ADOLAT 24

МЕТИН ИРОДА СОҲИБИ

“Ҳаёт барчамизга ибратли сабоқ беради, қолаверса, ҳар бир инсоннинг бошига тушган қийинчилик­лар уни курашларда тоблайди”, дейди Тошкент вилояти, Пискент туманининг “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қилувчи, “Жасорат” медали соҳиби Дилмурод Жабборов. Тақдир синовларини матонат билан енгиб, юртига, маҳалладош­ларига нафи тегаётган элдошимизнинг ҳаёти кўпчиликка намуна бўлади, деган умиддамиз. Суҳбатимиз унинг ҳаёт йўллари, тақдири ҳақида бўлди.

– Дилмурод ака, қишлоғингиз, маҳаллангиз жуда обод экан. Кўрган кўзни қувонтиради… 

– Қишлоғимиз жуда файзли, кундан-кунга чирой очиб, кўркига кўрк қўшилмоқда. Одамларнинг турмуш тарзи янада яхшиланмоқда. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз муссаффолигининг ўзи инсонга қувонч бағиш­лайди.

– Нафақат маҳалладошларингиз, қиш­лоқдошларингиз сиз ҳақингизда фахр билан гапиришди. Бундай ҳурматга эришишнинг ўзи бўлмаса керак,-а?

– Қўни-қўшни, ёру биродарларимиз аҳиллиги, бирдамлигидан кўзим қувонади. Менга ўз вақтида уларнинг ҳам ёрдами теккан. Нима қаттиқ дейишса, тош деган эканлар, сўнгра, тошдан ҳам бош қаттиқ, дейишган экан. Буни ҳамма ҳам тушунавермайди. Бошига тақдирнинг оғир синовлари тушган инсонгина бу мақолнинг асл маъносини англаб етади. Мен ҳаётимда оғир кунларни кўп бора бошимдан ўтказганман. Кўриб турганингиздек, Аллоҳ мени ва ота-онамни туғилганимдаёқ синаган: қўлларим ва оёқларим ривожланмай қолган, бунинг устига ишламайди ҳам. Онам Яратган суйган бандаларини синовларга ташлайди, дея мени овутадилар. Тақдири азални ўзгартириш бандасининг қўлидан келмайди. Мен ақлимни танибманки, сабр-тоқатли бўлишга ўргандим, онам ҳамиша ёнимда бўлиб, шукр қилишни ўргатдилар. Ишимга келсак, куним устахонада ўтади. Шогирдларим билан қишлоқдошларимизнинг бузилган телефон, радио ва телевизорларини тузатиб берамиз. Уларнинг хурсандчилигини кўриш, миннатдорлигини эшитиш менга янада катта куч ва илҳом бағиш­лайди.

– Сизда бу касбга қизиқиш қандай уйғонган? Баъзи имконияти чекланган одамлар боқимандалик касалига мубтало бўлишган…

 – Болалигимда ҳеч иш қилмасдан зерикиб, сиқилиб ўтирардим. Ҳаёт мен учун тўхтаб қолгандек туюлар, нима қилишни билмас, ўзимни кераксиз ҳис қилар, ҳатто яшагим ҳам келмасди. Фақат телевизор кўрардим, аммо бошқа каналга ўзгартириш учун кимнидир ёрдамга чақиришга тўғри келарди. Бундай ҳолат эса мени янада тушкунликка туширар эди. Шундай вақтда ўзимни худди тубсизлик қаърига тушиб кетгандай ҳис қилардим, чорасиз, имконсиз эдим. Тақдир ёзиғидан, уни ўзгартириб бўлмаслигидан қаттиқ сиқилардим, ҳатто йиғлардим… Ҳа-а, нимасини айтай, бардошим қолмаган, чорасиз эдим. Бироқ чидаш керак эди! Булар ҳаммаси ўтиб кетади, ёруғ келажакка ишон, қўлингдан келади, бахтни сенга ҳеч ким бермайди, у сенинг борлиғингда яшайди, дердим ўзимга ўзим.

