ADOLAT 24

Янги давр учун янги ғоя ва янги ташаббуслар керак!

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган мақсад ва вазифалар, пухта ўйланган режалар асосида мамлакатимизнинг кейинги даврдаги тараққиёти, халқимизнинг янада фаровон турмушини таъминлашга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари томонидан келгуси етти йилга мўлжалланган мақсадлар мамлакатимизда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, айни даврдаги мавжуд глобал муаммоларга ечим топиш ва барча жабҳаларда бошлаган ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш, тинчлик ва хавфсизликни барқарор таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривож­лантириш ва пировардида, Ўзбек­истоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш вазифалари белгилаб олинди.

Шу билан биргаликда, давлатимиз раҳбари “Олдимизда турган давр Ўзбек­истон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, дея таъкидлаб ўтди. 

Дарҳақиқат, гувоҳи бўлаётганимиздек, бугун дунё қандай шиддат билан кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.

Мана шундай зиддиятли, сониялар сари ўзгарувчан вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз даврнинг ўзи талаб этаётган заруратдир.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай давлатда кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига бевосита боғлиқдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларни бутунлай янгича асосда ташкил этиш юзасидан кўрилган чоралар натижасида сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъект­ларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти оширилди, нормаларни чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш борасида салмоқли тажриба шаклланди.

Миллий парламентимизнинг бугунги фаолиятининг асосий маъно-мазмуни янгиланган Конс­титуциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишни, биринчи навбатда, ташкил этишни тақозо этади.

Эндиликда, олдимизга белгилаб олаётган мақсад ва вазифаларни оғишмай самарали амалга ошириш учун давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларга, дунёдаги мавжуд вазиятга ҳамоҳанг тарзда янада самарали, халқчил қонунларни ишлаб чиқиш, ўтган даврда қонун ижодкорлиги соҳасида эришилган миллий тажриба ва жаҳоннинг энг демократик давлатларининг ижобий натижаларини чуқур ўрганиб, таҳлил этган ҳолда мавжуд нормаларимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишимиз лозим.

Таъкидлаш жоизки, қонун ижодкорлиги ўзига хос мураккаб усул ва воситалар мажмуини талаб этадиган, жамиятда ҳуқуқ нормасига бўлган эҳтиёжни аниқлашдан тортиб, то тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кириб, унинг ижроси мониторингини амалга оширишгача бўлган мураккаб ҳаракатларни ўз ичига оладиган ўта масъулиятли жараёндир.

Бу борада Президентимиз ўз нутқида “Халқимизнинг бизга билдирган юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этади”, — деб алоҳида айтиб ўтди.

Эндиликда барчамиз, шу жумладан, биз, сенаторлардан муҳтарам юртбошимиз илгари сураётган ҳар бир эзгу мақсад-вазифаларнинг бажарилишига юқори масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Зеро, миллий тараққиётимизнинг муҳим босқичида барчамиз мамлакатимиз ривожи ва халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида юксак фидоийлик ва жасорат билан меҳнат қилишга жидду жаҳд қилишимиз даркор.

Наримон Умаров,

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари

 ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси

**

Барчамизга маълумки, глобаллашувнинг ўзига хос яхши ва ёмон томонлари бор. Сўнгги уч йил пандемия ва ундан кейинги даврда дунё қандай шиддат билан кескин ўзгараётгани, олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлар, турли минтақаларда давом этаётган қуролли можаролар, шафқатсиз рақобат, савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янгидан-янги муаммолар келтириб чиқариши натижасида глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етмоқда.

Шунинг учун барчамиз Ватан, эл-юрт манфаатини кўзлаб, Янги Ўзбекистон деган ягона ва улуғ мақсад атрофида янада жипслашиб, халқимизнинг азалий орзуси бўлган мана шу эзгу ғояни амалга ошириш йўлида бирлашишимиз керак.

