ADOLAT 24

Етказилган зарар қопланди. Аммо…

Гапнинг индаллосини айтганда, босма нашрлар, газеталар таҳририятлари шикоятчилар, аризачилар таҳририятга хат ёзган фуқароларнинг муаммоларини давлат ҳуқуқий органларидагидек оқлаш, қоралаш, қозилик ҳукмини чиқариш орқали бирданига ҳал қилиб бера олмайди. Зеро, улар зиммасида бундай ҳуқуқ ва имконият ҳам йўқ. Улар зиммасидаги масъулият шикоят ва аризаларни, хатларни журналистик суриштирув орқали газета саҳифаларида холислик билан, аниқ маълумотларга таянган ҳолда ёритишдан, муаммоларнинг моҳиятини очиб бериш орқали муштарийларда фикр уйғотишдан, давлат ва жамоат ташкилотларининг эътиборини муаммоли масалаларни ҳал қилишга қаратишдан иборатдир.

Албатта, бу жараён ҳам осонликча кечмайди. Айниқса, шикоят хатлари, аризалар, журналистик суриштирувларида маълумотлар қанчалик аниқ, холис ва ҳаққоний ёритилмасин, фактлар қонуний жиҳатдан исботлаб берилмасин, муаммоли масалаларни келтириб чиқарганлар ушбу ҳаққоний маълумотлар ва фактларни тан олгилари келмайди. Аксинча, ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш учун турли баҳоналар, ноқонуний асослар тўқиб чиқарадилар. Баъзан эса матбуот, газеталар саҳифаларидаги чиқиш­ларни эътиборга олмай, уларга тегишли жавоб йўллашни истамайдилар. Шу сабабли газеталарга йўлланган шикоятлар, аризалар, танқидий хатларни текшириш ва уларнинг ҳаққоний, холис жавобларини эълон қилиш, ҳақиқатни юзага чиқариш учун ойлар, йиллар талаб этилади. Шунга қарамай халқимиз ўз муаммолари билан боғлиқ шикоятларини кўпроқ босма нашрларга, газеталарга юборишга интилади. Чунки улар газеталар таҳририятларининг ҳар бир шикоят устида ҳаққоний, холис ва очиқчасига фикр юритишига, улардаги муаммоларни адолатли ҳал этишига, ҳақиқатнинг тантана қилишига ишонишади.

Албатта, бу жараён осон ва енгил кечмайди. Ҳар бир муаммонинг ечими учун журналистик суриштирув­ни амалга ошириш, масаланинг қонуний асосларини ўрганиш, ишнинг асл моҳиятини чуқур таҳлил қилиш, ушбу муаммони ҳал қилиш ижтимоий ҳаётимиз учун қай даражада аҳамиятли эканлигини билиш талаб этилади. Баъзан шикоятлар, хатларда кўрсатилган муаммолар ечими топилса, баъзан якунига етмай, муаммоли масалалар тўла очилмай қолади. Бундай пайтда таҳририятнинг суриштируви, шикоятчи билан ҳамкорликда ишлаши давом этади.

Келинг, шу ўринда сўзимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун таҳририятимизда “Бир шикоят изидан” рукни остида амалга оширилган ва қилинаётган ишлардан бири хусусида фикрлашсак.

Таҳририятмизга навбатдаги шикоят хатларидан бири 2021 йилнинг бошида келганди. Шикоят хати эгаси Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Полосон шаҳарчасидаги Ибн Сино кўчаси, 115-уйда яшовчи “Elegant Ekspert Savdo” МЧЖ раҳбари Ёрқинжон Абдуллажонов эди. У шикоят хатида бундай деб ёзади:

“Ҳурматли таҳририят ходимлари!

Мен газетангизнинг ҳар бир сонини мунтазам кузатиб бораман. Газета саҳифаларидаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мақолаларни ўқиб, ниҳоят сизларга мурожаат этишга аҳд қилдим. Агар менинг мурожаатимни эътиборсиз қолдирмасдан адолат қарор топишида ёрдам қилсангиз, нафақат менинг, балки туманимиздаги ўнлаб хонадонларнинг қора қозони қайнашига ёрдам берган бўлардингиз…

