмни яратишда Абдулла Орипов яшаган жойлар, у таълим олган масканларда бўлдик. Ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, экспертлар, шоирга энг яқин бўлган инсонларнинг маслаҳатига таяндик.  

– Аввало мазкур фильмнинг ташаббускори, картина яратилишидаги барча жараёнларни охиригача эътибор билан кузатган Президентимизга чин юракдан миннатдорлик билдираман, – деди шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафоева. – Киноижодкорларнинг машаққатли меҳнати, заҳматли ишлари учун раҳматлар айтаман. Фильмнинг суратга олиниши мен учун фахрли, изтиробли, ҳаяжонли кечди. Абдулла ака бу фильмни кўрганларида билмадим, нима дер эдилар… Шоир умр бўйи элим, Ватаним, деб яшади, ижод қилди. Абдулла аканинг энг қадрли кунлари Мустақиллик эълон қилинган кун эди. Қаранг, картинанинг тайёр бўлиши ҳам Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига тўғри келди. Абдулла акани асосан оила шароитида кўрардим. Ушбу фильм орқали шоирнинг ишда, жамоатчиликдаги қиёфасини яққол кўрдик. Шу жиҳатдан уларнинг мен билмаган қирраларини кашф этдим. Фильм шоирнинг ҳасратли сукунатини, руҳиятини очиб бера олган.  

Дарҳақиқат, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонасида Кинематография агентлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази каби ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишланган мазкур фильмни юртимиз жамоатчилиги, мухлислар анчадан буён кутди. Унда халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг ҳаёт йўли акс эттирилиши билан бирга, ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, адабий муҳит яққол гавдалантирилган.

Шоирнинг Ватан ҳурлиги йўлидаги изтиробли кечмишлари, оловли сатрлари, турли тазйиқларга рўбарў келиши ғоят таъсирчан тарзда очиб берилган. Шу билан бирга шўролар давридаги миллий қадриятларимиз, жумладан Наврўз байрами, она тилимизга бўлган зуғумлар, жонажон Ватанимизнинг мустақилликка эришиши, Ўзбекистон Давлат Мадҳия­сининг яратилишидек тарихий жараёнлар томошабинни бефарқ қолдирмайди. Юртимиздаги янгиланишлар, миллий адабиётимизга, ижодкор зиёлиларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам катта маҳорат билан картина воқеликларига сингдирилгани диққатга сазовор. 

Фильмда Абдулла Орипов билан бирга Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Озод Шарафиддинов, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Бахтиёр Назаров каби миллий адабиётимиз дарғаларининг сиймоларини ҳам гавдалантирилгани, уларнинг адабиётимиз ривожи йўлидаги эзгу ишлари акс эттирилгани ғоят эътиборлидир.  

Чиндан ҳам Абдулла Орипов шон-шуҳрат, заҳмату меҳнат, машаққат ичра ижод қилган инсон экани картинада яққол намоён бўлади.  

Томошабин унинг Яратган томонидан ато этилган истеъдод соҳиби бўлганига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Абдулла Ориповнинг болалик даври Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида тас­вирга олинган. Шунингдек, талабалик даври, машҳурликка эришиши, халқ манфаати йўлидаги жонбозлиги Тошкентда, умрининг сўнгги кунлари ўтган давр эса АҚШда суратга олинган.  

Абдулла аканинг болалигини Жасурбек Абдуманнопов, йигитлик ва ўрта ёш сиймосини унинг шогирди, “Дўстлик” ордени соҳиби, атоқли шоир Шодмонқул Саломов, кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Қудратилла Бурхонов гавдалантирган. Картинада, шунинг­дек, Гулчеҳра Жамилова, Муҳаммадали Абдуқундузов, Теша Мўминов, Олимжон Салимов, Алишер Шарафиддинов, Фарҳод Абдуллаев, Райҳон Асадова, Ҳамза Ҳасанов ва бошқа ижрочилар иштирок этган.  

Сценарий муаллифлари – Абдуқаюм Йўлдошев, Муқаддас Усмонова, Минҳожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов. Фильмга Музаффархон Эркинов бош режиссёрлик қилган. Бош оператор – Равшан Мирзакамолов. Бош муҳаррир – Эркин Аъзам. Картина бадиий раҳбари – Шуҳрат Ризаев. Бош продюсер – Фирдавс Абдухолиқов. Бадиий фильмга Ҳанифа Мус­тафоева, Абдураҳим Эркаев маслаҳатчилик қилган.  

Халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Орипов ҳақидаги ушбу бадиий фильм адабиёт, шеърият мухлисларини бефарқ қолдирмайди.  

 ЎзА   

Tegishli xabarlar

Янгиланаётган Конституция — юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

admin

КИТОБлар тафаккур кемаларидир

admin

БУ ЙИЛ ИҚТИСОДИЁТИМИЗДА ҲАЁТИЙ УЙҒОНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

admin