Тантанали маросимда Президентимиз томонидан, оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозимлиги, яъни ислоҳотларимизнинг таъсирчанлиги ва бардавомлигини таъминлаш учун йўлимизда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олишимиз ва улардан талафотсиз ўтиш чораларини кўришимиз кераклиги таъкидланди.

Хусусан, юртбошимиз жонажон ватанимизнинг яқин 7 йилда ижтимоий давлат қурилиши йўлида иқтисодиётнинг янада ўсишини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар, кеч қолдириб бўлмайдиган амалий чоралар кўрилиши тўғрисида тўхталди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, кейинги 7 йилликда тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратилиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахс­лар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар янги босқичга олиб чиқилади.

Шунингдек, иқтисодиёт соҳасида ҳам туб ўзгаришлар, яъни “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойилларининг янада кенг жорий этилиши, айниқса, иқтисодиётга киритилаётган инвестициялар ҳажмини бир неча баробар ошириш ва 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳаж­мини 160 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу дегани, кейинги 7 йилликда ялпи ички маҳсулоти қарийб икки баробарга ошириш, демакдир. Албатта, олдимизга қўйилган улкан марраларни забт этиш биздан катта куч ва тинимсиз меҳнатни талаб этади. 

Президентимиз инаугурация маросимида алоҳида таъкид­лаб ўтганларидек, “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” шиори бугундан бош­лаб ҳар биримизнинг ҳаётимиз қои­дасига, ҳар бир раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт ва зарур.

Мақсуд Қурбонбоев,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

**

Ўтган ҳафтада барчамиз тарихий воқеликнинг бевосита гувоҳи бўлдик. 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари сайловда Ўзбекистон Президенти этиб янгидан сайланган Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қабул қилиб, ўз лавозимига киришди.

Президент сайловида фаол иштироки билан юртдошларимиз ўз тақдири, она-Ватанимиз келажагига дахлдорликни ҳис этиб, ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширдилар. Сайлов натижаларига кўра, Ўзбекис­тон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига номзод – Шавкат Миромонович Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти этиб сайланди.

Айтиш жоизки, мазкур сайлов мамлакатимизда 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида якдиллик билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конс­титуция асосида ўтказилган илк Президентлик сайлови сифатида ҳам тарихда қолади.

Президент сайлови Ўзбекистоннинг мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий муҳити, янги ижтимоий-иқтисодий шароитида, юксак ташкилий савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик норма ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди.

Алоҳида қайд этиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, халқ ҳокимиятчилиги институтини мус­таҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга катта эътибор қаратилиб, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла ва оммавий ахборот воситаларининг мавқеи ошди.

Ушбу янгиланишларнинг замирида, аввало, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончини мустаҳкамлаш каби муштарак мақсадлар мужассам. 

Давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимдаги нутқида таъкидланганидек, биз турли сиёсий партияларга мансуб бўлишимиз, турли ғоя ва қарашлар тарафдори бўлишимиз мумкин. Демократия дегани ҳам аслида шу. Аммо моҳият эътибори билан қараганда, барчамизнинг, бутун Ўзбекистон халқининг мақсади бир. Барчамизни Ватан, эл-юрт манфаати бирлаштиради.

Президент ўз маърузасида “Янгиланган Конституциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш келгуси фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади”, дея таъкид­лаб ўтди.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз алоҳида фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясини қўллаб-қувватлаб овоз берди. Албатта, бунинг замирида катта ҳаётий ҳақиқат, халқимиз орзу қилган янги ҳаётни қуриш мақсади мужассам. Эндиликдаги вазифа – янги таҳрирдаги Конс­титуцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мус­таҳкамланган устувор принципларни тараққиёт мақсадларига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини амалда таъминлашдан иборат.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Янги Ўзбекистон улкан янгиланишлар ва бунёдкорлик ишлари мамлакатига айланиб бормоқда. Албатта, бу борада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд муаммо ва камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўп. Шу боисдан барча соҳаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш, бу борада янги қонунларни қабул қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларига мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги ўзгартиришлар киритишга доир вазифалар халқ вакиллари сифатида биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Энди барчамиз қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб халқимизнинг фаровон ҳаёти учун, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида бор куч ва имкониятларимизни, билим ва тажрибаларимизни Ватанга муҳаббат ҳамда юксак фидоийлик билан сафарбар қилишимиз керак бўлади.

