ADOLAT 24

ҲАММА БИР ХИЛ ТУШУНИШИ ВА ҚЎЛЛАШИ ЗАРУР ёхуд ОАВга оид қонунларни ким шарҳлайди?

Журналистикада шарҳ жанр ҳисобланади ва у ахборий-таҳлилий мақомга эга. Бугунги мақоламиз қонунчиликда қўлланиладиган шарҳ ҳақида. Унинг қандай мақоми бор? Тавсиями ёки маслаҳат даражасидами? Қонунчиликка доир шарҳлардан кимлар, нима мақсадда фойдаланадилар?.. Китоб дўконларининг пештахтасида турадиган Жиноят процессуал кодексига шарҳларни кўрганимизда унинг дастлабки саҳифасидаги анонсга назар ташлаймиз: “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судьялар, адвокатлар, тадқиқотчилар… талабалар ва …кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган”лигига ҳавас қиламиз оддий журналист сифатида. Саналган саволларга китобни ёзган, фойдаланганлардан, жумладан, суд-ҳуқуқ тизими ходимларидан жавоб олиш мумкиндир. Бироқ мавзумиз ОАВга тегишли қонунлар шарҳи ҳақида бўлганлиги боис диққатни шу томонга қаратамиз.

ОАВга оид қонунлар шарҳланганми? Бу саволга “Шарҳлашга ҳаракат қилинган”, дея жавоб берсак тўғри бўлади. Журналист-ҳуқуқшунос Карим Баҳриев бу ишга илк бора қўл урганди. Унинг “Журналистларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий асос­лари” деб номланган рисолалари катта ҳажмдаги меҳнат маҳсули эканлигини таъкидлаш зарур.

Бироқ мазкур китоблардаги шарҳлар қонунларга ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан бироз янгилашни талаб этади. Шу билан бирга улардан уч ҳокимият ҳамкорликда фойдаланганлиги бўйича маълумотдан бехабармиз. 

Миллат равнақи учун керак

Жаҳонда ақл бовар қилмас воқеа-ҳодисалар содир бўлмоқда. Қуд­ратли давлатларнинг дунёни қайтадан бўлиб олишга безбетларча уринаётганини аҳолининг аксар қисми англаб етмаяпти. Тирикчилик илинжида билиб-билмай улардан бирини танлаяпти. Бу танлов келгусида ўз юртининг ҳимоясига чиқишида монелик қилмайди, деб ким кафолат бера олади? Халқни ҳақиқий маърифатли, ватанпарвар бўлишини ўйлаган ҳокимият журналистика майдонини эркин қўйиши, журналистга имкон бериши керак. 

Шу билан бирга шундай муҳит яратилиши зарурки, бирор фуқаро уч ҳокимиятнинг ёки бошқа ташқи ва ички золим кучларнинг ноқонуний таз­йиқига учраса, оммавий ахборот воситалари унинг учун доим мурожаат манбаи, таянчи бўлиб қолсин. Бу амалиёт уч ҳокимиятда ишлайдиган бирор кадр ноҳақликка дучор бўлганда, унга нисбатан адолат бузилганда, унинг арз қилар манзили ҳам энг яхши журналистлар ишлайдиган таҳририятлар бўлиб қолиши керак. Мазкур тадбир вужудга келиши мумкин бўлган кўплаб коррупцион ҳаракатларнинг олдини олади. 

Бунинг учун жонкуяр депутатлар, ижро ҳокимиятининг юртпарвар вакиллари, муҳтарам судьялар ҳамкорликда шундай тизимни яратишлари зарур. Мазкур ишнинг аввалида эса уч ҳокимият мутасаддилари тўртинчи ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда ОАВга оид ва тегишли қонунларни шарҳлашлари, миллатнинг равнақига, Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги обрўсига бевосита ижобий таъсир қиладиган, энг асосийси, келажакда мавжуд ҳокимиятлар ва журналистлар муносабатларини тартибга солиб турадиган амалий қўлланма — шарҳлар тўплами яратилиши зарур. 

Нега шарҳлар тўплами?

ОАВ давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига доир ахборотлар тарқатади, таҳлил ва танқид қилади. Бунда турли соҳалар вакиллари, айниқса, раҳбарлар манфаатлари кесишади, тўқнашади. Мисол тариқасида “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасидаги “Оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўриш­лари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар”, дейилган бандга эътибор қаратамиз.