Биз Қирғизистон Республикасида рўйхатдан ўтган тадбиркор Курбанбеков Акжол Эсеналиевич билан 10.02.2020 йилда тузилган 10/2-сонли импорт шартномаси асосида жами нархи 50 148,34 АҚШ долларига тенг бўлган Қирғизистон Республикасида етиштирилган 104 тонна 905 килограмм олма маҳсулотларини олиб келдик. Ушбу маҳсулотлар қонуний равишда божхона пости орқали ўтган. Фарғона вилояти божхона бош­қармасининг “Қиргули” ТИФ божхона постига мазкур маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун барча ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилган. Олма маҳсулотлари божхона ходими кўриги остида фото ва видео ёзувлар билан юк сақлаш омборимизга туширилган. Бу ҳақда барча ҳужжатлар божхона маълумотлар базасида мавжуд. Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилган KGUZ286104, KGUZ286095, KGUZ­286128-рақамли “СТ-1” шаклдаги келиб чиқиш сертификатларининг асл нусхалари тақдим этилган бўлса-да, божхона ходимлари томонидан ушбу сертификатлар шубҳали деб топилиб, олма маҳсулотларига божхона божининг оширилган ставкаси қўлланилиб, жами 491 352 139 пул маб­лағлари тўлаш талаб этилди. Аслида биз амалдаги қонун талабларига кўра, 74 437 138 сўм давлат божи тўлашимиз лозим эди. Божхона ходимлари эса биздан қонунга хилоф равишда ортиқча 417 352 139 сўм ундиришди. Тўғри, биз ўша пайтда бу маблағни тўлашдан бош тортишимиз мумкин эди. Унда омборхонада сақланаётган олмаларнинг сифати бузилиб, маҳсулотдан ажралиб қолар эдик. Буни жуда яхши тушуниб турган божхоначилар бизга “Ҳозирча кўрсатилган суммани тўлаб тураверинглар, Қирғизистон томонга СТ-1 сертификати бўйича сўровнома жўнатганмиз, агар барча ҳужжатлар тўғри бўлса, ортиқча тўланган пулларингизни ўша куннинг ўзида қайтариб оласизлар”, дейишди. Уларнинг оғзаки сўзларига ишониб, қарз-қавола қилиб бўлса-да, улар юқоридаги маб­лағларни тўплаб, топширдик.

Хуллас, божхоначилар СТ-1 сертификатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида Қирғизистон Рес­публикаси Божхона хизматига бир неча бор сўровнома юборди. Сўровномаларга Қирғизистон Республикаси Божхона хизмати Баткен вилояти Қадамжой райони Қирғиз-Қиштак айил-аймак раҳбарияти томонидан расмийлаштирилган 128, 129-сонли жавоб хатлари ва уларга илова қилинган олма меваларининг айнан Қирғизистон Республикаси фуқароларидан сотиб олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳам, СТ-1 сертификатлари Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилганлигини тасдиқлаб ва ҳатто ушбу сертификатларнинг акт-экспертизаларини ҳам электрон почта орқали жўнатишди.

Шундан сўнг биз бир неча бор Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи номига ортиқча тўланган (ундирилган) пулларимизни қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Минг афсуслар бўлсинки, орадан ўн бир ой ўтаётган бўлса-да, пулларимизни қайтаришдан турли баҳоналар билан бош тортиб келишмоқда. Ҳозирги кунда Эрон Ислом Республикасидан Қирғизистон Республикасига Ўзбекистон орқали транзит бўлиб 14.2 минг тонна олма маҳсулоти ўтган, шу олмаларни Қирғизистон қандай реализация қилганлиги ҳақидаги сўровимизга жавоб келмаяпти, деган важ билан бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилиб келишмоқда… 

Фарғона вилояти божхона бошқармаси айрим ходимларининг юқоридагидек ноқонуний ҳаракатлари натижасида корхонамизда ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган 40 нафар ишчилар 11 ойдирки ишсиз қолмоқда. Мана, нима учун таҳририятга қора қозонимиз қайнамай қолди, деб мурожаат қилаяпмиз…”

Ушбу шикоят хати билан танишганимиздан кейин газетамизнинг 2021 йил 15-январь сонида “Таҳрирсиз хат” рукни остида “Тадбиркор эдик, абгор бўлдик…” сарлавҳали мақола эълон қилдик. Мақоладаги муаммоли масалаларга муносабат билдириш ва уларни ҳал қилиш учун давлатнинг тегишли ташкилотларига жўнатдик. Орадан, кўп ўтмай ушбу мақола юзасидан Республика Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғ.Шукуровнинг имзоси билан жавоб хати олдик. Бу жавоб хатининг бир нусхаси шикоят эгаси Ёрқинжон Абдуллажоновга ҳам юборилган. Ушбу жавоб хатидан кейин тадбиркор Ёрқинжон Абдуллажонов таҳририятимизга иккинчи шикоят хатини йўллади. Бу хатда шундай дейилади:

“Ҳурматли таҳририят ходимлари!