Иномжон Қудратов, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

**

Бугун барча соҳаларда белгиланаётган вазифа ва мақсадларга иқтисодий барқарорликни таъминламасдан туриб эришиб бўлмайди. Шу боис Президентимиз маросимда сўзлаган нутқида мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, бу борада мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодиёт соҳасида туб бурилишлар амалга оширилиши белгиланди. Жумладан, “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойиллари янада кенг жорий этилади. Бунда тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратилиб, янги иш ўринлари очилади. Аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Жумладан, Президентимизнинг Сай­лов­олди дастурида 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириш, шу жумладан, бунда 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига ўзлаштириш, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш мақсад қилинган.

Шунингдек, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш билан бир қаторда банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ дастурлар амалга оширилади. Шу билан бирга, банкларга қўйилаётган омонатлар ҳажми 4 баробарга оширилиб, банкларни хусусийлаштириш жараёнлари тезлаштирилади.

Бунинг учун банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши таъминланиб, нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратилади. Шунингдек, иқтисодиётнинг қон томири бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини ошириш учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусан, Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 1 миллиард доллар маблағ ажратилади. Қолаверса, келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади. Бу бевосита маҳаллий тадбиркорларимиз иш фаолиятига ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунё бозорида муносиб ўрин топишига хизмат қилади.

Шунингдек, ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бундай тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун тайёр инфратузилмага эга бўлган саноат зоналарига хорижий инвестицияларнинг кенг жалб этилиши ҳар бир иш ўрни муносиб меҳнат ҳақи билан яратилишига олиб келади.

Албатта, ушбу мақсадларга эришишда янгиланган Конституциямизга мос равишда мавжуд ҳуқуқий-меъёрий базани янгилаш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда қонунчилик ва ижро ҳокимиятини такомиллаштириш, фуқароларни идорама-идора сарсон қилмайдиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини ташкил этиш муҳим саналади. Қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши эса, ўз нав­батида, биз, халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

**

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда.

Албатта, ҳар қандай янги ғоя, орзу-умидлар, ташаббуслар қўллаб-қувватланса, инсон манфаати йўлида давлат хизматлари оптималлаштирилса, ихчам бош­қарув механизмлари яратилса, Янги Ўзбекистонда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган улуғвор мақсад амалга ошади.

Президентимизнинг ўз лавозимига киришиш маросимидаги нутқида давлат бошқаруви соҳасида илғор ва замонавий механизмларни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар давом эттирилиши таъкидланганлиги эътиборимни тортди. 

Ҳақиқатан ҳам, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштириш, инсон омилини минималлаштириш орқали бюрократия ҳамда коррупцияга барҳам бериш мумкин. Биз узоқ йиллар оқибатлар билан курашиб келдик, лекин оқибатларга сабаб бўлган иллатларнинг илдизини қирқишга етарлича эътибор қаратмадик. 

Дейлик, жамиятнинг, мамлакатнинг ривожланишига тўсиқ бўладиган иллатлар — коррупция ёки бюрократияга йўл қўймаслик бўйича нималарга эътибор қаратишимиз кераклиги ёки қандай механизмни ишга туширсак, шу иллатлар барҳам топади, деган саволга жавоб изламадик. 

Давлатимиз раҳбари аниқ ва лўнда айтди: “Давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади ва давлат бошқарувида мавжуд бўлган минглаб функциялар босқичма-босқич рақамлаштирилиши орқали аҳо­ли учун янги қулайликлар яратилади”.