Аввало ахборот берувчи деган жумла шарҳга муҳтож. Тўғри, ахборот берувчи оддий шахс бўлса унинг бўлиб ўтган воқеа-ҳодиса ҳақидаги тасаввури ва тушунчасидан, баъзи ҳолларда манфаатидан келиб чиқиб берган ахборотини журналист қайта текшириб кўриши шарт. Лекин ахборот масъул шахс томонидан тарқатилган бўлса, устига-ус­так давлат сири бўлиб чиқса “ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар” бўлиш­лари жуда баҳсли. Ахир ахборотнинг сир эканлигини журналист қаердан билсин? Бундай пайтда ахборотни сиздирган масъул шахс жавобгар бўлиши керак эмасми?

Яқин тарихдан бошқачароқ мисол. Тошкент шаҳар ҳокими билан “Kun.uz” ахборот сайти мухбирлари ўртасидаги “суҳбат”дан келиб чиққан муаммони эслайлик. 2019 йилнинг 16 ноябрь куни Интернет нашрларида Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли ҳақорат, таҳдид мазмунидаги аудиоёзув тарқалди. Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош прокуратураси мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида текширув ўтказилиши хусусида баёнот берди.  

Ўн кундан кейин, яъни 27 ноябрда ЎзА Бош прокуратуранинг “Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли аудиоёзувдаги ҳолатларни текшириш юзасидан БАЁНОТ”ини эълон қилди. Унда ҳокимнинг айтган сўзлари қораланса-да, журналист ва таҳририятга ҳам айблов қўйилади:

“Ушбу жараённи “Kun.uz” мухбири Б.Аҳмедов “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаб­ларига зид равишда, учрашув иштирокчиларини огоҳлантирмасдан телефонига хуфёна ёзиб олган ва таҳририятга тақдим этган.

Ўз навбатида, таҳририят томонидан ноқонуний йўл билан олинган ахборот йўқ қилинмаган. Оқибатда 2019 йил 16 ноябрда ҳокимни обрўсизлантириш мақсадида аудиоёзувнинг ножўя сўзлардан иборат бир ярим дақиқалик қисми (учрашув икки соат давом этган) монтаж қилиниб, номаълум шахс томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган”.

ЎзА қуйидаги маълумот билан баёнот ҳақидаги шарҳини тугатади: “Шунинг­дек, таҳририятнинг мазкур воқеалардаги иштироки юзасидан тегишли муносабат билдириш учун ваколатли орган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабарида”. 

 Яна “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига қайтамиз. Юқоридаги мисолда таҳририятнинг уч нафар журналисти бу воқеага гувоҳ бўлиб турибди. Бош прокуратура эса улар ёзиб олган овознинг рухсатсиз эканлигини иддао қилиб, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаб­ларига зид равишда, учрашув иштирокчиларини огоҳлантирмасдан телефонига хуфёна ёзиб олган”, дея мазкур қонуннинг 6-моддасидаги “…шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт” ва “…ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас” деган бандлари асосида айб қўйди. Аслида журналистларни ҳақорат қилган, бизнинг мисолимизда пойтахт ҳокими, яъни жисмоний шахс эмас, балки юридик масъул шахс ҳисобланади. Юридик шахсдан шу ҳақоратларни чоп этиш бўйича рухсат сўраш мантиққа тўғри келадими? Қолаверса, бу ахборот унинг қўл остидаги туман ҳокимининг қўполликлари таҳлили даврига, яъни шахсий ишида эмас, балки юридик шахс мақомидаги фаолияти даврига тааллуқлидир. Масъул шахс­ларнинг қонун доирасидан чиқишини муҳокамага олиб чиқиш ёки танқид қилиш унинг шахсини камситиш ҳисоб­ланмайди! Бундай мисоллар демократик жамиятлар матбуоти тарихида қалашиб ётибди.  

Қонун бандларини барча бирдек қўллаши зарур

Англашиладики, ҳар бир ташкилот қонун бандларини ўзича англайди ва қўллайди. Биз эса ҳамма тараф бир хил тушунадиган шарҳлар зарурати ҳақида фикр юритмоқдамиз. 

Мазкур муҳим ишни, яъни шарҳни янгиланган Ўзбекистон Конституциясининг тегишли моддасидан бошлаш айни муддао бўларди. Унинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган XV бобида икки модда мавжуд. 