Уйимизда эски, бузуқ телевизор бўларди, уни таъмирлаш анча машаққат талаб қиларди. Бир куни уйга уни тузатиш учун уста келди. Устанинг олдида ўтириб, унинг ишларини кузатдим. Телевизорни очиб, қайси симни нимага улади, лампаларини қандай алмаштирди, барчасини қунт билан кузатдим. Телевизоримизнинг осонгина тузалиши мен учун мўъжизанинг ўзгинаси эди. Хотирам жуда ҳам ўткир – устанинг ҳар бир ҳаракати ҳалигача кўз ўнгимда турибди. Мен ҳам устанинг ишини такрорлаб кўрдим, менга қўлларим ёрдам бера олмаса ҳам, менда Аллоҳ берган тишларим, тилим бор эди. Мен шу аъзоларимдан фойдаланиб, телевизор, телефон ва радиоларни тузата бошладим. Уйда бузилган маиший техника асбоблари қолмагач, қўшниларникига ўтдим. Бора-бора бутун маҳалла ва қишлоқдошларим бузилган нарсаларини олиб кела бошлашди. Мен улардан уста ҳаққи сўрамасдим, ўзлари қўярда-қўймай боғида етиштирган мева-чева, қовун-тарвузлардан бизга илинишарди. Миннатдорлик билдириб кетишарди. Бу менда ўзимга бўлган ҳурмат ва ишончни уйғотди.

– Машаққатли меҳнат экан, мен буни эплай олмайман, деган ўй хаёлингиздан ўтмадими?

 – Баъзида мижозларнинг нарсаларини бузиб қўярдим, телефон, телевизор ва радиоларни ишдан чиқариб қўярдим. Бундай пайтлари қийналардим, албатта. Оёқ-қўл ёрдамисиз бу ишни уддалаб бўлмайди, дея қичқирардим ўзимга-ўзим. Йўқ, уддалайман, уддаламасам бўлмайди, худойим мени чорасиз қолдирма, дердим-у яна олдинга интилардим.

Касбимнинг қийин томонлари ҳам бор, албатта. Электр билан ишлаганим туфайли ток урган, жиддий жароҳатлар олган пайтларим ҳам бўлди.

Умрим дарчасидан дунёга мўраласам, умрини беҳуда елга совураётганларни кўриб, менинг ҳаётим мазмун-моҳиятга эга, деб биламан.

– Ўзингиз айтганингиздек, инсоннинг мақсадсиз яшаши, қийинчиликларни енгиши мушкул. Сизнинг ҳаётдаги мақсадингиз нима?

– Мен тинимсиз олға интилишни, ишимни ривожлантиришни хоҳлайман. Инсонларга ўзимиз қилган ишларни кўрсатиш, менинг ҳам қўлимдан нимадир келишини исботлай олиш, қандай ҳолатда бўлсам ҳам, оз бўлсада маҳалладош­ларимга фойдам тегиши, одамларнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Менинг қилган меҳнатим натижасида кимдир устахонамдан хурсанд бўлиб чиқиб кетишини кўриш мен учун катта қувонч ва ҳузур бағишлайди. Бугун қишлоғимиз ёшларидан бир қанчаси ёнимга келиб, шогирдликка тушиб, касбим сирланини ўрганишди, ўрганишаяпти, ўзлари ҳам устахоналар очишди, элга хизмат кўрсатишаяпти.

Мақсадим янада кўпроқ ёшларга касб сирларини ўргатиш, улар ҳам, ўзим ҳам ҳамиша халқ хизматида бўлишдир. Ҳалол меҳнат машаққатини тотиб кўрган инсон енгил ҳаётга талпинмайди, ҳаётда ўз меҳнати билан қадр топади. Ёшларни шу руҳда яхшиликка ёндош қилиб тарбиялашга ҳиссам қўшилса, бундан катта бахт борми! Мана, шулар туфайли кўнглим хотиржам бўлиб, ишимда ривож бўлади.

– Бу борада қийинчиликларни қандай енгасиз?