Мен аввал ҳам сизларга мурожаат қилган эдим. Мурожаатим асосида “Adolat” газетасининг 2021 йил, 15 январь 3-сонида “Тадбиркор эдик, абгор бўлдик…” сарлавҳали мақола “Таҳрирсиз хат” рукни остида чоп этилди. Биз муаммомиз газета саҳифасида ёритилган экан, албатта, унга ечим топилади, деб ўйлагандик. Афсуски, адашган эканмиз.

Адашганлигимиз сабабини айтай. Аризамиз газетада чоп этилгандан сўнг олган жавобимиздан мутлақо норозимиз. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйида норозилигимиз сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғ.Шукуровнинг жавоб хатида “…Қирғизистон Республикасидан олиб келинган олма маҳсулотлари таҳлил қилинганда ва божхона кўриги жараёнларида ушбу маҳсулотлар эрон ҳарфларидаги ўрам ҳамда қадоқларга жойлаштирилганлиги, шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали Эрон Ислом Республикасидан Қирғизистон Республикасига “транзит” режимида автотранспорт воситаларида олиб ўтилган олма маҳсулотларини кейинчалик Қирғизистон Рес­публикаси корхоналари томонидан қайта Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ҳолатлари маълум бўлган”, дейилади. Ваҳоланки, бизнинг корхонамиз томонидан мамлакатимизга олиб кирилган олма маҳсулотлари айнан Қирғизистон Республикасида етиштирилгани ҳақида Давлат божхона қўмитасининг Фарғона вилоят бошқармасига керакли ҳужжатларни тақдим этганмиз. Шунингдек, жавоб хатида келтирилган “…Маҳсулотлар эрон ҳарфларидаги ўрам ҳамда қадоқларга жойлаштирилганлиги…” ҳақидаги маълумот бутунлай асоссиз. Чунки биз олма маҳсулотини мамлакатимизга олиб кирган пайтимизда Фарғона вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан текширув ўтказилган ва ушбу текширув жараёни тўлиқ видео тасвирга олинган. Биз тилга олган тас­вирларда бирор олма қутисида эрон ёзуви қайд этилмаган. Бу масала видео тасвирда тўлиқ аксини топган.

Иккинчидан, жавоб хатида “…Мазкур масалада ташкилот томонидан киритилган даъво аризаси Олий суд томонидан қаноатлантирилиши рад этилган”, деган жумлани ўқиб, баттар ҳайратимиз ошди. Чунки биз бу масалада Фарғона туманлараро иқтисодий судига 2020 йилда мурожаат қилганмиз ва мурожаатимизга “…МЧЖнинг ортиқча ундирилган божхона тўловларини қайтариб бериш юзасидан суд­га киритилган даъво аризаси бўйича Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 7 августдаги ҳал қилув қарорида мазкур ҳолат юзасидан халқаро сўровномада сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар ушбу олма маҳсулотларини Қирғизис­тон Республикасида етиштирилган деб ҳисоблаш учун қонуний асослар мавжуд эмас. Суд даъвогар томонидан жавобгарга нисбатан даъво барвақт тақдим этилган деб топилиб, даъвони қаноатлантириш рад этилган”, мазмунида жавоб олганмиз. Эътибор беринг, ушбу расмий ҳужжатда бизнинг мурожаатимиз “барвақт тақдим этилгани учун” рад этилгани маълум қилинмоқда. Таҳририятга ва менга берилган жавобда эса “…ташкилот томонидан киритилган даъво аризаси Олий суд томонидан қаноатлантирилиши рад этилган”, дейилмоқда. Энди ўзингиз ўйлаб кўриб, хулоса чиқаринг. Биз Олий судга мурожаат қилмаган бўлсак, Олий суд қандай қилиб бизнинг ташкилотимизнинг аслида йўқ даъвосини “рад этиши мумкин?”

Тадбиркор Ё.Абдуллажоновнинг бу шикояти газетамизнинг 2021 йил 19 март сонида яна “Таҳрирсиз хат” рукни остида “Олий судда кўрилмаган иш… Олий судда рад қилиниши мумкинми?!” сарлавҳали мақола тарзида чоп этилди. Тадбиркор бу гал ҳам ҳақ эди. Шикоятда масалани тўғри қўйган, Давлат божхона қўмитаси Фарғона вилоят бошқармасининг ўзи бошқараётган масъулияти чекланган жамиятга нисбатан асоссиз, нотўғри йўл тутганини исботлаб берганди. Афсуски, унинг ҳақлигига, исботланган ҳақиқатга Давлат божхона қўмитасида қулоқ солувчи ва жавоб берувчи, муаммони ҳал қилувчи топилмади.