“81-модда.

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”. 

Бобнинг иккинчи банди шарҳни талаб этади. Тазйиқнинг ҳуқуқий таснифи қанақа? Қайси ҳаракатлар таз­йиққа киради? Масалан, телефон орқали қўрқитиш­лар тазйиққа кирадими? Аниқлаб олдик ҳам дейлик. Навбатдаги саволлар: ОАВ эркинлиги ёки журналист фаолиятига тазйиқ бўлса, у ҳолда қайси ташкилотларга мурожаат қилиниши керак? Шикоятни қабул қилган ташкилот қандай амалларни бажариши шарт ёки бажармаса ОАВ таҳририяти раҳбари ёки журналист яна қандай йўл тутиши зарур? Мурожаатни қабул қилишдан бўйин товлаган мутасаддиларга қайси қонунга асосан қандай чоралар кўрилади?.. Бу каби саволларга шарҳларда жавоб бериш талаб этилади. Мазкур модданинг учинчи банди бўйи­ча эса юқорида ҳоким иштирок этган мисол орқали фикримизни айтдик.

“82-модда.

Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Бунда ҳам юқоридаги каби саволлар туғилади: ОАВ фаолиятига тўсқинлик бўлса, қайси қонунга асосан, қандай чоралар кўрилади? Бунинг учун қайси ташкилотларга мурожаат қилиш керак? Шикоятни қабул қилган идора масъули қандай амалларни бажариши шарт ёки бажаришдан бош тортса ОАВ яна қандай йўл тутиши мумкин? Мурожаатни қабул қилишдан бўйин товлаган мутасаддиларга қайси қонунга асосан қандай чоралар кўзда тутилган? Мазкур саволларга шарҳларда жавоб берилса, журналист ҳам, мутасадди ҳам, судьялар ҳам, оддий инсонлар ҳам ҳар бир ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади, ахборот олиш осонлашади, жамиятдаги мавжуд муаммонинг бартараф этилишига эришилади.

Демак қонунларнинг бандлари омма­боп тарзда шарҳланишидан тўрт ҳокимиятгина эмас, балки жамият ютади. Нафақат ОАВда, балки ижтимоий тармоқларда норозиликлар, ҳақоратлар камаяди, тайинли таклиф ва ақлли фикрлар кўпаяди. Шарҳдан жамият манфаат кўрса давлатнинг обрўси ҳам ошиши, шубҳасиз. 

Шарҳлаш заруратига яна бир сабаб

Журналист қўллайдиган сўз ва жумлалар шарҳланиши муҳимдир. Масалан, журналистикада фельетон жанри мавжуд. Мустамлаканинг янги қиёфага кираётганини ҳис қилган Абдулла Қодирий аламли кайфиятда ёзган ва қамалишига (1926 йил 8 мартда қамоққа олинган) сабаб бўлган “Йиғинди гаплар” фельетонида қўлланилган сўзлардан бугун ҳам фойдаланиш мумкинми? Мазкур публицистик асарни ўқиган тадқиқотчилар бу мавзуда ҳеч нарса дейишмаса-да, унда қўлланилган сўзларнинг ҳақорат ёки туҳмат эмас, балки ижодкорнинг нуқтаи назари эканлигини таъкидлайдилар. Большевик айбловчиларидан бири И.Ғозиев бу ҳақда матбуотда ҳам мақола ёзган. Унда жумладан шундай дейилади:

“Абдулла Қодирий Шўро ҳукуматига қарши қалам тебратиб, унинг обрўсини тушириш ва Шўро ҳукуматида ишчи-камбағал меҳнаткашлар фойдаси учун ишлаб турғон зиёлиларни Шўро ҳукуматига қарши қилиш мақсади билан “Муштум” журналининг 27 нчи сонида “Йиғинди гаплар” сарлавҳаси билан ёзғон бош мақоласида Ўзбекистон ижтимоий шўролар жумҳуриятининг Марказий ижроқўм раиси ўртоқ Охунбобоеф ҳам Марказий Ижроқўм президиуми аъзоси ўртоқ Икромуфларни масхара ва кулги йўли билан сабабсиз ва қонунсиз танқид қилғон” (Ғозиев И. Абдулла Қодирий “Жулқунбой”нинг жиноят иши // “Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1926 йил 16 май). 