– Ҳамма нарсанинг ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Уни енгмасак, у бизни енгади ва яна муаммолар туғилаверади. Ўша машаққатли йўлни енга билсаккина ниятимизга ета оламиз, енголмасак, барчаси бефойда. Баъзан ишимда муаммо пайдо бўлади – ахир қўлсиз, фақат тишдагина ишлашнинг ўзи бўлмайди. Тузата олмаган нарсаларим бўлса, тонггача ухлай олмайман, камчиликни қидираман, изланаман, тузатиш йўлини топмагунча қўймайман. Лабларим ва тишларимни қўлларим ишини бажаришга йўналтираман. Яратган инсонга шунчалар ақл-идрок берганки, баъзида у мумкин бўлмаган ишларни ҳам бажара олади. Муҳими, кучли ирода, мақсад ва ҳаракат муштараклиги.

 – Сиз учун бахт нима ?

– Инсоннинг дунёга келганининг ўзи бахт! Яқинларим менга тиргак бўлиб, қўллаб-қувватлаб, жисмоний камчилигимни тўлдиришга доим ёрдам бериб келишади. Мана шулар – менинг бахтим!

– Орамизда шундай одамлар борки, тўрт мучаси соғ бўла туриб, меҳнат қилгиси келмайди, оиласи тинчлигининг қад­рига етмайди. Уларга нима деган бўлар эдингиз?

– Мен жисмоний камчилигим бўлгани учун ҳам соғлиқнинг қадрига етсам керак. Инсон ўтган ва кириб келаётган ҳар кунининг қадрига етиши, шукрона қилиб яшаши лозим. “Бугун нима қилдим?” деган саволни ҳар куни ўзимга бераман, чунки шунчаки яшаб бўлмайди. Яшаш учун курашишга тўғри келади. Aслида орамизда қўлидан иш келмайдиган инсоннинг ўзи йўқ, фақат журъатли, мақсадли бўлишимиз керак. Чунки инсон дунёга келгандан кейин нимагадир эришиши муҳим. Фақат битта жойда ўтириб, бефарқ бўлишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Ҳозир ҳаёт тарзимиз юксалди, шунга яраша ҳаракат қилишимиз даркор. Барча шарт-шароитлар яратиб қў­йилган, нима қиламан десанг, марҳамат! 

 – Анча йиллардан бери фаолият юритиб келасиз, ютуқларингиздан қаноатланасизми?

– Ўн беш йилдан бери радио, телевизор, телефон, компьютер технологиялари билан шуғулландим. Шу қаторда маҳалламизда 28-ўрта умумтаълим мактабида фао­лият олиб бориб ўқитувчи ва ўқувчиларга дарс ишланмалари, кўргазмалар ва бош­­қа нарсалар тайёрлаб бераман. Уч йил компьютер соҳасида ишладим, таъмирлаш ишлари билан шуғулландим, шундан кейин аста-секин замонавий асбоб-ускуналарни тузатишга ўтдим. Миржалол, Самандар, Дилшод каби шогирдларим билан зўр бериб ишлардик. Уларга ҳам ишимнинг сир-синоатларини ўргатдим. Замон талаби – янгиланиш, тарақиётга қараб жамоамиз билан қадам ташлаяпмиз, ҳаракат қилмоқдамиз. Мен бундан бахтиёрман, чунки мен ўз касбимни яхши кўраман.

Ютуқлардан эса қаноатланиб бўлмайди. Аслида ютуқлар ҳар бир инсонни кўпроқ фаолият юритишга ундаши керак!..

– “Жасорат” медали билан тақдирланганингизни эшитганингизда кўнглингиздан нималар кечди? 

– Ўтган кунларимни, яъни “қўл-оёғим бўлмаса, кимга ҳам керакман”, дея ўксиниб ўтирган кунларимни эсладим. Шу билан бирга тишларим ёрдамида минг машаққат билан устачилик қилиб, электр токидан жароҳатлансам, жабрлансам ҳам ишимни давом эттириб, ёруғ кунларга етганим кўз олдимдан кино лентасидек ўтди. Кўз ёшларимни тия олмадим… 

Мен ўзимни бахтли инсонман, деб баралла айта оламан!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий 

университети журналистика факультети талабаси 

Ойсулув АБДУМАЛИКОВА суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

“Шукр қил” фильми премьераси ўтказилди

admin

МАЪСУМА АҲМЕДОВА: У ЎЗБЕК ХАЛҚИГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙДИ!

admin

ТАКЛИФЛАР ТАҲЛИЛИ жамоатчилик назорати янада жадаллашаётганини кўрсатмоқда

admin