Йиллаб оворагарчиликлар, сарсонгарчиликлардан кейин “Elegant Ekspert Savdo” МЧЖ таъсисчиси Абдухалил Маматов Давлат божхона қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўзига тегишли МЧЖ ҳисобидан 417 миллион сўмдан ортиқ пул нотўғри ундирилганлиги хусусида 2022 йилнинг ёзида Фарғона вилоят иқтисодий судига мурожаат қилади. Мурожаат қондирилади. Бу хусусда Абдухалил Маматов “Муз жойи­дан силжиди” деб номланган, газетамизнинг 2022 йил 14 октябрь сонида эълон қилинган миннатдорлик мактубида бундай деб ёзади:

“Ҳурматли таҳририят ходимлари!

…Божхона ходимлари пулни қайтармаслик учун турли баҳоналар билан Қирғизистон Республикаси божхона қўмитасига ўнлаб сўров хатлари жўнатиб, суд ишлари йиллаб чўзилишига сабабчи бўлишди. Ниҳоят, 2022 йили сентябрь ойида бизнинг мурожаатимиз Фарғона вилоят иқтисодий судининг апелляция инстанция­си суди раиси Алишер Мадаминов бошчилигида қонуний ва ҳалол кўрилиб, даъво аризамиз қаноатлантирилди. Шу сабабли газета орқали масъулияти чекланган жамиятимиз аъзолари номидан ўз ишларига ҳалол ва виждонан ёндашиб, йиллаб чўзилган муаммомизга қонуний ечим топгани учун Фарғона вилоят иқтисодий суди апелляция ҳайъатига миннатдорлигимизни билдирамиз.

Биринчи бўлиб бизга “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси ёрдам қўлини чўзди. Таҳририятда фаолият юритаётган журналистлар бизнинг муаммомизга холис ва ҳалол ёндашганлари боис ишимизда олдинга силжиш юз берди. Халқ тили билан айтганда “муз жойидан силжиди”. Биз судда ютиб чиқиб, корхонамиздан ноқонуний ундирилган 417 миллион сўмдан ортиқ божхона тўлови суд қарори билан ҳисоб рақамимизга қайтариладиган бўлди. Жамоамиз номидан “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятига чин юракдан миннатдорлик билдирамиз”…

Ва ниҳоят бир шикоят изидан бошланган муаммоли ишлар хайрли тарзда ниҳоя­сига етди, ҳақ жойида қарор топди, тадбиркорга етказилган зарар қоплаб берилди, ҳақиқат тикланди, дейиш мумкин. Хўш, ҳақиқатда ҳам шундайми? Шикоят билан боғлиқ ҳамма масалалар ҳаққоний ҳал қилиндимикан? Келинг, масалага бошқачароқ нуқтаи назардан ёндашиб кўрайлик. Аввало, Фарғона вилоят иқтисодий суди 2022 йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик тадбиркорлар ўртасида олма савдоси фаолиятида ғайри қонуний ҳолатлар йўқ, шунинг учун “Elegant Ekspert Savdo” МЧЖга 417 миллион сўмдан ортиқ маблағи қайтариб берилсин” деб ҳукм чиқаргунча ва ҳукм ижрога қаратилгунга қадар кечган яна саккиз-тўққиз ой давом этган қайта судлашувлар жараёнида Фарғона вилоят божхона бош­қармасидагилар бу оддий ҳақиқатни билишмасмиди? Билишмасди, дейиш нодонлик бўларди. Чунки икки йилдан ошиқ вақт мобайнида олиб борилган текширишлар натижасида ғайриқонуний ҳолатлар аниқланмаган, бор ҳақиқат ойдинлашган эди. Фақат божхоначилар ўзларининг қилиб қўйган нотўғри ишларини хаспўшлаш, МЧЖдан олинган пулни қайтариб бермаслик мақсадида турли-туман текшириш­ларни амалга оширган. Ваҳоланки, божхоначилар тадбиркорнинг маблағларини ўз вақтида қайтариб берганларида нафақат тадбиркор, халқ ҳам жамият ҳам, бундан наф кўрган бўларди.

“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ “ҲИНДИСТОН – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича брифинг ўтказилди

admin

Автомактабларга лицензияни ким беради?

admin