Қайси сўз ёки жумлалар масхара ва кулги ҳисобланади? Инсон шаънини поймол қиладиган қандай гаплар ҳуқуқий малакаланади? Қолаверса, фельетон жанрининг ўзига хосликларини, жумладан, киноя, юмор, сатира тили ва ҳоказо ҳар қандай танқидий усулларни судьялар, ижро ҳокимияти, хусусан, кучишлатар тизимлар бир хил англаши ва қабул қилиши зарур эмасми? Бунинг учун ҳам, албатта, ҳаммабоп шарҳ талаб этилади.

Ватанпарварлик кифоя эмас, унга моддий асос муҳимдир

АҚШ демократияси ривожига сезиларли туртки берган “Матбуотнинг ижтимоий масъулият назарияси”ни юзлаб олим ва мутахассислар катта лойиҳа доирасида ишлаб чиқишган. Албатта, улар Америка орзуси билан тарбияланган ватанпарварлар эдилар, бироқ бу машаққатли меҳнат давлат томонидан моддий жиҳатдан муносиб қўллаб-қувватланган. 

Биз таклиф этаётган лойиҳада жонкуяр журналистлар, медиа ҳуқуқидан бохабар олимлар, тажрибали ҳуқуқшунослар, қораловчилар, адвокатлар, халқаро экспертлар ва албатта, адолатпарвар судьялар… барча тизим вакиллари иштирок этиши, лойиҳа тайёрлангач эса унинг кенг муҳокамаси ташкил этилиши зарур. Лойиҳанинг Олий Мажлис томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, молиялаштирилиши ҳам айни муддао бўлади. Зеро, бу даргоҳ халқ ва юрт манфаати учун қонунлар қабул қиладиган издиҳомдир.

“Орзуга айб йўқ”ми?

Бандасининг табиати шундайки, у доимий назоратни талаб этади. У хоҳ журналист, хоҳ ҳуқуқ посбони бўлсин олган тарбияси, тор дунёқараши сабаб ўз “маслаги” йўлида виждонидан кечиши мумкин. Бундай пайтда қонунлар, ахлоқ қоидалари ўз ўрнини сездириб, уларни тизгинлаб туриши зарур. Қўйиб берсангиз ҳатто олимлар ҳам разилликларини эзгу мақсадга йўядилар. Бири орийлар ғоясини ўтказиш учун фашизмни ўйлаб топди, ўзга давлатларга урушлар очди, миллионлаб инсонлар қирилиб кетди; коммунизм ғоясини амалга ошириш учун унинг “ижодкорлари” ўзгача фикрлайдиганларни қамоқларда чиритди, жисман йўқ қилди. Мустақиллигимизнинг дастлабки 25 йилида вужудга келган адолатсизликларга миллий хавфсизликни рўкач қилиб шахсий манфаатини ўйлаган, бу ҳаракати билан тараққиёт ғилдирагини тўхтатган идора мутасаддиларини Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф чоғида қаттиқ танқид қилганди: “Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган”. 

16 йиллик қамоққа ҳукм этилган собиқ МХХнинг собиқ терговчиси Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида шериклари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилиш, наркотик савдоларини ташкил этиш каби жиноятларга алоқадор бўлган. Бу нафақат инсон ҳуқуқларининг поймол этилишини, балки Сурхондарё вилоятининг иқтисодий таназзулини, ҳокимиятга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқарди.

Хулоса қилиб айтганда, давлат ва жамиятда ахборот манбаига масъул ҳисоб­ланган ташкилот мутасаддилари ҳам, ахборотларни тарқатиш, таҳлил қилиш масъулиятини зиммасига олган ОАВ ва журналистлар ҳам қонунлар шарҳларига муҳтож. Қонунларнинг шарҳланмагани, айниқса, журналистларнинг фаолиятида хавфларни кўпайтиради.

Ёзилган таклифларимиз бир орзу холос! Орзуга айб йўқ, дейдилар. Қолаверса, жаннатдан қувилган Одам қавмининг осмону фалакка парвоз қилиши ОРЗУдан бош­лангани ҳам ФАКТ! Нима дедингиз?

Ҳалим САИДОВ, 

филология фанлари доктори 

Tegishli xabarlar

Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди

admin

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ БОШҚА ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ

admin

Депутатларимизфаолиятидан: Мақсад— муаммоларга ечим топиш  (Андижон, Хоразм, Сирдарё вилоятлари мисолида)

admin