ADOLAT 24

Жаҳон Берунийни қайта кашф этади

Юртимиз азалдан алломалар ватани ҳисобланади. Буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний эса уларнинг энг машҳурларидан биридир. 

Беруний жаҳон фани тарихига энциклопедик олим сифатида кирган, чунки у ўз даврининг қарийб барча соҳалари бўйича 150 га яқин асар ёзиб қолдирган. Унинг асарлари Мирзо Улуғбек (1394-1449), Николай Коперник (1473-1543) каби олимларнинг астрономик кашфиётларига туртки бўлган. 

 Қомусий олимнинг жаҳон фани ва маданияти ривожи учун қилган буюк хизматларининг эътирофи сифатида ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан 2022–2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарор киритилди. 

Берунийнинг Ватани Ўзбекис­тонда 2022 йилнинг 25 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига ҳамоҳанг равишда халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан муносиб кутиб олинди. Президентимиз тарафидан имзоланган “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекис­тон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори юқоридаги ҳужжатларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллик юбилейини муносиб нишонлаш учун аниқ вазифаларни белгилаб берди. 

Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотининг таъсис этилиши аллома ва мутафаккиримизнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасининг халқаро эътирофи бўлди. Қарорнинг мақсади – Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро миқёсда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришдан иборат. 

Қарорга асосан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилади.

Париждаги (Франция) ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 2023 йил 4-8 сент­ябрь кунлари Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган халқаро кўргазма ҳамда илмий ва маданий тадбирлар ўтказилади.

Фанлар академияси билан биргаликда Кўргазмада тақдим этиш учун дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалар нусхаларидан иборат “Абу Райҳон Беруний: интеллектуал ва географик сайёҳатлар“ номли махсус каталог ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилади.

Кўргазма доирасида Ўзбекис­тон давлат филармониясининг концерт дастури юқори савияда ташкиллаштирилади.

ЮНЕСКО таълим, фан ва маданият соҳасидаги БМТнинг тузилмаси сифатида ушбу соҳаларда инсоният олдида турган энг долзарб, мураккаб ва глобал, умумбашарий аҳамиятга эга муаммоларни ечишга қаратилган дастурларни қабул қилади ва ечимини ташкил қилади. 

Замонавий даврдаги инсониятнинг энг асосий муаммоларидан бири – бу сунъий интеллект, сунъий идрок ҳамда инсон ва инсониятнинг табиий интеллекти, табиий идрок ўртасидаги муносабатлар муаммоси.

Халқаро мукофот мақсадларидан бири сифатида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш қарорда кўрсатилган.

Ушбу халқаро мукофот доирасида сунъий идрокни, сунъий интеллектни ривожлантириш жара­ёнида инклюзивликни таъминлаш мукофотлашнинг мезонларидан бири сифатида қаралмоқда. Инклюзивлик муаммоси, яъни турли, бир-биридан фарқланадиган, ҳатто кескин фарқланадиган, ижтимоий гуруҳларни яҳлит умумий ижтимоий жараёнга қамраб олиш, ушбу гуруҳлар орасида толерантликни, бағрикенг­ликни таъминлаш муаммоси ҳам инсониятнинг энг мураккаб ва аҳамиятли масалаларидан биридир. Мукофот доирасида сунъий идрок соҳаси билан бирга ушбу ўта мураккаб инклюзивлик соҳасида ҳам юксак ютуқларга эришганлар мукофотланиши режалаштирилган. 

Қарорда буюк мутафаккир, қомусий олим Абу Райҳон Беруний илмий меросини жаҳон фани ва цивилизацияси ривожи муаммолари контекстида ўрганиш учун ҳам мукофотлаш масаласи белгиланмоқда. 

Бу мукофотнинг Абу Райҳон Беруний номида бўлиши ҳам бежиз эмас. Зеро, аллома дунё аҳамиятига молик улкан илмий мерос қолдирган. Қолаверса, ушбу қарор Абу Райҳон Беруний асарларини мутахассислар ва кенг оммага қайта кашф этишга, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни кенгайтиришга, ўтказиладиган тадбирлар эса Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўрнини янада мус­таҳкамлашга хизмат қилади. 

 Баҳром Абдуҳалимов,

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат

admin

ИСТЕЪМОЛ БОЗОРЛАРИДА НАРХЛАР БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Ватан келажаги ёшлар қўлида

admin