ADOLAT 24

Терговдан яширинган қонунбузар 5 йилдан сўнг айбига иқрор бўлиб келди

Тошкент шаҳрида яшовчи Исматулла Насруллаев, Холдор Самариддинов ва Оқилбек Ҳамдамов (исм-шарифлари ўзгартирилган) улғайиб, коллежни тамомлаганларидан кейин ҳам ёлчитиб бирор-бир жойда ишлашмайди. Аксинча, кунда-кунора учрашиб, тараллабедод қилиб юришга ўрганиб қолишади. Оқибатда…

Бундан 5 йил муқаддам, 2018 йил январь кунларининг бирида йиғилганларида Исматулла ўртага таклиф ташлайди. 

– Анчадан буён бир ишни режалаштириб юрибман. Агар ўша режани амалга оширсак, яхшигина пулга эга бўламиз, – дейди у.

– Қанақа иш, нима қилишимиз керак? – деб сўрайди Оқилбек қизиқиб.

Бунга жавобан Исматулла кўпдан буён “Тошкент-Андижон” йўналишида киракашлик қилувчи Лазиз Пирматовни кузатиб юргани, унинг қўлидан кунда-кунора миллион-миллион сўм пул ўтиши, пайт пойлаб унинг изидан тушиш лозимлигини тушунтиради. Миллионларнинг дарагини эшитиб, О.Ҳамдамов ва Х.Самариддиновнинг ҳам бирдан фикри бузилади. 

Шундан сўнг қишнинг изғиринли кунларидан бирида, 2018 йил 2 февраль куни соат 00:30ларда учовлон Қўйлиқ даҳасидаги Фарғона водийсига қатновчи автомобиллар тўхташ жойига келишади. Чунки улар ўша пайтда Лазиз автотураргоҳда тургани, энг асосийси, автомашинасида катта миқдорда пул борлигидан аллақачон хабар топишганди. Дарҳақиқат, Л.Пирматов шу куни тадбиркор танишларидан бирининг 200.000.000 сўм пулини Андижонга олиб бориб бериш учун “Ласетти” автомашинасининг юкхонасига жойлаб қўйган, сўнг йўловчи олиш мақсадида автотураргоҳга келганди. Бироқ тунги пайт бўлгани боис ҳадеганда Андижонга кетадиган йўловчилар келавермади. Бинобарин, Лазиз соат 01:30ларда ёлғиз ўзи водий томон йўл олди. Ҳамтовоқлар ҳам унинг ортидан таъқиб этиб, йўлга тушишди. Лекин Л.Пирматов буни сезмади. Негаки, “Нексия-3” ўзини сездириб қўймаслик учун гоҳ анча ортда қолар, гоҳ “Ласетти”дан ўтиб кетиб, маълум масофадан сўнг яна орқада қоларди. Ҳамтовоқлар ўлжасини шунчалик таъқиб қилиб боришадики, ҳатто Лазиз автомашинасига газ тўлдириб чиққунча ҳам кўздан қочиришмайди.

Хуллас, Лазиз Пирматов тонгги соат 04:00ларда Қамчиқ довонидан ўтиб, Данғара туманидаги “Санжар патир” номли нон маҳсулотлари растасига етиб келиб тўхтади. У таниши Бахтиёр Аҳрорқулов билан шу ерда учрашишга келишиб олишганди. Гарчи бу жой савдо растаси эса-да, қиш чилласи бўлгани сабабли ўша пайтда растада на сотувчи, на харидор бор эди. Шунинг учун Лазиз Бахтиёр етиб келгунга қадар автомашинани ичидан қулфлаб, мизғиб олмоқчи бўлади. Бу эса ортдан етиб келган Исматулла, Оқилбек ва Холдорга жуда қўл келди. Яъни, улар шоша-пиша ишга киришишади: юзларига ниқоб тақиб, қўлларига қўлқоп кийиб, темир таёқ билан қуролланишади. Сўнгра пайт пойлаб, тўсатдан Л.Пирматовнинг автомашинасига ҳужум қилишади. Аниқроғи, ҳайдовчи уйқуга кетгач, қўлларидаги темир таёқ билан “Ласетти”нинг чап томон олди ён ойнасини уриб синдиришади. Кейин Лазизни автомашинадан тортиб тушириб, аёвсиз уриб-дўппослашади. Дабдурустдан қилинган ҳужум ва калтак зарбидан Л.Пирматов эсанкираб қолса-да, овози борича бақириб, ухлаб ётган савдо дўкони эгалари ва қоровулларини ёрдамга чақиради. Бироқ нотаниш кимсалар кўпчилик бўлгани ва қуроллангани туфайли уларга қаршилик кўрсатолмайди. Оқибатда оғир тан жароҳати олиб, ерда чўзилиб қолади. Бундан фойдаланган босқинчилар эса зўрлик ишлатиб, “Ласетти”ни олиб қочиб кетишади.