Баъзан фуқаролар ўзи дуч келган муаммони қайси ташкилот ёки вазирлик ёрдамида ҳал қила олишини ёки уларга қандай мазмунда ариза ёки мурожаат билан чиқишни билмай сарсон бўлиб юриши ҳам бор гап. Президентимиз муаммони ҳал қилиш мақсадида фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилишида аризани ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартиблар бекор қилиниши, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратилиши ғоясини илгари сурди. Энг эътиборлиси, энди фуқаро мурожаати билан ташкилот, идорага бориб ўтирмасдан, ўзи яшаётган маҳалласида масалани ҳал қила олиши мумкин бўлади. Маърузада қайд этилганидек, ҳар бир маҳаллада электрон хизмат нуқталари ишга туширилиб, маҳаллалар барча масалаларни «бир қадам» тамойили асосида ҳал этадиган масканга айлантирилади. 

Ёки айтайлик, ҳокимнинг Кенгашга раҳбарлик ваколати бекор қилинишига оид конституциявий норманинг амалдаги ижросини таъминлаш борасида билдирилган ташаббуслар ҳокимларнинг халқ олдида ҳисобдор бўлишини, масъулияти ва жавобгарлиги ошишини таъминлайди. Умуман олганда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантириш тартиб-таомиллари қайта кўриб чиқилиши бўйича вазифалар илгари сурилди. 

Бу каби ташаббуслар биз, депутатларнинг давлат бошқаруви соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг иж­росини назорат қилиш билан боғлиқ фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимиз кераклигини кўрсатади. Бундан ташқари, жойларда халқнинг фикрини, кайфиятини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим излаш борасидаги ишларимизнинг сифати ва кўламини оширишимиз керак бўлади.  

Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳақиқий сафарбарлик энди бош­ланади.

Гулруҳ Агзамова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

**

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизни янада тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи бир қатор ташаббус­лар илгари сурилди.

Жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бу борада тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, кейинги етти йилда ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиши айтиб ўтилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, қонун устуворлигини барқарор таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга муносиб иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат натижасида маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш орқали мамлакатимиздаги 2 миллион 300 мингдан зиёд муҳтож оилалар, ёшлар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя билан тўлиқ қамраб олинди.

Шу билан биргаликда, ёшлар ва хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини янада кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини ошириш соҳасида қатор қонунлар қабул қилинди. Айниқса, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз алоҳида фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаб-қувватлаб овоз берди. 

Аҳамиятлиси, Бош қомусимизнинг янги таҳририга ёшларга оид қатор нормаларни бирлаштирган алоҳида бир бобнинг киритилгани, қолаверса, аёл-қизларимизнинг жамиятда фаол бўлишига, оила ва давлат ҳаётида ўз ўринларини топишига замин яратишга қаратилган аниқ нормаларнинг белгиланганлиги бу йўналишда катта имкониятларни юзага келтирди. 

Эндиликда, бошлаган ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш вақти келди. Бу борада давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Биз ўтмишдан, кечаги тарихимиздан, йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан зарур хулосалар чиқариб, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришимиз, Ватанимиз шуҳрати ва шон-шарафини ҳамма жабҳаларда муносиб ва мардона ҳимоя қилишимиз керак. Нега деганда, бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Бугунги замон – бу кечаги замон эмас”, деб бежизга айтмади.

Боиси, бугун дунё ҳар қачонгидан шиддатли тарзда ўзгариб бормоқда. Даврнинг ўзи олдимизга янгидан янги-талаблар қўймоқда. Айни вазиятда мамлакатимизни янада равнақ топтириш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш жараёнида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ёшлар, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун қулай муҳит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, бу борада мазкур соҳага оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш кейинги етти йиллик фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Демак, келгуси фаолиятимизда халқимизнинг ишончини оқлаш, эришган ютуқларимизни янги, янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш учун барчамиздан юксак масъулият, фидоийлик ва матонат билан бор куч ҳамда имкониятларимизни сафарбар этиб меҳнат қилишимиз талаб қилинади.

Муҳаррам Дадаходжаева,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

(инфографика)

admin

admin

Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари! (Пойтахтимизда «Адолат» социал-демократик партиясининг ХII Қурултойи бўлиб ўтди)

admin