Жиноий шериклар “Ласетти” автомашинасини Наманган вилояти Поп туманининг Қўшминор маҳалласи ҳудудидаги овлоқ ерга ҳайдаб боришади. Сўнг тезкорлик билан автомашина юкхонасидаги пулларни ўзларининг бош­қарувидаги “Нексия-3” русумли автомашинага жойлаштириб, воқеа жойидан яширинишади. Чунки бу жойга келаётганларида улар ўзларидан 700-800 метр нарида, рўпараларидан келаётган чегара қўшинлари ҳарбий автомашинасини кўришган, шу боис аскарларнинг ўзларидан шубҳаланишини ўйлаб, чап томондаги кимсасиз кўчага киришганди.

Чиндан ҳам шундай бўлади. Чегарачилар уларнинг изидан ўша кўчага кириб боришади. Лекин ҳарбий автомашина кўча бошига етиб борганида “Нексия-3” ортига қайтиб чиқиб кетади. Буни қарангки, “Нексия-3” автомашинасининг давлат рақами мато билан беркитиб қўйилгани сабабли ҳарбий хизматчилар бирор-бир маълумотни аниқлай олишмайди. Кўчанинг анча ичкарисида эса “Ласетти” чироқлари ёқилган, ён ва олди ойналари синган ҳолда ташлаб кетилганди. Шу боис улар дарҳол Поп туман ИИБга хабар беришади.

Энди гапни жабрланувчидан эшитинг. Воқеадан кўп ўтмай Бахтиёр Аҳрорқулов ҳам етиб келади. Лазиз унинг ёрдамида оёққа туради. У бироз ўзига келгач, оғайниси билан бирга босқинчилар кетган томонга йўл олади. Аммо автомашинани тополмайди. Шунда Л.Пирматов қонун ҳимоячиларига хабар бериш учун чўнтагини пайпаслаб телефонини қидиради. Аммо телефони автомашинада қолгани эсига тушиб, дарҳол Бахтиёрнинг телефонидан қўнғироқ қилади. Гўшакни аллақачон воқеа жойга етиб келган ИИБ ходими кўтаради. 

– Автомашинангизни “Садоқат” пости яқинига ташлаб кетишибди, – дейди ИИБ ходими. 

Шундан сўнг Лазиз билан Бахтиёр тезда ўша жойга етиб боришади. Улар машинани кўздан кечиргач, ИИБ тезкор ходимлари автомашинани жарима майдонига олиб кетишади. Сўнгра қонун ҳимоячилари жиноятчиларнинг изига тушишади. Яъни, дастлаб Қамчиқ довонига чиқишдан то собиқ “Чағали” йўл-патрул хизмати масканигача бўлган ҳудуддаги кузатув камералари хотираси кўздан кечирилади. Натижада Исматулла Насруллаевнинг “Нексия-3” русумли автомашинаси Л.Пирматовнинг “Ласетти” автомашинаси ортидан таъқиб этиб келгани ойдинлашади. Қолаверса, жиноят содир этилган пайтда Лазизнинг уяли телефони айнан қайси нуқталарда бўлгани, ўша дамда телефон ёнида кимлар бўлгани ҳам аниқланади. Бундан ташқари жабрланувчининг бақирганидан уйғониб кетган сотувчилар ҳам қорамтир “Нексия-3” автомашинасининг катта тезликда кетганини тасдиқлашади. 

Пировардида, жиноят ашёвий далиллар билан фош этилиб, О.Ҳамдамов, И.Нас­руллаев ва Х.Самариддиновга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Бироқ бу орада Исматулла ва Холдор мамлакатимиз ҳудудидан чиқиб кетишади. Шу боис уларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, жиноят ишининг уларга оид қисми алоҳида иш юритувга ажратилади. Оқилбек Ҳамдамов эса 2018 йил сентябрь ойида жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг ҳукми билан қонуний жазога тортилади.

Шундан буён Исматулла Насруллаев тергов органидан яшириниб юрганди. Аммо ўша пайтда содир этган жинояти унга асло тинчлик бермайди. Яъни юриш-туришида ҳаловати бўлмайди. Ниҳоят, у 2023 йил январь ойи бошида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага бориб, айбига иқрор бўлади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди И.Насруллаевни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а” банди ва 267-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Тергов жараёнида судланувчининг яқинлари жабрланувчига етказилган 200.000.000 сўм зарарни тўлашади. Суд эса жазо тайинлашда буни инобатга олди.

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Қўқон шаҳар судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИГА ТАШРИФИ БОШЛАНДИ

admin

СЕРГАК БЎЛИНГ: БУНДАЙ КЎРСАТУВЛАР ЁШЛАР ТАРБИЯСИНИ БУЗАДИ!

admin

Таълим ислоҳоти йўлидаги адолатли қадам

admin